1447 йил 22 шаъбон | 2026 йил 10 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Фиқҳул-муқорин ва унинг зарари

15:35 / 07 февраль 536 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир йигит: «Ҳозирги кунда атрофимиздаги ҳамма тўрт мазҳаб бўйича фатво беряпти, а?» деб қолди. Мен шундай дедим: «Улар фатво беряпти эмас, тўрт мазҳабга нисбатан ёлғон гапиряпти, чунки бунинг иложи йўқ! Уларнинг тўрт мазҳабдан қиладиган нақли ҳам ҳаргиз саҳиҳ чиқмайди!

Энди иккинчи масалага – фиқҳул-муқорин[1] масаласига ўтамиз.

Ўтган суҳбатларимизда «фиқҳул-муқорин» деган бу илмнинг қанчалик ёмон, зарарли эканига ишора қилиб ўтган эдик, 20-асрда мусулмонларга энг кўп зарар етказган илм мана шу фиқҳул-муқорин илми, деган эдик. Табиийки, бу нарса ташаддуд эмас, таҳаллулчиларга бориб тақалади. Ҳа, биринчи навбатда ўшаларга бориб тақалади. Бу ғояни илгари суриб, ташаббус қилганлар ана ўшалардир.

Хўш, бу илмнинг оқибатида қандай зарарлар кўрдик?

Бу нарсанинг энг катта зарари шуки, у тўрт фиқҳий мазҳабнинг ўрнига ўринбосар бўламан деб келди! Охир-оқибат, кундан-кунга институту университетларда мазҳабга асосланган дарслар йўқолиб, уларнинг ўрнини фиқҳул-муқоринга асосланган таълим эгаллаб боряпти.

Хўш, нима учун шундай бўлди? Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби илмнинг кучсизлиги! Ҳа, мазҳабни маҳкам ўрганмоқчи бўлган одам қаттиқ жидду жаҳд қилиши керак! Илмий ибораларни ўқиши керак, таҳлил қилиши керак, илмий қоидаларни чуқур ўрганиши керак. Лекин фиқҳул-муқорин йўлидан кетмоқчи бўлганлар бундай чуқур таълим олиши шарт эмас. Бутун бошли фиқҳ дарси тарихий қисса ва ривоятларга айланиб қўя қолади. Ҳа, илмий гаплар эмас, тарихий гап-сўзларга!

«Фалончи айтган, пистончи бундай деган!», «Фалончи бунақа деган, лекин рожиҳи Пистончининг гапи!», «Мен буни бундай тушунаман!», «Менинг фикрим бундай», деган гапларни айтса бўлди. Ҳеч қанақанги илмий изланиш, чуқур тайёрланиш ва умуман, тушунишингиз ҳам шарт эмас!

Хўп, унда нега бу нарса бунчалик оммалашиб кетди? Қандайдир қийматга, вазнга эга бўлгани учун оммалашгани йўқ! Балки дангасалик, илмий саёзлик туфайли шундай бўлди! Жиддий ўтириб, қаттиқ тиришқоқлик билан илм олиш йўқлиги учун!

Бўлмаса, ақли бор одам бунинг арзирли нарса эмаслигини осонгина ажратади-ку! Дин мана шундай ўйинчоқ бўлиб кетавериши ақлга сиғадими?!

Масалан, мен ўзимни яхши биламан, ҳолатимдан хабардорман, лекин ўзимча диний аҳкомларни ўйин қилиб, ўзгартириб, яна хоҳлаган гапимни айтиб юраверишим мумкинми?! Мана шу нарса дин бўлиши ақлга сиғадими?

Хўп, майли, агар сен мана шу даъвоингда ҳақ бўлсанг, яъни манҳажингга кўра барча фиқҳий мазҳабларни муқорана қилиб, солиштириб, идеал фиқҳ яратган бўлсанг, демак, сен ҳанафий мазҳабини ҳам, шофеъий мазҳабини ҳам, моликий мазҳабини ҳам, ҳанбалий мазҳабини ҳам буткул ўрганиб чиққан бўлишинг керак. Шундан кейин уларни солиштирган бўласан-да... Лекин улардан биронтасини ўрганиб, яхши ўзлаштирмаганингни ўзинг ич-ичингдан билиб турибсан-ку!!! Уларнинг илмий ибораларидан биронтасини тушунишга кучинг етмаслигини ҳам яхши биласан. Агар фиқҳий матнларни фаҳмлай олганингда, бу фиқҳул-муқорин йўлини тутмаган бўлардинг. Лекин бу қўлингдан келмай, фиқҳни тушуна олмаганингдан кейин, мусулмонларни алдашда, илм толиблари билан ўйнашишда бояги ғоя сенга жуда қўл келди! «Фалончи бундоқ деган, Пистончи ундоқ деган», дейишни восита қилиб олдинг!

Қани, менга айт-чи, ўша фалончи-пистончиларнинг бу қавлини қаердан олдинг? Уламоларнинг мазҳабда эътимод қиладиган манбаларини кўриб, уларни ёдлаб, кейин шу гапни айтяпсанми? Ёки буни ҳадисларнинг фиқҳига тегишли умумий китоблардан топиб олдингми?! Ёки ихтилофлар ҳақидаги китобларданми? Ёки Жазирийнинг «Тўрт мазҳаб фиқҳи» деган китоби бор, ўша китобдан олдингми бу гапни?

Хўп, айт-чи, Саййид Собиқда ҳанафий мазҳабига тегишли бирорта масалани нақл қиладиган салоҳият борми? Кейин сен ундан нақл қилиб гапирсанг, тўғри гапирган бўласанми? Жазирий ҳанафий уламоларнинг гапларини нақл қилишда ишончлими? Билсангиз керак, булар китобларида фиқҳий мазҳаблардан бирон нарса нақл қилганда тўғри гапларидан кўра хато қилган гаплари кўпроқ ҳисобланади!

Демак, сен тўрт мазҳабга кўра фатво беришни, тўрт мазҳабдан умумий дарс беришни даъво қилаётган экансан, агар гапинг ёлғон бўлмаса, сен буларнинг ҳаммасини тўлиқ ўрганиб чиққан бўлишинг, мазҳабларнинг қавлларини тўғри нақл қила оладиган даражада мустаҳкам эгаллаган бўлишинг керак! Бунинг эса иложи йўқ, чунки биргина мазҳабни тўлиқ тушуниш, уни пухта ўзлаштириш учун бутун умринг етмайди!

Бугунги кунда бундай даражага етган бирорта одамни топа олмаймиз. Бугун эмас, ҳатто охирги бир неча асрда ҳам бир мазҳабни тўлиқ ўзлаштирган олим бўлмади! Бошқаларга нисбатан чуқурроқ ўзлаштирганлар бор, бундай одамлар бўлиши табиий, лекин бир мазҳабни тўлиқ эгаллаш амримаҳол! Шундай экан, манавилар қандай қилиб бу гапларни айтиши мумкин?!

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

[1] Фиқҳул-муқорин – фуқаҳоларнинг қавллари, далиллари ва далилларнинг баҳсларини ўрганадиган, мазҳаб соҳибларидан холи равишда ва усулларга суянмасдан бу қавллар орасини таржиҳ қилиш билан шуғулланадиган илм.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тахриж ва таржиҳ иккита фикҳий атама сифатида суннийлик мазҳабларида эркин ижтиҳод даври мужтаҳидлар давридан кейин, айниқса, охирги давр фақиҳлари томонидан давоми...

4131 16:09 / 28.03.2017
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари давоми...

3560 16:13 / 28.03.2017
Аҳли раъй ва аҳли ҳадисларга боғлиқ фикрлар, ҳадиснинг нақл қилиниши, хусусан, ҳадисни нақл қилишда ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан фарқи ҳақида давоми...

1184 14:46 / 15.05.2025
.АҚИЙДАТУТ ТАҲОВИЯ,НИНГ ШАРҲЧИСИ1ndash У кишининг исми ва юрти ndashУ кишиndashСадирдин Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз алҲанафий алАзроъий адДимашқий. 2ndashУ давоми...

4998 15:30 / 28.03.2017
Аудиолар

229376 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

147992 14:35 / 11.08.2021