1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозхон олдидан ўтган гуноҳкорни даф қилишга ҳақли

05:00 / 09.01.2017 4286 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирқ…гача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар.
Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой, ёхуд йил, дедими билмай қолдим», деди
». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ривоятда исми келган Абу Назр ушбу ҳадисни ривоят қилувчилардан биридир. У киши ўзларига ушбу ҳадисни айтиб берган Буср ибн Саъид раҳматуллоҳи алайҳ қирқ кун, дедиларми, қирқ ой, қирқ йил, дедиларми билмай қолган эканлар. Ана ўша омонатга хиёнат қилмай, қандай бўлса, шундай ҳолида ривоят қилар эканлар.

Бу ҳадиси шарифда намоз ўқувчининг олдидан ўтиш қанчалар қаттиқ гуноҳ эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Агар, ўша намоз ўқувчининг олдини кесиб ўтувчи, ўзига бу ишидан қанчалар гуноҳ бўлишини билса, қирқ йилгача қимирламай кутишга ҳам рози бўлар экан.

Демак, эътиборсиз бўлмай, намоз ўқиётган одамнинг олдини ҳеч қачон кесиб ўтмасликка ҳаракат қилишимиз зарур.


Термизий ва Ибн ҳиббонлар қилган ривоятда: 

«Албатта, сиздан бирингизнинг юз йил тўхтаб турмоғи, унинг учун намоз ўқиётган биродари олдидан ўтишидан кўра яхшидир», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоят аввалги ривоятдаги қирқ, қирқ кун ёки ой эмас, қирқ йил эканини тасдиқлайди.


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ўзини одамлардан тўсиб турадиган нарсага қараб намоз ўқиса-ю, биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, бас, уни даф қилсин. Агар кўнмаса, уришсин. Ундоқ одам шайтондир», дедилар
». 

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг бу ҳадисларининг машҳур бўлишига бир ҳодиса сабаб бўлган.

Бу ҳақда Имом Бухорий Абу Солиҳ ас-Саммондан қуйидагиларни ривоят қиладилар: 

«Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳуни жума куни ўзини одамлардан тўсадиган нарсага қараб намоз ўқиётганини кўрдим. Бас, Бани Абу Муъайтлик бир йигит унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саъид унинг кўкрагидан даф қилди. Йигит назар қилиб, Абу Саъиднинг олдидан бош¬қа ўтадиган жой топа олмади-да, қайтадан яна ўтишга ҳаракат қилди. Бас, Абу Саъид уни аввалгидан кўра қаттиқроқ даф қилди. Шунда йигит Абу Саъидни сўкди ва Марвоннинг олдига кириб шикоят қилди. Абу Саъид ҳам унинг ортидан Марвоннинг олдига кирди. Бас, у: 

«Сен билан биродарингнинг ўғлига нима бўлди, эй Абу Саъид?» деди. Шунда Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадисни айтдилар.

Марвон деганлари Умавийларнинг бошлиқларидан бўлиб, Марвон ибн ҳакам номи билан машҳур. У халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг отасидир. Маълум вақт у Мадинаи Мунавварага амир бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида у саккиз ёшда эди. 

Марвон ибн ҳакам олтмиш уч ёшида, Дамашқ шаҳрида, 65 ҳижрий санада вафот этган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Намоз ўқийдиган одам сутрага қараб намоз ўқиши кераклиги.

2. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтиш керак эмаслиги.

3. Намоз ўқиётган одам ўз олдидан ўтмоқчи бўлган кишини қайтариши зарурлиги. Қайтариш қўл билан уни даф қилиш орқали бўлади.

4. Агар шунда ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтариш зарурлиги.

5. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан огоҳлантиришига ҳам қарамай, ўтишга ҳаракат қилган одам шайтонга тенглиги.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, намоз ўқувчилар олдидан ўтмаслигимиз, ўзимиз намоз ўқиётган пайтимизда олдимиздан ўтмоқчи бўлганларни қайтармоғимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир кекса аёлдан фарзандларининг салоҳияти, уларнинг муваффақиятлари ва отаоналарига кучли эҳтироми сабабини сўрашганда, шундай жавоб берган экан .Аллоҳнинг давоми...

6478 11:00 / 14.01.2023
Мен бу ерда ушбу буюк диннинг аниқ кўзга ташланиб турган ҳақиқатларини эслаб ўтишимга эҳтиёж бор деб ўйламайман. Лекин бу асрга келиб одамлар ажойиб ва ғаройиб давоми...

8399 08:53 / 18.12.2017
.Аркон, кўплик сийғасидаги сўз бўлиб, унинг бирлиги рукндир. .Рукн, луғатда бурчак маъносини англатади. Худди бурчак уйдаги асосий нарсалардан бўлганидек, рукн ҳам давоми...

4726 09:42 / 16.01.2025
7дарс10МатнСўнгра у зот алайҳиссалом Китобнинг Фотиҳасини ва унга қўшиб бир сурани ёки хоҳлаган сурадан уч оятни ўқир эдилар.10Матнинг далиллари۱ 1. Абу Ҳурайра давоми...

4123 05:00 / 09.01.2017