1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

РЎЗА ОЧИШГА САБАБ НАРСАЛАР ҲАҚИДА

05:00 / 11.01.2017 3184 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган кунлари саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир. Шунинг учун бемор киши, агар рўза тутса беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги туфайли унга рухсат берган.

ТУЗАЛИШИ УМИДЛИ БЕМОР ВА МУСОФИР РЎЗАНИ ОЧИБ, КЕЙИН ҚАЗО ҚИЛСА БЎЛАДИ

Аллоҳ таоло: «Сиздан ким шу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин. Ким бемор бўлса ёки сафарда бўлса, бас, ўша (тутилмаган кунлар) ададича бошқа кунлар (тутур). Аллоҳ сизга енгилликни ирода қилур. Аллоҳ сизга оғирликни ирода қилмас», деган (Бақара: 185).
Шарҳ: Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган кунлари саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир.
Шунинг учун бемор киши, агар рўза тутса беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги туфайли унга рухсат берган.
Шунингдек, Рамазони шариф кунлари сафарга чиққан одам ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Сафардан қайтгандан кейин Рамазоннинг қолган кунлари бўлса, уларни тутаверади. Рамазондан кейин эса, сафарда неча кун тутмаган бўлса, ўшанча кун қазосини тутиб беради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда Маккага (йўлга) чиқдилар. Шунда, Кадийдга етгунларича рўза тутиб бордилар. Сўнгра рўзани очдилар, одамлар ҳам очдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари У зотнинг амалидан энг янгисига эргашар эдилар».
Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан Маккага чиқдилар. Бас, то Асафонга етгунларича рўза тутдилар. Сўнгра сув чақирдилар ва одамлар кўрсин учун оғизларига кўтариб ичдилар. Маккага келгунларича оғизлари очиқ бўлди. Ана ўша Рамазонда бўлган эди. Ибн Аббос: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғизлари очиқ ҳам бўлган. Бас, ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин», дер эди». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган ҳодиса Маккаи Мукаррама фатҳ қилинишида бўлган. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда йўлга чиққан эдилар. Сафарнинг аввалида рўза тутиб борганлар. Мадинаи Мунавварадан Маккаи Мукаррамага қараб юрганда икки кунлик масофага жойлашган Кадийд номли қишлоқчага етганларида кишиларнинг заифлашиб қолганларини сездилар ва жиҳодга кетаётганларини ҳам эътиборга олиб рўзаларини очдилар. Саҳобалар ҳам очдилар. Уларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир масалада икки хил амаллари бўлса, янги амалга эргашиш одатлари бор эди. Шунинг учун ҳам У зот сафарда рўза тутганларида тутдилар, рўзани очганларида очдилар.
Асафон ҳам Мадина билан Макка орасидаги маконлардан бўлиб, марказ ҳисобланади. Кадийд унга қарашли, шунинг учун бир ривоятда Кадийд иккинчисида Асафон, деса хилоф қилинган бўлмайди.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом билан Макка фатҳига жуда кўп сонли саҳобалар чиққанлар. Уларнинг маълум қисмлари, Пайғамбар алайҳиссалом улов устида туриб, кўрсатиб сув ичганларидан кейин рўзаларини очиб юборганлар. Лекин, ўзларида қувват ва имкон топиб рўзасини очмаганлар ҳам бўлган. Аммо, рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар тутганларни айбламаганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам, вазиятга қараб гоҳо тутиб гоҳо очиб юрганлар.
Бизда ҳам ана шу тушунча бўлиши керак. Имкони бор одам хоҳласа сафарда ҳам рўза тутаверсин, аммо бошқалар тутмаса айбламасин. Шунингдек сафарда рўза тутмай, кейин қазосини тутган одам сафарда тутганларни айбламасин. Бу маъно қуйида келаётган ривоятда яна ҳам аниқроқ баён қилинади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазонда сафарга чиқдик. Шунда рўзадор оғзи очиқни, оғзи очиқ ҳам рўзадорни айбламади». Бошқа бир ривоятда: «Бас, улар ким қуввати етиб рўза тутса, яхши, ким заифлик сезиб оғзи очиқ бўлса, у ҳам яхши, деб билишар эди», дейилган. Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳамма нарса очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Бас, тўпланган кишиларни ҳамда устига соя қилиб қўйилган одамни кўрдилар ва: «Бу нима?» деб сўрадилар.
«Рўзадор», дейишди.
«Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», дедилар. Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган, устига соя қилиниб, атрофида одамлар тўпланиб турган Абу Исроил лақабли, Қайс ал-Омирий номли киши эди. У сафарда, иссиқ кунда рўза тутганидан чарчаб қийналиб хушидан кетиб йиқилган эди. Ана шунда кишилар уни яхшилаб ётқизиб, устига соя қилишган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳолни кўриб, нима бўлганини билишга қизиқдилар. Билганларидан кейин эса, сафарда бундай аҳволда рўза тутиш яхши эмаслигини баён қилдилар.
Дарҳақиқат ўзидан кетиб йиқиладиган даражада бўлиб рўза тутиш яхши эмас. Балки имконият ва шароитга қараш керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Баъзилар рўза тутдилар. Баъзилар оғзи очиқ бўлдилар. Оғзи очиқлар бел боғлаб ишладилар. Рўзадорлар эса, баъзи ишларга заифлик қилдилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугун оғзи очиқлар ажрни олиб кетдилар», дедилар. Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, сафар шароити кишилардан баъзи бир ишларни адо этишни талаб қилган. Хусусан, ўша сафар жиҳод сафари, Маккага юриш бўлганини эътиборга олсак, бу жуда ҳам муҳим. Ана ўша шароитда Аллоҳ берган рухсатдан фойдаланиб оғзини очиб олиб, уммат учун зарур бўлган ишларни бажарган кишилар ажру савобни олган бўлишлари турган гап.
Ушбу ривоят ҳам мусофир киши рўза тутиш ёки тутмасликда ўз шароитини ҳисобга олиши зарур эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.

«Ибн Умар ва ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар тўрт барид масофага (сафарга) чиқсалар намозни қаср ўқиб, оғизни очар эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Барид қанчалик масофа эканини аввал айтганмиз. Ушбу ривоятлардаги сафарларда пиёда юриш ёки устига кўч юклаб сафарга чиққан туянинг юриши кўзда тутилган. Юрганда ҳам кундузи, энг қисқа кунлар эътиборга олинган. Ана ўша эътибордан мазкур тўрт барид масофа икки кунлик йўл бўлган.
Ҳанафий мазҳабида уч кунлик йўлга сафарга чиққан одам оғзини очса бўлади. Аммо машаққат бўлмаса, рўза тутгани афзал. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ушбу масала баёнида, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидур, деган.
Сўнгра Рамазон кунларининг ўзига яраша файз-баракаси бор ва инсон ўз зиммасидаги бурчни тезроқ бажаргани яхши.

«Ибн Умар Ғобага чиқар, намозни ҳам қаср ўқимас, рўзани ҳам очмас эди». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ғоба Мадинаи Мунавварадан Шомга қараб юрилганда бир барид узоқликдаги макон эди. Оз масофага сафар бўлгани учун намоз ҳам қаср қилинмас, рўза ҳам очилмас эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлсада, аслида, аҳли суннат валжамоатнинг тўрт мазҳаби давоми...

6111 05:00 / 14.01.2017
Рамазон рўзаси ҳақидаСАВОЛ Рамазон нима дегани, унинг рўзаси қачон фарз қилинганЖАВОБ Рамазон сўзини араблар қадидан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий давоми...

13621 05:00 / 13.01.2017
Диалектиклик, яъни мавжудотни самовий ва арозийга бўлиш монотеистик динларниг ривожланиш манбаи ҳисобланади. Дунёда қарамақаршиликлар ва улар ўртасидаги давоми...

3521 10:00 / 12.04.2023
Аллоҳ таоло бизнинг жону молларимизни сотиб ҳам олган ва унинг нархини жаннат билан тўлиқ тўлаб ҳам қўйган. Кейин эса .бу мол ва жонни ўзингда сақла,, деб уларни давоми...

1276 16:00 / 27.03.2023