1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

УЛАБ ТУТИШ

05:00 / 11.01.2017 3199 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Улаб тутиш» деганда рўзадор киши ифтор ҳам, саҳарлик ҳам қилмай икки ва ундан ортиқ кун рўза тутиши, тушунилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улаб тутишдан наҳий қилдилар. Шунда одамлар: «Сиз улаб тутасиз-ку, эй, Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Сизларнинг қай бирингиз менга ўхшайсиз?! Мени тунда Роббим таомлантиради ва сероб қилади», дедилар. Бас, қачонки, улар улаб тутишдан тўхташдан бош тортган эдилар, улар билан бир кун улаб тутдилар, сўнг яна бир кун улаб тутдилар, кейин эса (Шаввол) ҳилолини кўриб қолдилар. Ўшанда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам худди уларга иқоб берувчидек бўлиб:
«Агар (ҳилол) кеч қолганида, сизларга яна зиёда қилар эдим», дедилар.
Бошқа бир ривоятда: «Сизлар улаб тутишдан ҳазир бўлинглар», деб икки марта айтдилар.
«Сиз Ўзингиз улаб тутасиз-ку?» дейилди. У зот: «Мен Роббим ҳузурида тунайман. У мени таомлантирур ва сероб қилур. Амалдан ўзингиз тоқат қиладиганингизни такаллуф қилинглар», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ислом шариатида инсоннинг имконидан ташқари, унинг ортиқча қийналишига сабаб бўладиган таклифлар йўқ. Шу билан бирга инсоннинг ўзича ўзини қийнашига, турли ортиқча ишларни ўйлаб чиқариб, қийналишига сабаб бўладиган амалларни қилишига ҳам рухсат берилмайди. Ушбу ҳадиси шарифда ўша ишнинг рўзадаги мисолини кўриб турибмиз.
Баъзи бир кўпроқ ибодат қилишни хоҳлаган кишилар учун тонг отгандан қуёш ботгунча рўза тутиш жуда осон кўриниши, бир неча кун улаб рўза тутса, худди ажойиб бир ибодат қилгандек ҳузур қилиши мумкин. Рўза фарз қилинганидан кейин маълум бир муддат ўтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичида ана ўша руҳни мулоҳаза қилган бўлсалар керак, улаб рўза тутишдан қайтардилар.
Аммо рўзани улаб тутиш ишқибозлари ҳам бўш келмадилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзлари улаб тутишларини эслатдилар ва бу билан улаб тутишда бирор сир борлигидан ўзингиз бу ишни қилсангиз керак, деб ўйловдик, демоқчи бўлдилар.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом бу иш фақат ўз зоти олийларига хос эканини баён этдилар. Кечаси таом ва шароб танаввул қилмасалар ҳам, Аллоҳнинг Ўзи у зотни таомлантириб, шароб ила сероб қилиб туришини айтдилар.
Афтидан рўзани улаб тутиш ишқибозлари бу билан ҳам қониқмаган бўлсалар керак, яна улаб тутиш истаги борлигини билдирдилар. Ана шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга амалий дарс бермоқчи бўлиб, улар билан бирга улаб рўза тутишни бошлаганлар. Аммо икки кундан кейин Рамазон ойи тамом бўлиб, Шаввол ойи ҳилоли кўриниб қолган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам агар ой кўриниб қолмаганда улаб рўза тутишни давом эттираверар эдим ҳамда сизга унинг оқибати нима бўлишини кўрсатиб қўяр эдим, деганлар.
Оқибати эса, албатта, яхши бўлмас эди. Бу ишни қилган одамлар қийналар ва ибодатлари ҳам кўнгилдагидек бўлмас эди.
Ҳадиси шарифнинг охиридаги иборалардан нафақат рўзадор, балки барча ишларда ҳам инсон ўзига ўзи қийин қилиб, тоқатидан ташқари амал қилишга урунмаслиги кераклиги уқтирилмоқда.
Ҳамма нарса ҳам меъёрида бўлгани маъқул. Меъёрни эса, Аллоҳнинг шариати белгилайди. Шунинг учун Ислом шариатида кўрсатилган нарсани тўлиқ бажаришга ҳаракат қилиш керак. Шариат меъёридан кам ҳам, ортиқ ҳам бўлмаслиги лозим. Энг тўғри иш, энг тўғри ибодат шариатда кўрсатилганини зинҳор унутмаслигимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҲАДИСИ ҚУДСИЙЛАРДАНИбн Ҳассосийядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар давоми...

3731 05:00 / 14.01.2017
Диалектиклик, яъни мавжудотни самовий ва арозийга бўлиш монотеистик динларниг ривожланиш манбаи ҳисобланади. Дунёда қарамақаршиликлар ва улар ўртасидаги давоми...

3522 10:00 / 12.04.2023
Аллоҳ таоло бизнинг жону молларимизни сотиб ҳам олган ва унинг нархини жаннат билан тўлиқ тўлаб ҳам қўйган. Кейин эса .бу мол ва жонни ўзингда сақла,, деб уларни давоми...

1276 16:00 / 27.03.2023
Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен .Эй Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг,, дедим. .Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини давоми...

3213 05:00 / 14.01.2017