1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (12-қисм)

16:22 / 21.04.2017 4792 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

БИРИ – СИДДИҚ, БИРИ – ФОРУҚ

(12-қисм)

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўчада кетаётиб ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умарни учратиб қолдилар. Расули акрам улардан: «Сизларни бу соатда уйингиздан нима олиб чиқди?» деб сўрадилар. Икковлон бараварига: «Очлик, эй Аллоҳнинг расули!» дейишди. Шунда ҳазрат Пайғамбаримиз: «Жоним Унинг ядида бўлган Зотга қасамки, мени ҳам сизларни олиб чиққан нарса олиб чиқди, қани, юринглар», дедилар. Улар у зотга қўшилиб ансорийлардан бир кишиникига боришди. Лекин у уйида йўқ экан. Хотини меҳмонларни кўриб: «Марҳабо, хуш келибсизлар», деб илтифот қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи (яъни, эринг) қаерда?» деб сўрадилар. Аёл: «Бизга ичимлик суви олгани кетувди», деди. Шу пайт унинг эри келиб қолди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки биродарларини кўриб жуда севиниб кетди ва: «Шундай азиз меҳмонларни менга юборган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» деди. Кейин шошилинч кетиб, ғиж-ғиж мева туккан хурмо шохини кўтариб келди. Унинг баъзи мевалари хом, баъзилари пишиб етилиб, ҳатго майизак бўлиб қолганди. У енглар, деб мулозамат қилди-ю, қўй сўйиш ниятида пичоқ излашга тушди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бундан қайтардилар: «Қўй, сут бериб турган жониворни сўйма». Аммо хонадон соҳиби кўнмай, қўй сўйди. Ҳаммалари қўй гўштидан, новдадаги хурмодан тановул қилишди, ичимликлар ичишди. Қоринлари тўйиб, ташналиклари қонганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва Умарга қараб: «Жоним Унинг ядида бўлган Зотга қасамки, қиёмат кунида ушбу неъматлар ҳақида сўроққа тутиласизлар. Сизларни очлик уйингиздан чиқарган эди. Сизлар эса ана шу неъматларга эришиб қайтмоқдасиз», дедилар.

Бир неча саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтиришган эди. Бир маҳал ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу кийимларининг этагини тиззаларига қадар кўтарган ҳолда ҳовлиқиб-қизариб кириб келдилар. Маълум бўлишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу бир нарсада тортишиб қолиб ҳазрат Умарни ранжитиб қўйибдилар. У киши эса биродарларининг узрларини қабул қилмабдилар. Шунинг учун ҳазрат Абу Бакр шошиб қолиб нима қилишларини билолмай, жаноб Расулуллоҳдан маслаҳат олгани кирган эканлар. Абу Бакрнинг кучли ҳаяжонда кириб келганларини кўрган Пайғамбар алайҳиссалом саҳобийларга юзланиб:

—  Биродарингизга нима бўлибди, жанжаллашгани кирдиларми, дейман? – дедилар.

Абу Бакр қизишганларидан жамоатга салом ҳам бермаганлари эсга тушиб баттарқизардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бергач, ташриф сабабини изҳор этдилар:

—  Эй Аллоҳнинг Расули, Умар ибн Хатгоб билан ўртамизда келишмовчилик бўлиб қолди. Бир масала хусусида тортишиб қолган эдик. Мен шунда у кишига бироз қўполлик қилиб қўйдим. Тезда хатоимни тушуниб афсус-надоматлар чекдим. Дарров қўполлигим учун узр сўрадим. Аммо Умар узримни қабул қилмадилар. «Сиз нима дейсиз?» деб ҳузурингизга чопиб келдим.

Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни тинчлантириб:

—  Эй Абу Бакр, Аллоҳ таоло сизни мағфират қилгай, – дея уч марта такрорладилар.

Ўртадаги воқеадан афсусланган ва дўстларини хафа қилиб қўйганларидан кўнгилларига хижиллик тушган ҳазрат Умар бу орада ҳазрат Абу Бакрни уйларига излаб бордилар. Бола-чақаларидан:

— Абу Бакр уйдаларми? – деб сўрадилар.

—  У киши уйда йўқлар, – деб жавоб беришди улар.

Шундан кейин ҳазрат Умар ҳам бўлган воқеани изҳор этиш учун тўппа-тўғри Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жўнадилар. Ичкарига кириб у зотга салом бердилар. Жаноб Пайғамбарнинг юзлари ғазабдан шу қадар оқариб кетдики, ҳатто ҳазрат Абу Бакр «Жаноб Расуллуллоҳ Умарга қаттиқ дашном бермасалар эди», деб қўрқиб кетдилар. Тиз чўкканларича: «Эй Аллоҳнинг расули, бу ишда мен кўпроқ айблиман», деб икки марта қайтардилар. Шунда жаноб Расулуллоҳ:

— Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар қилиб юборганида сизлар «Сен ёлғончисан!» дединглар. Абу Бакр эса «Рост айтаётир», деб ўзлари ҳам, мол-дунёлари билан ҳам менга ёрдам бердилар. Дўстимни ўзимга қўйиб берасизларми-йўқми ахир!? – деб икки бор қайтардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зотус-салосилга қўшин жўнатаётиб, унга Амр ибн Оссни бошлиқ этиб тайинладилар. Бундан ҳаммадан кўпроқ Амрнинг ўзи таажжубга тушди. Қўшин ичида ҳазрат Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳу каби ўзларига яқин, мўътабар саҳобийлар турганида уни бош этиб тайинлашлари ҳақиқатдан ҳам таажжубли эди. Амр саволларига жавоб топиш учун Расули акрамнинг (с.а.в) қошларига борди. Дабдурустдан мақсадга ўтишга ийманиб гапни узоқдан бошлади:

—  Эй Аллоҳнинг Расули, одамлардан қайси бири сиз учун маҳбуброқ?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

—  Оиша, – дедилар.

—  Эркаклардан-чи? – деб сўради Амр.

—  Унинг отаси Абу Бакр, – дедилар жаноб Расулуллоҳ.

— У кишидан кейин-чи? – деди яна Амр.

— Ундан сўнг Умар ибн Хаттоб, – дея жавоб қилдилар Сарвари коинот ва Умардан кейин ўзларига суюмли бўлган яна бир неча кишининг номини зикр қилдилар.

Саҳобийларнинг улуғларидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдилар:

— Бир чўпон қўйлари орасида турган эди. Шу пайт бир бўри подага ҳужум қилиб, қўйлардан бирини олиб қочди. Чўпон унинг ортидан қува бошлади. Шунда бўри унга ўгирилиб: «Қўйларга арслон ҳужум қилиб, (сен қочиб қолиб) уларга мендан бўлак чўпонлик қиладиган жонзот қолмайдиган куни ким буни мендан тортиб ололади? » деди. Бир маҳал бир киши сигирини ҳайдаб кетаётиб, унга миниб олди. Шунда сигир унга қараб: «Мен бунинг учун яратилмаганман, балки ер ҳайдаш учун яратилганман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини эшитиб турган саҳобийлар:

— Субҳаналлоҳ, сигир ҳам сўзлайдими? – дейишди.

Шунда жаноб Расулуллоҳ:

— Мен бунга ишонаман, Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб ҳам бунга ишонишади, – дедилар.

Бир куни машҳур саҳобийлардан Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу таҳорат олиб кўчага чиқдилар. Ниятлари Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиш, кунни у зотнинг ҳузурларида ўтказиш эди. Абу Мусо ал-Ашъарий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтариб масжидга бордилар. У ерда йўқ эканлар. Масжиддагилар:

— Бу ердан чиқиб ҳов анави тарафга кетдилар, – дейишди.

Абу Мусо масжиддан чиқиб жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб кетдилар. Сўраб-суриштириб у зотнинг Биъру Арис боғидаги қудуқ олдида юрганларини билиб олдилар. Фахри коинот таҳорат олаётган бўлсалар керак, деган андишада боққа кирмай, унинг хурмо шохларидан тўқиб қилинган эшиги олдида бироз кутиб турдилар. Кейин боғнинг ичига қараб юрдилар. Қарасалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқ тахтасининг ўртасида изорларини шимариб, оёқларини қудуқ ичига осилтириб ўтирибдилар. Бориб у зотга салом бердилар ва бугун хизматга келганларини изҳор қилдилар. Ижозат олиб, эшикбонлик қилиш учун боғнинг эшигига бориб ўтирдилар.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб эшикни тақиллатдилар. Абу Мусо эшик ортидан туриб:

— Ким бу? – дея сўрадилар.

— Мен Абу Бакрман, – деган жавоб бўлди.

— Шошмай туринг, мен Расулуллоҳдан рухсат сўраб келай, – деб Абу Мусо у зотнинг қошларига бориб хабар бердилар:

—  Эй Аллоҳнинг расули, Абу Бакр келиб ичкарига киришга изн сўрамоқдалар.

— Ижозат бер ва жаннати эканликларини айтиб хушнуд қил, – дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Абу Мусо эшик олдига бориб ҳазрат Абу Бакрга хушхабарни етказдилар:

— Киринг, жаноб Расулуллоҳ сизнинг жаннати эканингиз башоратини бердилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу боққа кириб, тўғри Фахри коинотнинг ўнг томонларигабордилар. У зот каби изорларини шимариб, оёқларини қудуқ ичига осилтириб ўтирдилар.

Абу Мусо яна эшик ёнида қоровулликни давом эттирдилар. Боя биродарлари Абу Бурдага: «Таҳорат қилиб ортимдан етиб борарсан», деб тайинлаб келган эдилар. Агар Аллоҳ таоло унга яхшиликни раво кўрган бўлса, ҳозир етиб келади, дея хаёлдан ўтказиб турувдилар ҳамки, эшикни кимдир ташқаридан итара бошлади. Абу Мусо:

—  Ким бу? – деб сўради.

—  Умар ибн Хаттобман, – деган жавоб эшитилди.

— Бироз кутиб туринг, мен жаноб Набийдан ижозат олиб келай, – деб Абу Мусо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қошларига бордилар.

— Эй Аллоҳнинг расули, Умар ибн Хаттоб келиб ичкарига киришга изн сўраяптилар, – дедилар.

Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Ижозат бер ва жаннати эканликларини айтиб хушнуд қил! – дедилар.

Абу Мусо эшик олдига бориб, бу муждани ҳазрат Умарга етказди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ичкарига кирдилар ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг чап ёнларига бориб, оёқларини қудуқ ичига осилтириб ўтирдилар.

Абу Мусо яна посбонлик қилиб турарканлар, хаёлларидан «Аллоҳ таоло биродаримга яхшиликни ирода қилган бўлса, ҳозир бу ерга келади», деган ўй ўтувди ҳамки, эшик тақиллади.

— Ким бу? – деди қоровул.

— Мен Усмон ибн Аффонман, – деб жавоб бўлди нариги томондан.

— Бироз кутиб туринг, мен жаноб Набийга хабар берай.

Абу Мусо Расулуллоҳга ҳазрат Усмон киришга изн сўраётганларини етказдилар. Фахри коинот алайҳиссалом:

— Ижозат бер ва бошларига тушадиган мусибат оқибатида (шаҳид бўлажаклари ва шу туфайли) жаннатга киражагини айтиб хушнуд қил, – дедилар.

Абу Мусо ҳазрат Усмоннинг олдиларига бориб, бу гапни етказдилар. У киши ҳам ичкарига кириб, қудуқ лабидаги тахтада ўтиргани жой қолмаганини кўрдилар ва қудуқнинг жаноб Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам қарама-қарши тарафига бориб ўтирдилар.

Саъид ибн Мусаййиб бу воқеани (яъни, Расулуллоҳнинг ўнг томонларида Абу Бакр, чап томонларида Умар ва оёқ томонларида Усмон розияллоҳу анҳумнинг ўтирганларини) уларнинг қабрлари қай тартибда жойлашишига йўйган эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир бадавий Мадина кўчаларига келиб, шаҳардаги энг сахий инсон ким эканини сўради. Одамлар .Ҳусайн ибн Алий,, дейишди. Бадавий Ҳусайн розияллоҳу анҳуни масжидда давоми...

2799 14:08 / 05 декабрь
Масруқ ибн Абдураҳмон тобеиннинг улуғларидан бўлиб, Ҳамадон шаҳрида дунёга келганлар, кунияси ndash Абу Оиша. Амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳу Масруқ ибн давоми...

1203 09:00 / 23.03.2023
Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс розияллоҳу анҳу 18 ёшларида Исломга кирдилар. Етмиш нафар мадиналик ансорлар билан бирга Ақаба байъатида иштирок этдилар. Кейинчалик давоми...

4884 14:00 / 05.04.2022
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

3384 15:00 / 18.01.2022