1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ота-онага яхшилик бобидан ибратлар

21:35 / 21.04.2017 2759 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг ота-онага яхшилик қилиш бобида амалга оширган ибратли ишлари

 

Маълумки, «бирру-л-волидайн» яъни «ота-онага яхши муомала қилиш» тушунчаси муқаддас динимиз Ислом таълимотида бениҳоя муҳим ўрин тутади. Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таолонинг якка Ўзига ибодат қилиш ҳақидаги энг буюк амридан кейин зикр қилинади.

«Раббинг, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бириси ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма, уларни жеркма. Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотни паст тут – хокисор бўл ва: - «Парвардигорим, мени гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин!», деб (ҳақларига дуо қил)!».  (Исро сураси, 23-24 - оятлар)

Ота-онага яхшилик қилиш йўлида бизга пайғамбарлар ва солиҳлар ҳаёти ибрат бўлади. Улар ота-онага яхшилик қилишнинг гўзал намунасини кўрсатганлар. Шу сабабдан Аллоҳ уларнинг икки дунёдаги мартабаларини баланд қилди.

Шу маънода қуйида ажойиб ривоятларни келтирамиз. Шояд бу қиссалар бизни яхшилик ва салоҳият йўлига ундаса.

Аллоҳ таоло хабар қилишича, Нуҳ алайҳиссалом ота-онаси ҳақига дуо қилиб, истиғфор айтарди: «Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолида кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин!» (Нуҳ сураси, 28-оят).

Иброҳим алайҳиссалом отасининг ҳидоятидан умид қилиб, залолат қаърида қолиб кетишидан қўрқиб унга мулойимлик ила шундай деган: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қиласан? Эй ота, ҳақиқатан, сенга келмаган илм-маърифат менга келди. Бас, менга эргаш, сени ҳақ йўлга ҳидоят қиламан. Эй ота, сен шайтонга қуллик қилма! Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлган. Эй ота, ҳақиқатан, мен (кофир ҳолда яшаб ўтганинг сабаб охират диёрида) сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқаман!» (Марям сураси, 42-45-оятлар).

Исмоил алайҳиссалом башарият тарихида отага итоат этишнинг энг гўзал намунасини кўрсатди. Падари бузруквори Иброҳим алайҳиссалом унга: «Эй ўғлим, тушимда сени сўяётганимни кўряпман», деб хитоб қилганида, солиҳ фарзанд отанинг амрига тўлиқ бўйин эгди: «Эй отажон, сизга (тушингизда Парвардигорингиз томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топасиз» (Соффот сураси, 102-оят).

Энди салафи солиҳлар ҳаётига бир назар ташлаймиз. Шунда улар ота-онага яхшилик қилишга жуда катта эътибор қаратганларининг гувоҳи бўламиз.

Ривоят қилинишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу Макка йўлида бир аъробий кишини учратиб қолди ва унга салом берди. Ўзи миниб келаётган эшагига аъробийни миндириб, бошидаги салласини унга берди.

Ибн Динор айтади: Шунда биз унга: «Аллоҳ ишингизни ўнгласин! Аъробийлар бундан камига ҳам рози бўлишарди», дедик. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар: «Бунинг отаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни яхши кўрарди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фарзанднинг отасига ошно бўлганлар ила борди-келди қилиши энг гўзал яхшиликдир», деганларини эшитганман», деб айтди (Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Абу Абдураҳмон Ҳанафийдан ривоят қилинишича, Каҳмас ибн Ҳасан уйида бир чаённи кўриб қолди. Тутиб ўлдиргунича чаён тешикка кириб кетди. Каҳмас чаённи олиш учун қўлини тешикка тиқди. Чаён унга озор бера бошлади. Шунда ундан: «Бу билан нима қилмоқчи эдинг?» деб сўралди. Каҳмас бу саволга: «Чаён тешикдан чиқиб, онамни чақиб олишидан чўчидим», деб жавоб берди (Абу Нуайм, Ҳилятул авлиё).

Тобеинларнинг улуғи, «Зайнулобидин» лақаби билан шуҳрат қозонган Абулҳасан ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб онасига жуда кўп яхшилик қиларди. Унга: «Сен онангга кўп эзгулик қиласан. Ҳеч онанг билан бирга ўтириб овқатланганингни кўрмаганмиз?» дейилганида, Зайнулобидин: «Мен онамнинг кўзи тушган бирон луқмага билмай қўл узатиб қўйиб унга оқ бўлиб қолишган қўрқаман», деб жавоб берган экан (Уюнул ахбор).

Ҳафса бинти Сириндан ривоят қилинишича, Муҳаммад ибн Сириннинг онаси ҳижозлик эди, турфа хил рангларни хуш кўрарди. Муҳаммад унинг учун имкон қадар турли рангдаги либосни сотиб оларди. Ийд кунлари онасининг кийимини бўяб берарди. Ибн Сирин бирон марта онасига қаттиқ гапирмаган, агар мурожаат қилса, худди тазарру қилаётган хокисор одамдек сўзларди (Сияру аъломин нубало).

Бир сафар бехосдан онасига овозини баланд кўтариб юборганида, «жазо»сига икки нафар қулни озор қилган экан (Сияру аъломин нубало).

Ота-онасига яхшилик қилишда ўрнак бўладиган зотлардан яна бири муҳаддис Бундордир. У Басра шаҳрининг ҳадисини йиққан. Аммо онасига яхшилик қилиш илинжида бирон жойга сафар қилмаган.

Бу ҳақида Бундорнинг ўзи шундай деган: «Мен илм талабида сафар қилишни истадим. Бироқ, онам мени тўсиб қолди ва мен унга итоат этдим. Бунинг эвазига Аллоҳ менинг илмимга барака ато этди» (Сияру аъломин нубало).

Асмаъий айтади: Менга аъробийлардан бири шундай ривоят қилди: «Мен одамлар ичидаги энг оқпадар ва энг қобил фарзанд бўлган одамни топиш учун йўлга чиқдим. Одамлар орасини айланиб, ахири бир қариянинг олдига етиб бордим. Қарасам, унинг бўйнига челак осилган, жазирама иссиқда минг бир азобда сув ташир эди. Бундай машаққатга ҳатто туя ҳам дош беролмасди. Бу ҳам етмаганидек, бир йигит қўлида дағал арқондан эшилган хипчин билан уни саваларди. Хипчин зарбидан бечора чолнинг бели шилиниб кетганди. Мен унга: «Бу кекса одамни нега бунча қийнаяпсан? Аллоҳдан қўрқмайсанми?! Унинг бўйнига арқон солганинг каммиди? Яна уришингни қара!» деб хитоб қилдим. У: «Бу одам менинг отам бўлади», деди. Шунда мен: «Аллоҳ сени яхшиликлар билан мукофотламасин!» дедим. У бўлса: «Шошмай тур. Бу одам ўз отасини ҳам шундай қиларди. Бобом эса отасига ҳам шундай муносабатда бўлган экан», деб айтди. Мен: «Одамлар ичида отасига энг ёмон муомала қиладиган мана шу йигит бўлса керак!» деб ўйладим.

Кейин йўлимда давом этдим. Кетаётиб бир йигитга кўзим тушди. Унинг елкасида замбил бўлиб, унга худди қушнинг полопонига ўхшатиб қария чолни солиб олганди. Йигит қариянинг олдига ҳар соатда егулик келтириб, худди қуш боласига чайнаб берганидек чайнаб ҳалиги одамнинг оғзига соларди. Мен: «Бу ким?» деб сўрадим. У: «Отам. У қариб ақлдан озган. Мен уни парвариш қилишни зиммамга олганман», дедим. Шунда мен: «Одамлар ичида отасига энг яхши муомала қиладиган мана шу йигит бўлса, ажаб эмас», дея ҳайратимни яшира олмадим».

Обид ва уламолардан бўлган Талқ ибн Ҳабиб онасининг бошидан ўпар, ҳурмат юзасидан волидаси уйда ўтирганида томга чиқиб юрмасди.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр шундай деган: «Отам вафот этганида, тўлиқ бир йил Аллоҳдан унинг ҳақига мағфират сўрадим».

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб р.а. Шомга келганларида унинг олдига қора кийим кийган ёшлари улуғ қария роҳиб келади. Умар р.а. уни кўриб йиғлайди. Шунда Умар давоми...

3142 15:35 / 22.04.2017
Ибн Масъуд Косоний Бадаиъrdquoда Таҳорат қилувчидан талаб қилинадиган нарса поклик. Бисмиллоҳrdquoни айтишнинг бунга дахли йўқ. Сабаби сув пок яратилган. Сувнинг давоми...

5520 20:17 / 22.04.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Аллоҳ умматимнинг хаёлларидан ўтган нарсаларни, агаруни гапирмасалар ёки давоми...

3485 15:00 / 24.03.2017
Ҳозирги тараққий этган ва айни пайтда муаммо ва ташвишлар кўпайган бир замонда кўпчилик ўзини хорғин ва толиққан ҳис қилмоқда. Ҳатто мириқиб дам олгандан кейин давоми...

3518 10:31 / 24.03.2017