1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

3 - 102-103. Аллоҳнинг арқонини биргаликда маҳкам тутинг

00:03 / 30.03.2017 5520 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг ва мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг. Аллоҳнинг арқонини биргаликда маҳкам тутинг ва тарқоқ бўлманг. Аллоҳнинг сизга бўлган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».

Оли Имрон сураси, 102‒103-оятлар.

Ояти карима мўминларга хитоб билан бошланмоқда. Уламоларимиз: «Аллоҳ таоло Ўз каломида «Эй иймон келтирганлар!» деб хитоб қилса, кўзингизни очиб, қалбингиз билан қулоқ тутинг, чунки Аллоҳ сизни ё бирор яхшиликка буюрмоқчи, ёки бирон ёмонликдан қайтармоқчи», дейдилар. Ушбу оятларда эса ҳар икки ҳолат ҳам жамланган.

Қуръони Каримда бирор жойда «Эй мусулмонлар!» ёки «Эй Исломга кирганлар!» деган хитоб йўқ. Мусулмонларга хитоб қилишда фақат иймон омили эсга олинади. Нега? Чунки иймон қалбнинг амали, кўнгил иши, ҳис-туйғуга боғлиқ тушунчадир. Ислом сўзида эса бу мазмунлар йўқ, у кўпроқ зоҳирий амалларга далолат қилади. Демак, «Эй иймон келтирганлар!» деган ибора кишининг қалбига қилинган хитоб, унинг туйғуларига қаратилган нидодир.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилиш».

Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ҳақиқий тақво ‒ Аллоҳга итоат этиб, осийлик қилмаслик, уни эслаб, унутмаслик, унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик», деб тафсир берганлар.

«Ҳақ» сўзи собит, барқарор нарсани англатади. Бинобарин, ҳақиқий тақво бир бўлиб, бир бўлмайдиган, кенгликда топилиб, торликда йўқоладиган, фойда келтирганда маҳкам тутилиб, шахсий манфаатга зид келганда тарк этиладиган ёки камбағалликда бор, бойлик пайтида йўқ бўладиган тақво эмас, балки ҳамиша ва ҳар жойда мусҳтақим турадиган тақводир.

Ҳақиқий тақво ‒ одамларнинг маломатига ҳам, мақтовига ҳам боғлиқ бўлмаган тақводир. Ҳақиқий тақво ‒ одамлар борида ҳам, йўғида ҳам бир хилда бўлган тақводир. Ҳақиқий тақво ‒ фақат таҳорат ё намозда, еб-ичиш ёки кийинишдагина эмас, балки барча сўз ва амалда, зоҳиру ботинда тақвони ушлашдир. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий тақво ‒ Аллоҳни кўриб тургандек ёки У Зотнинг кўриб турганини ҳамиша ҳис этиб яшашдир. Оятнинг сўнгида шунга ишора қилинмоқда:

«Мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг».

Ўлим банданинг ихтиёрида эмас, ким қачон, қерда ўлишини билмайди. Демак, биз буни ҳал эта олмаймиз. Аммо бизнинг қўлимиздан келадигани ўлим келганда мусулмон ҳолда бўлишдир. «Мусулмон» Аллоҳга тўла бўйсунган, ўзини таслим қилган инсон демакдир. Ўлим етганда мусулмон ҳолда бўлиш учун ҳамиша тақвони ўшлаш керак. Чунки ўлим қачон келишини ҳеч ким билмайди. Доимо ҳақиқий тақвода бўлган кишигина Аллоҳнинг ҳузурига чин мусулмон ҳолида йўлиқиши аниқ.

Масжиддасиз, аммо бировларни ғийбат қилиб, одамлардан айб қидириб, фитна уюштириб, жосуслик қилиб ўтирибсиз. Агар шу ҳолатда вафот этсангиз, гарчи масжидда бўлсангиз ҳам, чин мусулмон ҳолда ўлим топмайсиз. Бозорда тирикчилик билан юрибсиз, ҳалоллик билан ишлаяпсиз, ҳаромдан тақво қилмоқдасиз, агар шу ҳолатда вафот этсангиз, рост мусулмон ҳолда ўлган бўласиз. Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен учун Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлишдан кейинги иккинчи шарафли ўлим ҳалол ризқ топаман деб юк кўтариб кетаётиб, шу юкнинг тагида қолиб ўлишдир», деганлар.

Ҳаром-хариш, ичкилик, гуноҳу маъсият бор жойлардан узоқ бўлиш керак. Интернетга кирганда, хилват жойларда ҳам фаҳшу бузуқликлардан ҳазир бўлиш лозим. Ўлим қачон етишини билмайсиз, Аллоҳ асрасин, гуноҳ устида, тавба қилмай вафот этиш мусулмон одам учун жуда ҳам аянчли ҳолатди. Зотан, гуноҳга ботиш ўзи бир оғир мусибат бўлса, шу ҳолда вафот этиш унданда катта фалокатдир. «Мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг», деган буйруқнинг зимнида шу маънолар ҳам бор.

Ижтимоий тармоқларда ёки бирор асарда дининггизга шубҳа соладиган, диёнатга зарба берадиган маълумотни ўқиб қолдингиз. Иймонинггиз қалқиб қолди. Дарҳол бу васвасани дилдан аритиб, илм-маърифат қуёши билан шубҳа булутларини тарқатиб юборинг. Токи, тўсатдан ўлиб келиб қолса, мусулмон ҳолингизда ўлинг!

Иймон келтирганларни шахсий камолотга буюрилгандан сўнг, ушбу баркамолликни таъминловчи ижтимоий омилларни ҳам ишга солишга амр этилади.

«Аллоҳнинг арқонини биргаликда маҳкам тутинг ва тарқоқ бўлманг».

«Арқон» ‒ нажотга, омонликка олиб чиқувчи воситадир. Араб тилида эминликни ҳам «арқон» деб аташ бор.

«Аллоҳнинг арқони»ни кўпчилик муфассирларимиз Қуръони Карим деб тафсир қилганлар. Ҳа, Аллоҳнинг ер юзига туширган арқони Унинг каломидир. Бу ҳақда Имом Табароний Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг китоби – Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир», дедилар».

Имом Табароний, Баззор, Ибн Абу Шайба ва Байҳақийлар Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлинг! Албатта, фитна бўлади!» деяётганларини эшитдим. Шунда: «Ундан чиқиш нима билан бўлади, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. У Зот:

«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг маълумотлари, сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажрим қилувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бирор зўравонни деб уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради. Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади. У Аллоҳнинг метин арқонидир», дедилар».

Ҳа, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё қийинчиликларидан ва охират азобидан қутқариш учун тушурган арқонидир. Қуръони Карим ҳайвонийлик чоҳидан малаклик чўққисига олиб чиқувчи нурли арқондир. Қуръони Карим ғафлат ботқоғидан қутулиш учун ягона воситадир.

Устозимиз шайх Муҳаммда Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида жумладан шундай дейдилар:

«Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг  ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони Каримни маҳкам ушлашдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир».

Баъзи муфассирлар «Аллоҳнинг арқони» деганда Ислом дини назарда тутилган дейдилар. Бу ҳам олдинги тафсир билан деярли бир маънога эга. Яна бир гуруҳ муфассирлар уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб таъвил қиладилар. Яъни, «Аллоҳнинг Расули этагини маҳкам тутинг, унинг атрофида жамланинг, ундан узоқлашманг!»

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг арқони ‒ жамоат, яъни мусулмонлар оммасидир», дейдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг кўпчилиги ҳидоятда бўлишини, кўпчиликни маҳкам тутишни қаттиқ тайинлаганлар. Бу маъно оятнинг давомида ҳам таъкидланади:

«... ва тарқоқ бўлманг». 

Тарқоқ бўлманг, акс ҳолда, Аллоҳнинг арқонини қўлдан бериб, ҳалокатга учрайсиз. Ушбу оятдан ўзаро тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини тутишнинг зидди экани англашилади. Демак, тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини қўйиб юбориш, унинг нажотидан узоқлашиш экан.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Аллоҳ сизларда уч нарсага рози бўлади ва уч нарсани ёмон кўради: Унинг Ўзига ибодат қилиб, ширк келтирмаслингингиз, барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, бўлиниб кетмаслигингиз ва сизга ишбоши бўлган кишига хайрхоҳ бўлишингизга рози бўлади. Қийлу қол, кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради».

Тарихга назар солинса, мусулмонлар ушбу илоҳий насиҳатга амал қилганларида фақат зафар қучганлар, унга зид юрганларида мағлуб бўлиб, азобу уқубатга қолганлар.

Афсуски, бугун кўп мусулмонлар на бу ояти каримадан насиҳат оладилар ва на тарихий тажрибалардан сабоқ оладилар. Бирлашишлари учун минглаб сабаб, туртки ва омиллар бор, бирортасига қиё боқиб қўйишмайди. Аммо тафриқа учун баҳона истаб тургандек, биргина сабаб топиб қолишса бас, ҳар ким ўзини тўғри деб, ҳидоятда санаб, бошқани гумроҳликда айблаб, тумтарақай бўлиб кетаверишади. Шунинг учун ҳам ҳозирда нима бало бўлса, мусулмонларнинг бошида бўлмоқда. Ўлдирилаётганлар ҳам, таланаётганлар ҳам, қийноққа солинаётганлар ҳам асосан мусулмонлар. Аммо шунда ҳам ўзларига келмаётганлари янада ачинарли ҳол. Хилма-хил фирқаларга бўлиниб, жанжаллашиб, бир-бирини кофирга чиқариб, ҳатто хунрезликкача борадиганлар ҳам топилаётгани эса энг катта мусибатдир.

Мусулмонлар шу пайтгача ташқи душманга мағлуб бўлмаганлар, фақат ички низо сабаблигина мағлубиятга учраганлар. Бугун ҳам уларнинг заифлашуви, мусибатларининг асосий сабаби ихтилоф ва тафриқага тушиш бўлмоқда. Аслида эса Ислом ўзаро муҳаббат, биродарлик руҳини таратувчи диндир.

«Аллоҳнинг сизга бўлган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».

Ибн Жарир Табарий, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Исҳоқлар ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида Зайд ибн Асламдан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Шос ибн Қайс ‒ У жоҳилиятда суяги қотган, куфри ниҳоятда ёмон, мусулмонларни қаттиқ айблайдиган, уларга ҳасади кучли бир чол эди. ‒ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Авс ва Ҳазраж қабилаларининг вакилларидан иборат бир неча нафар асҳоблари олдидан ўтиб қолди. Улар бир жойда гаплашиб ўтиришган эди. Жоҳилият вақтида бир-бирига душман бўлган бу кишиларнинг Ислом туфайли ўрталари ислоҳ бўлиб, ўзаро ошино бўлиб, жамланиб ўтирганларини кўриб ғаши келди ва: «Булар бирлашсалар, биз булар билан ёнма-ён яшай олмай қоламиз-ку», деди-да, ёнидаги яҳудий йигитга: «Анавиларнинг орасига бориб ўтиргин-да, уларга Буос кунини ва ундан олдин нималар бўлганини эслат ҳамда уларга шу ҳақдаги шеърларидан ўқиб бер», деб буюрди. Буос кунида Авс билан Ҳазраж қабилалари ўзаро қаттиқ урушиб, Авс қабиласи хазражликлар устидан зафар қозонган эди. Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилди. Шунда уларнинг ўрталарида гап қочиб, бир-бирлари устидан фахрлана бошлашди. Шу пайт иккала қабиладан ҳам биттадан одам ўрнидан туриб, гап талашиб қолди. Сўнг улардан бири шеригига: «Агар хоҳласангиз, ҳозироқ ишни қайтарамиз», деди ва иккала жамоа ҳам ғазабга миниб: «Шундай қилганимиз бўлсин! Қурол! Қурол! Шаҳар ташқарисида учрашамиз!» деб қолишди. Чиқиб, жоҳилиятдаги даъволари бўйича авсликлар бир-бирига, хазражликлар бир-бирига қўшилишди. Бу можаро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб етганда, ҳузурларидаги муҳожирлару ансорийларни олиб, уларнинг олдига борадилар ва уларга: «Аллоҳ, Аллоҳ! Ҳой мусулмонлар жамоаси! Мен ичингизда туриб, жоҳилият даъвосини қиласизларми? Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилиб, жоҳилият ишини узиб ташлаб, орангизга улфатликни солгандан кейин ҳам кофирлик ҳолингизга қайтасизларми?» дедилар. Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтон қутқусига тушганларини англаб етадилар. Қуролни ташлаб, йиғлаб, қучоқлашиб кетадилар. Сўнгра қулоқ тутиб, бўйсунган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтишди. Аллоҳ Шоснинг ҳийласини ўчирди ва ушбу оятни нозил қилди».

Оятдаги хитоб аслида қиёматга қадар барча мусулмонларга қаратилган бўлса-да, нозил бўлганида мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларига йўналган экан. Авс билан Ҳазраж аслида бир уруғдан, ака-уканинг авлодлари бўлган. Уларнинг ораларидаги жанг 120 йилдан бери давом этиб келарди. Ушбу урушларнинг энг охиргиси ҳижратдан беш йил олдин Буос деган жойда бўлган эди. Жангда иккала қабиладан катта йўқотиш бўлиб, қабила раҳбарларининг кўпи қирилиб битган ва жанг авсликларнинг ғалабаси билан якун топган эди. Аммо уларнинг ўзаро душманлиги сўнмаган, бир-бирларига бўлган нафратлари қалбларини эгаллаб олган эди. Бунинг устига, улар билан бирга яшайдиган яҳудийлар доимо фитна қўзиб, уруш оловини пуфлаб туришарди. Аллоҳ таоло иноятига олиб, бу икки қабилани ҳидоятга бошлаб, Ислом нури билан қалбларини мунаввар қилди, дилларидан гина-адоват кирликларини кетказди.

«Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, қалбларингизни улфат қилди».

Бу ерда «неъмат» деганда Ислом неъмати, иймон неъмати назарда тутилган. Ҳа, Ислом Аллоҳнинг инсониятга берган улуғ неъмати, илоҳий армуғондир. Шу неъмат туфайли душманлар бир-бири билан дўст бўлди, бир-бирига нисбатан нафратга тўлган қалблар муҳаббатга тўлди, мақсадлар бирлашди ва осмон қадар юксалди. Зотан, фақат Исломгина бу ютуқларни тақдим қила олади. Фақат Аллоҳнинг арқони бўлган Исломни маҳкам тутибгина ҳамма биродар бўла олади.

«Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».

Аллоҳ Ислом неъматини бермаганида бундай холис биродар бўла олмасдингиз. Бир асрдан бери бир-бирингизни қириб келаётган одамлар эдингиз, Ислом туфайли бир тану бир жон бўлдингиз. Қандай қилиб яна эски адоватларни қўзғашга журъат қиласиз?!

Ислом туфайли биродар, Аллоҳ  учун дўст бўлингандагина ҳақиқий биродарлик қарор топади. Бундан бошқасида дўстлик ё молу дунё, ё ирқ-миллат бирлиги, ё мансаб туфайли, ёки қабиладошлик ва бошқа шу каби ниятлар асосига қурилган бўлади.

«Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди».

Исломга киришингиздан олдин уруш-жанжал ичида, жоҳилият ҳукмлари остида, умуман барча соҳада нотўғри йўлда, яъни, оловли жар ёқасида эдингиз. Шундай кетаверганингизда ҳалокатга учрашингиз, дўзахга қулашингиз аниқ эди. Аллоҳ таоло сизни Ўзининг улуғ неъмати бўлмиш Исломга бошлаб, оловли жарга қулашдан сақлаб қолди. Энди шу йўлда собит туринг, жоҳилият ишларини қилиб ортга қайтманг!

Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».

Аллоҳ сизларни ҳидоятга юрсин деб Ўз оятларини нозил қилади, батафсил баён этади. Ушбу баёндан тўғри хулоса олсангиз, албатта ҳидоят топасиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, Биз нозил қилган равшаноятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни ndash ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлайдир. Ва давоми...

3940 20:05 / 26.12.2017
Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб .Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб берингshyчи,, ndash давоми...

3705 10:00 / 12.08.2017
Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз. Бақара 183. Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ давоми...

3600 08:45 / 21.01.2018
Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. Албатта, давоми...

3433 17:00 / 26.11.2017