1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»

02:30 / 19.03.2017 5103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: 

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 «Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар. 

«Тўғри айтдинг», деди у. 

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. 

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар. 

«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва: 

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. 

Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен анча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: 

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингизни ўргатгани келибди», дедилар».

Яна бир ривоятда: 

«У (яъни, қиёмат соати) Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уни қайтаринглар», дедилар. 

Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф инсон сўзи васфига ожиз бўлган улкан ҳақиқатларни ўз ичига олган. Чунки унда Ислом, иймон, эҳсоннинг нима экани, Қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда.

Бу ҳадисда диний таълим беришда амалий кўргазмали дарс кўриниши баён қилинмоқда. Имом Муслим Аммор ибн ал-Қаъқоъдан ривоят қилишларича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу лайҳи васаллам саҳобалар ичида ўтириб:

«Мендан сўрайдиган нарсангизни сўраб олинглар», дедилар. Одамларни ҳайбат босиб, бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда ҳадисда васф қилинган, оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва васф қилинган ҳайъатда ўтириб олиб, ҳамма учун ўта муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берувчининг «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деган саволига жавобан:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар».

Демак, унинг Ислом ҳақидаги саволига жавобан биринчи ҳадисда келган нарсаларни зикр қилганлар. Фақат рўза билан ҳажнинг ўрни алмашиб, ҳаж бешинчи бўлиб зикр қилинган.

Сўровчининг 

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», деб жавоб бердилар. 

Бу савол иймоннинг шаръий маъносида, яъни шариат бўйича «Иймон деб нимага айтилади?» маъносидаги саволдир.

Жавобда эса шариат бўйича иймоннинг бош масалалари бўлган нарсалар умумий кўринишда айтилмоқда.

«Аллоҳга иймон келтириш» дейилгани умумий гапдир. Лекин шариатга кўра, «Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У Зотнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлиги, азалийлиги ва абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириш керак.

Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига ҳам иймон келтириш лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши лозим. Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши керак. Бу ишда бировга тақлид қилиш билан иш битмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ушбу масалаларни ақийда илмини биладиган тақводор уламолардан ўрганиб олмоғи зарур. Иложи бўлса, ақийда китобларидан бирортасини ўрганиш, мухтасар матнлардан бирини ёдлаб олиш лозим.

Савол берувчининг учинчи саволи: 

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», дейиш бўлди. «Эҳсон» луғатда «яхшилик, гўзал иш» маъносини англатади. Унинг бу ҳадисдаги маъноси эса, уламоларнинг айтишларича, «ихлос» маъносидадир. Жавобда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оз иборалар билан кўп маънони ифода эта олиш қобилиятларини кўрсатдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсон таърифида: 

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзининг маъносини батафсил англаб олмоғимиз лозим. Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардир. Лекин ибодат маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди. Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, «қуллик қилди – қул бўлди» маъносини билдиради. Абдуллоҳ Аллоҳнинг қули, деганидир. Демак, ибодат қуллик қилиш маъносидадир. Бу маъно форсчасига «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинади-ю, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилаётганида Аллоҳни кўриб тургандек бўлишга ҳаракат қилиши лозим-у, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида Аллоҳ мени кўриб турибди, деб тасаввур қилиши кераг-у, бошқа вақтларда кўрмаяпти, деб, ўз билганини қилавериши керакми?

Йўқ, асло ундай эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги-қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳнинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётгани ҳам, иложини қила олмай, ҳаждан қолгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Гап фақат ўша банда томонидан ўзининг бандалигини тан олишида! Яъни, «Аллоҳнинг қулиман» деган одамнинг Аллоҳга қуллик қилишида! Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳнинг айтганини қилиб яшашида! Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган киши хўжайиннинг айтганларини қилмаса, хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишига тўғри келади. Аллоҳга қул бўлгандан кейин ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар. Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳга, касби-кор пайтида эса молу дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳга, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади. Ҳаж пайтида Аллоҳга, бошқа пайтда эса турли урф-одатларга ёки бошқа нарсаларга қуллик қилади.

Юқорида ўтган уч ўта муҳим саволдан кейин сўровчининг «Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», дейиши, қиёмат кунига бўлган иймон ҳам ғоятда зарур эканини кўрсатиб турибди. Шу билан бирга, одамлар орасида, айниқса, қиёматга ишонмовчилар орасида учрайдиган «қиёмат соати» ҳақидаги саволга узил-кесил жавоб беришни тақозо қилмоқда.

Дарҳақиқат, қиёмат соати қачон экани ҳақидаги савол қадимда ҳам бериларди, ҳозирда ҳам тез-тез такрорланиб турибди. Айни вақтда ушбу савол сохта башоратчилар билан ҳақиқий Пайғамбарлар орасидаги фарқни аниқлаб берадиган савол ҳамдир. Сохта башоратчилар ўз атрофидаги жоҳилларнинг кўтар-кўтарига берилиб кетиб, кўпинча қиёмат куни ва соатини олдиндан белгилаб қўйиб, шарманда бўлганлар ва бўлмоқдалар.

«Қиёмат соати қачон бўлади?» деган саволга бирдан-бир тўғри жавоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда берган жавобларидир. Бу жавоб жуда содда ва ўта камтарона жавобдир.

«Сўралувчи у ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас». 

Яъни, сен бу нарсани билмай, мендан сўраяпсан, аммо мен ҳам сен каби қиёмат соатини билмайман. Сўровчи аввалги саволларнинг жавобини билиб туриб сўраган. Шунинг учун ҳам жавобни эшитгандан сўнг «Тўғри айтдинг!» деб тасдиқлаган. Аммо қиёмат соати қачон бўлишини билмай туриб сўраган. Сўралган одам ҳам жавоб бера олмаслигини билган.

Ушбу мақомда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари алоҳида намоён бўлмоқда. Ўзларига эргашган, у зотни инсониятнинг энг афзали деб билган ва Аллоҳнинг Расули, деб чин ихлос қилган кишилар ҳузурида бегона одамнинг саволига очиқчасига «билмайман», деб жавоб бермоқдалар. Ўзларининг ҳадларини очиқ тан олмоқдалар. Ҳозирги кунимизда баъзи бир кишилар ўзларининг билмаган нарсаларини биладигандек кўрсатиш учун турли ҳийла-найранглар қиладилар, ёлғон-яшиқ гапирадилар. Аслида эса бу ишлари ўз камчиликларининг боши эканини тушунишни ҳам хоҳламайдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларига тегишли нарсага очиқ-ойдин жавоб берганлар. Билмайдиган нарсаларини ҳам очиқ-ойдин «билмайман» деб айтганлар. Чунки мутлақ ҳамма нарсани билиш Аллоҳ таолога хос. Бир қанча нарсалар борки, уларни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ўша нарсалардан бири қиёмат соатининг қачон бўлишидир. Шунинг учун ҳам Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда юқоридаги саволга жавоб бера туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«У (яъни, қиёмат соати) Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор...» оятини тиловат қилдилар. 

Яъни, бу масала фақат Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ишлардан бири эканини баён қилдилар ва унга оятдан далил келтирдилар. Ушбу нарса ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг ҳақиқий пайғамбари – элчиси эканликларига ёрқин далилдир. У киши Аллоҳ билдирган нарсаларни умматларига етказганлар, билдирмаган нарсаларни «Билмайман», деб айтганлар. Фақат сохта даъвогарларгина ҳамма нарсани биламан, деб чиранадилар.

Ҳа, қиёмат соати қачон бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Агар биров билиши мумкин бўлганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қиёматнинг аломатларини билдирган. Шунинг учун ҳам сўровчи: 

«Унинг аломатларидан хабар бер», деганида қиёмат соати яқинлашганига аломат бўлувчи нарсалардан иккитасини зикр қилиб: 

«Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. 

Ушбу ҳадиснинг икки хил ривоятида «Чўри ўз хожасини» деган жумлада саййидини ва саййидасини, деб, икки жинсга ишорат бўлган экан. Демак, чўри аёлнинг ўғли ёки қизи унинг ўзига хўжайин бўлишини кўрасиз, шу нарсалар юзага чиқади, деганлар.

«Чўри ўз хожасини туғиши» деган гапни қандай тушуниш керак, деган масалада уламоларимиз бир неча хил фикр айтганлар. Шу фикрлардан бирида: «Бунинг маъноси болалар орасида оқпадарлик, онабезорилик кўпайиб кетиб, ўғил-қизлар ўз оналарини беҳурмат қилиб, худди чўриларга муомала қилгандек муомалада бўлишларига ишорадир», деганлар. Аллоҳ таоло уларни раҳмат қилсин, худди ҳозирги кунни назарда тутиб гапирганга ўхшайдилар. Агар шу маънони оладиган бўлсак, қиёмат қоимнинг яна бир аломати юзага чиқиб, унинг қоим бўлиши яқинлашганини англаймиз.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган қиёматнинг иккинчи аломати ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларидир. Қадимги уламоларимиз мазкур саҳро аҳли – уй нималигини билмай, чодирда яшаб юрган одамлар ҳақида «Улар аҳвол ўзгариши билан уй-жойга эга бўлиб, фахр учун бир-бирларидан ҳашаматлироқ уй қуришга уриниб кетадилар», деб айтганлар. Бунга ўз замонларидан мисол келтирганлар. Аммо ҳозирги бизнинг замонимизда, айниқса, Арабистон ярим оролининг турли жойларида мазкур васфга эга бўлганлар ва уларнинг авлодлари ҳашамга, зебу зийнатга, ном чиқаришга, хусусан, уй қуришга берилганларини кўрсалар, қиёмат қоим бўлишига жуда оз қолибди, дейишлари турган гап эди. Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни айтган вақтларида бундай гаплар йўқ эди, кейин пайдо бўлди. Бу ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларига ёрқин далилдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб .Буни ким яратди Уни ким яратди, дейди. Ҳатто .Роббингни давоми...

3902 01:51 / 08.05.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. давоми...

3433 09:10 / 30.08.2017
. ,. . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир набийнинг умматига қилган дуоси давоми...

1562 11:57 / 29.06.2019
Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳнинг важҳини истаб ҳижрат қилдик. Ажримиз эса давоми...

4038 07:15 / 03.08.2018
Аудиолар

135348 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55598 14:35 / 11.08.2021