1447 йил 23 ражаб | 2026 йил 12 январь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онага хизматнинг мукофоти

13:17 165 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Наманганлик етук уламолардан мавлоно Довудхон тўра (1945-2020) раҳматуллоҳи алайҳнинг ота-оналарига муносабатлари ва хизматларини адо этишлари салафи солиҳларга эргашиш йўлида бизларга чинакам ибрат бўладиган даражада эди. У зот бошланғич диний таълимни оталари Ортиқ хўжа (1905-1969) қоридан олганлар. Агар оталаридан пешин намозидан кейин Қуръондан бирор саҳифани ёд олиш вазифасини олсалар, аср намозигача тайёрлаб топширар эканлар. Бундан оталари таажжубланиб: «Ўғлим, қандай қилиб ёд оляпсиз?» дея сўраса,  «Аллоҳ ёрдам беряпти, ёд оляпман», дер эканлар. Бундан оталари хурсанд бўлиб: «Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Қалбингизга муҳрлаб қўйсин», дея дуо қилар экан.

У киши арабий-туркий мутолаани волидаи муҳтарамалари Раҳимахон (1912-1978) ойидан ўрганганлар. 1962 йили ўрта мактабни аъло баҳога тамомлаб, Тошкент давлат политехника олийгоҳи сари отланади. Ҳужжатларни тайёрлаб, оталаридан изн сўрагани ҳузурига киради. Қиблагоҳлари хайрли дуо қиладилар. Шу орада Мавлоно Довудхон тўра олийгоҳга имтиҳон топшириб ўқишга киради. Хурсанд бўлиб уйга қайтади. Уйга келиб олийгоҳга кирганидан ўзида йўқ хурсанд бўлиб, хушхабарни онасига айтади. Шунда оналари: «Болам, сиз хурсанд бўляпсиз-у, лекин отангиз ариқ бўйида йиғлаб, маюс ҳолда ўтирибдилар. Сизнинг бу ўқишингизга раъйлари йўқ», - дейди. Мавлоно Довудхон тўра ҳайрон бўлиб, қиблагоҳларининг орқаларидан секин бориб қулоқ солса, оталари шу тарзда дуою илтижо қилаётган эканлар. «Ё Раббий, боламнинг йўналиши бу эмасди-ку, Ўзинг уни ухровий илмга йўналтиргин». Бироз ўтиб салом- аликдан сўнг оталари: «Ўғлим, сизнинг илму таҳсилингизга қаршилигим йўқ. Бироқ келажакда аҳли илм, аҳли Қуръон бўлиб, динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган фарзанд бўлишингизни хоҳлагандим», дебдилар. Буни фаҳмлаган Довудхон тўра ота амрига қулок солиб, унинг истагани рўёбга чиқариш учун шариат илмини чуқур ўрганишга қаттиқ киришадилар.

Мавлоно Довудхон тўранинг яна бир камолотларига сабаб бўлган гўзал амалларидан бири оналарига эҳтиромлари ва хизматлари эди. Оилада қиз фарзанд бўлмагани боис, волидаларига кўпроқ Довудхон домла ўзлари хизмат қилганлар. Оналари бемор бўлиб ётиб колганда ҳам бошларида парвона бўлиб, оқ ювиб, оқ тараб дуоларини олганлар. Ҳаттоки, унинг сочларини ўриб, учига пилик боғлаб, бошларига чиройли рўмолларни ўратиб, оёқларини ювиб қўяр эканлар. Шунда оналари дуо қилиб: «Асло камлик кўрмагин, Аллох азизу мукаррам қилсин. Боязид Бистомийнинг мақом-мартабаларини берсин. Умрингни баракали, илмингни зиёда қилсин!» деб дуо қилар эканлар. Мавлоно Довудхон тўра раҳматуллоҳи алайҳ ота-оналарига қилган хизматлари туфайли ва уларнинг дуолари ижобат бўлиб, кўплаб улуғ устозлардан таълим олиб, юртимизнинг етук уламоларидан бўлиб етишдилар. Наманган шаҳридаги масжидларда имом-хатиблик қилиб, халқ орасида «тўра домла», «тўра почча», «тўра бува» деган ном билан танилдилар ва умрлари охиригача дин хизматида бўлдилар.

Мавлони Довудхон тўра раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларидаги маълумот.

«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 16 январдаги 02-07/296-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир яхшилик садақадир,, дедилар,.Шарҳ Яхшилик, у қандай бўлмасин ndash каттами, кичикми, давоми...

2975 09:00 / 03.07.2021
Қобийса ибн Барма Асадийдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. У зотнинг .Бу дунёда аҳли маъруф бўлганлар у дунёда ҳам аҳли давоми...

2608 09:00 / 22.06.2021
Отангизнинг сирларини асло бировларга айтманг. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша сири бўлади. У ташқаридан бировга билдирилмайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам оилангиздаги давоми...

1685 12:15 / 19.07.2025
Бу мақолада қариндошлар ичида силаи раҳмга сазовор эмас, дея гумон қилинадиган тоифа ndash золим қариндош ҳақида гап боради. Оддий ҳолатларда золимга ўзига яраша давоми...

1101 10:36 / 05.11.2025