1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

«Ажбуз-занаб» ҳақида савол

21:08 / 24.04.2016 11801 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: 

Ассалому алайкум шайх ҳазратлари!

Ҳозир Ислом.уз порталингиздаги «Мўъжизалар» бўлимида немис олимининг думғаза ҳақидаги кашфиётини ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом у нарсанинг чириб кетмасдан қолажагини башорат қилганликларини ўқидим. Мен Аллоҳнинг қиёмат куни тирилтиришига шак шубҳасиз ишонаман (Алҳамдулиллаҳ). Йўқдан бор қилган Зотга бу ҳеч нарса эмас. Мен тушунмаётган нарса шуки, сизлар қиёматда шу думғазадан яратиламиз деяпсизлар. Албатта, биз вафот этганимиздан кейин ерга кўмиламиз. Мана шу парча аъзойимиз эса чиримасдан қолар экан. Лекин бу парча аъзо ёндирилган одамларда қолмийди ку, куйиб кул бўлади ку. Албатта, Аллоҳ учун кулдан бор қилиш осон ишлигига ишонаман (алҳамдулиллаҳ). Мени ажаблантирган нарса ўқиган нарсамнинг мана бу ери бўлди:

«Инсон думғазадан яратилган.

– Думғаза ерда чириб кетмайди.

– Қиёмат куни ҳар бир инсон шу суякдан қайта тирилади»

Агар ҳар бир инсон шу суякдан қайта тирилади десак, унда бу суяк куйиб кетган таналарникини қолиб кетади ку. 

Агар беодоблик қилган бўлсам, узр сўрайман. 

Аллоҳ илмингизни янада зиёда қилсин.

Ассалому алайкум.


Жавоб: 

- Бу гапни биз айтаётганимиз йўқ. Аввало бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар. Сиз ҳадис билан оддий одамнинг гапини фарқига боришингиз керак. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: 

«Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат ажбуз занаб* чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, қиёмат куни яна ундан яратилади».

Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ва Молик ривоят қилишган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: 

«Пайғамбар алайҳиссалом дедилар:

«Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – «ажбуз-занаб» деб аталувчи суякдир. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади».

Муслим ривоят қилган.


* «ажбуз-занаб» – думғазанинг учидаги жуда кичик суяк.


Ушбу икки ҳадисдан бошқа шу маънодаги гапни тасдиқловчи яна бир қанча ҳадислар келган. Сиз ушбу мактубингиз ила уларнинг ҳаммасини инкор қилмоқдасиз. 

Бунинг устига олимлар мазкур «ажбуз-занаб»ни топиб, синаб кўришган. Уни ҳеч нарса билан йўқотиб бўлмаган. Агар сиз «Ўша «ажбуз-занаб»ни ўтда куйдириб кўрдим, куйиб йўқолиб кетди», деганингизда қойил қолар эдик. Ёки «Фалон ўтда куйган одамнинг кулини титиб, «ажбуз-занаб»ни топа олмадим», деганингизда ажойиб бўлар эди.

Мусулмон кишининг одоби саҳиҳ ҳадисда келган гапни чуну чаросиз тасдиқлашдир. «Мен бунга ишонмайман» дейишнинг ўрнига «Буни тушуниш учун илмим етмаяпти» дейиш керак.

Сиз инкор қилган нарсани етти пушти Исломдан, Қуръони Каримдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, ҳадисдан умуман бехабар бўлган мусулмонмас қавмларнинг катта олимлари тан олмоқдалар. Баъзилар мусулмон ҳам бўлмоқдалар.

Айнан ушбу ҳадиснинг мўъжизаси яна ҳам дақиқроқ аён бўлган илмий кашфиёт ҳақидаги маърузани менинг ўзим кўрганимни сиз инкор қила олмасангиз керак.

Бундан бир неча йил олдин Кувайтда «Қуръони Карим ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» борасидаги саккизинчи умумжаҳон илмий анжумани бўлиб ўтди. Ўша анжуманда АҚШдан келган катта илмий гуруҳ ушбу сиз инкор қилаётган ҳадис ҳақида янги оламшумул кашфиёт қилганини эълон қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан бир минг тўрт юз йил илгари айтган ҳадислари илмий мўъжиза экани, у кишининг ҳақиқий пайғамбар эканлари далили бўлишини таъкидладилар. Маъруза қилган мусулмонмас одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар тилга олганда у кишига араб тилида салавот ва салом айтиб сўзлади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиз инкор қилаётган ушбу ҳадислари юзасидан эркакларнинг уруғлигида тажриба ўтказибдилар. Бир уруғликнинг думини - «ажбуз-занаб»ини кесиб олиб, бошқа уруққа ёпиштиришибди. Ўша уруғни урчитишган экан биринчи уруғ эгасига ўхшаш бола туғилибди. Бундан улар «ажбуз-занаб» инсоннинг коди экан, деган хулосага келибдилар. 

 Доктор Усмон ал-Жийлоний ва шайх Абдулмажид Аз-Зиндонийлар ҳам 2003 йилнинг Рамазон ойида Санодаги Зиндонийнинг уйида думғаза билан бир неча илмий тажрибалар олиб боришди. Умуртқа думғазаси тўла аланга олиб ёнмагунича газ алангасига ўн дақиқа тутиб турилди (суяк олдин қизил рангга киргунча ловуллаб ёнди, кейин эса қорайиб кетди)

Улар куйдирилган бўлакларни стерилланган колбага (лаборатория шиша идиши) солиб, Санодаги машҳур илмий-тадқиқот лабораториясига (ал-Олакий лабораторияси) олиб боришди. Гистология ва патология университети профессори доктор ал-Олакий тўқима бўлакларни ўрганиб, унинг куйдирилгани думғазанинг суяк тўқималарига таъсир қилмаганини айтади, яъни улар куйдирилгани билан ўзгармаган (фақат мушак, ёғ тўқимаси ва илик куйган, думғаза суякларининг ҳужайраларида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган). 

Энди сиз ҳам тажриба ўтказишингиз мумкин. Бир неча дона «ажбуз-занаб»ни топиб, оловда куйдириб кўринг. Куйиб кетса, Исломга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва ҳадисга қарши катта кашфиёт қилган бўласиз. Агар куймай қолса, нима қилишингизни ўзингиз биласиз. 



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум Ўзим талабаман, Австралиаяда ўқийман. Шароит тақазоси ва зарурати билан хамма талабалар ишлаши керак. Ман ўзим турклар ресторанида ошпаз давоми...

3586 06:05 / 07.08.2018
СаволАссаламу алайкум ва рохматуллоҳи ва барокатуху қадрли Устоз Сизга бир дўстимни саволини йўлламоқчи эдим. Дўстим 4 миллион пул тикиб картошка эккан. Шериги давоми...

5229 08:10 / 05.11.2017
СаволҲадис ва Ҳаёт китобида келтирилган ҳадис 694 Ибн Умар розиёллоху анҳумо ривоят қиладилар Набий саллолоху алаҳи вассалам етти жойда намоз ўқишни наҳий давоми...

4809 05:34 / 07.07.2017
Уламолар ҳозирда ислом уламолари ичида мужтаҳид уламонинг йўқлиги ҳақида маълумот берганлар. Нега бугунги кунда мужтаҳид уламо йўқСиз мухтарамлардан келган давоми...

3261 20:36 / 27.04.2016