1447 йил 4 Рамазон | 2026 йил 22 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Кийинишнинг умумий одоблари

12:28 / 12.04.2017 6285 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон киши, эркак бўлсин, аёл бўлсин, кийим Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири эканини доимо эсга олиб, бу неъматга шукр қилиб туриши лозим.

Кийим кийишда «бисмиллаҳ» айтилади ва кийинишнинг дуолари ўқилади.

Саҳл ибн Муъоз ибн Анасдан, у отаси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким кийим кийганидан кейин: «Менга ушбу кийимни кийдирган ва менинг куч-қувватимсиз уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, унинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон янги кийим кийганда, алоҳида шукр қилади ва дуо ўқийди. 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим киядиган бўлсалар, «кўйлак» ёки «салла», деб унинг номини айтиб туриб: «Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийдирдинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон ўзининг биродари янги кийим кийганини кўрса, уни бу неъмат ила табриклайди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири янги кийим кийса, унга: «Эскиртиргин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон қай бир кийимни кийса ҳам ўнг томонидан бошлаши суннатдир. Ечишда эса чап томонидан ечади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон кийим кийсангиз ва қачон таҳорат қилсангиз, ўнг томонингиздан бошланг», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Исломий кийиниш маданиятининг энг машҳур кўринишларидан бири шудир. Қайси кийим кийилса ҳам, ўнг томонидан бошлаш керак. Кўйлак бўлса, олдин ўнг енги, оёқ кийими бўлса, олдин ўнг оёқдан кийилади.

Мусулмон инсон кийим кияётганида, Аллоҳ таолонинг авратни беркитиш ҳақидаги амрини бажараётганини ният қилади.

Бундан одамлар орасида кийимини кўз-кўз қилишни ва чиройли, қимматбаҳо кийими билан фахрланишни кўзламайди.

Мусулмон эркак ва аёллар кийимнинг мўътадилини танлашади.

Жуда ошириб ҳам юборишмайди ва жуда хароб ҳолга ҳам тушишмайди.

Мусулмон инсон кийимнинг озода ва пок бўлишига алоҳида эътибор беради.

Зотан, поклик иймондандир. Поклик ибодатнинг асосий шартларидан биридир. Аллоҳ таоло Муддассир сурасида:

«Ва кийимингни покла!» деган.

Мусулмон инсон кийими ила гердаймайди, кибр учун кийимини ерга судраб юрмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон кийимларининг доимо яхши ва гўзал ҳолда бўлиши учун ҳаракат қилади.

Кир бўлса, ювади, йиртилса, тикади, бужмайса, дазмоллайди, тугмаси узилса, қадайди ва ҳоказо. 

Саҳл ибн Ҳанзалиядан ривоят қилинади:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар-юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг», дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд, Тобароний ва Ҳоким ривоя қилганлар.

Ҳар бир кийимни, ҳатто пайпоққача олдин бир силкитиб, текшириб олиб, кейин кийилади.

Ичига чақадиган ҳашаротлар ёки санчиладиган ва озор берадиган нарсалар кириб қолган бўлиши мумкин.

Кийимларни ечганда, тартиб билан саранжом қилинади, илинади ёки тахлаб, жавонга қўйилади. 

Пала-партиш ҳолда дуч келган жойга ташлаб қўйилмайди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Ижтимоий одоблар китобидан )



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кейинги вақтда ҳовлисида ёки томорқасида қуён боқадиган ҳаваскорлар, шунингдек, махсус ҳудудларда қуёнчилик билан шуғулланадиган фермерлар кўпайиб қолди. Бу давоми...

5216 18:20 / 16.04.2024
Фарзанд туғилибдики, тарбияга муҳтож бўлади. Отаона эса бу борада энг биринчи тарбиячи ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандини ўқибўрганиши учун ҳаракат қилаётган, давоми...

3883 09:03 / 18.12.2023
Рамазондан мақсад инсоннинг тақводор бўлиши, унинг гўзал хулқлар билан хулқланишидир.Мусулмон инсон Рамазондан гўзал хулқлар ила хулқланган ҳолатда чиқиши давоми...

2855 18:30 / 10.05.2021
Сулаймон алайҳиссаломнинг даврларида улуғ Пайғамбарнинг қўйларини боқиб юрадиган чўпон бор эди. Кунларнинг бирида унинг олдига бўри келиб .Менга битта қўйдан давоми...

6778 15:39 / 26.11.2022
Аудиолар

232548 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151012 14:35 / 11.08.2021