1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Нобоп исм бола ҳаётига таъсир ўтказадими?

14:26 / 24.04.2016 6868 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замонасозлик қилиб ўғлимизга сал нобопроқ исм қўйган эканмиз, энди у улғайиб, исмидан ор қиладиган бўлиб қолди. Иннайкейин, болага нима исм қўйилса, бу унинг ҳаётига таъсир ўтказар эмиш, шу гап ростми? Бундай исмларни ўзгартирса бўладими? Бунинг учун нима қилиш керак, бирорта маросим ташкил этиладими?

ЖАВОБ: Ҳақиқатан, кўплаб ўзбек оилаларида фарзандларга Тешавой, Болтавой, Фрунзе, Мэлс, Клара, Ўринбой каби маъноси ғализ исмлар қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида, ундан кейин ҳам фарзандларга қўйилган бундай ноқулай исмлар ўзгартирилган. Бунга жуда кўп ҳадиси шарифалар далил бўлади.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мунзир ибн Абу Усайд туғилганида уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борилди. Шунда у зот уни сонларига қўйдилар. Абу Усайд ўша ерда ўтирган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидаги бир нарса билан машғул бўлиб қолдилар. Абу Усайд буюрган эди, ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларидан олиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам машғулотдан фориғ бўлиб: «Бола қани?» дедилар. Абу Усайд: «Эй Аллоҳнинг Расули! Уни қайтариб юбордик», деди. «Исми нима эди?» дедилар. «Фалончи», деди. «Йўқ! Унинг исми Мунзир», дедилар. Ўша куни уни «Мунзир» деб номладилар». Исм ноқулай, нотўғри қўйилган бўлса, уни ўзгартириб қўйиш керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боланинг исмини эшитиб, ёқтирмадилар ва уни Мунзир деб алмаштириб қўйдилар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида энг хунук исм Маликул Амлокдир» дедилар».  Маликул Амлок – подшоҳларнинг подшоҳи, яъни шаҳаншоҳ, дегани. Бу Аллоҳ таолога хос сифатдир. Уни бандага қўйиш ниҳоятда нотўғри, ноқулайдир. Бу ҳадисдан шунга ўхшаш исмларни қўйиш яхши эмаслигини билиб оламиз.

 Ҳанзала ибн Ҳизайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кишининг ўзи яхши кўрган исми ва яхши кўрган кунялари билан чақирилиши ёқар эди». 

Демак, бир кишини хунук исм билан, ўзига ёқмайдиган исм билан чақириш жоиз эмас экан. Қайси исмини, қайси кунясини яхши кўрса, ўша исм, ўша куня билан чақириш керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу нарсани ёқтирар эканлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Осия исмли аёлнинг исмини ўзгартирдилар ва: «Сен Жамиласан» дедилар». «Осия» сўзи «айн» ҳарфи билан ёзилса, «исёнчи, осий аёл« деган маъно чиқиб қолади. Айн ҳарфи бўлмаса, Осиё бўлади, бу исмни қўйса бўлади. 

Ҳақиқатда ҳам, Осия, яъни Аллоҳга исёнчи бўлган, осий бўлган аёл деган исмни кўтариб юриш жуда хунук, ноқулай нарса. Бундай исмлар Ислом таълимотидан узоқ бўлинган даврда қўйилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Осия исмли бир аёлнинг исмини Жамила, яъни Гўзал деб ўзгартирган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан Ислом гўзаллик дини эканини, гўзаллик эркагу аёлларнинг исмларида ҳам барқ уриб туриши лозимлигини исботлаганлар. Шунинг учун, мўмин-мусулмонлар ҳам ҳар бир фарзандимизга гўзал, чиройли, эшитганга ҳам, айтганга ҳам бир завқ бағишлайдиган исм қўйишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. 

Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилинади: «У Зайнаб бинти Абу Саламанинг ҳузурига кирди. Шунда у ундан ҳузуридаги синглисининг исмини сўради. «Унинг исми Барра», дедим. «Унинг исмини ўзгартир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш уйланганларида унинг исми Барра эди. У зот унинг исмини Зайнабга ўзгартирганлар. Ва у зот Умму Саламага уйланганларида ҳузурига кирдилар. Менинг исмим Барра эди. У зот унинг (онамнинг) мени Барра деб чақираётганларини эшитдилар ва: «Ўзларингиз ўзларингизни покламанглар. Ким барра – яхшилик қилувчи ва ким фожира эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. Сен уни Зайнаб деб номла», дедилар. «Бўпти, у Зайнаб», деди. Мен унга: «Исм қўйиб бер?» дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгартиргандай ўзгартиргин, уни Зайнаб деб номлагин» деди».

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Барра деган исмни аёллар ва қизларга қўймаслик кераклигини, бундай исм шу ҳадиснинг ўзида икки марта ўзгартирилганини кўряпмиз. Луғат илми мутахассислари Зайнаб исмининг асл маъноси ҳақида бир неча сўзларни айтишган: баъзилари Зайнабнинг маъноси шодмонлик ва семизлик, деганлар. Бошқалар бу исм Зийб деб номланган гўзал манзарали ва хушбўй ҳидли дарахтдан олиган, дейдилар. Яна бирлари Зайнаб исми «Зайни Аб»дан олинган, яъни, отасининг зийнати дегани, дейдилар.

 ...Абдулҳамид ибн Жубайр ибн Шайбадан ривоят қилинади: «Мен Саъид ибн Мусаййябнинг олдида ўтирган эдим. У қуйидагиларни айтди: «Бобоси Ҳазан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида: «Исминг нима?» дедилар. «Исмим Ҳазан», деди. «Йўқ! Сен Саҳлсан», дедилар. «Отам қўйган исмни ўзгартирмоқчи эмасман», деди. Ибн Мусаййяб деди: «Бизда ҳазн – қўполлик бардавом, дегани». Ровийнинг бобоси отаси қўйган исмни ўзгартириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган исмни қабул қилмаган. Улуғ тобеъинлардан бўлган Саъийд ибн Мусаййяб: «Мана ҳозиргача оиламизда маҳзунлик давом этиб келяпти» дедилар.

Бундан исмнинг ҳаётга таъсири борлиги чиқади. Исм орзу-умид билан қўйилади. Ниятда гап кўп. Болага нима ниятда исм қўйилса, ўша ниятни амалга ошиш эҳтимоли кўп бўлади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо болаларга яхшилик, эзгулик, бахт-саодат, хайр-барака маъноларини ифода қилувчи исмларни қўйганлар. Аввал тушунмовчилик ила қўйилган салбий маънодаги исмларни уларнинг муқобилидаги чиройли исмларга алмаштириш мумкин. Бу борада ҳеч қандай ортиқча ишлар шарт эмас, шунчаки исмни алмаштириб қўйиш керак холос (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир биродарим рўза тутди, орада бир кун касал бўлиб қолди ва шу куни рўза тута олмади. Шу тута олмаган рўзаси сабаблими ёки сабабсизми Яна, иложи бўлса, рўза қайси давоми...

4417 15:59 / 24.04.2016
СаволАссалому алайкум Устоз, бир танишим юздаги сочларни ва қошини ўртасини термоқчи. Теришдан олдин менга маслаҳат солган эди. Ҳозирча тўхтатиб турибман. Шу давоми...

5299 16:48 / 01.05.2018
САВОЛ Ассалому алайкум, ҳазрат Саволим қуйидагича мен ТошМИда ўқийман. Биз дарсда мурдаларни очиб ўрганамиз. Шунга фикрингизни билдирсангиз. Жавоб учун олдиндан давоми...

3501 16:40 / 27.04.2016
САВОЛ Шайх ҳазратлари, Сиздан нафс ҳақида сўрамоқчийдим. Дунёда қанчаданқанча одамлар борки, ёмон одатларини тарк эта олмайдилар. Кашанда одам сигарет давоми...

3888 20:13 / 27.04.2016