1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ажойиб ҳикматлар

21:08 / 21.04.2017 5633 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Севишга қурбинг етмаса, ҳеч бўлмаса жароҳат ҳам етказма! 

2. Инсоний алоқалар худди чумчуқларга ўхшайди. Агар қаттиқроқ ушласанг, ўлдирасан, агар бўш ушласанг, учиб кетади. Шунинг учун уни эҳтиёткорлик билан ушла. Шунда у сен билан доим бирга бўлади.

3. Инсоннинг ўн кун давомида алам ва оғриқдан ўрганадиган нарсаси ўн йил давомида бахт-саодатдан ўрганадиган нарсасидан устун туради. Чунки, изтироблар руҳни тарбия қилади.

4. Фойда, манфаат деган нарсаларни билмайдиган дўстларнинг ёнида бўлишинг нақадар гўзал! 

5. Қалбингда айтмаган гаплар бўла туриб, саждадан бошингни кўтарма!

6. Эй Аллоҳим, Оилам Сен берган ҳадяларнинг энг чиройлиси, эга бўлган нарсаларимнинг энг қимматлисидир. Уни мен учун асра! Оиламни Ўзинг бахтиёр эт!

7. Агар бир кун келиб, яхши кўрган инсонинг билан ўртангдаги алоқа ниҳоясига етса, қалбингни унинг сирларини ва сенга айтган барча гапларини сақлайдиган идиш қилиб олгин! 

8. Агар мени танимасанг, мен ҳақимда ёмон гап гапирма! Агар мен билан муомала қилмаган кўрмаган бўлсанг, устимдан ҳукм чиқарма! Агар мен ҳақимда бирор гап эшитсанг-у, хали ўзим билан учрашмаган бўлсанг, мени танийман деб ўйлама! 

9. Баъзилар муғомбирлик қилади. Ҳатто бошқаларнинг муҳаббатига эришади. Баъзилар ёлғон гапиради. Ҳатто осон вазиятдан ҳам қочади. Баъзилар ажралиб кетади. Кетишидан олдин пичоқ санчиб кетади. 

10. Агар уларга 10 та бармоғингни шам қилиб ёқиб турсанг-у, биттаси ўзи ўчиб қолса, улар 9 та бармоғингни унутадилар-да, сен билан ўша битта бармоқ борасида ҳисоблашадилар. Ҳа, баъзи одамлар шунақа...

11. “Бир кишини яхши кўрсанми?” деб сўрашди. “Икки кишини яхши кўраман” деб жавоб бердим. “Бир юракка икки муҳаббатни қандай сиғдирдинг?” дейишди. “Роббим менга: “Ота-онангга яхшилик қил!” деб буюрди” дедим.

12. “Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир” оятини ўқиганимизда “Қилишнинг иложи йўқ”, “Имконсиз” деган сўзларнинг аҳамияти йўқолади. 

13. Бирор кишидан ғазабланиб, таъна қилганимни эслолмайман. Одамларни ўз табиатларида қолдираман. Яхшилик қилганга яхшилик қиламан. Ёмонлик қилганга узр айтаман. Агар ўша ёмонлигини яна такрорласа, ундан ҳурмат билан узоқлашаман.

14. ДОИМ ЁДИНГДА ТУТ: йиллар ўтиши билан сен ҳам бутунлай ўзгариб борасан. Ёмон кўрган кишингни яхши кўриб қоласан. Эҳтимол, яхши кўрганингни ёмон кўриб қоларсан. У билан боғлиқ барча нарсани унутарсан. Шу тарзда ҳаёт сени ўзингга ўхшамаган бир шахсга айлантириш учун ўтиб бораверади.

15. Сени фақат хабис кимса хубсда айблайди. Сени фақат ҳар бир ёмон кимса ёмонлик билан сифатлайди. Фақат севувчи инсонгина сенга муҳаббат тамғасини босади. Сен шумланма! Чунки, ҳар битта идиш фақат ичидаги нарсани тўкади.

16. Баъзи одамлар сизни тарк қилишади. Лекин бу қиссангизнинг ниҳояси эмас. Балки қиссангиздаги унинг ролининг ниҳоясидир.

17. Абадий нарсалар ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган нарсалар эмас, балки ҳеч қачон унутилмайдиган нарсалардир.

18. Шундай кишилар борки, сен уларга ҳеч нарса бермасанг ҳам улар сенга муҳаббатни тортиқ қиладилар. Шундай кишилар борки, сен уларга ҳамма нарсани берганингдан кейин улар сенга алам ва оғриқни тортиқ қиладилар.

19. Ҳозирги замонда ҳақиқий қаҳрамонлик қилич кўтариш эмас, ҳақиқий қаҳрамонлик виждон кўтаришдир.

20. Ҳиссиётларимизни биздан кўра кўпроқ ҳеч ким тушунмаслигини билганимиз учун ҳам баъзи пайтларда уларни (ташқарига чиқармай, бировга сездирмай) ичимизда сақлаймиз.

21. Инсонларнинг кўпчилиги ғойиб бўлганингиз учун сизни койиб, таъна қиладилар. Лекин бир энлик хат ёзиб бўлса ҳам сиз билан боғланишга ўзларини мажбур қилмайдилар.

22. Бугунги кунимиз учун керакли насиҳат. Агар фитнага тушиб қолсанг, суннатни маҳкам ушлаб, сукутни лозим тут! Сен тушунмайдиган, сенга фойдаси бўлмаган нарсага шўнғима! Сенга мушкул бўлган нарсани Аллоҳга ва Расулига ҳавола қилиб, ўзинг (у ҳақида бирор нарса дейишдан) тўхта! “Аллоҳ билувчироқ” деб айт!

23. Одатда инсонлар икки сабабга кўра ўзгарадилар: 

1) Ё кўп илм ўрганганлари сабабли. 

2) Ёки кўп озорга учраганлари сабабли.

24. Солиҳларнинг бирларидан сўрашди: “Намозингизда қандай хушуъ қиласиз?” Шунда у зот жавоб бердилар: “Каъбани рўпарамда, Сиротни оёғим остида, ўлим фариштасини орқамда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса намозимни кузатиб турибдилар деб хаёл қиламан”.

25. Улкан насибага эга бўлган киши – ҳаёт унга ўзгармайдиган дўст ҳадя қилган кишидир.

26. Ўзинг муаллифи бўлишингга қарамасдан биринчи марта ўқиётган ва ундаги ёзувлардан ҳайратга тушган китоб – сенинг қиёмат кунидаги китобингдир. Шундай экан, бу дунёда унга яхши нарсаларни ёз!

27. Қизнинг тожи бу – Қуръонидир!

28. Агар ичингизда бир овоз: "Бу ҳалол", "Бу ҳаром" деяётган бўлса, бунинг маъноси сизда хали виждон тирик деганидир. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтинг.

29. Аёл кишини тўрт нарса "ўлдиради":

1) Ота-онасидан айрилиши.

2) Бошқа аёлни ундан афзал деб билиш.

3) Келажагини барбод қилиш.

4) Севган одамининг алдаши.

30. Ҳурмат қилсанг, ҳурмат қилинасан. Садақа қилсанг, ризқинг яна зиёда бўлади. Табассум қилсанг, ажр оласан. 

Тавозуъли бўлсанг, юксаласан.

31. Фариштага айлана олмаймиз. Лекин инсонийлигимизни ушлаб қола оламиз. Бунинг учун Аллоҳ ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буюрганидек яшасак бўлди.

32. Луқмони ҳакимнинг ўз ўғилларига насиҳатларидан: “Эй ўғилчам, ким тоқати етмайдиган нарсани кўтарса (зиммасига олса), ожиз бўлади. Ким ўзидан ажабланса, ҳалокатга дучор бўлади. Ким одамларга такаббурлик қилса, хор бўлади. Ким бир иш юзасидан маслаҳатлашмаса, надомат қилади. Ким уламолар билан бирга ўтирса, билади. Кимнинг гапи озайса, офияти (саломатлиги) дардавом бўлади”.

33. Қизнинг ҳаётида аканинг бўлиши абадий дўстнинг, болаликдаги биринчи ўртоқнинг, катта бўлгандаги суянадиган тоғнинг бўлишидир! Эй Роббим, акаларимнинг ҳаётида мени йиғлатадиган нарсани менга кўрсатмагин!

34. Ички безовталикларнинг кўпчилигига қуйидагилар сабаб бўлади: 

1) Билиб турсанг ҳам, ўзингни билмагандек кўрсатишинг.

2) Йиғлашинг керак бўлса ҳам табассум қилишинг.

3) Гапиришинг керак бўлган ўринда сукут қилишинг.

35. Баъзи қалблар маҳзунлигини очиқ айта олмайди. Аммо кўзлар у ҳақида кўп нарсаларни “гапиради”.

36. Эҳ дўстлар! Қанийди бизнинг ҳам қалбларимиз гўдакларникидек бўлиб қолса... Уларнинг табассуми самимий, муомаласи содда, ҳеч кимдан гина ҳам, ҳеч кимга ҳасад ҳам қилмайдилар. Уларга бир ёмонлик етса, тезда унутиб юборадилар.

37. Гоҳида ёлғиз қолиб, нафсимизни тафтиш қилишга эҳтиёж сезамиз.

38. Бир шахсга кўрсаткич бармоғингизни ўқталиб, уни танқид қилаётганингизда, унутманг, қолган уч бармоғингиз ўзингизга ўқталиб турган бўлади.

39. Ҳаётда бадаллар, эвазлар, ўринбосарлар кўп. Лекин ҳеч кимнинг ўрнини ҳеч ким босолмайди.

40. Мени ёлғонинг билан бахтиёр қилгандан кўра ростинг билан ўлдир!

41. Бир киши дорихонага кириб, сотувчига деди: “Менга онамнинг бармоқларидан беринг!” Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Нима у “онамнинг бармоқлари?” деб сўради. “Уйқу дориси. Болалигимда ўрнимга ётсам, онам бошимни силардилар. Мен эса дарров ухлаб қолардим” деб жавоб берди халиги киши.

42. Ҳой  инсонлар, тавозеъли бўлинглар! Биз қабрдаги қуртларнинг емишидан бошқа нарса эмасмиз.

43. Бомдод пайтида масжид эшиги олдида турган камбағалнинг эски шиппаги намозга турмай ухлаб ётган минглаб подшоҳлар, султонлар ва амирларнинг тожларидан чиройлироқ кўринади!

44. Баъзи дўстларнинг ўрни қалбда бўлади. Улар тақдир инъомларидир. Улар билан бирга экансан, бошқа ҳеч кимга эҳтиёж сезмайсан!

45. Нафсининг истакларини мағлуб этган одам душманини мағлуб этгандан кўра шижоатлироқдир. Чунки, энг қийин ғалаба ўз нафси устидан қозонилган ғалабадир!

46. Севмоқчи бўлсалар, қалбларда чуқур ўрнашиб олиш учун энг гўзал ва ёқимли сўзларни ишлатадилар. Кетмоқчи бўлсалар, қалбларни синдириш учун майда, арзимас сабабларни келтирадилар. 

47. Агар ҳаёт тўлалигича ҳурсандчиликдан иборат бўлганида эди, ҳурсандчиликнинг таъмини билолмасдик. Агар ҳаёт тўлалигича маҳзунликдан иборат бўлганида эди, барчамиз изтироб ва қайғудан адойи тамом бўлардик. Шодлик, маҳзунлик... Дунё шунақа... Бир хил ҳолатда турмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

48. Овқат пиширишни билмайдиган аёлга уйланманг, гарчи уни яхши кўрсангиз ҳам! Муҳаббат “мўъжизалар”ни пайдо қилиши мумкин, лекин овқатни пайдо қила олмайди! 

49. Онажоним! Ким сизга ўхшайди?! На дунёни сизга қиёслаб бўлади, на Ватан сизсиз татийди. Бутун олам пок қалбингиздек қалбларга муҳтож. 

50. Донолардан бирлари шундай деган экан: “Инсонларнинг сўзини яхшилаб тингла! Бу одоб ва яхши тарбия кўрганлик белгисидир. Аммо эҳтиёткорлик юзасидан уларнинг ҳар бир гапларини тасдиқлайверма!” 

51. Одамлар доим ҳам насиҳатни хоҳлайвермайдилар. Гоҳида улар қўлларидан тутадиган қўлни, сўзларини тинглайдиган қулоқни, дардларини тушунадиган қалбни истайдилар.

52. Совуқлик икки хил бўлади: қишнинг совуғи, руҳнинг совуғи. Қишнинг совуғидан сақлайдиган нарсани топишимиз мумкин. Лекин руҳнинг совуғидан сақлайдиган нарсани топиш жуда қийин.

53. Тўрта нарса тўрт нарсага олиб боради: 

1) Жим туриш саломат бўлишга.

2) Яхшилик қилиш улуғ бўлишга.

3) Саховат кўрсатиш устун бўлишга.

4) Шукр қилиш зиёда бўлишга.

54. Албатта, ҳақ ҳақ устида бўлмаганлардан бошқа ҳеч кимни безовта қилмайди.

55. Қалбинг таскин топмаган нарсага ҳеч қачон ишонма! Чунки, қалб кўздан кўра аниқроқ кўради. 

56. Қозиқ тишларини кўрсатиш учун юзингга табассум қилиб тиржайишлари шартмас. Баъзилар тиржаймаса ҳам қозиқ тишлари кўриниб туради. 

57. Инсон ажойиб-да! Ўзидан минглаб ёруғлик йили узоқликдаги юлдузларни кўра олади. Аммо қош-қовоғидан ҳам яқин бўлган ўз айбларини ҳеч кўра олмайди.

58. Ҳақиқий садоқат – дўстингнинг сенда иши борлигида сени қидириб қолмаслигидир.

59. Сен нурнинг манбаи бўлгин, ойнадаги акси эмас. 

60. Агар бой бўлсанг, истаган пайтингда таомга қўл чўза оласан. Агар фақир бўлсанг, имкон топган пайтингда таомга қўл чўзасан. 

61. Ҳеч кимни паст санама, ҳатто Аллоҳга кабира гуноҳ қилаётган кишини ҳам. Чунки, қиёмат куни Аллоҳга сен яқинроқ бўласанми ёки у яқинроқ бўладими, билмайсан! Доктор Оиз Қарний

62. Дарахт шохида ўтирган қуш шохнинг синишидан қўрқмайди. Бунга сабаб шохнинг қувватига ишонгани учун эмас, қанотларига ишонгани учун. 

63. Баъзилар бошқаларни танқид қилишни санъат даражасига етказади. Ўзининг ҳолига боқсанг, қайси айбидан бошлашни билолмай, ҳайрон бўлиб қоласан. 

64. Сен эга бўляпсан, бошқалар йўқотяпти. Сен яхшилик устидасан, бошқалар алам устида. Сенинг саломатлигинг жойида, бошқалар касалига даво тополмаяпти. Сен бахтлисан, бошқаларни эса ғам эзиб ташлаган. Шундай экан, доим Аллоҳга ҳамд айт! 

65. Агар ҳар биримиз бошқанинг қалбига кирганимизда эди, унга меҳрибон бўлиб қолган бўлардик. 

66. Одамларнинг тадбирларидан безовта бўлма! Улар нари борса Аллоҳнинг сен ҳақингдаги иродасини амалга оширадилар, холос. Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

67. Болалигимизда тезроқ катта бўлиб, ҳаёт сирларини кашф қилайин деб орзу қилардик. Катта бўлгач эса, кашф қилган нарсаларимиздан қочиш учун болаликка қайтиб қолишни орзу қиламиз.

68. Нарсаларнинг гўзаллиги оддийлигида, табиийлигида. Унда ортиқча ранг ҳам, сунъийлик ҳам, такаллуф ҳам йўқ. 

69. Пок нафсга фақат пок шахс эга бўлади. Инсон ўзидан кейин қолдирадиган энг чиройли нарса гўзал сийратдир. Кимки бир инсоннинг бахтли бўлишига сабабчи бўлган бўлса, ўзининг ҳам бахтли бўлиши муқаррардир.

70. Фикрлаш эшиклари берк одамгина зулматда яшайди.

71. Битта дарахт қуласа, ҳамма унинг овозини эшитади. Барча дарахтлар униб-ўсиб, бутун бошли бир ўрмон пайдо бўлса, ҳеч қандай овоз эшитилмайди. Худди шунингдек, баъзи одамлар ҳам сенинг юксалишингга эмас, йиқилишингга қарайдилар.

72. Ўзида беморлиги бор одам бошқа беморни даволай олмайди.

73. Эй сигарет чекувчи! Агар сигаретларинг фойдали бўлганда эди, уни фарзандларингга ҳам ўргатган бўлардинг.

74. Ўзинг уруш майдонидан йироқда бўла туриб, шижоат ҳақида гапиришинг бунчалар осон бўлмаса?!

75. Ўзинг бир инсоннинг умидсиз ва хафа бўлишига сабабчи бўла туриб, қандай хотиржам ва бахтли бўласан, кўзларинг қувончга тўлиб қандай ухлайсан?!

76. Эй Роббим! Мени чиндан севган қалбларга яқин қилгин! Мени севган деб гумон қилган, аслида эса севмаган қалблардан мени йироқ қилгин!

77. Ғазаб пайтида гапиришдан тўхтанг! Хавф пайтида заифликни бас қилинг! Хафа бўлиб турганингизда қарор қабул қилманг! Алдов пайтида кўр-кўрона ишонишдан сақланинг!

78. Олдингизда ҳануз ҳаёт ҳақида ўрганишингиз керак бўлган кўпгина дарслар турибди. Уларнинг биринчиси – ҳар бир инсонни ўз ҳажмида тортинг!

79. Мени ёмон сўзлар эмас, ёмон ниятлар қўрқитади. Сўзларга-ку сўзлар билан жавоб берарман. Ниятларгачи? Уларга қандай жавоб бераман?

80. Ҳаётнинг маъносини тушунмай, ҳаётдан мақсад нималиги англамай яшаш худди катта кутубхонада битта ҳам китобга қўл теккизмай кезишга ўхшайди. 

81. Патнинг тушиши... Бу дегани қушнинг тушиши (йиқилиши) эмас!

82. Аёл кулган кулба аёл йиғлаган қасрдан яхшироқдир.

83. Гоҳида аёл киши ҳаётда ҳамма қийинчиликларга чидайди. Аммо унга нисбатан эътиборсизликка чидай олмайди. 

84. Киши фақирлиги ва шаклининг ҳунуклиги учун айбланмайди. Чунки, бунда унинг айби, дахли йўқ. Аммо киши тилининг захарлиги, хулқининг ёмонлиги учун айбланади.

85. Баъзилар борки, сендан воз кечиш учун хатоларингни қидирадилар. Яна баъзилар борки, сени севганликлари сабабли хатоларингдан кўз юмадилар.

86. Атрофингдагиларнинг қандайлигини билмоқчимисан? Унда итларни аниқлаш учун суяк от! Қушларни аниқлаш учун дон сеп! Дўстларни аниқлаш учун ўзингни от! 

87. Аёл Қуръон ўқиётган эди. Эри эса унинг тиловатини тинглаб ўтирганди. Аёл “Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверингиз”оятига етганда овозини пасайтирди. Буни кўрган эри табассум қилди. Ҳа, аёлнинг фитрати шунақа!

88. Бахтли бўлишни истасанг, ҳеч кимни яхши кўрма! Ҳеч кимга муҳтожлигингни сездирма! Ёнингдагиларнинг бирортасидан ёрдам кутма! Ҳатто девор ҳам баъзида ўз эгасининг устига қулаб тушади. 

89. Воқеликни унуттирадиган даражада орзу қилишдан, орзуларингни унуттирадиган даражадаги воқелик сени қамраб олишидан эҳтиёт бўл!

90. Гоҳида улар йиғламайдилар, лекин оғриқ тортадилар. Гоҳида улар таъбир қилолмайдилар, лекин ҳис қиладилар. Гоҳида улар зоҳир қилолмайдилар, лекин мулоҳаза қиладилар. Атрофингдагиларнинг қалбларига нисбатан мулойим бўлгин!

91. Кўпчилик етказган аламни бир шахс кетказиши, бир шахс етказган аламни бутун олам кетказа олмаслиги мумкин!

92. Агар шаҳар ўрмон бўлиб қолган бўлса, сен ҳам ҳайвонга айланиб олишинг шарт эмас. 

93. Инсонлар ҳар бир нарсанинг баҳосини, нархини биладилар. Лекин ҳар бир нарсанинг қийматини, қадрини билмайдилар.

94. Барча психология китобларида “ғурур” касаллик деб айтилади. Лекин баъзилар уни “стил” деб ўйлайдилар.

95. Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиш Аллоҳга олиб борадиган энг қисқа йўлдир.

96. Гўдакнинг катталарнинг поябзалини кийиши унинг қадамларини зиёда қилмайди. Балки юришини қийинлаштиради. Шундай экан, сен ҳам ўзингдан катта шахсга айланиб олишдан эҳтиёт бўл!

97. Агар дўстларингдан иккитаси тортишиб қолса, улардан бирини йўқотмаслик учун, улар орасида ҳукм қилма! Агар душманларингдан иккитаси тортишиб қолса, улардан бирини қўлга киритиш учун, улар орасида ҳукм қил! Хитой мақоли

98. Тарих ажойиботларидан. Мадинадаги бир фақир киши дарахт остида ухлар, очликнинг зўридан қийналарди. Энг улкан  империяни қулатиб, уларни мусулмонларнинг ҳукми остига бўйсундириб қўйди. У зот Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир! 

99. Фотоаппаратни кўтариб юриш ҳамманинг қўлидан келади. Лекин гўзал манзарани (лентага) мухрлашга оз кишилар қодирдир. Одамларнинг кўзлари ҳам худди шунақа. Ҳаммаси ҳам сендаги гўзал ўринларни кўрмайди!

100. Хотиржам бўл, сен Ҳафиз Аллоҳнинг кўз ўнгидасан. Тилингдан олдин қалбинг билан: “Ишимни Аллоҳга топширдим” деб айт!

101. Қалбларнинг давоси беш нарсададир: 

1) Қуръонни тадаббур билан қироат қилиш.

2) Қориннинг бўшлиги.

3) Қиёмул лайл.

4) Саҳар пайтидаги тазарруъ.

5) Солиҳлар билан бирга ўтириш.

102. Бойларга қиммат совғаларни бериб, фақирлардан биргина табасумни ҳам бахиллик қиладиганлардан бўлмагин!

103. Аллоҳнинг зикридан холи бўлган ҳаёт маъносиз ҳаётдир!

104. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса ҳақида сўралганида, у зот: “Аллоҳ таолога тақво қилиш ва гўзал хулқ” деб жавоб бердилар.

105. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Касалларингизни садақа билан даволанглар!”.

106. Одамлар фақат билган нарсалари ҳақида гапирганларида эди, кўп жойларда тинчлик ҳукм сурган бўларди.

107. Барака Аллоҳнинг қўшинларидан бир қўшин бўлиб, уни хоҳлаган бандасига юборади. Агар барака молга тушса, уни кўпайтиради. Фарзандга тушса, уни солиҳ қилади. Жисмга тушса, уни қувватли қилади. Қалбга тушса, уни бахтиёр қилади. Эй Аллоҳ, бизларни барака билан ризқлантир!  

108. Ҳурсандчилигинг, қувончинг, кўзингни қувнаши, нафсингни шод бўлиши Аллоҳни зикр қилганинг миқдорича бўлади. 

109. Одамларнинг уйларига кўр бўлиб киргин, у ердан соқов бўлиб чиққин!

110. Эй Роббим, саодатимни бандаларингдан бирортасининг қўлида қилиб қўймагин! Ўзингдан бошқа ҳеч кимга эҳтиёжимни тушириб қўймагин!

111. Аҳлим менга қандай гапиришни ўргатиш учун узундан узун вақтларни ўтказишган. Мен қандай жим туришни ўрганиш учун ундан-да узунроқ вақтни ўтказяпман.

112. Агар бутун Франциядаги атирлар бир идишга жойланса ҳам яхши кўрган инсонимизнинг ҳидидан ўта олмайди.

113. Ҳўкизга ҳеч қачон олди тарафидан яқинлашма. Эшакка ҳеч қачон орқа тарафидан яқинлашма. Аҳмоққа эса ҳеч қайси тарафидан яқинлашма.

114. Баъзи жиноятларга қонун жазо тайин қилмайди. Лекин вақтлар, кунлар жазо тайин қилади. Бу жазонинг қандайлиги золимлардан сўранглар, азизлар!

115. Баъзилар кўзингдан соқит бўлади. Баъзилар эса, қалбингдан...

116. Узоқлашиш ҳар доим ҳам юз ўгириш бўлавермайди. Гоҳида у жудаям яқинлашиш натижасида қийналган нафсга одоб ўргатиш бўлади.

117. Инсонларнинг муҳаббати неъматдир. Ҳамма ҳам буни англаб етмайди.

118. Сизлар охират фарзанди бўлинглар! Дунё фарзанди бўлманглар! Чунки, ҳар бир бола қиёмат куни ўз “она”сига етишади. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

119. Умрингга қасамки, инсон дини билнгина инсондир. Насабга суяниб, тақвони тарк қилма! Ислом Салмон Форсийнинг мартабасини кўтарди. Ширк шарафли Абу Лаҳабни ер билан битта қилди. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

120. Баъзилар ҳаётингга неъмат каби кириб келади. Баъзилар эса ҳаётингга дарс каби кириб келади. Неъматни сақла, дарсдан таълим ол!

121. Ким ўз сирини сақлашга заифлик қилса, бошқанинг сирини сақлолмайди. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

122. Бахтга эришиш қоидалари: 

1) Аллоҳ билан бирга бўл!

2) Ҳеч кимга ҳасад қилма!

3) Ҳеч кимга кек сақлама!

4) Шаънинг ҳар қанча юксалса ҳам оддий яша!

5) Бало ҳар қанча кўпайса ҳам яхшиликни кут!

6) Миннатсиз ва раҳмат кутмай нарса беришни ўрган!

123. Аллоҳнинг беркилмайдиган очиқ эшиги турганда, махлуқларнинг эшикларига ҳожатим йўқ!

124. Одамларга шундай замон келадики, унда офият ўн қисм бўлиб, шундан тўққизтаси инсонлардан четланишда, биттаси жим туришда бўлади. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

125. Сизга озор берган кимсага “Аллоҳ унутмайди!” деб айтинг.

126. “Наҳл” сураси “Аллоҳнинг амри (қиёмат) келди. Бас, сизлар (эй, мушриклар!) Уни қистамай қўя қолингиз!” деб шошқалоқликдан қайтариш билан бошланди. “(Эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир” деб сабрга буюриш билан якунланди. Шундай экан, шошқалоқликдан четланинг, сабрни лозим тутинг!

127. Аллоҳнинг карами ҳеч қачон кечикмайди. Фақат у муносиб вақтда келади, холос.

128. Қалбларга гуноҳлардан кўра оғриқлироқ нарса йўқ. Ўлимдан кўра қаттиқроқ нарса ҳам йўқ. Ўтганларнинг ҳоли тафаккур учун етарлидир. Ўлим эса насиҳат учун етарлидир. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

129. Истаган кишингдан беҳожат бўл, унинг ўхшаши бўласан. Истаган кишингга муҳтож бўл, унинг асири бўласан. Истаган кишингга яхшилик қил, унинг амири бўласан. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

130. Лаззатли нарсаларнинг барини тотиб кўрдим. Офиятдан кўра лаззатлироқ нарсани топмадим. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

131. Қуръон бўла туриб ғамгин бўлган киши сув бўла туриб ташна бўлган кишига ўхшайди.

132. Барчамиз айбларни кўтариб юрувчимиз. Агар Аллоҳнинг “Ситр” номли ридоси бўлмаганда қаттиқ хижолат чекканимиздан бўйинларимиз эгилиб қолган бўларди. Шундай экан, ичимизда айблар кезиб юрган бир пайтда ҳеч кимни айбламайлик!

133. Аҳли Қуръон ким? Аҳли Қуръон – унга иймон келтирувчилар, уни чин маънода тиловат қилувчилар, у белгилаб берган чегарада турувчилар, буйруқларига бўйинсунувчилар, қайтариқларидан қайтувчилар, Қуръонни сақловчилардир.

134. Маҳзунлик сажда билан кетади. Ҳурсандчилик дуо билан келади.

135. Энг гўзал аёл қўлингдан тутиб, жаннатга бошлаган аёлдир.

136. Аллоҳга яқин бўлиш бизларни барча нарсадан беҳожат қиладиган роҳатдир.

137. Хилоф лаҳзаларида содир бўладиган энг чиройли нарса мулозаматлар яширган очиқ-ойдинликдир. 

138. Агар одамлар сени машққат пайтида тарк этса, билгингки, Аллоҳнинг Ўзи ишингни бошқаришни хоҳлабди. Аллоҳнинг ўзи етарли Вакилдир. (Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ) 

139. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир-бирингизга ҳадя улашинглар! Бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар”. Бухорий ривояти.

140. Ота-онага яхшилик қилиш дин ва дайндир. Биринчиси сизни жаннатга олиб боради. Иккинчисини сизга фарзандларингиз қайтаради.

141. Доим ёдингда тут! Сен йиғлаб туғилганингда одамлар кулганлар. Одамлар йиғлаб қолишганда сен кулиб ўлишинг учун солиҳ амалларни қилиб қол!

142.  Одамларга нима отсанг, ўзингга ҳам ўша нарса қайтади. Уларга ғишт отиб туриб, улардан гул кутма! Бу дарсни яхшилаб ўрганиб ол!

143. Кишининг аҳмоқлиги уч нарсадан билинади: 

1) Бефойда гапларни гапиришидан;

2) Сўралмаган нарсага жавоб беришидан;

3) Ўйламай бир иш қилишидан.

144. Унда юрувчиларнинг озлигини кўриб, ҲАҚ ЙЎЛдан ётсираманглар! (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

145. Ақлдек бойлик йўқ. Жоҳилликдек фақирлик йўқ. Одобдек мерос йўқ. Мушоварадек ёрдамчи йўқ. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

146. Дарахтга хизмат қилгандим, мева берди. Башарга хизмат қилгандим, инкор қилди. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

147. Дунё ва охират яхшилиги бешта хислатдадир: 

1) Нафснинг тўқлиги;

2) Азиятдан тийилиш;

3) Ҳалол касб қилиш;

4) Тақво либоси;

5) Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга ишонч.

148. Кўз ёшлар қалблар қотгани учунгина қурийди. Қалблар гуноҳлар кўпайгани учунгина қотади. (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)

149. Аллоҳ таолонинг инсонга тавфиқ берганиннг аломати – вақтидан унумли фойдаланишидир.

150. Садақа қилинглар! Барибир, кафаннинг ҳамёнлари бўлмайди.


Интернет материаллари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Назар инсон бошига тушадиган кўп мусибатларнинг сабабидир. Битта назар битта хаёлни пайдо қилади. Хаёл эса фикрни пайдо қилади. Фикр шаҳватни пайдо қилади. Шаҳват давоми...

2897 16:40 / 27.03.2017
Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмини ҳақ динга чақирди. Бироқ улар пайғамбарга итоат этишмади. Аксинча, ўзларининг жоҳилликларида давом этди. Фойдаси ҳам, давоми...

6574 14:33 / 27.03.2017
Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар Қалбни бузувчи нарсалар асосан бештадир кўп аралашиш, узун орзу, Аллоҳдан бошқага боғланиш, кўп ейиш, кўп ухлаш. давоми...

2724 10:25 / 27.03.2017
1 Охиратни мақсад қилиб, барча диққатэътиборни бир ташвиш охират ташвишига қаратиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида ўз саъйи давоми...

2641 15:06 / 22.04.2017