1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Пул топиб олсангиз...

20:44 / 24.04.2016 5658 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!

Мен ҳайдовчиман. Нью-Йорк кўчаларидан бирида иш юзасидан шеригим билан юк машинасида кетаётиб, уни Исломга даъват қилдим, манзилга келгач, машинадан юкларни тушира бошладик. Шунда машинанинг юкхонаси тагидан пул топиб олдим ва топган жойимдаги шеригимдан: «Бу сеникимасми?» деб сўрадим. У: «Меники эмас», деди. Шу пайт сўраган одамим ҳам пул топиб олди. Мен яна каттароқ пул топдим, кетидан яна у, хуллас, кетма кет бир-бирига яқин тўрт-бешта жойдан пул топиб олдик! Мен топган пулнинг миқдори уникидан роппа-роса икки баробар кўп эди! Шеригим насроний бўлгани учун «Пулни қандай топсанг, шундай ишлатиб юбориш керак», деди ва бу пулларнинг ҳаммасига тамаки сотиб олишини айтди. Мендан: «Сен бу пулни нимага ишлатасан?» деб сўради. Мен: «Аввал Ислом уламоларидан сўраб кўриб, шунга қараб кейин иш юритаман», деб жавоб бердим. Топилган пулнинг ҳукмини билолмай турибман: бу пул менга ҳаромми ёки ҳалолми? Бу пулни қайси йўлга ишлатганим маъқул бўлади?


ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Баракаллоҳ! Жуда тўғри қилибсиз! Барча мусулмонлар шундай бўлишлари лозим.

Қуйида «Мухтасари Виқоя»да келтирилган топилмалар ҳақидаги бобни ва унга ёзилган шарҳни эътиборингизга ҳавола этамиз.


ТОПИЛМАЛАР ҲАҚИДА


Топиб олинган нарса, агар уни топиб олган одам эгасига қайтариб бериш учун олганига гувоҳ келтирган бўлса, омонатдир.

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ «Муснад» номли китобида Иёз ибн Ҳаммоддан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким йўқолган нарсани топиб олса, адолатли кишини гувоҳ қилсин. Кейин уни беркитмасдан, бир йилгача эълон қилсин. Агар эгаси келса, келди. Бўлмаса, у Аллоҳнинг моли бўлади ва кимга хоҳласа, ўшанга беради», дедилар».

Гувоҳликка «Ким йўқолган нарсани сўраб юрган бўлса, менга айтиб юборинглар», дейиш кифоя қилади.

Шу ҳолда топиб олган киши бировнинг нарсасини омонатга ушлаб турган кишининг ҳукмида бўлади ва у билан бўладиган муомала омонат топширилган одамга қилинадиган муомала каби бўлади.

Йўқолган нарсани кўрганда олиш мандубдир. У олинмаса, хоиннинг қўлига тушиб қолиш хавфи бор. 

Акс ҳолда йўқолган нарсанинг эгаси топиб олувчининг қайтариш учун олганини рад қилса, тўлаб беради.

Агар топиб олган киши бировни гувоҳ қилмаган бўлса ва эгаси билиб қолганда, «Бу нарсани эгасига қайтариб бериш учун олган эдим», деса-ю, молнинг эгаси «Йўқ, бу еб кетиш учун олган», деб туриб олса, топиб олган тўлаб беради. Шу билан бирга, хоин ҳисобланади. Агар топганини эълон қилганида, молни эгасининг рухсати билан омонатга ушлаб турган одам ҳукмида бўларди ва мол ҳалокатга учраса, тўлаб бермас эди.

Йўқолган нарса ҳақида уни топиб олинган жойда ва одамлар жамланадиган ерда, энди эгаси сўраб келмаса керак, дейдиган ва бузилиб қоладиган муддатгача эълон қилинади-да, сўнгра садақа қилиб юборилади. Агар эгаси келиб қолса, хоҳласа садақани тасдиқлайди, хоҳласа топиб олганга тўлатиб олади.

Топиб олинган нарса таом, мева ва шунга ўхшаш нарсалар бўлса, айниб қолишига қараб эгаси кутилади. Топиб олинган нарса айнимайдиган нарса бўлса, эгасини кутиш ҳақида фуқаҳоларимиз икки хил ижтиҳод қилганлар:

1. Имом Муҳаммад, Молик, Шофеъий ва Аҳмад: «Бир йил кутилади», деганлар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан топиб олинган тилла ёки кумуш ҳақида сўралди. У зот: 

«Унинг идиши ва боғичини танит. Сўнгра бир йил кут. Агар эгасини топмасанг, уни ишлатиб юборавер. Бас, у сенинг ҳузурингда омонатга қўйилган нарсадек бўлиб қолсин. Агар қачон бўлса ҳам, бир кун талабгори келса, уни унга адо эт», дедилар». 

Имом Муслим ривоят қилган.

Демак, йўқолган нарса эгасини кутиш учун тайин қилинган вақтдан кейин ҳам топиб олувчи кишининг мулкига айланиб қолмас экан. Қачон эгаси пайдо бўлса ва талаб қилса, унга тўлаб бериш керак бўлар экан. Аммо молнинг эгаси садақани тасдиқласа, савобини олади.

2. Имом Абу Ҳанифа: «Кутиш муддати йўқолган нарсанинг миқдорига қараб турлича бўлади», деганлар.

Бир дирҳамнинг эгасини бир кун, уч дирҳамдан бир дирҳамгачанинг эгасини бир ҳафта, ўн дирҳамдан уч дирҳамгачанинг эгасини бир ой, ўндан кўп бўлса, бир йил кутилади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким кичикроқ нарса – арқон, дирҳам ёки шунга ўхшаш нарса топиб олса, уни уч кунгача танитсин, агар ундан ортиқроқ нарса бўлса, олти кун танитсин. Эгаси келса, келди, келмаса, садақа қилиб юборсин», дедилар». 

Аҳмад, Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Агар топиб олинган нарса данак ёки анорнинг пўчоғи каби эгаси одатда ахтармайдиган нарса бўлса, эълон қилмасдан, ишлатиб юборса бўлаверади. Аммо эгаси талаб қилишга ҳақлидир. 

Топиб олган киши топиб олинган нарса учун ҳокимнинг изнисиз сарф-харажат қилган бўлса, эҳсон ўрнида бўлади. Агар изн ила қилган бўлса, эгасининг зиммасига тўлов бўлади.

Топиб олинган нарса ҳайвон ва шунга ўхшаш сарф-харажат талаб қиладиган нарса бўлса, топиб олган киши унга ҳокимнинг рухсати ила сарф қилса, эгаси чиққанда тўлатиб олади. Бунга ҳокимнинг изни ҳужжат бўлади. Агар ҳокимнинг рухсатини олмаган бўлса, тўлатиб олишга ҳаққи йўқ.

Қози манфаати бор йўқолган нарсани ижарага қўяди ва фойдасини ўша нарсанинг ўзига сарфлайди.

Агар манфаати йўқ нарса бўлса, фойдали бўлса, унга нафақа сарфлашга рухсат беради. Фойдали бўлмаса, сотиб юборади.

Йўқолган нарса ижарага қўйиб бўлмайдиган, унинг учун сарф-харажат қилишга арзийдиган бўлса, эгасига тўлатиб олиш ниятида уни ушлаб туриш учун сарф қилишга ҳоким рухсат беради. Аммо йўқолган нарса арзимаган нарса бўлса, уни сотиб, қиймати сақлаб қўйилади ва эгаси чиққанда, унга берилади.

Йўқолган нарсанинг фойдасига нафақа қилган одам нафақасини қайтариб олиш учун уни бермай туришга ҳақли. Агар бермай туришдан кейин йўқолган нарса ҳалокатга учраса, нафақа ҳақи соқит бўлади.

Шарҳ: масалан, йўқолган нарса от бўлса, эгаси топилгунча ўша отга қараб туриш учун маблағ сарфлаган одам ўша маблағни бермагунча отни эгасига бермай туришга ҳақли. 

Агар йўқолган нарсанинг эгасилигини даъво қилувчи унинг аломатларини баён қилиб берса, унга уни топшириш ҳалол бўлади. Ҳужжатсиз қайтариб бериш вожиб бўлмайди.

Топиб олган киши фақир бўлса, топилган нарсадан ўзи фойдаланса, жоиз. Бой бўлса, фақир ота-онасига, бола-чақасига ёки куёв-келинига садақа қилса, жоиз.

«Мухтасари Виқоя»да зикр қилинмаган баъзи маълумотларни ҳам тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким йўқолган нарсани танитмай, ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир», дедилар». 

Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, топилма ҳақида сўради. Бас, у зот:

«Идишини ва боғичини танит. Уни бир йил танит, агар эгаси келса, келди, бўлмаса у сеники», дедилар.

«Йўқолган қўй-чи?» деди у.

«У сенга, ёки биродарингга, ёки бўрига», дедилар.

«Йўқолган туя-чи?» деди у.

«У билан сенинг нима ишинг бор? Унинг ичгани суви бор. (Юргани) оёғи бор. Сувга бориб, дарахтлардан еб, эгасига учрагунча юраверади», дедилар». 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Гоҳида йўқолган нарса жонли ҳайвон бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда унинг ҳукми ўша ҳайвоннинг қандай ҳайвон эканига қараб турлича бўлади.

Мисол учун, йўқолган ҳайвон қўй бўлиши мумкин. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўровчи киши ҳам сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқолган қўй ёки топиб олган кишига, ёки унинг эгасига, ёки бўрига қолиши мумкинлигини айтдилар. 

Демак, қўй ўзини ўзи эплай олмайдиган, бўрига ем бўлиб кетиш ёки шунга ўхшаш ҳолатга тушиш эҳтимоли кучли бўлгани учун, уни топган одам дарҳол омонат шаклида сақлаб қўйиши, танитиши керак. Агар эгаси чиқса, беради, чиқмаса, ўзига қолади. Лекин бўрига ем бўлмаслиги керак. Агар шундай бўлса, тайёр мол зое кетган бўлади. Қўй, эчки ёки шунга ўхшаш ўзини ҳимоя қила олмайдиган ожиз ҳайвонлар ҳам ушбу ҳукм тахтига дохил бўлади.

Энди йўқолган ҳайвон туя бўлса-чи? Унга тегилмайди. У ўзини ўзи эплайди. Емини топиб ейди, сувини топиб ичади. Шунга ўхшаш, ўзини ўзи эплайдиган, хавф-хатардан қочиб ёки учиб қутулиб кетадиган қуён ёки кабутар каби жониворларга ҳам тегилмайди. Эгаси топиб олмагунча, юраверадилар. Бу гап имом Моликка оиддир.

Аммо ҳанафий уламолар: «Мазкур ҳайвонларни ҳам топган одам олиши вожибдир, ҳадисда йўқолиш хавфи бўлмаган ҳайвонлар кўзда тутилган», дейдилар.

Боғлар орасидан оқадиган ариқ ва сойларда оқиб келган меваларни олиш ҳалолдир. Шунингдек, шаҳардан ташқаридаги дарахтларнинг тагига тушиб қолган меваларни олиш ҳам ҳалол. Чунки бу нарсалар ташлаб қўйилса, эгасига тегмасдан, бузилиб қолиши турган гап. Валлоҳу аълам.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволШайх Ҳазратлари, Абдулқосим исми тўғримиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад ЮсуфНотўғри.

3369 15:25 / 12.02.2018
Ассалому алайкум Азиз устозлар, оилавий шароитим шуни тақозо қилаяпти. Кореяга бориб ишлаб келсам бўладими Менимча корея мусулмонлар юрти эмас.quotЗикр аҳлидан давоми...

4524 06:10 / 12.09.2018
СаволАссалому алайкум Ман эркак киши қора кийим кийиши мумкинмас деб эшитдим, шу тўғримиЖавобquotЗикр аҳлидан сўрангquot ҳайъати Ва алайкум ассаломДинимизда бундай давоми...

5837 05:55 / 02.08.2018
Қуръон қироат қилганда хар бир оятда вақф қилиш .суннат, дейилади. Шунга мувофиқ Мадина босма Қуръонида оятнинг охирида ЛомАлиф белгиси йўқ. Шунга кўра барча давоми...

6333 21:36 / 27.04.2016