1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Икки олам сарвари

13:50 / 24.03.2017 6540 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.


Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримизнинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.

Тунларни кунларга улаб, омонат ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари–сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Маълумингизким, шу кеча кундузларда бутун оламга туҳфа этиб юборилган “раҳматан лилоламин” (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган муборак рабийъулаввал ойи бошимизга соябон бўлиб турибди. Бу саодатли лаҳзалар барчаларимизни хаёлан 1400 йил ортга қайтариб, оламларга раҳмат ва марҳамат қилиб юборилган, буюклар буюги бўлмиш ҳазрати Расулуллоҳнинг туғилишлари, ул зоти муборакнинг дунёга келишлари билан бевосита боғлиқ бўлган оламшумул воқеалар, У зотнинг қандай қилиб оламни босган жаҳолат ва залолатга қарши бир ўзлари мўъжизавор тарзда курашиб, башариятни жаҳолат қоронғуликларидан маърифат нурига олиб чиққанларини беихтиёр ёдимизга солади.

Олмиш уч йил, тўғрироғи йигирма уч йил давом этган бу муборак ҳаёт замона ва тарих йўналишини буткул ўзгартириб, уни тўғри ўзанга солиб қўйди. Натижада бу ҳаёт соҳибининг сийрати дўстлар томонидан ҳам душманлар томонидан ҳам диққат билан ўрганилди. Бу ҳаёт соҳибига дўстлар ҳам душманлар ҳам мақтов сўзларини ёғдирдилар. 

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали, Раҳмоннинг ҳабиби бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигида заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, ушбу Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган муборак ҳаётнинг бирор лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилгани ҳам шубҳасиздир.

Ҳа, бу улуғ ҳаётни қанчалик эҳтимом билан ўрганилса, шунча яхши. 

Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг сулбидагилигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!

Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.


Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни, Роббил оламийн билан одамларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаёт

Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, унга эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳйи ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқеълигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан ҳеч четланмаган, оддий ота-онадан туғилиб, вояга етган камтар бир банданинг ҳаётидир.Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разолатлардан узоқда бўлган зотнинг ҳаёти экани диққатга моликдир.

Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.

Ана шундоқ — васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамаср¬лари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган.

Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди табаъа тобеъинларга қолдирганлар.  

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зоти шарифнинг суннатлари барчамиз учун катта намуна ва ибрат мактабидир. Мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот, шубҳасиз Муҳаммад – Расулуллоҳдирлар. 

Сарвари коинот Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рабиул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни, яъни 571 милодий йилда таваллуд топдилар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналарининг исми Омина бўлиб, улар Расулуллоҳнинг ёшлик вақтларида вафот этишган, боболари Абдулмутталлиб, кейинчалик амакилари Абу Толиб тарбиясида камолга етдилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бор, албатта. Ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам умматларига нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилиниб, жумладан шундай дейилган:

(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!

Абу Толиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзининг фарзандаларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан олиб юрар эди. Аллоҳнинг инояти ила у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни  қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар, у кишининг шарофатлари ила эмизган оналари Ҳалима ас-Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлганлиги ҳақида тарих китобларида баён қилинган.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик пайтларидан гўзал одоб-ахлоқда вояга етдилар. У зотнинг энг чиройли илоҳий одоб-ахлоқда тарбия топганлари ҳақида Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар бериб бундай дейди: 

яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”! 

Дарҳақиқат, олий ва гўзал хулқда бўлиш барча пайғамбарларга ва шу жумладан, охирги замон пайғамбари Ҳазрати Расули акрамга берилган илоҳий неъматлардандир.


 Рсулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари ҳақида марҳамат қилиб: 

яъни: “Мени Парвардигорим тарбия қилди ва тарбиямни мукаммал этиб гўзал қилди”, деб айтганлар.

У зоти шариф қирқ ёшга етганларида Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали пайғамбарлик рисолатини юборди ва Ўзининг муборак каломини йигирма уч йил давомида нозил қилди. Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги ва охирги ҳақ пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни охирги замон пайғамбари ва динларнинг ниҳояси ва мукаммали Ислом динини юбориш ила қиёмат кунига қадар пайғамбарликка хотима ясади. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай дейди:

яъни: “Бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим”. 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг баъзи шамоиллари 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли – новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас; тиниқ рангли – ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас; (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар. 

Қирқ ёшларида у зотга (ваҳий) нозил этилди. Бас, Маккада ўн йил (ваҳий) нозил бўлиб турди. Мадийнада ўн йил. Ул зот қабз қилинганларида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди».

Анас розияллоҳу анҳунинг гапларига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма йил ваҳий тушганга ўхшаб кўринади. Аслида эса, йигирма уч йил. Бу ерда сўз набийликни одамларга етказиш ҳақида кетмоқда. Ана ўша таклиф Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтдан уч йилдан сўнг, у зот қирқ уч ёшга тўлганларида бўлган экан. Биринчи уч йилдаги даъват яширин равишда бўлган. 

Демак, Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтидан вафотларигача бўлган муддатни эмас, балки, набийлик таклифларини одамларга етказиш ҳақидаги амрдан вафотларигача бўлган муддатни қайд қилганлар. 

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп бўлиб, елкаларига тушиб турадиган киши эдилар. Устиларида қизил рангли кийим бўларди. Ҳеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ нарсани кўрмаганман».

Баро розияллоҳу анҳу васф қилаётган қизил рангли кийимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда киймаганлар. Асосан байрам кунларида кийганлар. Шунда ҳам мазкур қизил кийим тмм қизил рангда бўлмаган. Балки,  унинг бошқа рангдаги ҳошияси ҳам бўлган. Набий (алайҳиссалом)нинг Кўпроқ оқ рангли кийим кийганлари маълум ва машҳурдир. 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?» – деб сўралди. «Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди», – деди у».(Бухорий ва Термизий ривояти). 

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», – деди. Унга:

«Ул зотни кўрганингда қандай эдилар?» – дейилди.

«Хушрўй оқ, мўътадил қоматли эдилар», – деди у».(Муслим ва Абу Довуд ривояти). Унинг бир лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ул зот хушрўй оқ бўлиб, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», дейилган».

Абу Туфайл розияллоҳу анҳунинг «ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деганларининг ўз маъноси бор. Мана шу гапни айтаётган пайтларида саҳобаи киромлардан тирик қолган шахс фақат шу киши эди. Абу Туфайл розияллоҳу анҳу юзинчи ҳижрий санада вафот этганлар. 

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонларининг гўшти оз эди».(Муслим ва Термизий ривояти)



Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл-оёқлари катта, бошлари катта бошлардек катта, кўкрак жунлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан, худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. Ул зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим».( Термизий ривояти)

Али розияллоҳу анҳу қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилса:

«Жуда новча ҳам, жуда паст бўйли ҳам эмасдилар. Қавм ичида ўртача эдилар. (Сочлари) ўта жингалак ҳам, ўта текис ҳам эмас эди. Баданларида ҳам, юзларида ҳам гўштлари кўп эмас эди. Думалоқ юзли эдилар. Ранглари қизғиш оқ эди. Юрсалар, пастликка тушиб кетаётгандек юрар эдилар. Бурилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисмлари билан бурилар эдилар. 

Икки кураклари орасида муҳри нубувват бор эди. У Набийларнинг муҳридир. 

Одамларнинг энг қўли очиғи, энг кўнгли очиғи эдилар. 

Одамларнинг энг ростгўйи, энг ювоши, энг муомаласи осони эдилар. 

Биринчи бор кўрган одам у зотдан ҳайбатланиб, ҳайиқар эди. Ул зотга аралашиб, танишган одам муҳаббат қилиб қолар эди. Ул зотни васф қилувчи: «У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим», дер эди».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан кўра гўзалроқ нарсани кўрмаганман. Худди ер у зотга ўралиб келаётганга ўхшар эди. Биз ўзимизни қийнаб юрамиз. Ул зот эса, бемалол юрардилар».


Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳидларининг муаттарлиги

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ бўлган бирон: анбарни ҳам, мискни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ҳидлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра юмшоқроқ бўлган: дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ушлаган эмасман».

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидлари дунёдаги барча нарсадан хушбўй бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юмшоқликлари дунёдаги барча нарсадан юмшоқ бўлган.


Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаво исиган пайтда Батҳога чиқдилар ва таҳорат қилиб, намоз ўқидилар. Сўнгра одамлар туриб, у зотнинг қўлларини ушлаб юзларига сурта бошладилар. Мен ҳам у зотнинг қўлларини тутиб юзимга босдим. Қўллари муздан ҳам совуқ ва ҳидлари мискдан хушбўй эди».

Бу ерда муздан ҳам совуқ деганда ёқимлилик назарда тутилган. Зеро, обҳавоси ўта иссиқ ўлкалар адабиётида совуқлик маъносини англатувчи бард деган сўз, ёқимлилик маъносини ҳам англатади.    


Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешин намозини ўқидим. Сўнгра у зот аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. Ул зотни болачалар қаршилаб чиқишди. Бас, у зот бирма-бир уларнинг юзларини силай бошладилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва атторнинг халтасидан чиқарганда қўлида бўладиган хушбўйликни топдим».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кириб кундузги уйқуга ётдилар. Ул зот терлай бошладилар. Шунда онам бир идиш олиб келиб, терни қўли билан сидириб, унга тўплай бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб:

«Эй Умму Сулайм, нима қилмоқдасан?» – дедилар. 

«Бу сизнинг терингиз. Биз уни ўз хушбўйимизга қўшамиз. У энг яхши хушбўйдир»,–деди».(Муслим ривоят қилган). 


Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг каломлари

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз сўзларини шошилмасдан, дона-дона қилиб гапирар эдилар. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи раҳнамолар ёки файласуфлардан фарқли ўлароқ сўзларини мавҳумлик либосига буркамасдан, англаш қийин бўлган сўзларни ишлатмасдан: оддий ва содда қилиб, тушунрли сўзларни ишлатиб гапирар эдилар. Нутқларида атайин сўзни зийнатлаш, жимжимадор гапириш, лабни учириб, тантанавор сўзлаш ва ўз сўзига маҳлиё бўлиш каби иллатлардан йироқ эдилар. Шу билан бирга Ул зотнинг сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, балки, Аллоҳ таоло айтганидек, ул зотга билдирилган илоҳий ваҳийдан иборат эди. Аллоҳ таоло ул зотга сўз хазиналаридан жавомиъул-калим, фавотиҳул-калим ва хавотимул-калим деб аталмиш: оз сўз билан кўп маъноларни ифода этувчи, нутқни чиройли очувчи, гўзал хотималагувчи сўзлардан ато этган эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлаганларида асҳоблари худди бошларига қуш қўнгандек тавозеъ билан жим турардилар. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи саллам) бировнинг сўзини асло бўлмас эдилар. Фақат ҳузурларида сўзлаётган одам чегарадан чиқиб кетсагина ўрниларидан туришлик, ёки мункар сўздан қайтаришлик билан сўзини бўлардилар. 


Ҳасан ибн Али (розияллоҳу анҳу) айтади: Мен отамдан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўз ҳамсуҳбатлари билан қиладиган муомалаларидаги сийратлари ҳақида сўрадим. Отам шундай дедилар:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) доимо кулиб турадиган, яхши хулқли, юмшоқ табиатли киши эдилар. У киши асло қўпол эмас, ғализ эмас, бақир-чақир қилувчи эмас, фаҳш сўзларни гапирувчи эмас, одамларни айблаб юрадиган эмас ва қизғончиқ эмасдилар. Ўзларига ёқмаган нарсани кўрмаганга олардилар(яъни масалан ўзларига бирон таом ёқмаса, уни танқид қилмас, балки, эътибор қилмасдилар). Ул зотдан бирон нарса умид қилган одам ҳаргиз умидсиз бўлмасди. Ўзларини уч нарсадан тийган эдилар: У нарсалар: талашибтортишиш, кўп гапириш ва ўзларига фойдаси тегмайдиган ва алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланиш. Ўзгаларга қилган муомалалрида ҳам уч нарсани тарк қилган эдилар: У киши ҳеч кимни ёмонлаб, айбламасдилар, ҳеч кимнинг нозик жойини истаб юрмасдилар. Шунингдек фақат савоби умид қилинадиган сўзлардан гапирардилар. 

Ул зот сўзлашни бошлаганларида ҳамроҳлари бамисоли бошларига қуш қўнган каби пастга қараб, сукут қилардилар. Сўзларини тугатганларидан кейингина  улар гапирардилар. Ул зот ҳузурида тортишмасдилар. Агар бирон киши ул зот ҳузурида сўзласа уни ҳам жим бўлиб эшитардилар. Асҳобларини кулдирадиган нарсалар у кишини ҳам кулдирарди, улар нимадан ажабланишса, ул зот ҳам ўша нарсалардан ажабланардилар (яъни ўзларини эл қатори тутувчи камтар киши бўлганлар дейимоқчи). Бирон бир ажнабий киши (масалан бадавий араблар) келиб қолса, уларнинг муомаласи ва савол сўрашидаги қўполлигига сабр қилардилар (сабр билан жавоб бердилар). Ҳаттоки, асҳоблари ўшандай (беадаб) аъробийлар келиб, Ул зотдан савол сўрашини орзу қилардилар (чунки, саҳобаи киромлар Набий (алайҳиссалом)ни шу қадар ҳурматлаб, у кишидан ҳайбатланганларидан кўнгилларига келган ҳамма нарсадан савол беришга журъат қила олмасдилар. Аъробийлар эса бу масалада уялиб ўтиришмаган, балки, оғзиларига келган нарсани айтаверишган). Шунингдек, ул зот (алайҳиссалом) шундай дер эдилар: “Қачонки, бирон ёрдамга муҳтож кимсани кўрсангиз дарров ёрдам беринг!”. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ўзлари мурувват қилмаган одамдан асло мақтов қабул қилмас эдилар. То чегарадан чиқмагунча бирон кимсанинг сўзини бўлмасдилар. Чегарадан чиққач, ё ўрниларидан туриш орқали ёки наҳий қилиш билан сўзини тўхтатардилар ”. 


Ул зотнинг зуҳдлари ҳақида ворид бўлган хабарлар

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг дунёдан энг кўп беҳожат бўлганларидан, охиратдан эса энг кўп умидвор бўлганларидан эдилар. Аллоҳ таоло ул зотни подшоҳ пайғамбар ёки банда пайғамбар бўлиш ўртасида ихтиёрли этди. Ул зот оддий банда пайғамбар бўлишни ихтиёр этдилар. Аллоҳ таоло ул зотни дунёда истаганча яшаш имконияти билан Аллоҳ ҳузурига бориш ўртасида мухайяр этди. Ул зот Аллоҳ ҳузуридаги нарсани танладилар. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: Бир куни Набий (алайҳиссалом) ҳузурига кирсам ул зот бўйра билан тўшалган ётоқда эдилар, бошлари остида эса ичига хурмо дарахтининг толаси тиқилган, теридан қилинган ёстиқ бор эди. Кетимдан ул зот ҳузурига асҳобларидан бирнеча киши ҳамда Умар ҳам кириб келди. Набий (алайҳиссалом) дарҳол ўрниларидан қалқдилар. Умар кўрдики, Набий (алайҳиссалом)нинг муборак баданлари билан ётоқдаги бўйра орасида бирон тўшак ёки мато йўқ эди. Бўйра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жасадларида из қолдирган эди. Буни кўриб, Умар йиғлаб юборди. Набий (соллаллоҳу алайҳиссалом): “Неа йиғлаяпсан, эй Умар”, дедилар. У эса: “Аллоҳга қасамки, Ё Расулаллоҳ, Сиз Аллоҳ наздида кисро ва қайсар (яъни цезар)дан кўра ҳурматлироқ эканлигингизни билмаганимда (бу ҳолатдан) йиғламас эдим. Ҳолбуки, кисро билан қайсар молу дунё ичида ўйнаб-кулиб юришибди. Сиз эса Ё Расулаллоҳ, кўриб турганим мана бу аҳволдасиз!”, деди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Умар, дунё уларники бўлиб, охират бизники бўлишига розимасмисан”, дедилар. Умар: “Албатта розиман”, деди. Набий (алайҳиссалом) эса: “Дарҳақиқат шундай бўлур”, дедилар. (Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).  


Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўриш

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни севиш иймон аломатидир. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башарият нажоти учун ўз ҳаётини бағишлаган, уммат роҳати учун йиллар давомида ўз роҳатидан воз кечган зотдирлар. Аллоҳ таоло ул зотга: “Эй кийимларига бурканиб олган киши, Тур ва огоҳлантир!”, дея амр қилган кунидан эътиборан рисолатр юкини елкаларига олиб, умрларининг сўнгига қадар дам олмадилар. У киши туфайли Аллоҳ таоло бизларни Ислому иймон неъмати билан сийлади. У киши туфайли жаҳолатни маърифатдан, залолатни ҳидоятдан ажратадиган бўлдик. У киши туфайли башарият жаннат билан дўзах йўлини билиб олди. Ул зот умматларини яхши кўрганлар, умматларига ўта меҳрибон бўлганлар. Умрларининг сўнги лаҳзаларида ҳам уммат ғамини чекканлар. Ҳатто, “Умматим, умматим!”, дея жон таслим қилганлар. Шу боис ҳам Расулуллоҳни севиш, у кишига эргашиш биз умматларга ҳам қарз, ҳам фарздир. 


Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: 

яъни: “Айтинг (эй,  Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. (سورة ال عمران/31-32)


Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилдилар: 

Яъни: “Биронтангиз, токи Мен унинг учун, ўз боласидан ҳам, ота-онасидан ҳам ва жамики инсонлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча мўмин бўлолмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти). 

 Ислом тарихида биринчи бўлиб Мисрда Фотимийлар Мавлиди набийни кенг нишонлашни бошлашган эди. Бу ҳақда машҳур тарихчи олим Ибн Асир ўзининг “Ал Комил” китобида хабар берган. Ҳижрий еттинчи асрда Муҳиддин ибн Арабий ва бошқалар Мавлиди набий ҳақида китоблар  ёзишди.

Юртимизда ҳам мўмин-мусулмонлар Имом Барзанжийнинг “Мавлиди Набий” номли китобидан ўқиб, у зотнинг сийрат ва шакли шамоилларидан яхши хабардор бўлиб келмоқдалар. Зеро, у зотнинг сийратларини билиш, амалларидан хабардор бўлиш – кишига фақатгина  манфаат етказади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бутун инсониятга тинчлик ва яхшилик Пайғамбари бўлиб келганларини англатади. 


Буюк олим, шайх Муҳаммад Фозил ибн Ошур Имом Суютий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайтамийларнинг фикрларига асосланиб, Мавлиди набийни нишонлаш шаръан жоизлигини айтади. Зеро,  уларнинг фикрлари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига асосланган эди:

яъни: “...уларга Аллоҳнинг кунларини (ўтмиш воқеаларини ёки неъматларини) эслатгин!...”

Имом Насоий, Аҳмад, Байҳақийлар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда: “ Саҳобайи киромлар Расулуллоҳдан душанба кунида  рўза тутиш ҳақида сўраганларида Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар:

яъни: “Шу кунда мен таваллуд топдим, шу кунда менга пайғамбарлик юборилди ёки шу кунда менга ваҳий нозил бўлди”. 

Шунга кўра, барча мўмин-мусулмонлар муборак Мавлиди шариф кунига мувофиқ келиши муносабати билан бўладиган ажру мукофотларни умид қиладилар. Зеро, дуо ва амаллар илоҳий бир муборак  вақтга тўғри келиб қолиши натижасида ижобат бўлишидан умид қиламиз. Шунинг учун ҳам бу кунда Мавлиди набийни нишонлаш орқали Аллоҳ таолонинг буюк неъмати саналган Ҳазрати Пайғамбаримизнинг умматлари бўлиш  ва шариатларига эргашиш шарафига муяссар этганига шукр ва ҳамд айтишимиз керак бўлади.

Демак, Мавлиди шарифни нишонлаш орқали вужудга келадиган кўплаб ижобий фойдалардан баҳраманд бўлган ҳолда барчаларимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ҳаёт йўлларини, суннатларини ўқиб-ўрганиш ва эшитиш билан бир қаторда, бутун оламларга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳнинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозим. 

Мустақил ва азиз юртимиз тараққиёти ва ободлиги, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда, барча оилалар мустаҳкам ва фаровон бўлишида, севимли фарзандларимиз ҳар томонлама баркамол тарбия топишларида Жаноби Пайғамбаримизнинг йўл-йўриқлари, гўзал одоб-ахлоқлари  ва сийрати шарифалари ҳамиша илҳом бериши ва руҳлантириб туриши керак. 

Ҳақ таоло барчамизни икки олам сарвари Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлишга муяссар этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!


Одилхон қори Юнусхон ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Одамни яратгандан сўнг унга турли нозу неъматларни ато этиб, мана шу неъматларнинг шукрини қилишликка буюриб, исрофгарчиликдан қайтарди.Барча ақли давоми...

5049 10:10 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло инсонларни ҳаётий дунёда тўлатўкис ҳаёт кечиришлари ва шунинг сабабидан охиратини ҳам обод қилишлари учун барча шартшароитларни мукаммал давоми...

3629 14:42 / 22.04.2017
Аҳмад Ҳодий Мақсудий роҳматуллоҳи алайҳнинг Муаллимус сонийrdquo номли асарида бошланғич ўқувчилар учун иймон калималариrdquo алоҳида баён қилинган. Мазкур давоми...

39566 16:48 / 27.03.2017
Дуо ndash ибодат турларидан бири бўлиб, инсон руҳига қўшиб яратилгандир. Қийинчилик вақтида ўзўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо давоми...

11230 10:11 / 24.03.2017