1447 йил 23 шаъбон | 2026 йил 11 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Мунофиқлар қиссаси

17:21 263 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло қуйидаги оятда Ўзининг сўзи ростлигига моддий далил келтирган:

«Ва билингки, албатта, Аллоҳ ичингиздагини билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг» (Бақара сураси, 235-оят).

Иймон келтирмайдиганлар эса бу гапни тасдиқлашмайди ва «Бунга ақлий далил кани?» дейишади. Биз айтамиз: «Ақлий далил бор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда нафсдаги яширин нарсаларни ва унинг атрофида айланиб турган ҳолатларни билишига далил келтирган. У Зот шундай марҳамат қилади:

«Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, «Гувоҳлик берамизки, албатта, сен Аллоҳнинг расулисан», дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ сен Унинг расули эканингни билади. Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, мунофиқлар ёлғончидирлар» (Мунофиқун сураси, 1-оят).

Бу ояти карима бир гуруҳ мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ўзларининг мусулмон эканликларини эълон қилган пайтда нозил бўлган. Ўшанда мунофиқлар нима дейишди? Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейишди:

«Гувоҳлик берамизки, албатта, сен Аллоҳнинг расулисан».

Бу ҳақ гувоҳлик, чунки Аллоҳ таоло: «Ҳолбуки, Аллоҳ сен Унинг расули эканингни билади», деган. Демак, мунофиқларнинг гувоҳлиги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илмига мувофиқ келди. Лекин Аллоҳ таоло: «Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар», деяпти.

Баъзилар «Қандай қилиб мунофиқлар ёлғончи бўлишди? Ахир уларнинг гувоҳлиги Аллоҳнинг илмига мувофиқ келди-ку?» деб сўраши мумкин.

Биз уларга шундай жавоб берамиз: «Албатта, Аллоҳ таоло Расули алайҳиссаломга мунофиқларнинг тиллари айтаётган нарса қалбларига мувофиқ келмаслигини билдиришни ирода қилди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг расул эканликларига гувоҳлик беришди. Лекин бу фақат тилларида, холос. Қалблари эса бу рисолатни инкор қилади, ёлғонга чиқаради. Аллоҳ таоло шу тарзда уларнинг дилларидаги нарсани ва одамлардан яширган нарсаларини эълон қилди. Улар эса Аллоҳ эълон қилган нарсани инкор этишга журъат қилишмади».

Қуръони Карим, Аллоҳ таоло инсон кўнглим сир тутадиган нарсаларни билишига кўплаб моддий далилларни келтиради. Бу борада. У Зот шундай деган:

«Бас, албатта, у сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир» (Тоҳа сураси, 7-оят).

Сир деб, бир инсон иккинчи бир инсонга махфий тарзда айтадиган гапга айтилади. Сир одатда икки киши ўртасида бўлади. Сирдан ҳам махфийроқ нарса борми? Бор. Бу инсон бир гапни бировга айтмай, ичида сақлашидир. Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларнинг шармандасини чиқариб, шундай деган:

«Ва ичларида: «Шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», дерлар» (Мужодала сураси, 8-оят).

Демак, улар бу гапни ҳеч кимга айтишмаган, ўзлари ичида гапиришган, тиллари билан нутқ қилишмаган, ташқарига чиқаришмаган. Лекин Аллоҳ таоло уларни фош этиб, дилларида яширган нарса ҳақида хабар берди. Улар эса буни инкор қила олмадилар. Агар Аллоҳ таолонинг берган хабари нотўғри бўлганида улар дарҳол: «Биз ичимизда ҳеч нарса дема-дик», деган бўлишарди. Аммо улар ундай дейишмади. Аллоҳ таолонинг илмига қойил қолишди, лол бўлиб, оятни инкор қилишолмади.

Мана шу тарзда Қуръони Каримда Аллоҳ таоло диллар яширган, сир тутган ёки ошкор қилган барча нарсаларни билишига моддий далиллар кетма-кет келади. Албатта, Аллоҳ таоло инсоннинг барчадан яширишга уринган нарсаларини билади. Аллоҳнинг илми инсон нафсининг барча махфий, беркитган нарсаларини қамраб олади. Биров билмайди деган нарсаларини ҳам Аллоҳ яхши билади.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ» номли асаридан.

«Ҳидоят далиллари» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 30 декабр03-07/8108-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шифобахш хусусиятларга бой занжабил ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда жаннат эгаларига берилган хушхабарларда .Ва улар уерда аралашмаси занжабийл бўлган давоми...

62677 16:00 / 04.03.2021
Кундан кунга Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадаги илмий мўъжизалар, ҳақиқатлар илмий томондан ҳам аниқланмоқда. Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

2919 20:37 / 04.03.2024
Коинот тирик мавжудотдир, унда ҳаёт ва ўлим деган нарсалар бор, унда юлдузлар дафн этиладиган мақбаралар бор.Олимлар галактикамиз ичидаги қора туйнукка юлдуз ёки давоми...

6636 11:00 / 20.06.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади .Қиёмат куни билан қасам. Ва маломатчи нафс билан қасам. Инсон Бизни унинг давоми...

4121 11:30 / 19.09.2019
Аудиолар

229873 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148469 14:35 / 11.08.2021