1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Абу Ҳанифанинг шогирдлари

16:13 / 24.06.2024 6509 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан, уларни номма-ном зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳининг энг машҳур шогирдларидан баъзиларини эсга оламиз, холос.

1. Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий бўлиб, Абу Юсуф куняси билан машҳурдирлар. У киши Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўттиз икки йил ўтиб, вафот этганлар. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги китобларнинг муаллифидир:

1. «Китобул Осор».

Бу китобни Юсуф ўз отасидан, у киши эса Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилган. Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобийдан ёки Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи ўзлари рози бўлган тобеъиндан ривоят қилганлар.

«Китобул Осор»да тобеъинлар ва Ироқ фақиҳларининг кўпгина фатволари ҳам жамланган.

2. «Ихтилофи Ибн Абу Лайло».

Бу китобда Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи билан Қози Ибн Абу Лайло орасидаги хилофли масалалар жамланган. Муаллиф Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳининг ёнларини олган. Бу китобни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳидан у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ривоят қилганлар.

3. «Ар-Радду Ала сиярил Авзоъий».

Бу жуда ҳам пухта китоб бўлиб, унда муаллиф Авзоъийнинг уруш ҳолатида мусулмонлар билан бошқаларнинг орасидаги алоқалари ва жиҳодга тааллуқли нарсалар борасидаги ихтилофларини баён қилган. Унда ироқликларнинг фикрларига ён босилган.

4. «Китобул харож».

Бу ўта муҳим китобда Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи Ислом давлатининг молиявий ишларига собит низом тузганлар. Унда у киши ўз шайхларига хилоф қилган нарсалар ҳам зикр қилинган.

2. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи. У киши ҳижрий 132 санада туғилиб, ҳижрий 189 санада вафот этганлар. У кишига Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳидан узоқ вақт дарс олиш насиб қилмаган. Аммо Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний таҳсили илмни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида давом эттирган.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий фиқҳнинг ҳофизидир. У киши биринчи бўлиб муайян фиқҳни йиғиб, китоб шаклига келтирган олимдир. Мазкур улкан ишда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига иккинчи устозлари Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи катта ёрдам берганлар.

У кишининг таълиф қилган китоблари кўп бўлиб, улардан олтитаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Мазкур олти китоб ҳанафий фиқҳнинг асосий манбалари ҳисобланади. Уларнинг номлари қуйидагича:

1. «Китобул асл».

Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».

2. «Китобуз-зиёдот».

3. «Китобул Жомеъус-Сағир».

4. «Китобул Жомеъул Кабир».

5. «Китобус-сиярис-Сағир».

6. «Китобус-сиярил Кабир».

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг булардан бошқа китоблари ҳам бор. Шулардан иккитаси: «Китобур-Радди ала аҳли Мадина» ва «Китобул Осор» худди олдин зикр қилинган олти китоб кучига эгадир.

3. Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (ҳ. 204 йилда вафот этган).

Бу зот Асфиҳонда туғилиб, Басрада вафот этган. Аввал муҳаддислардан бўлиб, кейин фиқҳга ўтган. Қиёсда жуда ҳам моҳир бўлиб, бу борада Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари ичида энг пешқадами бўлганлар.

4. Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий (ҳ. 204 йилда вафот этган). Аввал Абу Ҳанифага ва у кишидан кейин Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳиларга шогирд бўлган. Ҳадислар ва Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳининг қавлларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб ndash ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш давоми...

6658 16:16 / 28.03.2017
Бир биродаримиз савол берибдилар .Фиқҳий мазҳабларни ўрганишнинг нима кераги бор Ўн тўрт асрдан бери шу аҳвол. Нега замонавий, янги фиқҳга ўта қолмаймиз, Бу давоми...

1786 13:17 / 10.12.2024
Мутаассиблик, мазҳабга эргашиш каби тушунчалар қаердан келган Душманлар бу йўлни ўрганиш учун жуда кўп бош қотиришди. Ниҳоят, унинг илдизи учта асосга бориб давоми...

858 18:16 / 16.12.2025
Имом Абу Ҳанифага ҳадис илми борасида қилинган таъна мавзусида гаплашамиз. Мутааххир китобларда имом Абу Ҳанифа ҳақида .ҳадиси заиф бўлган, деган ибораларга кўп давоми...

776 15:09 / 12.08.2025