
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(биринчи мақола)
Ислом оламидаги катта фитнанинг учи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ғаразгўй кучлар томонидан суиқасд уюштирилиб, у кишининг ўлдирилишларидан бошланган эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олиб бораётган музаффар сиёсатлари кўпчилик душманларнинг «жигарини еб бораётган» эди. Улар Исломнинг бутун ер юзи бўйлаб яшин тезлигида тарқалиб бораётганини мутлақо кўра олмас эдилар.
Худди ана шундай кучлар ҳазрати Умарнинг вафотларидан кейин Рум ва Форс томонларда қуролли хуружлар қилиб, Ислом жамияти қарамоғидан чиқиб, эски тузумларини қайта ўрнатмоқчи бўлдилар. Аммо халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларнинг бу хуружларини ўз вақтида бартараф қилдилар.
Ҳарбий томондан кучи етмаган ғанимлар ички томондан турли фитналар чиқаришга ўтдилар. Улар ўз мақсадлари йўлида турли омилларни ишга солдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврлари бошқа давр эди. У вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, турли синовларда чиниққан, иймон ва ихлосда тенги йўқ саҳобаи киромлар кўпчиликни ташкил қилар эдилар. Улар орқали жамият ичида ҳар қандай сиёсатни осонлик билан жорий қилиш мумкин эди. Жамият аъзолари фитна нималигини билмас эдилар. Фитна у ёқда турсин, баъзи Қуръони Карим ва эътиқод бўйича шубҳали саволлар берган шахсларнинг ҳам адаблари бериб қўйилар эди. Ана ўша умумий руҳ ва халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўша руҳдан келиб чиқиб юритаётган сиёсатлари баъзи бир бузғунчи табиатли шахсларнинг ҳам танобини тортиб турар эди.
Аммо вақт ўтиши билан шароитлар ўзгарди. Ҳазрати Умарнинг шиддатли сиёсатларини бардавом олиб бориш қийин эди. Буни ҳамма тушунар эди. Шунинг учун саҳобаи киромлар янги халифа сайлаш вақтида бошқача сиёсат юргизадиган шахсни изладилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг номзодларидан кўра, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг номзодларини устун кўришларига ҳам ҳазрати Алининг шиддатлари сабаб бўлди. Саҳобалар «Умарнинг шиддатидан кейин Алининг шиддати қўшилса, тўғри келмайди», деган фикрга бордилар.
Бунинг устига, катта саҳобалар камайиб қолган эдилар. Арабларнинг ичида ҳам кейин мусулмон бўлган, Ҳижознинг ўзидан эмас, атрофидан бўлган қабилалар кўпайган эди. Энг асосийси, яшин тезлигида тарқалган фатҳлар давомида турли халқлар Исломни қабул қилган бўлиб, уларда ўзларининг аввалги динлари, эътиқодлари ва фикрлари таъсири ҳали кучли эди. Ўша халқлар ичида хўжакўрсинга мусулмон бўлганлари ҳам бор эди. Энг хатарлиси, фитнабоши Абдулоҳ ибн Сабаъга ўхшаб Исломга ички томондан зарба бериш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас эди.
Ана шулар аста-секин фитнага замин тайёрлай бошладилар. Уларнинг баъзи ишларини юқоридаги сатрларда ҳам бир оз ўргандик. Улар аввалига ишни баъзи волийлар устидан шикоят қилишдан бошладилар. Бу иш биринчи бўлиб, Куфадан бошланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тайин қилган волий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан харож омили Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар ўртасида волийнинг Байтулмолдан олган қарзини вақтида тўлаши ҳақида низо чиқди.
Иккалаларига ўзига яраша тарафдор ва қаршилар тўпланди. Халифа волийни ишдан олиб, ўрнига Валид ибн Уқбани қўйдилар. У ўша пайтда Умар розияллоҳу анҳу томонларидан Ҳижознинг ғарбий томонига волий этиб қўйилган ерида ишлаб турган эди. Уни куфаликлар хурсанд бўлиб кутиб олдилар. Бу ишдан айниқса, олдинги волийга қарши бўлган кишилар хурсанд бўлдилар. Одатда, фитначилар янги раҳбарнинг қўйнига киришга ҳаракат қиладилар. Бу ерда ҳам шундай бўлди. Янги волий ҳамма билан яхши алоқада бўлишга ҳаракат қилди. Ҳамма ишлар яхши кетиб турганда бир ҳодиса содир бўлди. Ана шу ҳодиса туфайли ишлар бошқачасига айланиб кетди.
Бир гуруҳ куфалик ёшлар бировнинг уйини тешиб кириб, уй эгасини ўлдирдилар. Бу ишдан хабар топган бир қўшни одам миршабларни чақирди. Улар жиноятчиларни тутдилар. Уларнинг ичида Зуҳайр ибн Жундаб ал-Аздий, Муварриъ ибн Абу Муварриъ ал-Асадий ва Шуббайл ибн Абул Аздийлар бор эдилар. Маҳкамада уларнинг жиноятлари собит бўлди ва шариат ҳукмига биноан қатл этилдилар. Уларнинг оталари ва қариндошлари бу иш учун волий Валиддан хафа бўлиб, унга қарши пайт пойлай бошладилар. Унинг кечқурун қуриладиган суҳбати бор эди. Бу суҳбатда турли одамлар, жумладан, Абу Зайд Тоий ҳам қатнашар эди. У асли насроний бўлиб, кейин мусулмон бўлган ва ароқ ичиши бор эди. Бир куни ҳалиги ҳасадгўйларнинг олдига биров келиб, «Валиднинг Абу Зайд билан хамр тановул қилишидан хабарингиз борми?» деди. Улар айни шу гапни кутиб туришган эди. Бу гапни бирпасда ҳамма тарафга тарқатишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, бу гапни айтишган эди, у киши: «Биз ўзини беркитган одамнинг авратини очмаймиз», дедилар. Валид бу гапни эшитиб, хафа бўлди. «Фитначи қавмга сендек одам шундай жавоб берадими?! Мен нимани беркитибман?! Бу ғариб – нотаниш одам ҳақида айтиладиган гап», деди. Шу билан икковларининг ораларига ҳам совуқлик тушди.
Фитначилар бу билан ҳам кифояланиб қолмадилар. Дорул Хилофага бориб, Валиднинг устидан шикоят қилишга қарор қилдилар. Улар ичларидан икки кишининг гувоҳликка ўтишига келишиб олиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бордилар. Фитначиларнинг сафида волий Валид томонидан ишдан бўшатилган аламзадалар ҳам бор эди. Одатда, фитначиларнинг доимо шунга ўхшаш кишиларни излаб топиб, ўз сафларига қўшиб олишлари синалган тажрибадир. Улар бориб, ўз мақсадларига эришдилар. Волий Валид ибн Уқба ибн Абу Муаъйт чақирилиб, дарра урилди ва ишдан олинди.
Куфанинг янги волийси Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳу фитначилар билан бирга иш жойига борди ва ўз ўрнида айтиб ўтилганидек, ишларни тузатишга киришди.
Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳунинг хос ва умумий ўтиришлари бор эди. Умумий мажлислардан бирида гаплашиб ўтириб, бир одам: «Толҳа ибн Убайдуллоҳ қандай ҳам сахий одам», деди. Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳу: «У сингари одам сахий бўлса, арзийди. Менда ҳам унда бор нарса бўлганида, сизлар фаровон яшар эдингиз», деди. Бир ўспирин Кисронинг Фурот дарёси қирғоғидаги мулкларига ишора қилиб, «Анавилар сеники бўлиб қолса эди», деди. Баъзи одамлар йигитчага: «Тилингга шакар», дейишди. Бирдан Аштар Нахаъий ва Умайр ибн Зобийъ бошлиқ баъзи эсипастлар туриб, ўспиринни дўппослай кетдилар. Отаси уни ҳимоя қилган эди, уни ҳам урдилар. Волий Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳу уларни зўрға ажратди. Шундан кейин ҳалиги фитначиларни ўз суҳбатидан қувди. Улар эса Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳуни ва уни ишга қўйган бошлиқни ёмонлашдан бошқа иш қилмай қўйдилар. Охири халифанинг амри билан улар Муовиянинг олдига сургун қилиндилар. Улар у ерда Муовияни ҳам сўка бошладилар. Абдурраҳмон ибн Холид ибн Валид уларнинг адабларини бериб, тавбаларига таянтирганидан сўнг улар тавбаларини эълон қилиб, ўз юртларига қайтдилар. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас. Улар қайтиб келиб, аввалгидан ҳам баттар иғвогарликка шўнғидилар.
Мазкур куфалик фитначиларга Молик ибн Ҳорис ал-Аштар, Собит ибн Қайс Нахаъий, Кумайл ибн Зиёд Нахаъий, Зайд ибн Савҳон Абдий, Жандуб ибн Зуҳайр Ғомидий, Жундуб ибн Каъб Аздий, Урва ибн Жаъд, Амр ибн Жаъд ва Амр ибн Ҳамиқ Хузоъийлар раҳбарлик қилар эдилар.
Улар фитна қилиб юриб, Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ҳам ишдан бўшатилишларига эришдилар.
Ўша вақтдаги Ироқнинг иккинчи шаҳри бўлган Басрада ҳам фитначилар уя қуриб олган эдилар. У ерда Ҳаким ибн Жабала исмли бир ўғри бор эди. У ўз атрофида қароқчи гуруҳини тузиб олган эди. Ислом лашкарлари сафарга отланса, бирга чиқиб, йўлда ажраб қолиб, қишлоқларни талар эди. У айниқса, аҳли зиммаларга кўп зулм ўтказар эди. Аҳоли, хусусан, аҳли зиммалар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга унинг устидан арз қилдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу волий Ибн Осирга амр қилиб, Ҳакимни Басрадан чиқмайдиган қилиб қўйдилар. Барча фитналарнинг боши бўлмиш Абдуллоҳ ибн Сабаъ Басрага келганида айнан ўша ўғри Ҳакимнинг уйига тушди. Ўша ерни ўзига марказ қилиб олиб, мараз фикрларини тарқата бошлади. Унинг иши волийга етиб боргач эса бу ердан ҳам қувилди. Аммо бу пайтда Абдуллоҳ ибн Сабаънинг заҳари атрофга тарқаб қолган эди.
Шомда Муовия ибн Абу Суфён бошлиқ катта саҳобийлар кўп бўлганлиги учун фитна тарқалмаган эди. Фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъ Шомга келганида Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу билан учрашиб, мол-дунё хусусида у кишига ёқадиган баъзи гапларни айтиб, сўнг Муовия ибн Абу Суфён бу фикрга қарши экан, деб икковларини тортиштириб қўйди. Сўнгра биз аввал ўрганиб ўтган машҳур Абу Зарр Ғифорий ҳодисаси содир бўлди. Шундан сўнг бу фитнабоши ҳазрати Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, гап бошлаган эди, у киши: «Сен яҳудий бўлсанг керак», деб, қувиб солди. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг олдига борган эди, уни маҳкам тутиб, Муовиянинг олдига олиб борди ва: «Абу Заррни сенинг олдингга юборган шу», деди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу фитначини Шомдан қувиб чиқарди.
Аммо ҳамма балонинг боши Мисрда эди. Абдуллоҳ ибн Сабаъдек фитнабоши ҳамма ердан қувилса ҳам, бу ерда ҳурмат-эътибор топган эди. У Мисрга жойлашиб олиб, ўз режасини амалга оширишга замин тайёрлар эди. У ўз таълимотларини кўпчилик орасида тарқатиб борар эди. У одамларга: «Аллоҳнинг мингта набийси ва мингта васийси бор. Али Муҳаммаднинг васийсидир. Муҳаммад хотамуланбиё, Али хотамулавлиёдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятига амал қилмай, у зотнинг васийсига ҳамла қилиб, умматнинг ишини ўз қўлига олган одамдан ҳам золимроқ одам борми? Усмон ноҳақдан халифа бўлиб олган. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васийси. Унга ёрдам бериш керак. Бу ишни адо этиш учун қўзғолинг! Ҳар ким ишни ўз амирига айб қўйишдан бошласин. Сиртдан амри маъруф, наҳйи мункар қилаётган бўлиб кўрининглар. Ўшанда одамлар сизларга мойил бўладилар. Уларни ўз ишимизга унданглар!» дер эди.
У ўз тарғиботчиларини ҳар тарафга юборди. Турли жойлардаги фитначилар билан мактуб олди-бердисини яхшилаб йўлга қўйди. Улар Абдуллоҳ ибн Сабаъга ҳар тарафдан хат юбориб турар эдилар. Фитначилар бир-бирлари билан ўз амирларини айблаб, хат ёзишар эдилар. Олган мактубларини иложи борича кўпроқ одамларга ўқиб берар эдилар.
Фитначилар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмас эдилар. Улар ҳар бир кишини ўз сафларига тортишга ҳаракат қилар, ҳар бир ҳолатдан ўз фойдалари учун бирор нарса чиқаришга уринар эдилар. Энди фитначилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни асосий мўлжал қилиб олган эдилар. У кишини айблаш йўлида турли бўҳтонларни тўқир эдилар. Бу бўҳтонларни одамлар ўртасида тарқатишга жон-жаҳдлари билан тиришар эдилар. Софдил мусулмонлар уларнинг бундай бўҳтонларига қарши қўлларидан келган чораларни кўрар эдилар.
(Давоми бор)
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.