1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Аллоҳнинг муҳаббати

10:47 / 01.04.2017 7404 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Муҳаббат» сўзи «ҳубб» сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим тутади ва унда собит туради.

Муҳаббатнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: «Муҳаббат нафснинг ўзи яхши деб билган ва гумон қилган нарсага мойил бўлишидир. У икки хил бўлади. Бири табиий бўлиб, у инсонда, ҳайвонда ва гоҳида жонсиз нарсада ҳам бўлади. Бошқаси ихтиёрий бўлиб, у фақат инсонга хос бўлади», деган. 

Кафавий: «Муҳаббат ҳаддан ошган розиликдир. У икки қисмдан иборат: 

Биринчиси ҳар бир мукаллафда бўлади. У иймонда лозим ва лобуд нарсадир. Унинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан келган нарсанинг ҳукмига ва тақдирига бўйсунган ҳолда, ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишдир.

Иккинчиси фақатгина мақомот эгаларида бўлади. Унинг ҳақиқати қазо қилинган нарсадан қалбнинг қувонч ва сурурга тўлиши ва розилигидир», деган.

Аллоҳнинг муҳаббати У Зотга барча нарсангни бағишлашдан иборатдир. Ундан сенга ҳеч нарса қолмайди.

Бундан мурод иродангни, азмингни, ишларингни, нафсингни, молингни ва вақтингни ўзинг муҳаббат қўйган Зотга ҳиба қилмоғингдир. Уларнинг барчасини У Зотнинг розилигига бағишламоғингдир. Улардан ҳеч нарсани ўзингга олиб қолмайсан. Фақат У Зотнинг Ўзи берганини оласан.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати мақомотларнинг энг олийсидир. Шавқ, унс ва ризо каби кейинги мақомотлар ушбу мақомнинг самараларидир. Тавба, сабр ва зуҳд каби олдин келадиган мақомотлар бу мақомнинг муқаддималаридир. 

Ислом уммати Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига муҳаббат қилиш фарз эканига ижмоъ қилган.

Аллоҳ таолонинг муҳаббатига оид ояти карималардан намуналар:

Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам У Зотни севадиган қавмни келтирур…» (54-оят).

Демак, Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида бар­қарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадир. 

Биринчиси – ўзаро муҳаббат. Яъни Аллоҳ таоло уларни севади, улар ҳам Аллоҳ таолони севадилар. 

Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳ таолонинг муҳаббати бўлар экан. Дунёда ўзини билган инсон учун бундан улкан бахт йўқ. 

Ожиз бир инсоннинг муҳаббатига сазовор бўлган шахс ўзини қанчалар бахтли ҳис этади. Биз сўз юритаётган муҳаббат эса ҳамма бандаларнинг Робби, бутун оламларнинг Холиқи, икки дунёнинг Молики, барча махлуқотларнинг Холиқи, уларга жон ато қилган, нозу неъмат берган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббатидир! 

Аллоҳ таолонинг маҳбуби бўлишдан юқори бахт йўқ. Шу билан бирга, бу муҳаббатга эришишнинг фақат бир йўли бор – мусулмон бўлиш, ихлосли мусулмон бўлиш. 

Аллоҳ таолонинг севгисини қозонган бандаларнинг ўзлари ҳам Аллоҳ таолони севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш нақадар улкан бахт! Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севги бўлиб, у жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади. 

Аллоҳ таолони севувчи одам доимо ўз маҳбубининг розилиги учун ҳаракат қилади. Ўзида шундай севги пайдо қила олган одам дунёни ҳам бошқача кўради. Дунёдаги ҳамма нарсани ўз қадр-қиммати билан танийди. Фақат мусулмон инсонгина бундай севгига соҳиб бўла олади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир» (Бақара сураси, 165-оят).

Ҳақиқий иймонли инсонлар бор муҳаббатларини Аллоҳ таолонинг Ўзига қаратганлар ва бу муҳаббатлари жуда ҳам кучлидир. Қалбларида Аллоҳдан бошқанинг муҳаббатига ўрин йўқ.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилиб айтади:

«Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир» (31-оят).

Аллоҳ таолога муҳаббат ва иймон қуруқ гаплар эмас. Бу одамлар орасида ўзининг иймони, Аллоҳга муҳаббати борлигини айтиш билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳ таолога ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий иймон тилда айтиладиган гап ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш ҳам эмас. Аслида у Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига тўлиқ бўйсунишдан иборат.

«Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг».

Ким қалбида Аллоҳга муҳаббат борлигини даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақидаги ҳукм Расулуллоҳ алайҳиссаломга эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Расулуллоҳ алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради. Бу нарса оятда қуйидагича баён қилинмоқда:

«Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир».

Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми?! Бунинг устига, унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!

Аллоҳга муҳаббат ҳақидаги ҳадислардан намуналар:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қиёмат қачон, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.

«Сен унга нима тайёрладинг?» дедилар.

«Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиламан», деди.

«Сен ўзинг муҳаббат қилганлар билан биргасан», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Биз ҳам шундайми?» дедик.

«Ҳа», дедилар.

Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик» дейилгани зиёда қилинган».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Демак, Аллоҳ таолога ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат улуғ нарса. Бу муҳаббат бу дунёда Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ва у дунёда жаннатга етаклайди. Бунинг устига, жаннатда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар»

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири бўлган комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. 

«Ҳаловат» сўзи «ҳолва» сўзидан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Аслида моддий маънода ишлатиладиган бу сўз бу ерда истиора ила маънавий маънода келмоқда. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг бошида:

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади», дея эшитувчини қизиқтириб оладилар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. «Иймон ҳаловатини қандай қилиб топса бўлар экан?» деб ҳамма ҳам қизиқади. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. 

«Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».

Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўра кўпроқ севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг ушбу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам, маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолога муҳаббат Унинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. 

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутишдан иборат.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда, жумладан, қуйидаги дуо бор: 

«У Зот: «Сўра!», деди. Мен дедим: «Аллоҳим, албатта, мен Сендан яхшиликларни қилишни, ёмонликларни тарк этишни, мискинларга муҳаббат қилишни, мени мағфират қилишингни ва менга раҳм қилишингни, қачон бир қавмни фитнага учратишни ирода қилсанг, мени фитнага учрамаган ҳолимда вафот эттиришингни сўрайман. Мен Сендан муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қиладиганларнинг муҳаббатини ва Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман». 

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бу дуода Аллоҳнинг муҳаббати мавзусига оид икки жумла бор.

 «Сендан муҳаббатингни… сўрайман».

Аллоҳ таолонинг муҳаббати мўмин-мусулмон кишининг энг олий ғоясидир. Мўмин қалбда фақат Аллоҳнинг муҳаббати бўлиши керак. Қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсанинг муҳаббатига жой қолмаган кишигина бир мақомга эришган бўлади. Бундай мақомга эришиш учун доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраш керак.

«Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амал­­нинг муҳаббатини сўрайман».

Демак, одам амал билан Аллоҳ таолонинг муҳаббатига яқинлашар экан. Амални бажариш учун эса унга муҳаббат қилиш, ўша амалнинг муҳаббатини ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриш лозим экан.

Абдуллоҳ ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида:

«Аллоҳим! Мени муҳаббатинг ила ва муҳаббати Сенинг даргоҳингда менга манфаат берадиган шахснинг муҳаббати ила ризқлантиргин.

Аллоҳим! Менга ризқ қилиб берганинг ўзим яхши кўрган нарсаларни Сен яхши кўрган нарсаларда мен учун қувват қилгин. 

Аллоҳим! Мен яхши кўрган нарсалардан мендан четда қилганларингни Ўзинг яхши кўрган нарсаларда мен учун қувват қилгин», дер эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ қачон бир қавмга муҳаббат қилса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга ризолик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таолонинг бир қавмга муҳаббат қилишининг кетидан синов келиши ҳам бор. Ўша синовдан муваффақият билан ўтиш лозим.

Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сабр қилган бандадан Аллоҳ таоло рози бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмай, ўзига етган балодан ғазаби чиққан бандага Аллоҳ таолонинг ғазаби бўлади. 

Шунинг учун ҳам мўмин банда ўзига етган ҳар бир кўнгилсизликни Аллоҳ таоло томонидан синов деб билиб, сабр қилса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло: «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. 

Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. 

Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман. 

Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. 

Агар Мендан сўраса, албатта унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман. 

Ўзим қилувчи бўлган ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман», деди».

Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда нозик масалалар нозик иборалар ила баён қилинган. Шунинг учун унинг зоҳирий маъносига учмасдан, уламоларимиз узоқ изланишлар оқибатида эришган нозик натижаларни ҳушёрлик билан ўзлаштиришимиз лозим. 

Аллоҳ таолога алоҳида яқин бўлиш шарафига муяссар бўлган саодатманд зотлар қай тарзда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилганлари ҳадиси шарифда қуйидагича  баён этилади.

«Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас».

Демак, Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун банда аввало ўзига фарз қилинган нарсаларни ўринлатиб адо этадиган бўлиши керак. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган бандагина Аллоҳ таолога яқинлик касб қилган бўлар экан. Фарз амалларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида ўйлаб ўтириш ҳам мумкин эмас экан. 

Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар яна ҳам яқинроқ бўлиш имконига эга эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлмоқлари лозим.

«Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман». 

Агар банда фарзларни тўлиқ адо қилганидан кейин нафлларни бардавом бажариб турса, маълум даражага етганида, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан.

«Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман».

Бу жумладаги Аллоҳ таолонинг «Унинг эшитадиган қулоғи бўламан» дегани банданинг фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, бошқа нарсаларни эшитмайдиган ҳолга етиб қолишини билдиради. Бу ерда зинҳор зоҳирий маънони хаёлга келтирмаслик керак.

Шунингдек, «кўрадиган кўзи» деганда банда Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсадан бошқа нарсани кўришдан ўзини тортадиган, «ушлайдиган қўли» деганда банда фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни ушлайдиган бўлишини ва «юрадиган оёғи» деганда банда фақатгина Аллоҳ таолони рози қиладиган ишларга юрадиган ҳолга етишишини тушуниш лозим.

Демак, банда фарзларни адо этиш ила Аллоҳ таолога яқин бўлади. Нафл ибодатларни кўп қилиш ила Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Сўнгра фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, кўрадиган, ушлайдиган ва Аллоҳ таолони рози қиладиган жойларга юрадиган ҳолга эришади. Бу ҳол унинг учун алоҳида бир мақомга эришиш имконини беради. У ҳолда нималар бўлишини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан билиб оламиз:

«Агар Мендан сўраса, албатта унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман».

Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, бу ҳолда банда дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган шарафга ноил бўлади. Валийларнинг ҳоли шундай.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
542. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абдурроҳман ибн Авф Мадинага келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саъд ибн Робийъ Ансорий билан давоми...

3250 17:00 / 23.07.2021
255. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат билан туғилади. Отаонаси давоми...

4222 14:30 / 20.09.2019
485. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Макка ва Мадинадан бошқа ҳар бир юртни дажжол албатта оёқости қилади. давоми...

2400 15:00 / 05.03.2021
368. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бомдод намозини ўқидилар ва .Фалончи борми, дедилар. .Йўқ,, давоми...

1761 19:00 / 10 февраль