1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (1)

05:00 / 09.01.2017 3646 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Муқаддима

Бизларни Ўзига ибодат қилиш бахтига лойиқ кўрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳга қуллик энг буюк мақом эканлигини инсониятга билдирган саййидимиз Муҳаммад Мустафога битмас туганмас саловоту саломлар бўлсин! Инсониятни зулматлар қаъридан нур сари чиқишда карвонбошилик қилган саҳобаи киромлардан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин.  Шундай шарафли йўлда қиёматгача уларнинг изидан эргашганларга Аллоҳнинг нусрати ва раҳмати бўлсин!

Аммо баъд:

Мустабид тузум даврида миллатимиз ўзининг қадриятлари қаторида муқаддас динимиз таълимотларидан мосуво бўлар экан, намоз каби улуғ ибодатни ошкора қилиш у ёқда турсин, Ислом ва Иймонга тегишли калималарни ҳам ошкора айтиши кишининг ҳаётига таҳлика туғдирар, аксари мусулмон бўлган миллатимиз диний вожиботларини махфий  ҳолда бажаришга мажбур эди.

Ўтган асрнинг 90‑йилларига келиб, Коммунистик тузумнинг сиёсати демократик ислоҳотлар, қайта қуриш жараёнларида охирги кунларини яшаётганини кўпчилик озми кўпми фараз қилиб қолган эди. Айниқса, миллатнинг маънавий бўшлиғини тўлдиришда, унинг қадриятларини қайта жонлантиришда муҳим омил вазифасини ўтовчи Ислом дини ҳам ота-боболари мусулмон бўлган халқлар томонидан оммавий тарзда ўрганила бошланди. Ўша кезлари Ислом динига оид ҳар қандай маълумот ким томонидан тақдим этилишидан қатъий назар қабул қилинар, унга муқаддас дин таълимоти ўлароқ муносабатда бўлинарди. Натижада кўп соҳада бўлгани каби намоз ибодатида ҳам ихтилофлар кўзга кўрина бошлади...  

Аллоҳнинг инояти ила юртимиз истиқлолга эришгач қадриятларимиз тикланиб, динимиз таълимотлари олимларимиз томонидан секин‑аста ёритила бошланди. Хусусан Ислом динининг рукнларидан бири бўлмиш намоз борасида ҳам она тилимизда бир неча китоблар тасниф қилинди. Намозни янги ўрганувчилар учун бағишланган  “Мен ҳам намоз ўқийман”, “Намоз ўқишни ўрганамиз” каби номлар билан ўнлаб рисолачалар нашр қилиниб, кўпчилик улардан фойдаланди. Буларда намознинг ўқилиши содда услубда баён қилинади. Далиллар эса келтирилмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ҳадис ва Ҳаёт” номи билан катта илмий меросни халқимизга ўз она тилимизда тақдим қилдилар. Бу силсиланинг 5-6-7‑жузлари “Намоз китоби” бўлиб, уларда намозга тегишли ҳукмларнинг ҳадислар орқали илмий асосини ўрганишимиз мумкин. Ҳанафий уламоларимиз наздларида мўътабар матнлардан бири бўлмиш “Мухтасарул Виқоя” китобининг таржима ва шарҳини ҳам “Кифоя” номи билан уч жилдда халқимизга тақдим қилдилар. Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодида қилинадиган ибодатларнинг далилларини шу китобда кўришимиз мумкин. Бу китоблар мусулмон халқимизни ташвишга солган турли ихтилофларнинг бартараф бўлишида асосий омиллардан бири бўлди. Лекин шунга қарамасдан хозирда ҳам айрим ўзини билмаганлар томонидан, ҳанафийларнинг намозлари хатодир, ҳадислар асосида эмасдир, дейилаётганини эшитиб қоламиз. Ижтимоий тармоқларда шу каби иддаоларни кўрганимда, бу борада ҳам бир китоб таълиф қилиш кераклиги ҳаёлимдан ўтарди. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бир куни менга Абдулваҳҳоб Машҳадонийнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг Ҳанафий мазҳаби ижтиҳоди ёғдусига кўра кайфияти» номли китобни бериб, уни таржима қилишимни таклиф этдилар ва мен уни таржима қилишга киришдим.  Ушбу китобда муаллиф ҳанафий мазҳабидаги намоз ўқиш суратининг далилларини келтирган. У киши китобни таълиф қилиш сабабини баён қилар экан, баъзи кишиларнинг «Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодидаги намоз кўриниши кўп ҳолларда ҳадисга асосланмаган, ҳадислар эътиборсиз қолдирилган», деган гаплари бунга туртки бўлганини айтади. Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳабини ҳали яхши ўрганмаган, билими саёз кишилар ёки уни нохолис ўрганган кимсалар томонидан шу маънодаги даъволарнинг бўлиб туриши бор гап. Улар одатда илмий далилларни ўрганиб, солиштириб чиқишдан кўра бошқаларни айблашни ўзларига маъқул кўришади. Лекин инсоф билан, чуқурроқ ўрганилса, тўрт мазҳаб, хусусан ҳанафий мазҳаби ижтиҳодлари етарли равишда илмий асосга эга экани равшанлашади.

Барча мужтаҳидларнинг мазҳаблари  қатори ҳанафий мазҳабининг ҳам ўзига хос усуллари мавжуд. Уларни ўқиб, ўрганмай туриб, юзаки маълумотлар асосида таъна қилиш инсофсизликдан бошқа нарса эмас. Аслини олганда, ҳанафий мазҳабида ҳадис қиёсдан устун туради. Ҳатто бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, ҳанафийларда заиф ҳадис бўла туриб қиёсга ўтиб кетилмайди. Ҳанафий азизларимиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар, бажардилар ёки у кишининг ҳузурида бундай қилинди”, деган сўзнинг ҳиди бўлса ҳам қиёсга ҳожат йўқ», дейишади. Биргина мисол:

Имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳимларнинг наздида қаҳқаҳа таҳоратни синдирмайди. Бу азизларимиз ушбу ижтиҳодларига қуйидаги далилларни келтиришади.

۱-وَأَخْبَرَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ الْحَسَنِ الْقَاضِى أَخْبَرَنَا حَاجِبُ بْنُ أَحْمَدَ حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ حَمَّادٍ حَدَّثَنَا أَبُو مُعَاوِيَةَ عَنِ الأَعْمَشِ عَنْ أَبِى سُفْيَانَ عَنْ جَابِرٍ قَالَ : إِذَا ضَحِكَ الرَّجُلُ فِى الصَّلاَةِ أَعَادَ الصَّلاَةَ وَلَمْ يُعِدِ الْوُضُوءَ

1-далил: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Киши агар намозда кулса, намозни қайтариб ўқийди, таҳоратни қайтариб қилмайди».

Байҳақий ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳ.

2‑далил: Кулги таҳоратни синдирувчи нажосатлардан эмас. Агар кулги намозда таҳоратни синдирса, намоздан ташқарида, шу билан бирга жаноза намозида ва сажда тиловатида ҳам таҳоратни синдириши керак бўлади. Шу қиёсга кўра, кулги таҳоратни синдирмайди.

Ҳанафийларда қаҳқаҳанинг таҳоратни синдириши қиёсга кўра эмас, балки ҳадиси шарифда келган матнга кўрадир. Жумҳурнинг келтирган ҳадиси эса қиқирлаб кулишга тегишли. Уларнинг қиёслари эса биз келтирадиган ҳадислардан устун бўла олмайди.

1‑далил: Имом Дороқутний Абу Ҳурайра ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумолардан, Табароний Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга намоз ўқиб бераётган эдилар. Бир киши кириб, тўсатдан масжиддаги чуқурчага тушиб кетди. Унинг кўзида хасталик бор эди. Қавмдан кўпчилик намозда турган ҳолида кулиб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким кулган бўлса, уни таҳорат ва намозини қайтадан қилишига буюрдилар».

Бу ҳадис мурсалдир. Мурсал ҳадис саҳиҳ бўлиб, жумҳурнинг наздида у ҳужжат бўла олади.Ҳанафийлар бу борада жумҳурнинг орасидадир. Баъзи уламоларимиз, хусусан Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ мурсал ҳадисларнинг саҳиҳ бўлиши учун унда айрим шартлар топилиши лозимлигини айтишади. Ушбу шартлардан бири мурсал ҳадис бошқа бир йўл билан муснад шаклида, санади кесилмаган ҳолатда охиригача етиб борган тарзда ривоят қилинган бўлиши лозим.

Қаҳқаҳа таҳоратни синдириши борасида бир неча саҳобалардан муснад ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Ибн Умар, Маъбад Хузоий, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Анас, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумлар шулар жумласидандир.

Буларнинг барчасини келтирсак гап чўзилиб кетади. Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни ўрганиш билан сўзни қисқа қиламиз.

قال عَطِيَّة بن بَقِيَّة: حَدَّثنا أبي: حدثنا عَمْرُو بن قَيْس السَّكُوني، عن عطاء، عن ابنِ عمر قال: قال رسول الله عليه الصلاة والسلام: «من ضَحِك في الصلاةِ قهقهةً فَليُعِدِ الوضوءَ والصلاة

Атийя ибн Бақийя айтади: «Бизга отам сўзлаб берди: Бизга Амр ибн Қайс Сакуний Атодан, у Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб, сўзлаб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозда қаҳқаҳа отиб кулса, таҳорат ва намозини қайтадан қилсин», дедилар».

Тўғри, баъзилар бу ҳадисдаги Атийя ибн Бақийяни мудаллис дейишган. Яъни уни ҳадисни заиф ровийдан эшитиб, унинг исмини яширганликда айбалашади. Лекин Атийя ибн Бақийянинг «ҳаддасанаа» ‒ «бизга сўзлаб берди», дейиши ундан бу ривоятда мудаллисликни кетказади. Шу жиҳатдан Бақийя бу ҳадисни ривоят қилишда мудаллис ҳисобланмайди.

Шунга кўра, қаҳқаҳа тугал – рукуъ-саждали намозда таҳоратни синдиради. Кулги уч хил бўлади:

1. Қаҳқаҳа отиб кулиш. Бу тугал намозларда таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузади. Бунга ҳанафийларимиз келтирган юқоридаги ҳадислар далидир. Жумҳурнинг қиёси бу ҳадислардан муқаддам тура олмайди;

2. Қиқирлаб кулиш. «Қиқирлаб кулиш» деганда кишининг фақат ўзи эшитадиган даражада кулиши тушунилади. Рукуъ-саждаси бор намозда қиқирлаб кулса, намози бузилади, лекин таҳорати синмайди. Жумҳурнинг келтирган далили шу кулгига тегишлидир;

3. Табассум. Бу овоз чиқармай кулиш, жилмайишдир. У таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузмайди.

Жумҳур далил қилган ҳадисни инкор қилмаймиз, у бизнинг наздимизда ҳам далил бўлади. Лекин у қаҳқаҳадан бошқа кулгига тегишли ҳисобаланади. Биз далил қилган ҳадис эса қаҳқаҳага тегишли бўлиб, у тугал намозларда балоғатга етган киши томонидан содир этилса таҳоратни бузади. Жумҳурнинг қиёси эса, юқорида айтганимиздек, ҳанафийлар далил қилган ҳадислардан устун бўла олмайди.

Бирор мазҳаб аҳлининг усулларини пухта ўрганмай туриб, уларнинг ижтиҳодларини тушуниб бўлмайди. Бунинг умуман иложи йўқ. Аксинча йўл тутганлар эса, мазҳабга билиб-билмай таъна тошини отишади, ўйламай-нетмай «Ҳадис турганда мазҳабга эргашамизми?», дейишга ўтишади. Бу эса уларнинг илмдан қанчалар йироқ эканларини кўрсатади.

Мазҳабимиз уламолари ҳеч қачон ўз фикрларини ҳадисдан устун қўйишмаган. Ҳадис турганда бошқа гапга ҳожат йўқлигини доимо таъкидлаб келишган. Ҳар бир масалада ўзларига етиб келган ҳадисларнинг умумий далолатига кўра ижтиҳод қилишган. Бунга биз ушбу китобни ўқиш жараёнида яна бир бор гувоҳ бўламиз. Шу билан бирга ҳанафий мазҳабига кўра намоз ўқиётган ҳар бир кишининг намози айнан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари каби эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Аллоҳ таоло бу ишимизни ёлғиз Ўзининг розилиги йўлида бўлишини насиб этсин. Хато ва нуқсонларимизни фазли карами ила авф қилсин. Агар У Зот ҳидоят қилса, ҳеч ким адаштира олмайди, мабодо адаштириб қўйса ҳеч ким тўғри йўлга сола олмайди!

Таржима жараёнида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

1. Дастлаб матннинг таржимасини бериб, уларни рақамлаб чиқилди. Матнлар сони ўттиз еттита бўлди.

2. Рақамланган матнларни бирин‑кетин келтириб, уларнинг ортидан ушбу матнларга  далил бўлган ҳадисларни араб алифбосида берилди. Бунда ҳар бир ҳадисни “Ал‑Мактабатуш Шамила” номли электрон кутубхонанинг 3.24 нусхасидан қидириб топилди. Айрим ҳадислар “Шомила”дан чиқмаса, уларни www.google.com сайтидан қидириб топилди.  

3. Матн учун келтирилган далилларни рақмлаб чиқилди. Далил сифатида келтирилган ҳадислар  тўқсон учта бўлди. 

3.  Ҳадисларнинг таржимаси арабча матндан кейин берилди.

5. Ҳанафий мазҳаби далилларига мухолиф далиллар зикр қилинганда, кўрсатгич белгиси  ( → ) билан унга ишора қилинди. Ҳанафий мазҳабининг жавоблари эса унинг остидан берилди.

6. Ҳадис истилоҳига тегишли атамаларнинг айнан ўзи бериб борилди. Чунки муҳаддислар истелоҳида бу жумлаларнинг ўзига хос маънолари бўлиб, агар уларни таржима қилсак ҳадис истелоҳидаги маъносини ифода этмай қолиши мумкин. Шунинг учун таржимада буларнинг аслини берилди.

7. Рисоладаги истилоҳларнинг аксарини ажратиб, муқаддимада ўша истелоҳларнинг қисқача таърифини бериб ўтилди. Бу борада Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Мусталаҳул ҳадис» китобларини  асос қилиб олдик ва имкон қадар истилоҳий таърифларнинг ўзи билан кифояландик. Батафсил маълумотлар учун ушбу асарни албатта ўрганиб чиқишни тавсия этамиз. Шу ўринда рисолада ишлатилган йигирма бешта илмий истилоҳларнинг таърифини келтирамиз:

1.    Жарҳ - ровийнинг жароҳатли, ҳадис ривоят қилишга яроқсиз эканини аниқлаш.

2.    Таъдил - ровийнинг адолатли, ҳадис ривоят қилишга яроқли эканини аниқлаш.

3.    Саҳиҳ ҳадис - санади бошидан охиригача адолатли ва забтли киши ўзига ўхшаган адолатли ва забтли кишидан муттасил (узлуксиз) санад ила нақл қилган ҳамда шозз ва иллатли бўлмаган ҳадисдир.

4.    Машҳур - ҳар бир табақада уч ва ундан ортиқ одам ривоят қилган, аммо тавотур даражасига етмаган ҳадис «машҳур» дейилади.

5.    Ҳасан - санади муттасил бўлиб, забти енгилроқ одил киши ўз мислидан охиригача ривоят қилган ҳамда шузуз ва иллати бўлмаган ҳадис ҳасан ҳадисдир.

6.    Заиф - ҳасан сифатини унинг шартларидан бирининг йўқолиши туфайли ўзида тўлиқ жамламаган нарсага айтилади.

7.    Мутавотир - у кўпчилик томонидан ривоят қилинган хабар бўлиб, одатда мазкур ровийларнинг ёлғонга келишиб олишлари мумкин эмас

8.    Оҳод - ўзида мутавотир хабарнинг шартларини жамламаган хабар «оҳод хабар» деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, мутавотир даражасига етмаган хабар оҳод хабардир.

9.    Марфуъ - бевосита Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нисбат берилган сўз, феъл, тақрир ёки сифатдан иборат ҳадис.

10.  Мурсал - санаднинг охирида тобеъиндан кейин бирорта ровий тушиб қолган ҳадис мурсалдир.

11.  Сиқа ва заифнинг таърифи: «Сиқа» сўзи луғатда «ишончли» деган маънони билдиради. «Заиф» эса «қовий» (кучли)нинг зиддидир. Заифлик ҳиссий ёки маънавий бўлиши мумкин.«Мусталаҳул ҳадис» уламоларининг истилоҳида: «Сиқа» деганда, адолатли ва забтли бўлган ровий эътиборга олинади. «Заиф» деганда эса, бу умумий исм бўлиб, забтида ва адолатида таъна етган кишиларни ўз ичига олади».

12.  Рижоллар-ҳадис санадидаги ровийлар.

13.  “Саҳиҳ”нинг рижоллари ‑ бу жумла билан Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”идаги ровийлар назарда тутилган.

14.  Содуқ – таъдилнинг тўртинчи мартабасидаги ровий сифати.

15.  Санади олий - ривоят қилган ровийларнинг сони бошқа санаддагига қараганда оз бўлади. Ҳадис битта бўлади, лекин икки йўл билан ривоят қилинган бўлиб, бир йўлнинг ровийларининг сони иккинчисиникидан оз бўлса, оз ровийлар билан қилинган ҳадиснинг санади олий бўлади.

16.  Мудаллас - санаддаги айби махфий   тутилган ва сиртдан кўринишини яхшилашга уринилган ҳадис.

17.  Ҳадиси изтиробли - турли йўллар ила баён қилинган ва қуввати тенг бўлган ривоят изтиробли ҳадис бўлади.

18.  Ваҳм - ривоят қилишда ўта эътиборсизлик, хаёли қочганлик, унутиб қўйишдир.

19.  Шоз - ҳадиси мақбул бўлган одам ўзидан кўра яхшироқ ровийга мухолиф равишда ривоят қилган ҳадис «шозз ҳадисдир»

20.   Маҳфуз - шознинг муқобилидаги ҳадисдир. Бунда сиқалиги ўта кучли одам оддий сиқа одамга хилоф равишда ҳадис ривоят қилади.

21.  Матрук - санадида ёлғончиликда айбланган ровийси бор ҳадис матрук ҳадисдир.

22.  Таҳмид - намозда «Роббанаа ва лакал ҳамд», калимасини айтиш.

23.  Тасмиъ: «Самиъаллооҳу лииман ҳамидаҳ», калимасини айтиш.

24.  Басмала - «Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳиим», калимасини айтиш.

25.  Тааввуз - «Аъуузу биллааҳи минашшайтоонир рожиим», калимасини айтиш.

Шу ўринда жарҳ ва таъдилнинг мартабаларини ва уларнинг ҳукмини билиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шундай ёзадилар:

Жарҳ ва таъдилнинг мартабалари

Ибн Абу Ҳотим ўзининг «Ал–жарҳ ват–таъдил» деб номланган китобининг муқаддимасида жарҳ ва таъдилнинг ҳар бирининг мартабалари тўрттадан эканлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, ҳар бир мартабанинг ҳукмини ҳам баён қилган. Сўнгра ибн Абу Ҳотимдан кейин келган уламолар унинг тақсим қилган мартабаларидаги жарҳ ва таъдилларнинг ҳар бирига иккитадан қўшганлар. Шундай қилиб, жарҳ ва таъдилнинг мартабалари сони олтитадан бўлган. Келгуси сатрларда ана шу мартабаларни ўз лафзлари билан кўриб чиқамиз.

Таъдилнинг мартабалари ва баъзи лафзлари

1. «Сиқа» – «ишончли» деб баҳолашда муболағага далолат қилувчи ёки «афъала» вазнида келган лафз бўлса, энг юқори мартаба ҳисобланади.

Масалан, таъдил қилувчи олим: «فُلاَنٌ إِلَيْهِ الْمُنْتَهَى فِي التَّثَبُّتِ», яъни «Собитликнинг интиҳоси (ниҳояси, энг охири, энг юқори даражаси) фалончидир», дейди ёки «فُلاَنٌ أَثْبَتُ النَّاسِ» – «Фалончи одамларнинг энг собитидир», деб «афъала» вазнини ишлатади.

2. Ишонч сифатларидан бири ва бир нечтаси таъкидланади. Мисол учун, «فُلاَنٌ ثِقَةٌ ثِقَةٌ» – «фалончи сиқадир, сиқадир» ёки «فُلاَنٌ ثِقَةٌ ثَبْتٌ» – «сиқадир, собитдир» деса, ровийнинг мартабали эканлиги маълум бўлади. Бу даража аввалгидан бир поғона паст ҳисобланади.

3. Ишончга далолат қилувчи биттагина сифат таъкидсиз айтилади. Мисол учун, «فُلاَنٌ ثِقَةٌ» – «фалончи – сиқа (ишончли)» дейилади ёки «فُلاَنٌ حُجَّةٌ» – «ҳужжат» деб айтилади, холос. Бу даража учинчи поғона ҳисобланади.

4. Таъдилга далолат қилувчи, лекин забтнинг тугаллигига ишора бўлмаган сифат билан сифатланган шахслар. Мисол учун, «فُلاَنٌ صَدُوقٌ» – «фалончи – содиқ (ростгўй)», «مَحَلُّهُ الصِّدْقُ» – «унинг жойи – ростгўйлик» ёки «لاَ بَأْسَ بِهِ» – «ҳечқиси йўқ» – «бўлаверади» каби лафзлар билан бўлади. Фақатгина «ла баъса биҳи»ни ибн Маъийндан бошқалар айтса, шундай бўлади. Ибн Маъийннинг китобида «ла баъса биҳи» дейилган бўлса, сиқа назарда тутилган бўлади.

5. Бировни баҳолаш пайтида ишончли эканлигини тасдиқловчи ёки жароҳатли эканлигига далолат қилувчи ишора бўлмайди. Мисол учун, «فُلاَنٌ شَيْخٌ» – «Фалончи шайх», деб қўяди ёки «فُلاَنٌ رَوَى عَنْهُ النَّاسُ» – «Фалончидан одамлар ривоят қилган», дейди. Бу ҳам адолатга далолат қилади. Лекин жуда паст ўринда бўлади.

6. Баҳолаш жароҳатга яқинроқ эканлигига далолат қилади. Мисол учун, «فُلاَنٌ صَالِحٌ الْحَدِيثِ» – «Фалончининг ҳадиси дуруст» ёки «فُلاَنٌ يُكْتَبُ حَدِيثُهُ» – «Унинг ҳадисини ёзса бўлади», деб қўйилади. Бу «сиқа» деб баҳолашнинг энг паст даражаси бўлади.

Ушбу мартабаларнинг ҳукми:

А. Юқорида зикр қилинган биринчи уч мартабани эгаллаган одамларнинг ҳаммаси, гарчи баъзилари баъзиларидан кучли бўлсалар ҳам, ҳужжат ҳисобланади.

Б. Тўртинчи, бешинчи мартабаларга келадиган бўлсак, бу мартабадаги кишилар ҳужжат деб қабул қилинмайди. Лекин ҳадисларини ёзиб олиб, синаб кўрилади. Яъни, бошқа ҳадисларга солиштириб кўрилади. Агар бошқа ҳадислар уларни қўллаб–қувватласа, олинади, бўлмаса, тарк қилинади.

Шу билан бирга, тўртинчи даража билан бешинчининг орасида фарқ бўлиб, тўртинчининг устунлиги бор.

В. Олтинчи мартабага эга бўлганлар ҳужжат бўлмайдилар. Ҳадислари эътибор (бошқалар ҳам ривоят қилганми, йўқми, деб, йўлларини излаш) учун ёзилади, синаш учун ёзилмайди. Бу мартабадаги ровийларнинг забти собит бўлмаганлиги учун шундай қилинади.

Жарҳнинг мартабалари ва лафзлари:

1. Юмшоқликка далолат қилувчи лафзлар.

Бу жароҳатлашнинг энг енгили ҳисобланади. Мисол учун, «فُلاَنٌ لَيِّنُ الْحَدِيثِ» – «Фалончининг ҳадиси юмшоқ» ёки «فُلاَنٌ فِيهِ مَقَالٌ» – «Бу ровий тўғрисида гап бор», деб қўйса, «жароҳатли–ю, аммо жароҳати енгил» деган маънони билдиради.

2. Уни ҳужжат қилиб олмаслик очиқ–ойдин айтилади ва шубҳаси ҳам айтилади.

Мисол учун, «فُلاَنٌ لاَ يُحْتَجُّ بِهِ» – «Фалончини ҳужжат қилиб бўлмайди», «فُلاَنٌ ضَعِيفٌ» – «Фалончи – заиф», «لَهُ مَنَاكِيرُ» – «Унинг мункар ҳадислари бор», деб айтиб қўйилади.

3. Унинг ҳадисини ёзмаслик ва шунга ўхшаган гаплар очиқ–ойдин айтилган бўлади.

Мисол учун, «فُلاَنٌ لاَ يُكْتَبُ حَدِيثُهُ» – «Фалончининг ҳадиси ёзилмайди», «فُلاَنٌ لاَ تَحِلُّ الرِّوَايَةُ عَنْهُ» – «Ундан ривоят қилиш ҳалол бўлмайди», «ضَعِيفٌ جِدًّا» – «Бу жуда ҳам заиф одам», «وَاهٍ بِمَرَّةٍ» – «Бу жуда ҳам бўш», деб айтилади.

4. Ровий ёлғончиликда айбланади ва шунга ўхшаган сифатлари айтилади.

Мисол учун, ровий «فُلاَنٌ مُتَّهَمٌ بِالْكَذِبِ» – «Фалончи ёлғончиликда айбланади» ёки «فُلاَنٌ مُتَّهَمٌ بِالْوَضْعِ» – «Ёлғон ҳадис тўқишда айбланади» ёки «يَسْرِقُ الْحَدِيثَ» – «Ҳадисни ўғирлайди», «سَاقِطٌ» – «Соқит», «مَتْرُوكٌ» – «Тарк қилинган», «لَيْسَ بِثِقَةٍ» – «Сиқа эмас» каби сўзлар билан баҳоланади.

5. Ровий «ёлғончи» ёки шунга ўхшаган лафзлар билан васф қилинади.

Мисол учун, «فُلاَنٌ كَذَّابٌ» – «Фалончи – каззоб» ёки «دَجَّالٌ» – «Дажжол» ёки «وَضَّاعٌ» – «Ваззоъ (ҳадисларни тўқийдиган)» ёки «يَكْذِبُ» – «Ёлғон гапиради» ёки «يَضَعُ» – «Ҳадисларни тўқийди» каби сифатлар билан эсланади.

6. Ровийнинг ёлғончилиги муболаға билан зикр қилинади.

Мисол учун, «فُلاَنٌ أَكْذَبُ النَّاسِ» – «Фалончи одамларнинг энг ёлғончиси» ёки «إِلَيْهِ الْمُنْتَهَى فِي الْكَذِبِ» – «Фалончи ёлғончиликнинг чўққисига чиққан» ёки «هُوَ رُكْنُ الْكَذِبِ»– «Бу киши ёлғончиликнинг суянчиғидир, устунидир», деб, бўрттириб кўрсатилади. Мана шуниси жарҳнинг энг оғири, энг ёмони, энг паст нуқтаси ҳисобланади.

Ушбу жароҳат мартабаларининг ҳукми

А. Биринчи ва иккинчи мартаба аҳлининг ҳадислари ҳужжат бўлмайди. Лекин бошқалардан кўра булар енгилроқ бўлганлиги учун эътибор (бошқалар ҳам бу ҳадисни ривоят қилганми, йўқми деб, йўлларини излаш) жиҳатидан ҳадисини ёзиш мумкин. Шу билан бирга, айтиш керакки, биринчи даража билан иккинчининг орасида фарқ бўлиб, биринчиси енгилроқ, иккинчисининг жароҳати оғирроқ бўлади.

Б. Кейинги тўрт мартабага аҳл бўлган кишиларнинг ҳадисларини ҳужжат қилиб ҳам олиб бўлмайди, ёзиб ҳам олинмайди, эътибор ҳам қилинмайди... Иқтибос тугади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Мусталаҳул Ҳадис» Учинчи фасл, 249 саҳифа.

Энди Аллоҳнинг изни билан китобнинг таржимасини сиз азиз китобхоннинг эътиборига ҳавола қиламиз.

 Аброр Мухтор Алий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
28МатнУ зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар кўрсатгич бармоқлари билан ишора қилар ва уни ҳаракатлантирмас эдилар.28Матннинг далиллари۱ 1. Абдуллоҳ давоми...

3470 05:00 / 09.01.2017
Яъни, охирги вақти чиқмай туриб бир ракати ўқиб қолинган намоз, вақт чиқмай туриб ўқилган ҳисобига ўтади. Гарчи бир ракатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам.Абу давоми...

3643 05:00 / 04.01.2017
Бир йигит айтади .Отам мени намозга жуда гўзал тарзда шижоатлантирар эдилар. Отам .Ким кун бўйи масжидда намоз ўқиса, унга совға бераман, деб айтар эдилар. Менга давоми...

1738 10:43 / 12.12.2021
Шарҳ .Ғусл, сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга айтилади. давоми...

9529 05:00 / 04.01.2017