1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (15-қисм)

16:16 / 21.04.2017 4661 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

МУНОСИБ ФАРЗАНД

 (15-қисм)

Аллоҳ таоло ҳазрат Абу Бакрга яна бир илоҳий неъмат, олийшараф инъом ато этган эди. Зурриётларидан энг фазилатли, салоҳиятли, зукко, оқиласи ҳазрат Оишани Рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга завжаликка бериб, у зот билан алоқаларини янада мустаҳкам этган эдилар. Аллоҳ расулининг биринчи саҳобалари, у зот пайғамбарликларини илк бор тасдиқ этиб, тараддудсиз эътироф қилган сафдошлари, саҳобийларнинг энг ҳурматлиси ва ихлослиси, Аллоҳ ва Унинг расули йўлида молини ва жонини нисор қилган бу вафодор, содиқ дўст билан қудачилик қилишлари у кишига бўлган эҳтиром ва ишончнинг рамзи эди. Шижоатли мужоҳид, юксак саховат эгаси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг давомчиси ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари Оишаи Сиддиқа мўминларнинг онаси, намунали бека бўлдилар, умр бўйи ўз хожалари, устозлари, эрлари бўлмиш Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи васалламга ихлос- итоатда, меҳр-муҳаббатда, садоқатда мўмина аёлларга юксак ибрат бўлдилар. Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўп шаръий ҳукмларни, ҳадисларни ёд олиб, Ислом умматига етказдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суюмли, садоқатли, саодатли завжалари ҳазрат Оишадан тўла рози ҳолда кўз юмдилар, ҳатгоки Оиша ҳузурларида вафот этиб, ҳужралари ичига дафн этилдилар. Мўминларнинг онаси учун, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари учун бундан олий шараф, саодат бўлиши мумкинми!?

Аммо Аллоҳ таоло ҳазрат Абу Бакрни фарзанди аржумандлари Оиша розийаллоҳу анҳо туфайли бир неча бор имтиҳон ҳам қилди. Бу эса буюк Парвардигорнинг илоҳий иродаси, ҳикмати эди. Ҳазрат Абу Бакр ва у зотнинг фазилатли қизлари ҳазрат Оиша бу қадар синовидан шараф билан ўтишди. Булардан энг ҳаяжонлиси Ислом дўстларини изтиробга солган, душманларига севинч бағишлаган ўша машъум «Ифк (туҳмат) воқеаси» эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар гал сафарга чиқмоқни ирода қилсалар, кўпинча завжаларидан бирини ўзлари билан олиб кетар эдилар. Улар орасида адолат бўлиши учун аёллари ўртасида қуръа ташлар, у кимга чиқса, у Расули акрамга ҳамроҳлик қилар эди.

Ўшанда қуръа ҳазрат Оишага чикди. Бу – Ҳижоб ояти нозил бўлганидан кейинги илк сафар эди. Ҳазрат Оишани туя устидаги тўрт томони ўраб қўйилган махсус кажава (тахтиравон)га чиқариб қўйишди. Кўп йўл юрилди. Ниҳоят кўзланган манзилга етиб борилиб, ғазотдан фориғ бўлингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортга қайтишга амр қилдилар. Тунда Мадинага қараб йўлга тушишди. Аммо карвондаги одамлар ҳам, туялар ҳам қаттиқ чарчаганди. Шунда Мадинага бир неча чақирим қолганида Расули акрам алайҳиссалом тўхтаб дам олиш учун карвонга ижозат бердилар. Туялар чўк тушгач, ҳазрат Оиша кажавадан тушиб ҳожат учун одамлардан нарироққа кетдилар. Ҳожатни адо этиб кажава олдига қайтиб келганларида кўкракларини пайпаслаб кўриб зифорий мунчоқлари узилиб тушиб қолганини пайқадилар. Бояги жойларига қайтиб бориб, мунчоқни ахтариб ушланиб қолдилар. Хизматкорлар эса ичида ҳазрат Оиша борлар, деб ўйлаб бўш кажавани туяга ортиб кетаверишди. Чунки ўша кезларда аёллар оз таом ейишгани учун семиришмас, жуда озғин бўлишарди. Бунинг устига ҳазрат Оиша ҳали ёш қиз эдилар. Шунинг учун карвондагилар кажаванинг ичида Оишанинг йўқликларини билмай, туяни ҳайдаб йўлга чиқаверишган.

Ҳазрат Оиша мунчоқларини топиб карвон қўнган жойга келсалар, аскарлар аллақачон кетиб бўлишган эди. У киши «Мени ахтариб барибир шу ерга келишади», деб ўйлаб жойларидан қимирламасликка аҳд қилдилар. Шу алфозда кимсасиз бир жойда карвондагиларни кутиб ўтиравердилар. Кейин уйқу ғолиблик қилиб ухлаб қолдилар.

Карвондан орқада қолиб кетган Сафвон ибн ал-Муъаттал ас-Суламий қўшин ортидан келаётиб қараса, йўлда кимдир ухлаб ётибди. Унинг олдига бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари ҳазрат Оиша эканини таниди. Туясини аста у кишининг ёнларига чўктираётиб «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дея истиржо айтди. Бу овозни эшитган ҳазрат Оиша уйғониб кетдилар. Сафвоннинг кўмагисиз олд оёғини чўктирган туяга миниб олдилар. Сафвон туяни етаклаб пиёда йўлга тушди.

Қўшинга авжи туш пайти, туялар ва одамлар қаттиқ иссиқдан чарчаб дам олиш учун қўнганида етиб боришди. Ҳазрат Оишанинг номаҳрам эркак билан келаётганларини кўриб баъзиларнинг «жон-пони чиқиб кетди». Улар чор атрофга зир югуриб ҳазрат Оиша ҳақларида турли туҳмат гапларни тарқата бошлашди.

Ҳазрат Оишага нисбатан бу қабиҳ ва ёвузларча туҳматни биринчи бўлиб аламзада Абдуллоҳ ибн Убай Салул бошлаганди. Унга Ислом душманларидан Мистаҳ ибн Усоса, Ҳассон ибн Собит, Ҳамна бинти Жаҳшлар ҳам қўшилишди. Мунофиқлар бўҳтончиларнинг гапларини Мадинанинг ҳамма ерига тарқатишар, шу йўл билан Расули акрамнинг шаънларини ерга уришни мўлжаллашар эди. Ҳазрат Оиша бу гаплардан бехабар бир ойча касал бўлиб ётдилар. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгидай меҳрибончилик кўрсатмаётганлари, қуруққина қилиб «Қалайсиз?» деб ҳол сўраб қўяқолишлари Оиша қалбларига шубҳа ва ваҳима соларди, холос. Фахри коинотнинг бу муомалалари бўҳтончилар тарқатган туҳматлар боисидан эканини Оиша сезмасдилар ҳам. Умму Мистаҳ ҳазрат Оишага у киши ҳақларида Мадинада тарқалган гапларни етказди. Шунда ҳазрат Оиша ўзлари ҳақидаги гапларни ота-оналаридан эшитиб ишонч ҳосил қилиш учун уйларига ижозат сўрадилар. Кейин оналаридан бўлган воқеалар ҳақидаги фикрларни эшитдилар. Онаизор иғволарга сабр қилишни айтиб тасалли берди. Васият қалтис туе олиб борарди. Айримлар ҳазрат Расулуллоҳни қийин аҳволдан қутқариш учун масала ойдинлашгунича ҳатго завжаларини вақтинча талоғини бериш, поклиги исботлангач, қайтадан никоҳлаб олиш маслаҳатини беришди.

Ҳазрат Оиша туну кун кўз ёшларини тўкар, ота-она эса қизларини юпатишга сўз топиша олмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Оиша ҳузурларигакириб шундай дедилар:

— Эй Оиша, сизнинг хусусингизда ҳар хил гаплар эшитдим. Агар пок бўлсангиз, Аллоҳнинг Ўзи сизни тезда оқлайди. Башарти бирор гуноҳ қилган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ таолога истиғфор айтинг! Чунки банда гуноҳини эътироф этиб тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади.

Мўминлар онаси бу гапдан қотиб қолдилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини шубҳа-гумон безовта қилаётган экан-да. Нажот истаб оталарига юзланиб:

—  Мени ҳимоя қилиб жаноб Расулуллоҳга бирор сўз айтинг, – дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ саросима ичра:

—  Аллоҳ таоло ҳаққи, у зотга нима дейишимни билмасман, – дедилар.

Шундан кейин ҳазрат Оиша оналарига ўгирилиб шундай дедилар:

—  Бўлмаса, сиз мени ҳимоя қилиб жанобга бирор сўз айтинг!

—  Валлоҳи, мен ҳам у зотга нима дейишимни билмасман, – деди оналари.

Шунда ҳазрат Оиша:

— Бугун шунга амин бўлиб турибманки, сизлар одамлар мен хусусимда айтаётган бўҳтонни эшитибсизлар ва кўнглингизда менга нисбатан шубҳа пайдо бўлибди. Агар мен сизларга пок эканимни айтсам, балки бунга ишонмассизлар, ваҳоланки поклигим Аллоҳ таолога аён. Агар гуноҳ қилганман, деб айтсам, эҳтимол ишонарсизлар, ҳолбуки гуноҳ қилмаганим Аллоҳ таолога аён. Валлоҳи, энди ўзим ва сизлар учун ҳазрат Юсуфнинг отаси Ёқуб алайҳиссаломнинг «Энди менинг сабр қилмоғим яхшидур, сизларнинг бу гапларингиздан халос бўлиш учун Аллоҳ таолодангина мадад тиларман!» деган гапларидан бўлак мисол топа олмайман. Аллоҳ таолонинг Ўзи мени бу туҳматдан қутқарсин! – дея олдилар, холос.

Ҳақиқатдан Аллоҳ таоло Ўз расулининг хонадонини бўҳтончилар туҳматидан халос этди, «Албатга бўҳтон тўқиганлар ўзларингиздан бўлган бир гуруҳдир...» деб бошланувчи ўнта ояти каримани нозил қилди. Бунинг учун Оиша Аллоҳга ҳамдлар айгдилар.

Шу пайтгача Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу камбағаллиги ва қариндошлиги боис туҳматчилардан Мистаҳ ибн Усосага ёрдам кўрсатиб келган эдилар. Қизлари оқлангач, «Аллоҳ таоло ҳаққи, Оишага бўҳтон қилгани учун энди Мистаҳга асло заррача ҳам ёрдам қилмайман», дедилар. Шунда яна Аллоҳ таолонинг муҳтож, қариндош ва мискинларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичишдан қайтарган ояти карималари нозил бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳ ризолиги йўлида яна ёрдам кўрсатишни бошлаб юбордилар.

Ҳазрат Оиша билан боғлиқ яна бир воқеа ҳам Абу Бакр Сиддиқнинг Аллоҳга бўлган иймонлари ва Расули акрамга садоқатлари тимсолидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафар Оиша онамиз билан ўз ўрталарида юз берган бир воқеада ҳукм чиқариш учун Абу Бакрни чақиртириб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Оишага қараб:

—  Бўлган ишни мен гапириб берайми ёки сиз гапирасизми? – дедилар.

—  Сиз гапиринг, аммо фақат ҳақиқатини айтинг, – дедилар ҳазрат Оиша.

Бу гапни эшитиб оталари чидаб туролмадилар. Шартга ўринларидан туриб қизларининг юзига бир тарсаки туширдилар ва аламларини боса олмай:

— Эй беадаб, ҳали сен шундай ўйлайсанми, қачон Расулуллоҳ ҳақиқатдан ташқари гапни гапирган эдилар?! – деб қаттиқ дашном бердилар

Ҳазрат Оиша туфайли мусулмонларга Аллоҳ таолонинг яна бир баракоти ато этилганди. Оиша онамиз билан содир бўлган бир воқеа сабабидан Аллоҳ таоло Ўз расулига тайаммум оятини нозил қилди. Бу воқеани Оиша розийаллоҳу анҳо шундай ривоят қиладилар:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида у зот билан бирга йўлга чиқдим. Байдоъ деган жойга борганимизда маржоним узилиб йўқолиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам, у зот билан сафарга чиққан бошқа кишилар ҳам маржонни қидириб анча вақт йўқотишди. Ўшанда одамлар сувга яқин жойда эмасдилар, ўзларида ҳам сув йўқ эди. Шунинг учун улар отам Абу Бакрнинг қошларига келиб: «Оишанинг қилган ишини кўрмайсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам, у зотнинг ҳамсафарларини ҳам йўлдан қолдирди, ваҳоланки улар сувга яқин ерда ҳам эмаслар, ўзларида ҳам сув йўқ эди», дейишди. Отам ғазаб билан тепамга келганларида жаноб Расулуллоҳ муборак бошларини тиззамга қўйиб ухлаб қолган эдилар. Абу Бакр менга: «Нима иш қилиб қўйганингни биласанми, ҳаммани сувсиз қолдирдинг- ку?!» деб менга дашном бера бошладилар. Кейин бу ҳам етмагандай қўллари билан биқинимга турта бошладилар. Мен жаноб Расулуллоҳнинг муборак бошлари тиззамда бўлгани учунгина чидаб қимирламадим. Сўнгра жаноб Расулуллоҳ ўша сувга яқин бўлмаган манзилимизда уйқудан уйғондилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга тайаммум оятини нозил қилди. Одамлар тайаммум қилиб намоз ўқишди. Кейин Усайд ибн Хузайр менга: «Эй Абу Бакр зурриёти, бу Аллоҳ таолонинг сиз туфайли ато этган биринчи баракоти эмас», деди. Одамлар мен минган туяни ўрнидан турғазишган эди, йўқолган маржонни унинг остидан топдик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давоми...

1335 17:09 / 23 ноябрь
иккинчи мақола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макnotкадан Мадинага қилган машаққатли ҳижратларида ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг зикрлари давоми...

1940 09:00 / 10.06.2023
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келгунларича Мадина шаҳри Ясриб деб аталар эди. Ясриб арабчада ёмонлик маъносини англатади. Шунинг учун давоми...

6322 19:36 / 21.04.2017
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ёки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу каби фақир бўлмаганлар. Аммо улардан афзал эдилар.Абу Бакр Сиддиқ давоми...

4012 11:00 / 17.05.2022