1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Рукуъдан бош кўтариш ва ҳамд айтиш

05:00 / 09.01.2017 7358 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эдик. Қачонки, бошларини рукуъдан кўтарганларида: 

«Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дедилар. Бас, ортларидан бир киши: 

«Роббана ва лакал ҳамду, ҳамдан касийрон тоййибам мубарокан фийҳ» деди. Ўгирилганларидан кейин у зот: 

«Гапирган ким?» дедилар. ҳалиги одам: 

«Мен», деди. У зот: 

«Ўттиздан ортиқ фаришта уни қайси бирлари олдин ёзиш учун шошилаётганларини кўрдим», дедилар». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийи Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: 

Рифоъа ибн Рофеъ ибн Молик ибн Ажалон Ансорий аз-Зурқий, куниялари Абу Муоз, оналари Убай ибн Салул исмли мунофиқни синглиси Умму Моликдир.

Уҳуд, Хандақ, Ризвон байъати ва бундан ташқари ҳамма маъракаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан иштирок этган. 

Жамал, Сиффин урушларида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан иштирок этган улуғ саҳобалардан эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 24 та ҳадис ривоят қилганлар. Абу Бакр ва Убода ибн Сомитлардан ҳам ривоят қилганлар. 

У кишидан ўғиллари Убайд, Муоз, иниларининг ўғли Яҳё ибн Халлод, Зирор ибн Сард ва бошқалар ривоят қилишган. 

Бу киши ривоят қилган ҳадислардан баъзиларини машҳур учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Бу зот ҳижратнинг 41 санасида вафот этдилар.

«Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»

Ким ҳамд айтса, Аллоҳ уни эшитади, дегани.

«Роббана ва лакал ҳамду, ҳамдан касийрон тоййибам мубарокан фийҳи»

«Эй, Роббимиз, Сенга ҳамд бўлсин. Кўп ва баракали ҳамд бўлсин» дегани.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Рукуъдан бош кўтарганда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деб айтиш кераклиги.

2. Унинг орқасида «Роббана ва лакал ҳамд» дейишлик. Чунки мазкур одамнинг айтганини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқладилар.

3. Маъқул ва мақтовли иш қилган одамнинг иши ҳақида ўзига хабар беришлик.

4. Катаба – амалларни ёзувчи фаришталардан бошқа фаришталар алоҳида мақтовга сазовор нарсаларни ёзиб олишга мусобақалашиб туришлари.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» десалар, кейин «Аллоҳумма Роббана ва лакал ҳамд», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу сийғани жумҳур қабул қилган.


Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон имом: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, бас, сизлар: «Аллоҳумма Роббана ва лакал ҳамд» денглар. Чунки кимнинг айтгани фаришталарнинг айтганига мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, имомдан кейин фаришталар ҳам ҳамд айтар эканлар. Уларнинг ўша ҳамдига намозхонларнинг ҳамди тўғри келганида ўтган гуноҳлари мағфират қилинар экан. Шунинг учун бу дуони ҳеч тарк қилмай айтиб туриш керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ибн Умар розияллоҳу анҳу совуқ ва шамолли кечада намозга азон айтди. Сўнгра .Огоҳ бўлинглар Ўз жойларингизда намоз давоми...

5052 05:00 / 09.01.2017
Жуҳайналик бир кишидан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдод намозида .Иза зулзилатил Арзу, сурасини икки ракатда ҳам ўқиганларини давоми...

5221 05:00 / 09.01.2017
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Намозда гаплашар эдик. Бир одам намозда ёнида турган шеригига гапираверар эди. Токи .Аллоҳ учун тоат ила жим давоми...

5102 05:00 / 09.01.2017
Намознинг аҳамиятини билиб, фарзандларингиздан узоқда бўлсангиз, бу ҳолатда мулойимлик билан намоз вақти кирганини эслатиб қўнғироқ ёки хабар юборсангиз давоми...

3844 17:00 / 17.08.2022