1447 йил 21 шаъбон | 2026 йил 09 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Адабиёт яшаса – миллат яшайди

14:05 139 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, юртимизда ҳар йили, январь ойи охирлари – февраль ойи бошларида давлат идоралари, таълим муассасалари ва бошқа жойларда мумтоз адабиётнинг ёрқин намояндалари – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунлари муносабати билан турли хилдаги тадбирлар ўтказилади, оммавий ахборот воситаларида уларнинг фаолиятига доир материаллар эълон қилинади.

Ана шу анъанани давом эттирган ҳолда журналимизнинг ушбу сонида кўпроқ бадиий адабиётга эътибор қаратишга, хусусан, шеър мулкининг султони – Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолаларни чоп этишга қарор қилдик.

Мумтоз адабиёт, бадиий адабиёт ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, «Адабиёт дегани нима ўзи?», «Адабиётнинг асосий вазифаси нималардан иборат?» деган ўринли, илгари ҳам кўп берилган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Эътиборлиси, бундан қарийб бир юз ўн йил аввал маърифатпарвар аждодимиз, шоир ва ёзувчи Абдулҳамид Чўлпон «Садои Туркистон» газетасида «Адабиёт надир?» деган сарлавҳа остида мақола чоп этган бўлиб, мазкур мақолада юқорида тилга олинган саволларга батафсил жавоб беради.

16 яшар ёш истеъдод соҳиби мақолани «Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат (яъни тирикчилик)нинг кетишига қараб ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олмайдирғон бир гулдир», деган гаплар билан бошлайди.

Таъбир жоиз бўлса ушбу мақола орқали бутун халққа мурожаат қилган Чўлпон кўпроқ адабиётнинг ижтимоий моҳияти тўғрисида фикр юритишга ҳаракат қилади. Адабиёт миллатни тараққий эттириш воситаси, унинг маънавиятини таъминлайдиган омил эканини эътироф этади.

«...Тўхтамасдан ҳаракат қилиб турғон вужудимизга, танимизга сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар била кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса –миллат яшар. Адабиёти ўлмаған (яъни бўлмаган) ва адабиётининг тараққиётига чолишмаган ва адиблар етиштирмаган миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолиб секин-секин инқироз бўлур» деб ёзади ёш шоир.

«Ёш мунаққид учун адабиёт қуруқ ғоялар мажмуаси эмас, балки, биринчи навбатда, инсон руҳияти билан боғлиқ бўлган ҳодисадир, – деб ёзади Чўлпон ижодини таҳлил қилган адабиётшунос олим, таниқли мунаққид Озод Шарафиддинов ана шу мақолага юқори баҳо берар экан. – У одамларнинг шууригагина эмас, ҳис-туйғуларига ҳам таъсир этиши, уларни қувонтириб, ёҳуд маҳзун аҳволга солиб, шу орқали ижтимоий бурчини ўташи зарур. Чўлпон бу фикрларни ўзига хос образларда бундай ифодалаган: «Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган, ўчган, мажруҳ ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдурган, ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладурган, чанг ва тупроқлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдурғон булоқ суви бўлганликдан бизга ғоят керакдур».

Замон билан ҳамнафас яшаш – давр талаби. Аммо бу ҳолатда миллат ўзлигини, тарихини унутмаслиги лозим...

Маълумки, турли кўринишдаги смартфонлар, интернет тармоғи, сунъий интеллект каби рақамли технологиялар бугунги кунда инсоният ҳаётига шунчалик сингиб кетдики, одамлар уларсиз кундалик фаолиятини тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолди. Зеро, мазкур технологиялар барча соҳалар тараққиётига ҳисса қўшиб, минглаб, миллионлаб кишиларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилаётгани рост. Аммо ҳар бир нарсанинг, ҳар бир ҳолатнинг яхши ва ёмон томонлари бўлганидек, юқорида тилга олинган замонавий технологиялар, афсуски, кишилик жамиятига, айниқса, одамларнинг маданияти, маърифатига салбий таъсир кўрсата бошлаганига ҳам анча вақт бўлди. Масалан, илгари, телевидение, кейинчалик интернет, смартфонлар орқали намойиш этиладиган аксар ҳолда олди-қочди, савияси ҳамин қадар бўлган ижод намуналарига маҳлиё бўлиб қолган замондошларимиз китоб ўқимай қўйди. Ёшларимиз ўзларини буюк уламолар авлоди эканини унутиб қўйди, гўё.

Мамлакатимизда китобхонликни тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, китоб билан ошно бўлганлар ҳар хил йўллар билан рағбатлантирилаётган бўлса-да, бутун дунёда бўлгани каби юртимизда, айниқса ёшлар электрон қурилмаларга чалғиб, мутолаа қилишдан узилиб қолди, адабиётдан узоқлашиб кетди.

«Ҳозирги дунёда адабиёт мураккаб шароитга тушиб қолган. Фавқулодда кераксиз буюмга айлангандек, зеро, қизиқишлар ҳам, ҳис-ҳаяжонлар ҳам олдингидай эмас, бўлакча. Бурунги китобхонларимизнинг ўй-хаёллари энди бошқа нарсалар билан банд. Бугунги китобхонлар эса асл мутолаанинг завқ-шавқидан, афтидан, бехабар. Шундан келиб чиқиб энди нима қилиш лозимлигини биргалашиб ўйлаб кўришимиз керак». XXI аср бошларида таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов томонидан тилга олинган бу муаммоли ҳолатларга ҳали ҳамон ечим топилмаган. Аксинча, вазият мураккаблашиб бормоқда.

Демак, адабиётни унутиш у ёқда турсин, бироз эътиборсиз қолдириб ҳам бўлмайди. Одамларни китоб ўқишга жалб этишдек долзарб муаммолар билан эса биргаликда курашиш даркор.

Жумладан, қўлига китоб ушлаганига анча вақт бўлган, адиб-шоирларимизни танимайдиган ёшларимизга, аввало, уларнинг ота-оналари ибрат бўлиши, фарзандлари билан биргалкда китоб дўконларига, кутубхоналарга кириб туриши, уйда китоб жавони учун жой ажратишлари керак.

Шу тариқа қарабсизки, катталарга тақлид қилиб, буюк ёзувчи, шоирларнинг асарларни ўқиган ёш йигит-қизларимиз ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўришади, қувончли ва ташвишли кунларда ўзларини қандай тутишни ўрганишади. Роман, қисса, ҳикоялардаги воқеалардан тегишли хулосаларни чиқариб, оилани, халқни, юртни қадрлашни, асраб-авайлашни ўрганишади, миллий қаҳрамонларни таниб олишади

Хулоса ўрнида таниқли қозоқ журналисти Муҳаммаджон Сералиннинг адабиёт ҳақида айтган қуйидаги иқтибосини келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик: «Тил ва адабиёт халқнинг қалби ва руҳидир... адабиётсиз халқ забонсиз боладай гап. Бундай бола бошқаларга ўзининг дарду қувончларини гапириб беролмайди. Халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган энг кучли восита тил ва адабиётдир. Ўз адабиётининг ҳақиқий қадр-қимматини билган халқларнинг фарзандларигина ўз тилини чинакам ардоқлай олади».

«Ҳилол» журналининг 6(75) сони

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 24 декабрдаги 03-07/8262-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу кун боғларимни қопламиш хазон,Гулзорим бе диллар айлади яксон,Кўзлар интиқ боқар йўлингиз томон,Гул юзлигим мени, келасиз қачон Мурғак ғунчаларни этдилар давоми...

1982 16:19 / 09.11.2023
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳақидаШайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 мелодий давоми...

6888 05:00 / 11.03.2017
Тоҳир Маликнинг мазкур китоби .Меҳмон туйғулар, китобининг тузатилган, тўлдирилган иккинчи нашридир. Мазкур китоб орқали ёзувчининг фикрий оламига меҳмон давоми...

23390 05:00 / 07.03.2017
Мўминлик нимадир, мусулмонлик не,Ўйлаб кўрмадик ҳеч, кўнгилчоғ бўлдик.Шараф не унутдик, қаҳрамонлик не,Кимларнинг қўлида ўйинчоқ бўлдик.Келинг, рост бўлайлик, бу давоми...

2734 17:00 / 29.03.2022
Аудиолар

229298 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

147922 14:35 / 11.08.2021