1447 йил 27 ражаб | 2026 йил 16 январь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Мурсалот ғори

14:22 67 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мурсалот сураси ушбу ғорда нозил бўлгани учун шу ном билан аталади. Имом Бухорий Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Минодаги ғорлардан бирида кетаётганимизда у зотга Мурсалот сураси нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тиловат қилардилар. Мен эса у зотнинг оғзиларидан чиқаётган нарсани эшитиб, қабул қилиб олар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари у сабабли нам бўлар эди…», дедилар.
Ҳижрий 832, милодий 1429 санада вафот этган Ал-Фосий: «Ушбу ғор Минодаги машҳур ғорлардан бўлиб, Хайф масжидининг орқасида, Яман томондаги тоғ ёнида жойлашган. Бу сўзни халаф олимлари салаф олимларидан эшитиб асар қилиб келишган», дедилар.

Билодий: «Бу ғор жанубий ва ғарбий томондан масжидга ташриф буюрувчилар келадиган тарафда, Хайф масжиди билан Собиҳ тоғи оралиғида жойлашган. Минодаги машҳур ва маълум ғордир. Ушбу ғор Хайф масжидидан жанубга узунасига чўзилган ғорнинг устидадир» («Маъолиму Макка ат-тарихийя»).

Тош отиладиган ўринлар

Тош отиладиган учта маносиклар ўрни Минода жойлашган: кичик тош отиш жойи, ўрта тош отиш жойи ва Ақаба, яъни катта тош отиш жойи. (Қомусил муҳит).

Ҳаж амалларидан бири тош отишдир. Бундай амалдан мақсад Аллоҳнинг буйруқларига бўйин эгиш ҳамда отамиз Иброҳим алайҳиссаломга иқтидо қилишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Сизлар учун Иброҳимда гўзал намуна бордир», деб айтган (Мумтаҳана сураси, 4-оят).

Тош отиш чоғида ҳар бир ҳожи Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, ўғилларини қурбонликка сўйгани олиб кетаётганларини, уларнинг йўлларини шайтон тўсиб чиқиб, иғво қилмоқчи бўлганини, шунда Иброҳим алайҳиссалом тош отиб, уни қувлаганларини эсламоғи лозим.

Тош отишдан кўзланган яна бир мақсад Набийимиз Муҳаммад алайҳиссаломга иқтидо қилиш ва шайтонга адоватни изҳор қилиб қўйиш ҳамдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ҳаж амалларини мендан олинглар. Аллоҳ таоло: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар», деб айтган (Фотир сураси, 6-оят).

Тош устунига тош отаётганимизда шайтоннинг ғазабини келтириш, хўрлаш ва ҳақоратлаш бордир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтиладики: «Иброҳим алайҳиссаломга ҳаж амалларини адо этиш буюрилганида Жаброил алайҳиссалом билан бирга Жамратул Ақабага бордилар. Ушбу ерда шайтон кўринган эди, еттита майда тош отдилар, у қайтиб кетди. Жамратул Вусто, яъни ўрта тош отиладиган ўринда ҳам кўринган эди, еттита майда тош отдилар («Мажмаъуз-завоид»).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни чошгоҳ маҳалда тош отдилар. Кейингисини эса қуёш заволга кетганидан кейин отдилар (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тош отиш ва Сафо-Марванинг орасида саъй қилиш Аллоҳ зикрини қоим қилиш учун амалга киритилди», дедилар.

Термизий ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Видолашув ҳажи асносида тош отадиган жойлар орасида қурбонлик куни қуйидагича хутба айтдилар: «Эй инсонлар, бу қайси кун?» десалар, саҳобалар ҳаром кун, яъни ов ва шунга ўхшаш нарсалар ҳаром қилинган кун, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу қайси шаҳар?» деган эдилар, саҳобалар: «Ҳаром шаҳри», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу қайси ой?» десалар, саҳобалар: «Ҳаром ойи», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта бу кунингизда ҳаром бўлгани каби бошқа кунларда ҳам қон, мол ва обрўларингизга тажовуз қилиш ҳаромдир», деб бир неча марта айтдилар. Кейин бошларини кўтариб: «Аллоҳим етказдимми? Аллоҳим етказдимми? Бу ерда ҳозир бўлганлар кела олмаганларга етказсин. Яна мендан кейин баъзиларингиз баъзиларингиз гарданига қилич уриб, диндан қайтиб кетмасин», дедилар.

Имом Бухорий ривояти.

Тош отиш устунчалари

Уч ҳавза ўртасидаги мавжуд устунлар шайтон зоҳир бўлганида Иброҳим алайҳиссалом тош отган маконларига аломатдир. Лекин устунлар атрофидаги ҳавзалар одамлардан заҳматни енгиллатиш, тош отиш доирасини кенгайтириш ва отилган тошларни бир маконда жамлаб олиш мақсадида ҳижрий 1292, милодий 1875 санадан кейин қурилган. Бу маконни кўрган кишида Жамратул Ақаба ҳавзаси бир томондан қурилган экан-да, деган фикр туғилади. Бунга сабаб авваллари ана шу Жамра тоққа ёпишган бўлган. Очиқ томондан унга тош отилган. Кўчани кенгайтириш мақсадида тоғдан бир қисми олиб ташланганида ҳавза эски тош отиш ўрнидан ярим доира шаклида қолган. Бу тоғчанинг баландлиги бир неча ўн метрлар чамаси, узунлиги 100 метрлар атрофида эди. Ҳожилар кўпайиб кетишини назарда тутиб, ҳижрий 1383, милодий 1963 санадан кейин тош отиш ўрнига юқори қават биноси қурилди. Ушбу бино тош отиш кўприги деб номланди. У бир неча марта кенгайтирилди. Жамратул Ақаба билан Жамратус-Суғро ораси 200 метр атрофидадир.

«Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй иймон келтирганлар Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва давоми...

13489 06:00 / 14.06.2024
Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учун берган давоми...

7386 06:00 / 15.06.2024
Аллоҳ таоло .Сизларга денгиз ови ва унинг таоми сиз ва йўловчилар баҳраманд бўлишингиз учун ҳалол қилинди. Модомики эҳромда экансиз, сизга давоми...

1687 15:19 / 11.06.2024
. Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдирrdquo Оли Имрон 97 оят. . . Абу давоми...

10521 05:00 / 16.01.2017