1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Ҳақ ботилдан устун келган кун

12:33 / 15.03.2017 7462 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АШУРО КУНИНИНГ ТАРИХИ

 

Ашуро куни ҳар йилда бир марта келадиган улуғ кундир. Бу кунни улуғлашнинг ўзига хос сабаблари бор. Бу кунда катта ҳодисалар бўлган. Бу кун Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жудий тоғи узра қарор топган кундир. Шунга шукрона ўлароқ, Нуҳ алайҳиссалом бу кунда рўза тутганлар. Бу кун ҳақ ботилдан устун келган кундир. Ҳа, бу кун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмига Фиръавннинг зулмидан нажот берган кундир.

Бунинг қисқача тарихини эслаб ўтайлик. Чунки Аллоҳ таоло бизни Ўзининг неъматларни эслашликка буюрган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг». (Аҳзоб сураси, 9-оят)

Фиръавн ўз асрининг золими ҳамда туғёнкори бўлиб, ер юзида фасод қилувчилардан эди. Ҳатто, унинг зулми шу даражага етиб бордики, у илоҳликни ҳам даъво қилди: «Ва Фиръавн: «Эй аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман...». (Қасос сураси, 38-оят)

Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келиб, одамларни якка Худога ибодат қилишга чақирганида, Фиръавн хавотирга тушди. Чунки Фиръавн ўзини худо деб эълон қилиб, барча одамларни, жумладан, Бани Исроилни ҳам ўзига ибодат қилишга мажбурлар эди. У ўз аҳлини қийноқ ва зулмлар ила бошқариб, турли азоб-уқубатларга соларди. Қуръони карим бу ҳақда шундай деган: «Албатта, Фиръавн ер юзида кибрга кетди. У (ўша ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди». (Қасос сураси, 4-оят)

Фиръавн Миср аҳолиси ўртасида фитна ва адоват уруғларини сепиб, уларни турли фирқаларга бўлиб ташлади. Бундан мақсад ­улар бир-бирлари билан иттифоққа келиб, бирлашиб олмасликлари эди.

Муфассирлар Фиръавннинг ўғил болаларни ўлдиришига унинг кўрган тушини сабаб қилиб келтиришган. У тушида Байтул Мақдисдан катта олов келиб, Миср ерида қибтийларни куйдириб, Бани Исроилни тирик қолдирганини кўради ва муннажжим ҳамда фолбинлардан унинг таъбирини сўрайди. Шунда улар: «Бани Исроилда бир бола туғилади, сенинг мулкинг унинг қўлига ўтади ва сенинг ҳалокатинг ҳам унинг сабаби билан бўлади», ­ дейишади. Шунинг учун Фиръавн Бани Исроилнинг барча ўғил болаларини қатл қилишга буюради.

Бани Исроил қавмида қадимдан дин кучли бўлгани сабабли улар Фиръавнга сиғинишни исташмасди. Шунинг учун Фиръавн уларни қаттиқ азоблар эди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди ва Фиръавнга бориб, уни огоҳлантиришни буюрди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: «Фиръавн ҳузурига бор, албатта у туғёнга кетди. Кейин унга: «Сенда покланишга (рағбат) борми? Ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки (Ундан) қўрқсанг», деб айт». (Назиат сураси, 17­-19 оятлар)

 

Мусо алайҳиссалом Фиръавнга бориб, уни Аллоҳ таолога даъват қилди. Исён қилишдан қўрқитди ва бир қанча мўъжизалар кўрсатди. Шунча далиллар, кўрсатилган мўъжизаларга қарамай, Фиръавн даъватни қабул қилмади ва туғёнда давом этаверди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни бир неча аломатлар билан ҳақиқий пайғамбар эканлигини исботлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Шундан сўнг Биз уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Улар эса мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар». (Аъроф сураси, 133-оят)

Фиръавн буни ҳам инкор қилди. Бу мўъжизалар таъсир қилмади ва унинг инкори ва кибри-ҳавоси янада ортди. Шундан кейин Фиръавн Мусо алайҳиссалом ва унинг қавми бўлган Бани Исроилнинг мўминларини ушлаб, азоб-уқубатга тортмоқчи бўлди. Аллоҳ таоло ваҳий ила Мусо алайҳиссаломни Фиръавннинг бундай ишларидан хабардор қилиб турди ва қавмни кечаси Мисрдан олиб чиқиб кетишга буюрди: «Биз Мусога: «Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ. Албатта, таъқиб этилурсиз», деб ваҳий юбордик». (Шуаро сураси, 52-оят)

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Бани Исроил билан бирга кечаси денгиз томонга қараб юришни ваҳий қилди. Аллоҳ таоло уларни «бандаларим» деяпти. Чунки улар Мусо алайҳиссаломга иймон келтиришган эди. Ортингиздан Фиръавн сизларни Мисрга қайтариш ҳамда қатл қилиш учун таъқиб қилади деб, унинг ҳам хабарини бериб қўйди. Фиръавн эса уларнинг қочиб кетишидан хабар топди ва шаҳарларга тўпловчилар юбориб, аскарларини йиғди ва уларга шундай хитоб қилди: «Шубҳасиз, анавилар озгина тоифадирлар. Албатта, улар бизни ғазаблантирувчидирлар. Албатта, биз ҳаммамиз ҳушёрмиз», деди». (Шуаро сураси, 54-­56 оятлар)

Ўшанда Мусо алайҳиссалом билан бирга олти юз минг киши бор эди, деб ривоят қилинган. Фиръавн ўз аскарлари билан бирга уларни таъқиб қилиб келди. Бани Исроилнинг қаршисида эса денгиз бор эди. Тасаввур қилинг, даҳшатли ҳолат – Мусо алайҳиссалом олдиларида катта денгиз, ортларида эса кучли душман, қочадиган жойнинг ўзи йўқ. Улар ўлим билан юзма-юз эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: «Шунда уларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар. Икки жамоат бир-бирларини кўрган чоғида, Мусонинг одамлари: «Энди қўлга тушдик», дедилар». (Шуаро сураси, 60-­61 оятлар)

Бу ҳолат мўминларнинг имтиҳон қилинишидан бир кўриниш эди. Бу нарса ҳар замон ва ҳар маконда такрор-такрор бўлиб турадиган имтиҳонлардан биридир. Шариатдан йироқлашиб, туғёнга кетган золимлар иймонли мўминлардан ана шундай қўрқишади ва уларни йўқ қилиш пайига тушади. Чунки улар нафсни ва шаҳвоний ҳирсларни жиловлаш лозимлиги ҳамда дунёга берилиб кетишнинг оқибати ёмон экани ҳақида мўминлар томонидан айтиладиган насиҳатларни ёқтиришмайди.

Мусо алайҳиссалом ҳам Фиръавннинг истибдодига қарши чиқиб, якка Худога ибодат қилишга даъват қилди. Бундай ҳолатлар ўтганларнинг суннатидир. Албатта, бундай қисса ва воқеалардан ибрат олиш даркор. Доимо, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ биз билан, деб ҳақиқий таваккал қилиш лозим.

Мусо алайҳиссалом билан бирга келган қавм денгизнинг олдига келиб турганида ортларидан Фиръавн ва унинг лашкарлари етиб келганини кўрдилар ва қаттиқ қўрқиб кетиб: «Энди қўлга тушдик, энди бизни ўлдиришади», ­ дейишди. Мусо алайҳиссалом эса хотиржам эдилар. Чунки Роббисининг Ўзи уларга шаҳарни тарк қилишга буюргани ҳамда қавмнинг шу ҳолатда қирилиб кетишига Роббиси зинҳор йўл қўймаслигини у зот аниқ биларди. Шунинг учун хотиржамлик билан жавоб бердилар: «У (Мусо): «Йўқ! Албатта, Роббим мен билан, У менга тўғри йўлни кўрсатур», деди». (Шуаро сураси, 62-оят)

Мусо алайҳиссалом бу гапларни Аллоҳ таолога, Унинг нусрати ва қўлллашига ишониб, У билан бирга эканини билиб, хотиржамлик билан, хавотирга тушмай айтдилар. Душманларининг чангалида турганларига қарамасдан: «Йўқ, улар бизни тута олишмайди. Чунки Роббим мен билан. У менга ёрдам беради. Алббатта, нажот йўлига бошлайди», ­ дедилар. Демак, нажот йўли – Аллоҳ таолонинг амрига бўйсинишда экан. Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан умидни узмадилар. Ҳатто бу йўлда жон берсалар ҳам, Аллоҳнинг тоатида жон берган бўлишини, бу йўл жаннат йўли эканини яхши билардилар. Мусо алайҳиссалом ҳали гапларини тугатмасдан Аллоҳ таоло унга асони денгизга уришни буюрди: «Биз Мусога: «Асонг билан денгизни ур», деб ваҳий қилдик. Шунда у (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди». (Шуаро сураси, 63-оят)

Мусо алайҳиссалом кутган нусрат келган эди. У зот асоларини денгизга урганларида улкан денгиздан ўн иккита йўл очилди. Уларнинг орасида сув худди тоғдек кўтарилиб турар эди. Мусо алайҳиссалом қавми билан саҳрода юргандек, қуп-қуруқ ердан ўтиб кетди. Улар денгиздан ўтиб бўлишган эдиямки, Аллоҳ таоло уларнинг орқасидан Фиръавн ва унинг аскарларини ҳам эргаштирди: «Ва кейин бошқаларни ҳам (яъни, Фиръавн ва унинг аскарларини ҳам денгизга) яқинлаштирдик. Мусо ва унга эргашганларнинг барчасига нажот бердик. Сўнгра бошқаларни ғарқ қилдик. Албатта, бунда ибрат бордир. Лекин кўплари иймон келтирувчи бўлмадилар. Албатта, Раббингиз Азиз (қудратли) ва Раҳим (раҳмли)дир». (Шуаро сураси, 64­-68)

Ҳа, бу Аллоҳ таолонинг дўстларига қилган нусрати эди. Аллоҳнинг қўллаб-қувватлаши, биргалиги мана шудир. Аллоҳ таоло бундай ёрдамни қалбида содиқ иймони ва ихлоси борлар ҳамда Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккал қилганлар учун беради:

 

«Таваккални Худоға айлағон эр,

На талқону ва на қалқон ғамин ер».

 

Шундай экан, биз мўминлар Аллоҳ таолонинг узилмас, мустаҳкам арқони бўлмиш Қуръони каримни маҳкам тутайлик. Аллоҳга яхши гумонда бўлиб, қудратига ишониб, У зотга таваккал қилиб яшамоғимиз лозимдир. Албатта, Аллоҳнинг қудрати олдида башарнинг қудрати ожиз эканини унутмаслик керак.

 

«Чироғиники, Ҳақ ёндирди-қўйди,

Ани ким «пуф» деди, соқоли куйди!» .

 

Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом ўз қавми билан биргаликда Фиръавндан нажот топдилар. Бу кун Муҳаррам ойининг ўнинчи куни эди. Аллоҳ таоло нажот берганига шукрона ўлароқ, Мусо алайҳиссалом шу куни рўза тутдилар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар. Улардан бу ҳақда сўралганида: «Бу кун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавннинг устидан ғолиб қилган кун. Шунинг учун биз бу кунни улуғлаб рўза тутамиз», ­ дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз», ­ дедилар ва шу куни рўза тутишга буюрдилар. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ахир бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?», ­ дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз», ­ дедилар. (Имом Муслим ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда эса шундай келган: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўза тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар», ­ дедилар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Шунга кўра, Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутишлик мустаҳабдир.

 

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамлар билан муносабатларда .Виждонинг борми, виждонингга қарши борасанми,, .виждонсиз, деган гапларни кўп эшитгансиз. Шунда .Виждон ўзи нима, деган савол давоми...

8584 12:22 / 15.03.2017
Араб тилида .бағйи, зулм, ёмонлик каби нарсаларни умумлаштирувчи сўздир. Уламолар бу атаманинг луғатдаги маъноси ва истилоҳдаги таърифи ҳақида алоҳида баҳслар давоми...

2850 05:00 / 13.03.2017
Қадар Аллоҳнинг сиридир. Қадарга ишониш, яъни яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши, яратиши билан бўлишига ишониш иймоннинг бир шартидир. Ҳамма давоми...

3251 05:00 / 14.03.2017
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ давоми...

4771 12:32 / 15.03.2017
Аудиолар

133568 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53917 14:35 / 11.08.2021