1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

ДУОЛАР КИТОБИ

14:02 / 15.03.2017 146045 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсонда қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам инсон Аллоҳга илтижо қилиб келади. Инсон ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган. «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» («Ғофир» сураси, 60-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ дуони ибодат, деб атаган. Кимки ундан кибр билан юз ўгирса, Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган. Дуо кўпгина касалликларнинг давосидур. Инсон табиати шундайки, ўзининг қалбидаги дарду ҳасратини энг яқин дўстига тўкиб солиб, ўзининг қайғу-аламини енгиллатгиси келади.
Руҳий касаллик табибларининг таъкидлашича, кўпгина асабий, руҳий аламларнинг тузалиши, шу аламларнинг сабабини бир яқин ёр-дўстга ошкор қилиш билан бўлар экан. Бу нарсани бировга айтмай, яшириб юрилса, дард зиёда бўлар экан. Агар инсон ўз қайғусини парвардигорига айтса-чи, ундан ёрдам сўраса-чи? Албатта, бу вақтда унинг қалби осойишталик билан тўлади, қайғу-аламлари кўтарилади. Чунки иймони унга Аллоҳ сен билан бирга, ундан бир нарсани сўрасанг, албатта, сўраганингни беради, деб турибди. Қуръон бу ҳақда «Бақара» сурасининг 186-оятида шундай дейди: «Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар».
Ислом талаб қилаётган дуо ҳаммавақт: хурсандчилик вақтида ҳам, хафачилик вақтида ҳам керак. Чунки инсон доимо ўз парвардигорини эслаб, ибодатини қилиб бориши керак. Инсон ўз-ўзидан қийинчилик вақтларида Аллоҳга илтижо қилади, лекин Аллоҳ унинг мушкулини осонлаштириши билан Аллоҳни эсдан чиқариб, ўз қуввати билан ғурурланади. Бу эса ўз навбатида Аллоҳнинг буйруқларидан бўйин товлаш ва фасод ишларни қилишга олиб келади. Бу ҳақда Қуръон шундай дейди: «Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверади» («Юнус» сураси, 12-оят).
Шунинг учун ҳам инсон Аллоҳ уни халокатдан қутқариб қолганидан сўнг, унга осий бўлмасдан, балки ўша нарсани Аллоҳнинг тоат-ибодати учун доим эслатма бўлиб турадган қилиб олиши керак. Дуо Исломда руҳий улуғворликннг асосий рамз ҳамдир. Бу улуғворлик мусулмон кишининг жасади учун керакли баъзи бир дунёвий нарсалардан ўзини юқори тутадиган ва камолот чўққиларига чиқадиган қилиб қўяди. Бунинг устига аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон киши дуо орқали Аллоҳдан фазл (устунлик), ишларининг осон, мушкулининг енгил бўлишини ва бошқа нарсаларни сўрайди. Қуръони Каримда дуо шаклида жуда ҳам кўп оятлар бор. Бу оятларни ёдлаб олиб дуо қилиб юрилса, Қуръонга мувофиқ дуо қилинган бўлади. Дуо фазилатли иш эканлиги тўғрисида жуда ҳам кўп далиллар келган. Шулардан бир ҳикояни эслатиб ўтиш кифоя бўлса керак:
«Алае Ландберг» исмли самолёт командири билан 9 киши океанга ҳалокат туфайли тушиб кетишганда, ҳамма уларни ҳалок бўлди, деб ўйлаган. Бу ҳақда командир қуйидагича ҳикоя қилади: «Бир амаллаб иккита қутқарув резина балонига жойлашиб олдик. Бизда бир қултум сув ҳам, бир тишлам нон ҳам йўқ эди. Ҳаммамиз даҳшатда эдик. Фақат орқа пулемётчимиз Алғберт Гранандез даҳшатга тушмади, балки ихлос билан ёлбориб, дуо қила бошлади. Бизни тинчлантириб: - «Мен биламан, Аллоҳ менинг дуоимни қабул қилди, бизга тезда ёрдам беради», - деди. Аёвсиз қуёш иссиғида қолдик. Шундай бўлса-да, ичимизда Аллоҳга ёлбориб дуо қилар эдик. Шу ҳолда 3 кун ўтиб, оқшом пайти кичкина оролчага кўзимиз тушди. Шу пайт ҳеч кутилмаган воқеа содир бўлди - бизга қараб учта қайиқ сузиб кела бошлади. Ичида яланғоч кишилар бор эди. Кейин билсак, бизнинг халоскоримиз австралиялик туб аҳолилардан бўлиб, қора танли ялонғоч кишилар экан. Улар ўз юртларидан юзлаб мил масофани ўтиб, шу ерга келибдилар. Ўзларининг айтишларича, улар кеча ўлжаларини олиб, юртларига қайтишмоқчи экан, лекин қандайдир сирли туртки уларни ўз қайиқларини мана шу ҳамманинг эсидан чиқиб кетган, ҳеч кимга фойдасиз тарафга буришни раво кўрибди». (Бу воқеа 1944 йил октябр ойида содир бўлган).
Шу воқеадан ҳам дуонинг фойдаси қанчалик эканини билиб олса бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Иймон" китобидан

 

Муқаддима

Барча ҳамд Аллоҳ учундир! Биз У зотга ҳамдлар айтамиз, Ундан мадад тилаймиз, истиғфорлар сўраймиз! Нафсларимизнинг ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ беришини ўтинамиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган инсонни ҳеч ким йўлдан адаштира олмас ва У адаштирган кимсани энди ҳеч ким ҳидоятга етақлай олмайди. Аллоҳдан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Яна гувохлик бераманки, Муҳаммад алайҳис салом Унинг қули ва расулидир. У зотга, аҳли оилаларига, асҳобларига ва уларга гўзал амаллар билан қиёматга қадар эргашган барча мўминларга Аллоҳнинг кўпдан-кўп салоти-саломи бўлсин.
Аммо баъд: Мен бу мухтасар китобчани ўзимнинг «Зикр, дуо ва китоб ҳамда суннатдан дам солиб – ўқиб даволаш (Қуръон ва Ҳадисдаги зикр-дуолар ва дам солиб-ўқиб даволаш)» номли китобимдан қисқартириб олдим. Енгил бўлиши учун ундан фақат «Зикрлар» бобини мухтасар этдим.
Китобчада зикр матни билан чегараландим. Аслда келган бир ёки икки манбани айтиш билан кифояландим. Саҳобийни билмоқчи ёки қўшимча маълумот олмоқчи бўлганлар аслга мурожаат қилсинлар. Мен Аллоҳ таолодан гўзал исмлари ва олий сифатлари билан сўрайманки, бу амалимни холис Унинг юзи учун бўлишини насиб этсин Ҳаётимда ҳам, вафот этганимдан сўнг ҳам бу мен учун фойдалар берсин. Уни ўқиган, чоп этган ёки нашр этилишига сабаб бўлган кишилар учун ҳам хайрли-фойдали қилсин! Албатта Аллоҳ субханаҳу ва таоло ҳар нарсага қодир Зотдир. Набиййимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга, оилаларига асҳобларига ва то қиёматга қадар уларга чиройли амаллар билан эргашганларга Аллоҳнинг раҳмати ҳамда саломи бўлсин.

Саид ибн Али ибн Ваҳф ал-Каҳтоний 1409 хижрий Сафар ойи.


Китобни юклаб олиш

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг отаонага яхшилик қилиш бобида амалга оширган ибратли ишлари Маълумки, .биррулволидайн, яъни .отаонага яхши муомала қилиш, давоми...

2759 21:35 / 21.04.2017
Бир куни бемор устозимизни кўргани бориб ўтирган эдик, ишлатилган электр энергиясининг пулини сўраб бир электросет ходими келиб қолди. Пулни санаб олиш асносида давоми...

2735 10:12 / 27.03.2017
Ҳар бир даврда ҳам аҳли сунна валжамоа уламолари жаҳолатга қарши маърифатrdquo билан курашга алоҳида эътибор қаратганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини давоми...

3956 21:25 / 21.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсинҲазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида гап кетганда кўпчилигимизнинг кўз ўнгида давоми...

5209 14:38 / 27.03.2017