1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Танловга: ВОЛА Туркум)

15:54 / 19.04.2017 4950 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй Сен, Соқий, карам этгил, тўлдириб қуй,

Хобгоҳида дунё ётар — бир парирўй.

Қара, унинг қучоғида мудраб борар,

Ухламасдан бурун уни уйғотиб қўй.


* * *

Эй Сен, айтгил, олисми бу йўл ораси?

Тузалмасми энди сира дил яраси?

Сенга қандай юзланаман Маҳшар куни,

Бўм-бўш турса тарозининг бир палласи!


* * *

Эй Сен, ахир биласан-ку бехабарман,

Билмаганим учун бунда бехатарман.

Қара, қандай ошиқ бўлдим дунёга мен,

Бу савдони энди қандай тўхтатарман?


* * * 

Эй Сен, қара, қандай ажиб тақсимотинг,

Шу сабабми Холиқ эрур битта отинг?

Аммо... баъзан иккиланиб қолишим бор,

У дунёда эмасмиди Пулсиротинг?!


* * *

Эй Сен, менинг ошиқлигим билмайсанму?

Қуруқ даъволарни кўзга илмайсанму?

Дунёнинг дорида турибман, қара,

Қутқазмоққа келмайсанму, келмайсанму?!


* * *

Эй Сен, менга кўрсатганинг борса келмас,

Бу не савдо, берганингдан кўнгил тўлмас.

Ахир, менга қанақа соз узатдинг Сен,

Айрилиқдан бошқасини чалиб бўлмас.


* * *

Эй Сен, қара, кўксим аро дарзларим бор,

Алмисоқда Сендан олган қарзларим бор.

Бу омонат менга жуда оғир келди,

Борсам Сенга айтадиган арзларим бор.


* * *

Эй Сен, мендан сўрама ҳеч, кечириб қўй,

Қон дилимни дафтаримга кўчириб қўй.

Ёзиқларим очиб кўрмай, қалбимдаги 

Муҳаббатдан бошқасини ўчириб қўй.


* * *

Эй Сен, дилга эккан ниҳол, хазонлиғ не билмасмиш,

Икки дунё азиз эрмиш, арзонлиғ не билмасмиш.

Кўз ёшлардан кўкариб ул, бир куни мева берса,

Ҳосилини олган қулинг армонлиғ не билмасмиш.


* * *

Эй Сен, айт-чи, асли ўзи қай ёқдаман,

Қанча яқин келсанг шунча узоқдаман.

Ўзинг озод қилмасанг гар бир кун келиб,

Боролмайман, тузоқдаман, тузоқдаман.


* * *

Эй Сен, қара, кўзларимни ковлар бир кас,

Яна бири туя ютиб кўрдим демас.

Келганимдан буён излаб тополмайман,

Нега бунинг биронтаси бутун эмас?


* * *

Эй, Сен айтган томонда кўп йўлни кўрдим,

Ўнгни ғажиб бораётган сўлни кўрдим.

Бунча ажиб томонларга йўлладинг Сен,

Оташларда музлаб ётган дилни кўрдим.


* * *

Эй Сен, менинг ёқамдаги қўлларни кўр,

Қаршимдаги борса-келмас йўлларни кўр.

Раҳматингсиз ўтиб бўлмас довонлардан,

Қўксимдаги қақраб ётган чўлларни кўр.


* * *

Эй Сен, энди бу уйқуни бузмоқ керак,

Дунё билан ришталарни узмоқ керак.

Ер остида тинч ётишни истаганлар,

Ер устида бугун режа тузмоқ керак.


* * *

Эй Сен, қара, яшамоққа бермас изн,

Ортимдаги армонларим тизим-тизим.

Сен маломат қилаверма нолишимни,

Кўрмадингми, қалбимдаги оёқ изин?


* * * 

Эй Сен, кўргил, энди сабру саботим йўқ,

Пешонамни ўқий десам саводим йўқ.

Беш кун муҳлат берган эдинг — ўтиб борар,

Нега ҳануз яшай десам ҳаётим йўқ?


* * *

Эй Сен, менинг ҳолимнинг харобини бир кўргил,

Гуллаган орзуларнинг саробини бир кўргил.

Бу уй ажиб майхона, қадаҳ сунар куну тун,

Остонада турибман, шаробини бир кўргил.


* * * 

Эй Сен, хавотирим ортар кун сайин,

Борар йўлларимни айлагил тайин.

Мен ношуд сайёдман, қўлимдан тутгил,

Ўзимни нишонга олиб қўймайин!


* * *

Эй Сен, Ўзинг карам этгил, тоатим йўқ,

Бу юкингни кўтармоққа саботим йўқ.

Парвонадай ўзим шамга урай дейман,

Лек шамгача олиб борар қанотим йўқ.


* * *

Эй Сен, кетаяпман айтгил қай томон,

Бу сафардан энди қачон қайтаман?

Турткилайвермасин ўнгу сўлимдан,

Йўқса бир кун Сенга бориб айтаман!


* * * 

Эй Сен, энди Ўзингдан ёт бўлмакдан асрагил,

Сафаримнинг сўнггида дод бўлмакдан асрагил.

Беаёв рақиблара рўбарў этдинг мени,

Бу хатарли ўйинда мот бўлмакдан асрагил.


* * * 

Эй Сен, менга қанот берсанг, учиб кетсам,

Оёқдаги занжирларни ечиб кетсам.

Бир кун келиб изн берсанг, раҳм қилсанг

Одам Ато ҳовлисига кўчиб кетсам.


* * *

Эй Сен, қара, манави кас ёқам йиртар,

Бунисининг ситамлари жонга етар.

Мен ўзимни беркитолмай оввораман,

Нархим билса, иккиланмай сотиб кетар.


* * *

Эй Сен, мени яратдинг минг бир озор ичинда,

Хомталаш бўлиб ётур умрим бозор ичинда.

Бу шундай қимор бўлди, жонимни тикиб қўйдим:

Арқон учи Сенда-ю, бошим шу дор ичинда.


* * *

Эй Сен, менинг дилимга хўп қувончли ғам бердинг,

Шу ёруғ ғамларни деб кўзларимга нам бердинг.

Фақат Сенинг ҳимматинг ҳикматини билмайман:

Нима берсанг, баридан доим битта кам бердинг.


* * *

Эй Сен, Ўзинг карам этгин, инсоф бергин,

Бош қўймоққа меҳроб бергин, тавоф бергин.

Бу жумбоқлар ичра ёлғиз ташлаб қўйма,

Гоҳ-гоҳида сўровимга жавоб бергин.


* * *

Эй Сен, қара, сабрим тўла, кўнгил ярим,

Ахир менинг тугаб борар имконларим.

Мен ҳам ерда ишқ овлаган сайёд эдим,

Лек нишонга тегмас сира пайконларим.


Алишер Назаров



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Музаффар Муҳаммадзоданинг .Islom.uz, портали томонидан эълон қилинган .Маънавиймаърифий, танлови учун таёрлаган шеърий тўплами.emspБИСМИЛЛАҲБошладим ўзингни номинг давоми...

6114 15:52 / 19.04.2017
Сийрат китобларидан бирини ўқир эканман, олдин эътиборимни тортмаган бир воқеага эътибор қилдим. Ишда ҳам бошқа вақт ҳам шу воқеа тезтез хаёлимга келаверди. Шу давоми...

2560 15:23 / 19.04.2017
Бу имомнинг исми Бурҳонуддин азЗарнужийдир. Бурҳонуддин азЗарнужий Ўзганднинг Зарнуж шаҳрида ҳижрий олтинчи асрнинг иккинчи ярмида туғилган. Бурҳонуддин давоми...

4030 15:03 / 19.04.2017
Келди ҳаёлимга бир ажиб ҳикоят,Қилган эди уни Ваҳб2 ривоят. Бани Исроилда бир осий бор эди Юз йил исён қилди, жуда зулмкор эди.Умри тугаб, жонин давоми...

2806 15:45 / 19.04.2017