1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Фитнанинг бошланиши

16:05 / 26 январь 956 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ مَوْهَبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ مِصْرَ حَجَّ الْبَيْتَ فَرَأَى قَوْمًا جُلُوسًا فَقَالَ: مَنْ هَؤُلَاءِ الْقَوْمُ؟ فَقَالُوا: قُرَيْشٌ، قَالَ: فَمَنِ الشَّيْخُ فِيهِمْ؟ قَالُوا: عَبْدُ اللهِ بْنُ عُمَرَ، قَالَ: يَا ابْنَ عُمَرَ، إِنِّي سَائِلُكَ عَنْ شَيْءٍ فَحَدِّثْنِي هَلْ تَعْلَمُ أَنَّ عُثْمَانَ فَرَّ يَوْمَ أُحُدٍ؟ قَالَ: نَعَمْ، فَقَالَ: تَعْلَمُ أَنَّهُ تَغَيَّبَ عَنْ بَدْرٍ فَلَمْ يَشْهَدْهَا؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: تَعْلَمُ أَنَّهُ تَغَيَّبَ عَنْ بَيْعَةِ الرِّضْوَانِ فَلَمْ يَشْهَدْهَا؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: اللهُ أَكْبَرُ، قَالَ ابْنُ عُمَرَ: تَعَالَ أُبَيِّنْ لَكَ، أَمَّا فِرَارُهُ يَوْمَ أُحُدٍ فَأَشْهَدُ أَنَّ اللهَ عَفَا عَنْهُ وَغَفَرَ لَهُ، وَأَمَّا تَغَيُّبُهُ عَنْ بَدْرٍ فَإِنَّهُ كَانَتْ تَحْتَهُ بِنْتُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكَانَتْ مَرِيضَةً، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ لَكَ أَجْرَ رَجُلٍ مِمَّنْ شَهِدَ بَدْرًا وَسَهْمَهُ، وَأَمَّا تَغَيُّبُهُ عَنْ بَيْعَةِ الرِّضْوَانِ فَلَوْ كَانَ أَحَدٌ أَعَزَّ بِبَطْنِ مَكَّةَ مِنْ عُثْمَانَ لَبَعَثَهُ مَكَانَهُ، فَبَعَثَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عُثْمَانَ وَكَانَتْ بَيْعَةُ الرِّضْوَانِ بَعْدَ مَا ذَهَبَ عُثْمَانُ إِلَى مَكَّةَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: بِيَدِهِ الْيُمْنَى هَذِهِ يَدُ عُثْمَانَ، فَضَرَبَ بِهَا عَلَى يَدِهِ الْيُسْرَى فَقَالَ: هَذِهِ لِعُثْمَانَ، ثُمَّ قَالَ لَهُ ابْنُ عُمَرَ: اذْهَبْ بِهَا الْآنَ مَعَكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Усмон ибн Мавҳиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Миср аҳлидан бир киши келди. Байтни ҳаж қилди. Мажлис қуриб ўтирган бир қавмни кўрди.

«Анави қавмлар ким?» деб сўради.

«Қурайшликлар», дейишди.

«Уларнинг ичидаги шайх ким?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Умар», дейишди.

«Эй Ибн Умар, мен сендан бир нарсани сўрайман, менга айтиб бер. Усмоннинг Уҳуд куни қочганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди.

«Унинг Бадрда ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди.

«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди.

«Аллоҳу Акбар!» деди. Шунда Ибн Умар:

«Бу ёққа кел! Сенга баён қилиб бераман. Уҳуд куни қочганига гувоҳлик бераманки, албатта, Аллоҳ уни афв этган ва мағфират қилган.

Бадрда ғойиб бўлганига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари унинг қўлида эди. Ўша киши бемор бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга Бадрда ҳозир бўлган кишининг ажри ва улуши бўлади», дедилар.

«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганига келсак, агар Макка водийсида Усмондан кўра азизроқ бирорта бўлганида, унинг ўрнига юборар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмонни юборган эдилар. Усмон Маккага кетганидан кейин «Ризвон байъати» бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларини кўрсатиб, «Мана бу Усмоннинг қўли», дедилар ва у билан чап қўлларига уриб, «Бу Усмон учун», дедилар.

Сўнгра Ибн Умар унга:

«Энди буларни ўзинг билан олиб кет!» деди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ўша Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни айблаш мақсадида савол сўраган мисрлик фитначининг исми Язийд ибн Бишр экан.

Ҳар замон ва маконнинг фитначилари ўз ишларини худди шу асосга қурадилар. Уларнинг барчаси худди шунга ўхшаш бўҳтонлар тўқийдилар. Ҳеч қандай кофир ва душман бунга ўхшаш зарарни қила олмайди.

Ушбу ривоятда зикри келган фитначилар намояндасининг услубини ва гапларини олиб кўрайлик.

У ҳажда, энг улуғ маконда, ибодат вақтида ўз иғвосини тарқатишга уринмоқда. Ҳа, ана шундай муқаддас нарсалардан ўз ботиллари учун унумли фойдаланиш фақатгина фитначиларнинг қўлидан келиши мумкин. Кофир ва мушрик душманлар ҳам бундай ишни қила олмайдилар. Чунки бундай қилишга уларнинг имконлари йўқ. Улар бундай қилишни билмайдилар ҳам.

Мазкур фитначи ана шундай эътиборли суҳбатда, Қурайш суҳбатида, Абдуллоҳ ибн Умардек улуғ саҳобийнинг суҳбатида ўз заҳарини сочди. У ўз мақсадига эришиб, ўша суҳбатда унинг гапларини қўлласалар айни муддао, агар у ердан бурни ерга ишқаланиб чиқса ҳам, ҳамма жойда «Мен бу гапни фалон ерда, фалончига ҳам айтганман», деб мақтаниб юришига сабаб бўлади.

Биринчи туҳматни қаранг:

«Эй Ибн Умар, мен сендан бир нарсани сўрайман, менга айтиб бер. Усмоннинг Уҳуд куни қочганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу унинг фитначилигини дарҳол билдилар ва нима қилар экан, деб атайлаб жавоб бермай, унинг гапини тасдиқлагандек бўлиб турдилар. Фитначи эса ўзининг гапи тасдиқланмоқда, деб ўйлаб, бошқа туҳматларини ҳам айта бошлади.

Иккинчи туҳмат биринчисидан ҳам баттар эди.

«Унинг Бадрда ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди».

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан иккинчи туҳматига ҳам тасдиқсифат жавоб олган иғвогар учунчи туҳматини ҳам айтди.

«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди».

«Ҳа», деди».

Ўзи билган барча туҳматларга Ибн Умардек улуғ зотдан «Ҳа» деган жавобни олган фитначи руҳланиб кетди ва:

«Аллоҳу Акбар!» деди».

Ҳа, фитначилар ўз ғаразларига эришиш йўлида динни ниқоб қилиб оладилар. Диний шиорларни шиор қилиб оладилар. Бўлмаса, бу нобакор Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандаларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бири, мўминларнинг амири бўлмиш ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудек зотга бўҳтон ёғдириб туриб, «Аллоҳу Акбар!» дермиди?! Фитначиларнинг ҳар доим Аллоҳ таолонинг номи, шиори билан Аллоҳ таолога хилоф қилишлари маълум ва машҳур.

Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу бу нобакорнинг оғзига уришни бошладилар ва қуйидагиларни айтдилар:

«Бу ёққа кел! Сенга баён қилиб бераман. Уҳуд куни қочганига гувоҳлик бераманки, албатта, Аллоҳ уни афв этган ва мағфират қилган».

Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонларнинг бирдан мағлубиятга учрашлари исён, суст­кашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилиш оқибатида юзага келди.

Қуршовда қолган мусулмонлар ҳеч кимга қарамай, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам қарамай қоча бошладилар. Ўша пайтда уларнинг ор­қасидан Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳнинг бандалари! Мен томонга! Аллоҳнинг бандалари! Мен томонга! Мен Аллоҳнинг Расулиман! Ким қайта ҳужум қилса, унга жаннат бор!» деб бақирдилар.

Ана ўша қочганлар ичида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ҳа, ўша куни мусулмонларнинг бошига тўсатдан келган мағлубият билан бирга, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинибдилар» деган миш-миш ҳам тарқаган эди. Бу омилларнинг ҳаммаси мусулмон жангчиларга қаттиқ таъсир қилган эди. Улар қўрқиб эмас, даҳшат ва ҳайрат сабабидан қочишни бошлаган эдилар. Қочганда ҳам, оммавий қочишга киришган эдилар.

Фақат саноқли кишиларгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тирик эканликларини кўриб, собит турган эдилар. Ана ўша оммавий қочиш вақтинчалик бўлди. Собит турганларнинг ишини Аллоҳ таолонинг Ўзи ўнглади. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт эканликлари ҳақидаги хабар мусулмонлр ичида яшин тезлигида тарқалди. Ҳамма ўзини ўнглаб олди. Аллоҳ таолонинг инояти ила мусулмонлар муҳаққақ бўлиб кўринган мағлубиятдан қутулиб қолдилар.

Аллоҳ таоло урушдан қочган мусулмонларни шу ернинг ўзидаёқ афв этди. Уларни биров айбламади ҳам. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Оли Имрон» сурасидаги оятларни нозил этди:

«...Батаҳқиқ, ‎Аллоҳ уларни афв қилди. Албатта, Аллоҳ Ғафур ва ‎Ҳалиймдир» (155-оят).

Шундай қилиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам Уҳуд урушида ҳамма билан қочиб, ҳамма билан бирга афв этилдилар.

Аммо ҳамма вақт ва ҳамма маконларнинг барча фитначилари бунга ўхшаш нарсаларни тафтиш қилишда ўзларини Аллоҳ таолодан ҳам устун қўядилар. Аллоҳ кечирса ҳам, улар кечирмайдилар. Чунки уларга қулоқ осадиган оддий кишилар кўп нарсадан, жумладан, Аллоҳ таолонинг афв қилганлигидан ҳам бехабар бўладилар. Баъзи пайт­да кичкина фитначилар ҳам билмасдан, устозларининг айтганини қайтариб юриб, бояги фитначи Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қўлларига тушганига ўхшаб, қўлга тушиб қоладилар.

«Бадрда ғойиб бўлганига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари унинг қўлида эди. Ўша киши бемор бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга Бадрга ҳозир бўлган кишининг ажри ва улуши бўлади», дедилар».

Иккинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойида Бадр урушига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан сафарбарлик эълон қилинди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб, урушга чиқишга тайёргарлик кўра бошладилар. Аммо у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи васалламдан алоҳида истисно тариқасидаги амр келди. Бу фармонга биноан, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу урушга бормай, баданига тошма тошиб, хасталик тўшагига боғланиб қолган умр йўлдошлари Руқайя розияллоҳу анҳога қарашлари лозим эди. Итоаткор аскар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бу амрни ҳам сидқидилдан бажаришга киришдилар.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Бадр уруши иштирокчилари рўйхатига қўшдилар ва ўлжаларни бўлиш пайтида у кишига ҳам улуш ажратдилар. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан бирга Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни ҳам қолдириб кетган эдилар. Жанг тамом бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ғалаба хушхабарини етказгани юборган эдилар.

Фитначилар ўзларининг доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишларини рўкач қилиб, у зотнинг фақат ўзларига мос келган баъзи гапларинигина қурол қилиб олиб, қолган таълимотларини бузишга уринишлари азалдан маълум ва машҳур.

«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганига келсак, агар Макка водийсида Усмондан кўра азизроқ бирорта бўлганида, унинг ўрнига юборар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмонни юборган эдилар. Усмон Маккага кетганидан кейин «Ризвон байъати» бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларини кўрсатиб, «Мана бу Усмоннинг қўли», дедилар ва у билан чап қўлларига уриб, «Бу Усмон учун», дедилар».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг фитначининг учинчи эътирозига берган жавоблари ҳаммага аён ҳодиса эди.

Олтинчи ҳижрий санада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир минг тўрт юз ададли саҳобалари билан умра қилиш ниятида Маккаи Мукаррама томон йўл олдилар. Улар Асафонга етиб борганларида қурайшликларнинг уруш тайёргарлигини кўриб турганликлари ҳақида хабар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлни буриб, Ҳудайбия деган жойга тушдилар.

Қурайш ўз элчи ва вакилларини юбориб, агар мусулмонлар қайтиб кетмасалар, уруш бўлишини айтишар эди.

Шундай бир вазиятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз элчиларини Қурайш томон юборишни ирода қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хирош ибн Умайя ал-Хузоъий розияллоҳу анҳуни чақирдилар ва унга Қурайшнинг олдига бориб, уруш учун эмас, Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун келганликларини етказишини топширдилар.

Хирош ибн Умайя ал-Хузоъий розияллоҳу анҳу қарши тараф олдига етиб борар-бормас, унинг бирор оғиз сўзини эшитмай туриб, миниб борган туясини сўйиб ташладилар. Ўзини ҳам ўлдириш ҳаракатига тушиб турган эдилар, уни Аҳбошлар қутқариб қолдилар. Хирош ибн Умайя ал-Хузоъий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб, бўлган ҳодисани сўзлаб берди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни чақириб, ҳалиги хабарни Қурайш бошлиқларига етказишни топширмоқчи эдилар, у киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен Қурайшдан қўрқаман. Маккада мени ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ, Қурайшга бўлган адоватим, қаттиққўллигим ҳаммага аён. Лекин мендан кўра Усмон ибн Аффон борса, яхши бўларди», дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Усмонни чақириб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига бориб, уруш учун келмаганликларини, балки Байтуллоҳни ҳурматлаб, уни зиёрат қилиш учун келганликларининг хабарини етказишни топширдилар.

Маккага кираверишларида ҳазрати Усмонни Абон ибн Саъид кутиб олди ва у кишига ҳомий эканини эълон қилди. Ҳазрати Усмон бориб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гапларини етказдилар. У киши гапни тугатиб бўлганларидан сўнг улар:

«Агар Байтуллоҳни тавоф қилмоқчи бўлсанг, қилиб ол», дейишди.

«Расулуллоҳ тавоф қилмай туриб, мен ҳеч ҳам тавоф қилмайман», дедилар ҳазрати Усмон.

Қурайшликлар у кишини тутиб қолишди. Пайғамбар алайҳиссаломга ва мусулмонларга «Усмон ўлдирилибди» деган гап етиб борди.

Бу хабар Расулуллоҳ алайҳиссаломга етганда: «Охири бу қавм билан тўқнашар эканмиз-да», дедилар ва кишиларни байъатга чақирдилар. Дарахт остида туриб, ҳамма қўлини Расули акрамнинг қўлларига қўйиб, ўлимга ҳам тайёр эканликлари ҳақида байъат қилдилар. Бу байъат «Ризвон», яъни «Розилик байъати» номи ила машҳур бўлди. Чунки Аллоҳ таоло ўша дарахт остида Пайғамбарга ким байъат қилган бўлса, ҳаммасидан рози эканини эълон қилди.

Дунё тарихида машҳур бўлган ана шу байъат давомида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қўлларини иккинчи қўлларига қўйиб туриб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу номларидан байъат қилдилар ва: «Бу Усмоннинг байъатидир», дедилар. Буни кўрган ва эшитган ҳар бир саҳобийнинг ҳаваси келди ва ўзини Усмоннинг ўрнида кўришни орзу қилди.

Энди эса қандайдир нобакорлар «Усмон Ризвон байъатида қатнашмаган», деб, у кишини айбламоқдалар. Ахир Ризвон байъатининг ўзи ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг сабабларидан бўлган эмасмиди?! Ахир Ризвон байъатининг энг олий даражаси ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуники бўлган эмасмиди?!

Ҳа, фитна дардига учраганлар ўз мақсадларига эришиш йўлида оқни қора, қорани оқ, дейишлари оддий бир ҳол. Улар ҳар доим ана шундай бўлганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу фитначининг саволларига раддия қилиб бўлиб, гапнинг хулосасини айтдилар:

«Сўнгра Ибн Умар унга:

«Энди буларни ўзинг билан олиб кет!» деди».

Бу «Мана шу гапларимни ўзинг билан олиб бориб, шерикларингга ҳам айтиб бер. Сизларнинг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни айблаб гапираётган гапларинг қуруқ туҳматдан бош­қа нарса эмас», деганлари эди.

Аммо фитначилар ўз номи билан фитначи. Улар ҳақиқатни билиш учун эмас, айнан нима қилиб бўлса ҳам, фитна қўзғатиш учун фаолият олиб борадилар. Агар уларнинг мақсадлари ҳақиқатни билиш бўлганида эди, ҳамманинг орасида гап тарқатмасдан, ҳақиқатни биладиганлардан секин сўраб олар эдилар.

Шунинг учун ҳам юқоридагига ўхшаш тушунтириш учун айтилган гаплар уларнинг нобакорлигини тўхтата олмас эди.

Тарихда Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли яҳудий асос солган ҳаракатга эргашиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши чиққан мазкур фитначилар «сабачилар» деб номланиб қолганлар. Улар халқ оммаси орасида фитна-фасод гапларни тарқатишда давом этавердилар. Бу гапларнинг ҳаммаси айланиб келиб, пойтахт Мадинаи Мунавварада тўпланар эди.

Охири иш жиддийлашганда Мадина аҳли ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кириб:

«Эй мўминларнинг амири, бизга келаётган хабарлар сизга ҳам келмоқдами?» дедилар.

«Йўқ. Менга фақат саломатлик ҳақида хабар келмоқда», дедилар. Шунда улар бор гапни тўкиб солдилар ва турли жойларга одам юбориб, хабар олдиришни маслаҳат бердилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу алоҳида одамлар танлаб олиб, масалани яхшилаб ўрганиш учун уларни турли жойларга юбордилар. Муҳаммад ибн Масламани Куфага, Усома ибн Зайдни Басрага, Абдуллоҳ ибн Умарни Шомга, Аммор ибн Ясирни Мисрга ва яна бошқа жойларга бир қанча одамни жўнатдилар. Юборилган кишилар ўзларига топширилган вазифани бажариб, қайтдилар. Улар яхши гапларни айтиб келдилар.

Фақат Мисрга юборилган вакил Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу қайтмади. Мисрнинг ўша вақтдаги волийси Абдуллоҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга Мисрдаги қавм Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳуни ўзларига оғдириб олишганлиги ҳақида мактуб келди.

Бу ишни Абдуллоҳ ибн Сабаъ, Холид ибн Мулжам, Сувдон ибн Ҳумрон ва Кинона ибн Бишрлар қилган эдилар.

Мисрда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ашаддий қарши бўлганлар ичида Муҳаммад ибн Абу Ҳузайфа исмли киши ҳам бор эди. Бу шахс аслида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қарамоғидаги етим бола эди. У киши уларнинг оиласи харажатларини ўз зиммаларига олган эдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифа бўлганларидан кейин у ўзига катта иш берилишини талаб қилди. У киши: «Болам тенги бўлганингда, сенга иш берар эдим. Аммо сен ундай эмассан», дедилар. Шунда у: «Бўлмаса, мен ўз кунимни ўзим кўрайин», деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу унга изн бердилар, керакли нарсаларда кўмаклашдилар. У Миср­га борди ва менга волийликни бермади, деб ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши бўлганларга қўшилиб олди.

Яна бир ўшандоқ киши Муҳаммад ибн Абу Бакр эди. У Абу Бакр Сиддиқнинг ўғли экани билан фахрланар эди. Баъзи одамлар уни ғурурга кетказиб, мансаб талашишга қизиқтириб қўйди. У эркатой эди. Бир куни ҳақ бериши лозим бўлиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу ўша ҳақни ундан олдилар. Шу билан у ҳам у кишига тескари бўлиб қолди, сўнг Мисрга жойлашиб, ножўя жамоага қўшилиб олди.

Сабачиларнинг Мадинага тинмай юбориб турган хабарлари ва хатлари у ердаги баъзи кишиларга ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлади. Чунки бу ерда ҳам ўз мақсадига етиша олмаган, ҳиқду ҳасадга тўлган аламзадалар бор эди. Улар кундан-кунга кучайиб бориб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга озор беришга ўтдилар. Аммо у киши буларнинг ҳаммасига сабр қилар эдилар. Мазкур озорларнинг қай даражага етганлигини қуйидаги ривоятдан ҳам билиб олсак бўлади.

Абу Нуаъйм «Далоил»да Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Усмон минбарда хутба қилиб турганида Жаҳжаҳ Ғифорий унинг қўлидаги асони олди-да, ўз тиззасига уриб, синдириб ташлади. Бир йил ўтмасдан, Аллоҳ Жаҳжаҳнинг оёғига қурт туширди. У ўшандан вафот этди».

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сория ибн Зунайм алКинаний Фаса ва Даробижарда томон юрди. У ерлик аскар билан саҳрода тўқнашди. Қаттиқ жанг бўлди. Форслар курдshyлардан мадад сўраган эдилар, улар давоми...

1292 10:24 / 15.04.2025
Табук жангига тайёргарлик кўриб турилган бир вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи мунофиқ одамлар Сувайлим исмли яҳудийнинг уйига тўпланиб давоми...

2077 14:37 / 15.05.2023
Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан давоми...

2473 14:02 / 29.10.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларРАСУЛУЛЛОҲ СИРЛАРИНИНГ СОҲИБИ14қисмҲазрат Умарнинг қизлари Хафса давоми...

6862 21:18 / 21.04.2017