
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ ила таяммум қилинг» деган оятдаги «лаамастумун-нисаа» сўзларини кўриб чиқайлик.
Бу оятнинг мажозий маъносини оламизми ёки ҳақиқий маъносиними?
Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда мажозий маъноси, яъни яқинлик қилиш маъноси олинган. Шунинг учун бир киши аёлнинг баданига тегиб кетса, таҳорат бузилмайди. Шофеъий уламолар эса бунинг ҳақиқий маъносини олишади, шунинг учун «Бир одам аёлнинг баданига тегиб кетса, таҳорати бузилади», дейишади. Оят ўша-ўша оят, лекин унинг лафзидаги ҳақиқий ёки мажозий маънони олишга қараб, ҳукм ҳар хил чиқяпти.
Оятдаги «салааса қуруъ»[1] нима дегани? Бунинг икки хил маъноси бор, иккисидан бирини танлашимиз керак. Қай бирини танлаймиз? Ҳайз маъносиними ёки поклик маъносиними? Ҳанафий уламолар бу сўзнинг «ҳайз» деган маъносини олиб, оятни «уч ҳайз миқдорича идда ўтирсин», деб тафсир қилишган. Шофеъий уламолар эса бу сўзнинг «поклик» деган маъносини олиб, оятни «учта поклик муддатича идда ўтирсин», деб тафсир қилишган.
Кўряпсизми, битта сўзни тушунишдаги фарқдан ҳукмда ихтилоф, яъни ҳар хиллик келиб чиқяпти. Мажоз билан ҳақиқат қарама-қарши келиб қолса, қай бирини олишдаги позициямиздан келиб чиқиляпти. Битта боғловчининг қайси маъносини эътиборга олишдаги фарқдан келиб чиқяпти.
Далолатларни кўриб чиқсангиз ҳам, ҳанафий мазҳабидаги далолатлар тақсимоти шофеъий мазҳабиникидан фарқ қилишини кўрасиз. Далолатлар нима ўзи? Далолат – сўз ва жумлаларни қандай тушунишни ўргатувчи йўлдир. Далолатлар бизга «Бу гапнинг маъноси мана бундай, бу сўзнинг маъноси эса мана бундай, уни мана бундай тушуниш керак» каби қоидаларни ўргатади. Ҳанафий уламоларнинг сўз ва гапларни тушунишдаги қоидалари шофеъий уламоларникидан фарқ қилади. Сўз ва гапларни тушуниш фарқли бўлганидан кейин, табиийки, ҳукмларда ҳам сон-саноқсиз ихтилофлар юзага келади.
Яна бир мисол келтирайлик. «Иркаъуу», яъни «рукуъ қилинглар» ояти хосдир, яъни бу оятнинг хос маъноси бор. Рукуъ деганда маълум бир нарса зеҳнга келади. Қолаверса, бу оят ўзи шундоқ ҳам очиқ-равшандир, ўзи равшан турган жумлага қўшимча қўшилмайди, бу жумла қўшимчани қабул қилмайди ҳам. Уни тафсир қилиш учун изланиб ўтиришга ҳожат йўқ, шундоқ ҳам тушунарли. Рукуънинг луғатдаги маъноси бармоқларни тиззага қўйиб, эгилишдир. Бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозини палапартиш ўқиган одамга: «Бориб, бошқатдан, хотиржам, (шошмасдан), оҳиста рукуъ қилгин», деганлар. Хўш, бу ҳадис «Рукуъ қилинглар» деган оятга изоҳ бўладими? Рукуъ фарз эди, демак, хотиржамлик билан рукуъ қилиш фарз, деймизми? Йўқ, бундай демаймиз, чунки оятнинг ўзи очиқ-равшан, уни изоҳлашга эҳтиёж йўқ. Бу ҳадисдан эса бошқа, алоҳида ҳукмни оламиз, яъни рукуъни хотиржам қилиш вожиб эканини оламиз. Бу ерда уни фарз деб эътиборга олмаймиз, алоҳида ҳукм сифатида қабул қиламиз. Шунинг учун «Рукуъ ёки саждани хотиржамлик билан қилмаган, бир тасбеҳ миқдорича турмаган одамга саждаи саҳв вожиб бўлади», деймиз, «рукуъинг ботил бўлди, сажданг ботил бўлди, ўқиган намознинг бузилди», деб юбормаймиз.
Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг наздида хосга қўшимча баён қўшилиши мумкин. Шунинг учун бу мазҳаб уламолари юқоридаги ҳадисни «рукуъ қилинглар» оятини тафсирловчи, изоҳловчи сифатида қабул қилишган, хотиржамликни рукуънинг рукни дейишган, «хотиржамликсиз, палапартиш қилинган рукуъ дуруст бўлмайди», дейишган. Демак, бизнинг «Хос қўшимча баённи қабул қилмайди», деган усулий қоидамизга биноан рукуънинг ўзи фарз бўлади. Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг «Хос қўшимча баённи қабул қилади», деган қоидаларига биноан эса юқорида айтилган ҳадис рукуъ оятини изоҳлай олади, хотиржамлик рукуънинг рукни бўлади.
Азизлар, биз ҳозир биттагина сўзни мисол қилиб келтирдик, биттагина сўзни қандай тушунишимизни айтиб ўтдик. Энди бошқачароқ мисолга ўтайлик. Масалан, «мужмал» гап келган ҳадисни мисол қилайлик. «Денгизнинг суви покловчидир, унда ўлган нарса ҳалолдир», деган ҳадисни олайлик. Ҳадис истилоҳида бу машҳур ҳадис ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унда денгиз суви ҳақида гапирганлар, денгизнинг суви покловчи эканини, унда ўлган нарса ҳалол бўлишини айтганлар. Бу ҳадисдаги «ўлган нарса» нима? Бу нарса бошқа ҳадисдан маълум бўлади. У зот: «Менга икки хил ўлимтик ҳалол қилинди: балиқ ва чигиртка», деганлар.
«Мужмал» деб бизда шариат эгасининг, яъни Аллоҳ таолонинг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тафсирига, изоҳига муҳтож гапга айтилади. Шариат эгаси биринчи ҳадисдаги «ўлган нарса» деган мужмал сўзни бошқа бир ҳадисда «балиқ» деб изоҳлаб берди. Шу қоидага биноан ҳанафий уламолар наздида сув жониворларидан фақат балиқ турига кирадиган жонзотларгина ҳалол ҳисобланади.
Эътибор беринг: иккала ҳадис ҳам машҳур ҳадис эди, иккинчиси биринчисини изоҳлади, тамом. Иккинчи ҳадисга амал қилмай кета олмаймиз, ахир! Тўғри, балиқдан бошқа баъзи сув жонзотларини ҳам ҳалол деб фатво берилган, лекин биз ҳозир у ҳақда гаплашмаяпмиз, мазҳабнинг усулини тушунтиряпмиз.
Нима учун ҳанафий мазҳаби фақат балиқ турига кирувчи жонзотларгина ҳалол, деб, бу масалада қаттиқ туради? Чунки усулимиздаги «Мужмал гапни шариат эгаси баён қилиши керак, баён келмагунча мужмаллигича туради», деган қоида шуни тақозо қилади. Биринчи ҳадисдаги «денгиз ўлимтиги» деган мужмал сўзни иккинчи ҳадисдаги «балиқ» сўзи тафсирлаб, шарҳлаб берди. Иккинчи ҳадис шариат эгаси томонидан баён бўлиб келди. Натижада шу ҳукм келиб чиқди.
Бу келтириб ўтган мисолларимиз Қуръон ва ҳадисдан далолат олиш мавзусига тегишли эди.
Энди ижмоъ мавзусини ўргансак, унда ҳам ҳанафий ва бошқа мазҳабдагилар ўртасида кўплаб ихтилофлар борлигини кўрамиз. Ижмоъ – ҳамманинг наздида бир овоздан мақбул қилинган ҳукм бўлиб, шариатда ҳужжат ҳисобланади. Лекин сукутий ижмоъ мақбулми, йўқми? Мана шуниси ихтилофли масала. Биз сукутий ижмоъни ҳужжат деб қабул қиламиз, бошқа мазҳабдагилар эса аксинча. Бундан нима келиб чиқади? Ҳукмларда ихтилофлар, фарқлар келиб чиқади.
Яна бир ихтилофли масала. Кўпчиликнинг ижмоъси эътиборлими ёки эътиборсизми? Ҳанафий мазҳабидаги кучли гапга кўра, кўпчилик қилган ижмоъ ҳам эътиборга олинади. Биздан бошқалар наздида эса ижмоъ мақбул бўлиши учун тўлалигича ҳамманинг ижмоъси керак, кўпчилик қилган ижмоъ ўтмайди. Мана шу икки масаладаги ихтилофдан сон-саноқсиз масалалар, улардан эса мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар келиб чиқади (чунки асосда фарқ бор).
Энди қиёсни олайлик. Ҳанафий мазҳабида ҳам, шофеъий мазҳабида ҳам қиёс бор, қиёс бўйича ҳукм олинади. Лекин шофеъий мазҳабидаги қиёс ҳанафий мазҳабидаги қиёсга ўхшамайди, бир-биридан фарқ қилади. Сизларга маълумки, қиёс – иллат (ҳукмнинг сабаби) ва унинг атрофидаги нарсалардир. Ҳанафий фуқаҳолар қиёс борасида гап бошласа, биринчи навбатда «Танқийҳул-манот, сабр, тақсим, шабаҳ ва даваронларнинг барчаси фосиддир», дейишади.[2] Бу сўзлар – шофеъий уламоларнинг иллат чиқариш ва шу асосдан ҳукмлар чиқариш йўлларининг номлари. Биринчи гапни бошлашда мана шуларни айтиб, «Булар эътиборга олинмайди, булар саҳиҳ эмас», дейишади.
Демак, биз бу баҳснинг сарлавҳасидагина ҳамфикр эканмиз, биз ҳам қиёс деймиз, бошқалар ҳам. Лекин сарлавҳадан пастга тушсак, шофеъий уламоларнинг иллат чиқариш ва у асосда ҳукм чиқаришдаги услубларини келтириб, «Булар хато, биз бу услубдан юрмаймиз», деймиз, чунки бизда мўътабар, ҳужжат бўладиган нарсалар – насс (Қуръон ва Суннат), ижмоъ ва мос бўлиш шарти билан қилинган қиёсдир. Бизда шу уч нарса эътиборга олинади, шу уч нарса айтилади, даварон, сабр, тақсимлар эса эътиборга олинмайди. Шунинг учун бизнинг мазҳабдаги иллатни аниқлаш йўли шофеъий мазҳабиникидан бутунлай фарқ қилади.
Бунга бир мисол келтирамиз. Масалан, бизда хамр, яъни узум ёки хурмодан қилинадиган маст қилувчи ичимликнинг ҳаромлигидаги иллат – хамрнинг ўзидир. Шофеъий мазҳабида эса иллат – маст қилиши ҳисобланади. Биз «Йўқ, хамрдаги иллат хамрнинг ўзидир, хамрдан бошқа маст қилувчи нарсаларда эса иллат маст қилишидир», деймиз.
Демак, бу ерда иккита иллат бор экан. Бундан ташқари, хамрга тегишли хос ҳукмлар ҳам бор. Унинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром, ози учун ҳам, кўпи учун ҳам дарра урилади, чунки унинг иллати хамрлигидир. Ҳатто бир одам хамр ичиб, маст бўлмаса ҳам унга дарра урилади. Ози ҳам ҳаром, кўпи ҳам ҳаром. Лекин бошқа маст қилувчи ичимликларнинг тафсилоти жуда кўп: қайси ҳолатда ҳаром ҳисобланади, қачон дарра урилади ва ҳоказо, чунки иллат бошқа-бошқа. Хамрда иллатни хамр дедик, яъни истеъмол қилинишининг ўзи билан ҳукмлар жорий бўлади. Хамрдан бошқа маст қилувчи ичимликлардаги иллатни эса маст қилиши деяпмиз. Шунинг учун кўплаб фарқлар бор. Шу тарзда иллатларни белгилаш, сўнг улар асосида ҳукмлар чиқаришдаги ихтилофлар ҳайратомуз тус олади. Хамр масаласи шунга бир мисол эди.
Бу ҳақда гап жуда кўп. Масалан, истеҳсон масаласини олайлик. Шофеъий мазҳабида бунга ўхшаган нарса йўқ. Моликий мазҳабида ҳам унинг муқобили йўқ. Биздаги бу истеҳсон ҳанафий фиқҳини амалий фиқҳга айлантирган. Истеҳсон – бу истиснодир. Бирорта масала бизга қиёс жиҳатидан ноқулай келиб қолса, истеҳсонга мурожаат қиламиз. Демак, истеҳсон фиқҳга ўзгача ёндашув бўлиб, уни қулайлаштирган.
Ҳанафий мазҳаби билан имом Молик роҳимаҳуллоҳ ўртасидаги бир ихтилофли масалани олайлик. У зотнинг наздида рўзани бузадиган нарса қоринга кирса бўлди, рўза бузилади. У зотда истеҳсон йўқ, шунинг учун у зот рўзасини унутиб очиб қўйган киши ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Биз эса бунга истеҳсон тарафдан келиб, амал қилганмиз, яъни унутиб бирон нарса еб қўйса, рўза очилмайди, деганмиз. Ўртадаги ихтилофга мана шу омил сабаб бўлди. Бунга ўхшаган бошқа омиллар ҳам бор.
Масалан, яна «шаръу ман қобланаа» (биздан олдингиларнинг шариати), «истисъоб» (ҳолатга давомийлик ҳукми берилиши), «таъоруз» (ўзаро зид келиш) каби масалалар бор. Масалан, икки оятнинг маъносида қарама-қаршилик, яъни таъоруз юзага келса, Суннатга мурожаат қиламиз. Икки ҳадис ўртасида таъоруз юзага келса, саҳобийнинг сўзига қараймиз. Икки саҳобийнинг гапи ўртасида таъоруз бўлса, қиёсга ўтамиз. Қиёсда ҳам қарама-қаршилик бўлса, қалб майли билан таржиҳ қиламиз.
Бу масалани мана шу охирги мисол билан якунлаймиз.
Шофеъий роҳимаҳуллоҳ мужтаҳиднинг қалб майли билан таржиҳ қилишини қабул қилмаганлар. Уламоларнинг айтишича, Абу Ҳанифадан битта масала хусусида икки хил гап айтилиши жуда кам учрайди, ҳанафий мазҳабида бу нарса кўп эмас. Лекин имом Шофеъийда бу нарса кўп учрайди, чунки у зот қалб майли билан таржиҳ қилмайди. У кишида қиёс таъоруз келиб қолса, «Бу борада икки хил гап бор», деб қўядилар. Биз эса қалб майли билан таржиҳ қилиб, икки гапдан бирини оламиз. Шунинг учун ҳам бизда «Бир масалада иккита гап бор» деган ўринлар жуда оз, бу ибора бизда тарқалмаган, чунки бизда қалб майли билан таржиҳ қилиш усулимиз бор. Шофеъий роҳимаҳуллоҳ эса бу тарзда таржиҳ қилмайди.
Хўш, бу далилларни қандай қилиб бироз олдин айтилган тартиб бўйича жамлаймиз?
Жавоб оддий: бу бизнинг усул қоидаларимиз бўлиб, шофеъий мазҳаби улуғларининг усулидан катта фарқ қилади. Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!
Бу келтирган гапларимиз усулдаги ихтилоф эди. Шундан келиб чиқадики, усулдаги барча қоидалар биз билан бошқа мазҳаблар ўртасидаги ихтилофнинг асл сабабидир.
Баъзилар «Мазҳаблар ўртасидаги муштарак усул» деган фикрни илгари суради. Бу гапга одам ҳайрон қолади. Қандай қилиб усул битта бўлиши мумкин, ахир худди шу усул мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларнинг сабаби-ку? Қайси бир фиқҳий масалада ихтилоф бор бўлса, албатта усулга оид бўлади-ку.
Яна баъзилар: «Усул – бирга бирни қўшса, икки бўлади, дегандек гап. Ҳамманинг наздида шундай», дейишади. Агар ҳамманинг наздида бир хил бўлса, фиқҳда умуман ихтилоф бўлмас эди.
Баъзи одамлар Жувайнийнинг усул борасида ёзган «Варақот» китобига суянади-да, ўзича шофеъий ёки моликий усулидан дарс беради. Ахир «Варақот»да шофеъий ёки моликий мазҳаби усули ёритилмаган-ку, унда фақат усул бўйича умумий маълумотлар бор. Масалан, қиёс нима, ижмоъ нима, шунга таъриф берилган, холос, тафсилотига киришилмаган. Масалан, қиёс мавзусини шарҳламоқчи бўлса, моликий мазҳаби олими ўз мазҳаби усулидаги қиёснинг тафсилотини айтиб шарҳлайди, шофеъий мазҳаби олими ҳам ўз мазҳаби усулидаги қиёсни айтиб беради. Лекин асосий, фундаментал тушунчаларда, масалан, далолатлар бор бўлса, қиёс бор бўлса, ижмоъ бор бўлса, Қуръон-ҳадисдан ҳукм олишда уларнинг мақбуллиги борасида ҳамма бир хил фикрда. Ижмоъ ва қиёснинг ичига кириб борсак, ихтилофлар шундагина кўринади.
Демак, юқоридаги «барча мазҳабларнинг усули битта» деган маълумот хато экан.
Бугунги кундаги яна бир ҳайратланарли, ғалати ҳолат шуки, усул борасида ёзилган бугунги китоблар муайян мазҳабнинг усули бўйича ёзилмаган. Уларда усул ҳақида умумий маълумот берилган, холос. Булар усулни баён қиламан деб, замонавий тусдаги, бузилган, расвоси чиққан китобларни чоп қилиб қўйишди. Ўша китобларда қиёсдан гапиришади, лекин бу худди уйланмаган боланинг муҳаббат ҳақида гапирганига ўхшайди, яъни бу одамда илм йўқ, усулдаги тартибни ҳам билмайди. Шунинг учун ҳамма биладиган гапларни айтади, қиёс ўзи нима, қиёснинг шариатда ҳужжатлиги, уни уммат қабул қилгани ва ҳоказо умумий маълумотларни келтиради.
Қани, усулни билсангиз, менга ўргатинг-чи, иллатлар нима, қиёсда иллатни қандай аниқлаш мумкин, шуларни мисоллари билан келтириб тушунтиринг-чи? Бу ҳақда умуман маълумот йўқ ўша китобларда. Бир қарасангиз, ҳанафий усулидан мисол келтиради, бир шофеъий усулидан мисол келтиради, бир сафар бунисини, бошқа сафар унисини қўллаб-қувватлайди. Усул борасида ёзилган бунақанги китоблар бизга жуда ёмон зарар келтирди. Уни ёзганлар ҳамма мазҳабнинг усулини жамлаб, бамисоли коктейль қилиб қўйишди. Уни ўқиган одам ўз мазҳабининг усулидан айрилади, чунки у ердан бир-бирига қарама-қарши маълумотларни олади, бир мазҳабнинг усули умуман баён қилинмаган бўлади. Ҳанафий мазҳабининг ҳукм олишдаги усули қандай, шофеъий мазҳабининг ҳукм олишдаги усули қандай? Сиз бу иккисининг усулини қандай қилиб жамлайсиз? Сиз уларнинг ҳукм олиш усулини кўрсатмоқчимисиз ёки буларникиними? Мана шу нарса одамлар орасида тушунмовчиликларга, муаммоларга сабаб бўляпти, шунинг учун бунга урғу бериб ўтгим келди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, усул ихтилофнинг сабабидир. Усулдаги ҳамма қоидалар ихтилофнинг сабабидир! Яхшилаб ўрганилса, шундай экани маълум бўлади. Биз булардан бохабар бўлишга жуда муҳтожмиз.
Ҳанафий мазҳабининг ўзидаги ички муаммолардан бири шуки, усулул-фиқҳни ўргана бошлаган талабалар онгида бошиданоқ тўғри тасаввур ҳосил қилдириш керак. Мутлақ нима, муқайяд нима, қачон бирини бошқасига ҳамл қиламиз, ом нима, хос нима, далолатлар нима, қиёс нима? Мана шулар ҳақида тасаввур ҳосил қилишимиз керак. Тажрибали, яхши устоз бўлмаса, талабанинг ўзи усул борасида ёзилган китобларни тушуниши жуда қийин бўлади. Талаба усул китобини энди ўқиётган бўлса, гапни ўқиб, таҳлил қилади, лекин усулни тушунмайди. Устоз тажрибали, яхши бўлса, матн ўқишга киришишдан олдин далолатлар ҳақида умумий тушунча бериб, доскага ёзиб, яхшилаб тушунтиради, кейин матнни ўқиттиради. Ҳамма мавзуда шу услубни қўллайди, аввал мавзу ҳақида умумий тушунча бериб, кейин мавзуга киришади, чунки умумий тасаввур ҳосил бўлмаса, талаба маълумотни тўлиқ тушунмасдан, кейингисига ўтиб кетиши мумкин.
Қолаверса, усулдаги ҳамма мавзулар бир-биридан алоҳида, мустақил мавзу ҳисобланади. Бир неча саҳифалардан иборат маълумотлар бир бутун усулни ташкил этади. Энди бу ҳақда умумий тасаввурингиз бўлмаса, ҳаммасини қандай қилиб тушуна оласиз? Шу нуқтага эътибор берилмагани учун ҳам охирги асрларда усулни матнлардан ўқиб тушунишда қийинчиликка учрадик. Натижада ҳанафий фиқҳи мадрасалари замонавий усул китобларини – Абдулваҳҳоб Ҳаллофнинг китобини, Хузарийнинг китобини дарслик қилиб қўйишди. Бу китоблар эса муайян бир мазҳабнинг усули бўйича ёзилмаган.
Масалан, Абдулваҳҳоб Ҳаллоф ўз китобида ижмоъни инкор қилган; аҳли раъй ва аҳли ҳадис мадрасалари ҳақида гапирган; яна жуда кўп чалкаш фикрларни келтирган. Хўш, буни ўқиган талаба нима бўлади? «Бисмиллоҳ» деб, энди ўқий бошлаган талабанинг онгига биринчи бўлиб мана шу хато маълумотлар ўрнашиб қолади. Мана шу хато маълумотлар унга пойдевор бўлиб қолади. Бундан кейин нимани ўрганса, шу нуқтаи назардан қарайверади, тўғри фикрни уқмайди.
Хулоса қилиб айтсак, мана шу турдаги замонавий китоблар ўқитиладиган, муайян мазҳабга йўналтирилмаган мадрасаларга бундай китоблар жуда катта зарар келтиряпти, катта талафот етказяпти. Натижада усул илмида, ҳатто фиқҳни тушунишда ҳам талабаларнинг куни савиясиз жоҳилларга қолиб кетяпти…
Мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларнинг яна бир катта сабаби – фиқҳий қоидалардир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
[1] «Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутарлар» (Бақара сураси, 228-оят).
[2] Танқиҳул-манот – нассларда келган ҳукмнинг иллатини топиш. Тақсим – масаланинг иллати бўлиш эҳтимоли бўлган васфларни ажратиб олиш. Сабр – ўша ажратиб олинган васфларни бирма-бир текшириб, яроқлисини олиб қолиб, яроқсизини чиқариб ташлаш. Шабаҳ – бир масала икки усул орасида беқарор қолса, унга кўпроқ ўхшайдиган усулга киритиш. Даварон – васф топилганда ҳукм ҳам топилиши, васф топилмаганда ҳукм ҳам топилмаслиги.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.