Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ким унга амал қилса, ажр олур | Қуръони Карим дарслари (187-дарс)

19:00 / 26 январь 194 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ الْحَارِثِ الْأَعْوَرِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَرَرْتُ فِي الْمَسْجِدِ فَإِذَا النَّاسُ يَخُوضُونَ فِي الْأَحَادِيثِ، فَدَخَلْتُ عَلَى عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فَقُلْتُ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ، أَلَا تَرَى أَنَّ النَّاسَ قَدْ خَاضُوا فِي الْأَحَادِيثِ، قَالَ: وَقَدْ فَعَلُوهَا؟ قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنِّي قَدْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: أَلَا إِنَّهَا سَتَكُونُ فِتْنَةٌ، فَقُلْتُ: مَا الْمَخْرَجُ مِنْهَا يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: كِتَابُ اللهِ فِيهِ نَبَأُ مَا كَانَ قَبْلَكُمْ، وَخَبَرُ مَا بَعْدَكُمْ، وَحُكْمُ مَا بَيْنَكُمْ، هُوَ الْفَصْلُ لَيْسَ بِالْهَزْلِ، مَنْ تَرَكَهُ مِنْ جَبَّارٍ قَصَمَهُ اللهُ، وَمَنِ ابْتَغَى الْهُدَى فِي غَيْرِهِ أَضَلَّهُ اللهُ، وَهُوَ حَبْلُ اللهِ الْمَتِينُ، وَهُوَ الذِّكْرُ الْحَكِيمُ، وَهُوَ الصِّرَاطُ الْمُسْتَقِيمُ، هُوَ الَّذِي لَا تَزِيغُ بِهِ الْأَهْوَاءُ، وَلَا تَلْتَبِسُ بِهِ الْأَلْسِنَةُ، وَلَا يَشْبَعُ مِنْهُ الْعُلَمَاءُ، وَلَا يَخْلَقُ عَلَى كَثْرَةِ الرَّدِّ، وَلَا تَنْقَضِي عَجَائِبُهُ، هُوَ الَّذِي لَمْ تَنْتَهِ الْجِنُّ إِذْ سَمِعَتْهُ حَتَّى قَالُوا ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞﭟ ﭠ ﭡ، مَنْ قَالَ بِهِ صَدَقَ، وَمَنْ عَمِلَ بِهِ أُجِرَ، وَمَنْ حَكَمَ بِهِ عَدَلَ، وَمَنْ دَعَا إِلَيْهِ هُدِيَ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ، خُذْهَا إِلَيْكَ يَا أَعْوَرُ. رَوَى هَذِهِ السَّبْعَةَ التِّرْمِذِيُّ.

Ҳорис ал-Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:

«Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар», дедим.

«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.

«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:

«Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим.

Шунда:

«Ундан чиқиш нима билан бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.

«Аллоҳнинг Китоби (ила). Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор.

У фосил қилувчидир, ҳазил эмасдир.

Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг бўйнини синдирур.

Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур.

У Аллоҳнинг метин арқонидир.

У ҳикматли зикрдир.

У сиротул мустақиймдир.

У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган,

У – унинг ила тиллар тутилмайдиган,

У – уламолар ундан тўймайдиган,

У – кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиботлари тугамайдиган нарса.

У – жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғриликка ҳидоят қиладир», деган нарса.

Ким у билан гапирса, содиқ бўлур.

Ким унга амал қилса, ажр олур.

Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур.

Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур.

Мана буларни олгин, эй Аъвар», дедилар».

Термизий ривояти.

Шарҳ: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда.

Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.

Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса одамларнинг масжидда ўтириб олиб, турли гапларга шўнғишларини ана шу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар.

Энди ўша ҳолат билан бизнинг ҳолатимизни солиштириб кўрайлик. Биздаги фитна ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хавф қилган фитнадан юз миллион марта ортиқ эмасми?!

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқишнинг йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз.

Келажакда мусулмонларнинг фитнага учрашларидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг:

«Ундан чиқиш нима билан бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» деган саволига у зот:

«Аллоҳнинг Китоби (ила)», деб жавоб бердилар.

Бугунги кунда мусулмонларнинг фитнага учраганлари шубҳасиз. Ҳа, бугун мусулмонлар ўзларининг узоқ тарихларида ҳеч учрамаган фитнага учраб турибдилар. Бугунги кун мусулмонлари иймону эътиқод, дину диёнат, Қуръону шариатдан мисли кўрилмаган даражада узоқлашиб турибдилар.

Улар ададлари кўп бўлишига қарамай, ер юзининг бирор нуқтасида Аллоҳ ўзларига ишониб топширган омонатни уддалай олмаяптилар. Заминнинг бирор парчасида Аллоҳнинг шариатини Аллоҳ айтганидек қоим қила олмаяптилар.

Дунёнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаб, етакчилик қилиши лозим бўлган мусулмонлар хору зор бўлиб, ҳаммадан кейин қолиб, бировларнинг етовида юрибдилар.

Гапнинг қисқаси, мусулмонлар ҳар томонлама фитнага учраганлар. Улар ушбу фитнадан қутулиб чиқмоқлари лозим. Фитнадан чиқиш эса Аллоҳнинг севикли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таъкидлаганларидек, фақатгина Аллоҳнинг Китоби ила бўлади.

Ҳа, бу улкан фитнадан чиқиш учун барча мусулмонлар биргаликда Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримга қайтишлари, уни маҳкам тутишлари лозим.

Бунинг учун эса Қуръони Каримга бўлган иймонни мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ўрганиш, энг муҳими, Қуръонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим. Ана шундагина фитнадан чиқиб, саодат йўлини топиш ва олий мақсадга эришиш мумкин.

Ҳа, мусулмонлар Қуръони Каримга тўлалигича оғишмай амал қилсаларгина ўзларининг олий мақсадларига эришишлари, бугунги фитнадан чиқишлари мумкин.

Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари шу. У зот нима учун Қуръони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб, тушунтириб бермоқдалар. У зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:

1. «Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори» бор.

Ҳа, Қуръони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам, энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор.

Мусулмонлар Қуръони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлубдир.

Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.

Мазкур ахборларда Аллоҳга, У Зот юборган Пайғамбарларга, У Зот нозил қилган китобларга иймон келтириб, У Зот жорий қилган шариатларга амал қилганлар икки дунё бахту саодатига эришганлари таъкидланади.

Мўмин-мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У Зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Роббил оламиннинг охирги ва абадий Китоби Қуръонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари ва сўнгги, мукаммал, баркамол илоҳий шариат – Исломга тўла-тўкис амал қилмоқлари лозим.

Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймон йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл ҳавойи нафснинг, бу дунё муҳаббатининг, кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа дину диёнат душманларининг қаршилигини, турли тўсиқ ва машаққатларини енгиб ўтиш йўли экани таъкидланади.

Муҳтарам ўқувчим, сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эътиқод, дину диёнат ва шариат татбиқи йўлидаги учрашимиз мумкин бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр турмоғимиз лозим.

Азиз ва қадрли ўқувчи, аввал ўтган ҳодисалардан ибрат олиш лозимлигини ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм қайта-қайта таъкидлайди. Лекин ўша ибрат олиниши лозим бўлган қиссалар бир-биридан фарқли.

Дунёда фақатгина сиз билан бизнинг, яъни мўмин-мусулмонларнинггина ибрат олишимиз лозим бўлган ўтмиш ҳақидаги қиссаларимиз энг тўғри ва энг ишончлидир.

Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган. Биздан бошқалар ўтмиш қиссаларидан ибрат оламан, деса, ёлғон-яшиқ, бидъат-хурофот, турли афсона ва дийдиёларга дучор бўладилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 30-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Алий ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Феруз Ҳамза Кисоий. У кишининг куняси Абулҳасан. У зот ҳижрий 119 йилда таваллуд топиб, 189 санада вафот этган. Имом Кисоий Ҳамза давоми...

5805 13:00 / 12.01.2021
Халаф уламолар мазҳабига кўрабиринчи мақола 1. Аллоҳнинг қўли ndash қудрати..Қўл, сўзи луғатда инсон жисмидаги маълум аъзони англатади. У инсон бармоғининг учидан давоми...

5178 13:00 / 27.10.2020
21. Батаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.Ҳа, давоми...

7037 05:00 / 23.01.2017
Муҳаммад алайҳиссалом фасоҳат ва балоғатда инсоният тарихидаги энг етук шахс бўлсаларда, у кишидан содир бўлган гапларнинг бирортаси Қуръони карим услубига яқин давоми...

7776 15:10 / 07.01.2019