
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳозирги кунда Инжил ва Таврот номли илоҳий китобга эга эканликларини, уларда ҳам олдин бўлган нарсаларнинг ахбори борлигини даъво қилаётганлар бор.
Аммо ҳозирги Инжил ва Тавротлар Аллоҳдан қандай нозил бўлган бўлса, ўшандай ҳолда сақланмаган. Уларда кўплаб бузилишлар бўлиб, асли илоҳийлик ҳоллари қолмаган.
Айниқса, айнан ўтмишда бўлиб ўтган ҳодисаларга тааллуқли жойларида кўп бузилишлар бор.
Шунинг учун ҳам ўтмишдаги тарихий ҳодисаларни илмий асосда ўрганиб, Таврот, Инжил ва Қуръонга солиштириб чиққан ғарблик олимлар Таврот ва Инжилнинг бузилганини тушуниб етиб, улардан юз ўгириб, Қуръонга иймон келтирмоқдалар.
Ҳа, муҳтарам ўқувчи, дунёда фақат сиз билан бизгина олдин бўлиб ўтган нарсалар ҳақида тўғри маълумотга ва улардан фойдали ибрат олиш имконига эгамиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва Роббимизнинг Китобини қунт билан ўрганайлик.
Маълумки, Қуръони Каримдаги бор нарсалар фақат олдин ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас.
Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам алайҳиссалом билан Шайтон алайҳилаъна орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор.
Мазкур нарсалар билан батафсил танишиш, улардан ибрат олиш ушбу «Қуръон фазилатлари китоби» ва «Тафсири Ҳилол»ни қунт билан ўқиб, зеҳн солиб, тушуниш, дўстлар билан муҳокама-мунозара қилиш орқали бўлади.
«Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари» бор.
Қуръони Каримдаги биздан, яъни уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари – қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир.
Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларнинг Қуръони Каримда зикр қилиниши, уларнинг иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад кишиларни Исломга чақиришдир.
Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маълумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
Ҳа, муҳтарам диндошим, фақат сиз билан биз, мусулмонларгина олдинда ўзимизни нималар кутаётганини биламиз, уларга иймон келтирамиз ва ҳозирдан тайёргарлигимизни кўриб борамиз.
Бу ишда бизга Қуръони Карим ёрдамчи бўлади. Биз бу билан қанчалар фахрлансак, оз. Чунки биздан бошқалар бу имкониятга эга эмас. Уларнинг Қуръонлари йўқ. Улар олдиларида нима борлигини аниқ билмайдилар.
Шунинг учун ҳам улар залолатнинг турли йўлларида юрибдилар. Бизга эса бу масалани Аллоҳ таолонинг Ўзи ечиб берган. Сиз билан биз эса ўша илоҳий ечимни ўргансак бўлди, бошқа оворагарчиликнинг кераги йўқ. Бунинг учун Роббимизнинг каломини ўрганишимиз, қунт ва ихлос билан ўқишимиз лозим ва лобуддир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 30-жуз
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.