Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир | Қуръони Карим дарслари (190-дарс)

19:00 93 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади».

Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига бошловчи илоҳий ҳидоятдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бир қанча оятларда Қуръон барча оламлар учун ҳидоят эканлигини қайта-қайта таъкидлаб айтган. Буни бошқалар билмаса ҳам, мусулмонлар яхши биладилар.

«У Аллоҳнинг метин арқонидир».

Инсон ҳаётнинг асов дарёсидан нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олмоғи учун бирор арқонга осилмоғи лозим. Ана ўша нажот арқони Аллоҳ таолонинг метин арқонидир. Бу метин арқон ҳеч қачон узилмайди, ҳеч қачон панд бермайди.

Ким унга осилса, ҳаёт дарёсининг ҳар қандай асовлигидан, хавф-хатаридан ўтиб, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиши турган гап. Аллоҳнинг метин арқонидан бошқа ҳеч бир арқон ҳеч кимни нажот қирғоғига олиб чиқа олмаслиги ҳам турган гап.

Модомики, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олиш ниятимиз бор экан, Аллоҳнинг метин ар­қони – Қуръони Каримни маҳкам тутайлик. Уни маҳкам тутиш учун эса яхшилаб ўрганайлик.

«У ҳикматли зикрдир».

«Ҳикмат»нинг маъноси ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, баён қилишдир. «Зикр» эса эслатма маъносидадир.

Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган «ҳикматли зикр»дир.

Ундаги зикрнинг ҳаммаси ўта ҳикматлидир. Одамлар бу дунёда ҳикматга эҳтиёжманд бўлиб юрадилар. Ҳикматли сўзларни ўрганиб, ёдлаб, яна бошқа ишлар ҳам қилиб юрадилар. Улар ана ўша ҳикматларнинг ўзларига, ўзгаларга эслатма бўлишини, ҳаётдаги ишларида йўл кўрсатувчи, танбеҳ берувчи бўлишини хоҳлайдилар.

Биз, мусулмонлар нақадар бахтлимиз, ана шу юқорида зикр қилинган ҳолатлар учун бизга Роббил оламийннинг Ўзи ҳикматли зикрни тушириб қўйибди.

Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила бандаларнинг ҳикмати орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор.

Қани Қуръоний ҳикматлар билан танишишга муштоқлар?

Қуръондаги ҳикматлар мисли йўқ ҳикматлардир.

Қуръондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир.

Қуръони Карим бошдан-оёқ ҳикматли зикрга тўладир.

Зотан, Қуръони Каримнинг номларидан бири «Қуръони Ҳакийм»дир.

Қуръони Каримнинг номларидан яна бири «Зикр»дир.

Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Қуръони Каримни «Ҳикматли зикр» деб номлабдилар.

Дунёдаги энг яхши ҳикматларни ўрганай, улардан ўрнак олай, уларга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни яхшилаб ўргансин.

Дунёдаги энг яхши эслатмани ўрганай, ундан ўрнак олай, унга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни ўргансин.

«У сиротул мустақиймдир».

Ҳа, Қуръони Карим сиротул мустақийм – энг тўғри йўлдир.

У Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир.

Ҳар бир банда мақсадига эришиш учун сиротул мустақиймга муҳтождир.

Сиротул мустақиймсиз ҳеч ким мақсадига эриша олмайди.

Сиротул мустақиймда юрмаган одам нотўғри йўлдан юриб, адашади, кўзлаган манзилига ета олмай, ҳалокатга учрайди.

Сиротул мустақиймга юрмаган одам нотекис йўлдан юриб, қоқилади, йиқилади, бурни қонайди, бўйни синади, кўзлаган манзилига ета олмай, сарсон-саргардон бўлиб, ҳалок бўлади.

Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун сиротул мустақиймни излайди. Биз, мусулмонлар нақадар бахтлимиз, Роббимизнинг Ўзи бизга сиротул мустақиймни бериб қўйибди. Икки дунёда кўзланган саодат манзилига элтадиган сиротул мустақиймни шундай хизматимизга тайёр қилиб қўйибди. Биздан талаб қилинадигани ўша илоҳий сиротул мустақиймдан юриб кетиш, холос. У эса бизларни икки дунёдаги саодатли муқсадларимизга элтади. Ана ўша сиротул мустақиймда юришни амалга ошириш учун уни ўрганиш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 30-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаҚуръони Карим ва Суннатдаги насх тўрт турли бўлади. Қуйида мазкур турлар ҳақида батафсил сўз юритишга ҳаракат қиламиз.Биринчи қисмҚуръоннинг давоми...

6272 11:20 / 14.04.2020
Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ҳатто тўсатдан қиёмат келиб қолганда устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида .Унда давоми...

4288 05:00 / 23.01.2017
Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилдилар ёки мусулмонлар билан аралашиб давоми...

5868 13:09 / 08.09.2020
Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. ndash Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди ndash Ва билиб давоми...

5683 22:15 / 31.03.2018