1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Аллоҳнинг муҳаббати ила ризқланишни сўраш

06:22 / 15 январь 788 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ يَزِيدَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ فِي دُعَائِهِ: اللَّهُمَّ ارْزُقْنِي حُبَّكَ وَحُبَّ مَنْ يَنْفَعُنِي حُبُّهُ عِنْدَكَ، اللَّهُمَّ مَا رَزَقْتَنِي مِمَّا أُحِبُّ فَاجْعَلْهُ قُوَّةً لِي فِيمَا تُحِبُّ، اللَّهُمَّ وَمَا زَوَيْتَ عَنِّي مِمَّا أُحِبُّ فَاجْعَلْهُ لِي قُوَّةً فِيمَا تُحِبُّ.

Абдуллоҳ ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида:

«Аллоҳим! Мени муҳаббатинг ила ва муҳаббати Сенинг даргоҳингда менга манфаат берадиган шахснинг муҳаббати ила ризқлантиргин.

Аллоҳим! Менга муҳаббатини ризқ қилиб берган нарсангни Ўзинг муҳаббат қилган нарсада мен учун қувват қилгин.

Аллоҳим! Мен муҳаббат қилган нарсалардан мендан четда қилганларингни менга Ўзинг муҳаббат қилган нарсаларда қувват қилгин», дер эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу жамловчи дуода Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва У Зотнинг муҳаббатига элтувчи нарсаларнинг муҳаббати сўралмоқда.

«Аллоҳим! Мени муҳаббатинг ила ва муҳаббати Сенинг даргоҳингда менга манфаат берадиган шахснинг муҳаббати ила ризқлантиргин».

Бу жумладан муҳаббат ҳам ризқ эканини тушуниб оламиз. Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила ризқланишни сўраш ҳар бир мўмин банда учун жуда ҳам муҳимдир. Чунки мўмин қалб учун Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан кўра яхшироқ неъмат, яхшилик, ҳузур, ҳаловат ва қувонч йўқдир.

Агар банда ўзига ўхшаган бандага кўнгил қўймоқчи бўлса, ўша муҳаббат Аллоҳ таолонинг даргоҳида ўзига манфаат бериш-бермаслигини ўйлаб кўриши керак. Агар манфаат берса, унга кўнгил қўйсин. Манфаат бермаса, кўнгил қўймасин.

«Аллоҳим! Менга муҳаббатини ризқ қилиб берган нарсангни Ўзинг муҳаббат қилган нарсада мен учун қувват қилгин».

Яъни «Соғлик-саломатлик, тинчлик-омонлик, молу дунё, обрў ва мансаб, ёру дўст каби мен муҳаббат қиладиган нарсаларни Сен яхши кўрадиган тоат-ибодат каби нарсаларга қувват бўлишини Ўзинг таъминлагин».

«Аллоҳим! Мен муҳаббат қилган нарсалардан мендан четда қилганларингни менга Ўзинг муҳаббат қилган нарсаларда қувват қилгин».

Яъни «Мен яхши кўрадиган молу дунё, мансаб ва имкониятлардан қай бирини менга бермаган бўлсанг, ўшаларга сарфлайдиган вақтим, куч-қувватим ва имкониятларимни Сен яхши кўрадиган тоат-ибодат, амали солиҳларни қилишим учун қувватга айлантиргин».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг биттасидан ривоят қилинадиУ зот қизларига тонг отганида .Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата илла давоми...

3944 15:26 / 17.03.2021
Аллоҳумма солли солатан камилатан, васаллим саламан тамман ъала саййидина Муҳаммадиниллазий танҳаллу биҳил ъуқоду ва танфарижу биҳил давоми...

1522 11:28 / 11.08.2025
Баъзи соҳибларимиз айтишадики .Ким масжидга кириб, таҳорати йўқлиги ёки иши зарурлиги туфайли .Таҳийятул масжид, намозини ўқий олмаса, тўрт марта .Субҳаналлоҳи давоми...

6320 15:53 / 24.01.2019
Аллоҳим, мен Сендан ҳозир ҳам, кейин ҳам, билган ва билмаган барча яхшиликларни сўрайман. Аллоҳим, мен Сендан билган ва билмаган, ҳозир ва келажакдаги ҳар қандай давоми...

3089 13:15 / 06.07.2024
Аудиолар

227869 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146595 14:35 / 11.08.2021