
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(халифалик даври ҳижрий 193-198, милодий 809-814)
Бу халифанинг тўлиқ исми: Муҳаммад Амин ибн Ҳорун ар-Рашид. Унинг онаси – Зубайда бинт Жаъфар ибн Мансур. Бану Аббос халифаларининг ичида ҳам отаси, ҳам онаси ҳошимийлардан бўлган ягона инсон шудир. Муҳаммад Аминнинг отаси Ҳорун ар-Рашид байъат унга бўлишига аҳд қилган, кейин укаси Маъмун бўлишига қарор қилган эди. Қосимни эса Ироққа волий этиб тайинлаганди. Маъмун машриққа – Хуросонга волий бўлди. Ҳорун ар-Рашид уларнинг иккисига Маккада байъат олган ва икковларини ихтилоф қилмаслик ҳақида қасам ичтириб, ўша ерда ҳозир бўлган барча кишиларни бунга гувоҳ қилган эди. Шунингдек, байъат ҳақида ёзилган васийқани Каъбаи муъаззаманинг ичига қўйган эди. Муҳаммад Аминнинг вазири Фазл ибн Робеъ уни иғво қилиб, укаси Маъмунни бўшатишга ундади. Ўзининг ўғли Мусога байъат олишга қизиқтирди ва Муҳаммад Амин худди шундай қилди. У гувоҳлар олдида қилинган байъат васийқасини йиртиб ташлади. Шундан кейин Маъмун унга қарши чиқди.
Ҳукмронлик учун кураш ва Муҳаммад Аминнинг енгилиши
(ҳижрий 195, милодий 811)
Ҳижрий 195 йилда Муҳаммад Амин укасига қарши уруш қилиш учун иккита лашкар юборди. Маъмуннинг лашкарбошиси Тоҳир ибн Ҳусайн иккала лашкарни ҳам мағлубиятга учратди. Ҳижрий 196 (милодий 812) йилда яна бошқа юриш қилиб, унда ҳам мағлубиятга учрадилар. Сўнг Тоҳир Бағдод сари юриш бошлаб, у ерни ниҳоятда қаттиқ қамал қилди. Шундан кейин Муҳаммад Аминнинг одамлари уни тарк этиб, Маъмуннинг одамлари кўпая бошлади. Ҳижрий 198 йилда Маъмуннинг қўшини Бағдодга кириб борди. Икки тараф орасида шиддатли жанг бўлди. Ниҳоят, Муҳаммад Амин енгилиб қочди ва шу йили қатл қилинди. Муҳаммад Амин лаҳв ишларга берилган, ов қилишга, ўйин-кулгига ниҳоятда ўч одам бўлиб, давлат ишлари унинг учун иккинчи даражада эди. Тарих китобларида унинг салбий сифатлари ҳақида жуда кўп хабарлар келган. Муҳаммад Аминнинг халифалиги 5 йил давом этди.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.