
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُجَمِّعِ بْنِ يَحْيَى قَالَ: حَدَّثَنِي رَجُلٌ: أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ رَحِمِي قَدْ رَفَضُونِي وَقَطَعُونِي، فَأَرْفُضُهُمْ كَمَا رَفَضُونِي، وَأَقْطَعُهُمْ كَمَا قَطَعُونِي؟ قَالَ: «إِذًا يَرْفُضُكُمُ اللهُ جَمِيعًا، وَإِنْ أَنْتَ وَصَلْتَ وَقَطَعُوكَ كَانَ مَعَكَ مِنَ اللهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ».
Мужаммиъ ибн Яҳё бир кишидан ривоят қилади:
«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, қариндошларим менга қарамай қўйишди ва алоқаларини узишди. Мен ҳам улар қарамай қўйганлари каби қарамай қўяйми ва алоқаларни узганлари каби алоқаларимни узиб қўяйми?» деди.
«Агар шундай қилсанг, Аллоҳ барчангиздан юз ўгиради. Агар сен алоқани давом эттираверсанг ва улар узса, уларнинг зиддига сен билан бирга Аллоҳдан бир ёрдамчи бўлади», дедилар».
Шарҳ: Қариндошлар сенга ёмонлик қилишибди, сендан юз ўгиришибди, алоқани узишибди. Лекин сен алоқани яхшилайвер. Шундай қилсанг, сен билан бирга уларнинг зиддига Аллоҳ таоло тарафидан бир ёрдамчи бўлади.
Силаи раҳм одатдаги кечиримлилик тушунчасидан ҳам анча кенг маънони ифодалайди. Халқимизда «Отангни ўлдирганга онангни бер» деган машҳур гап бор. Бу дегани, сенга ҳар қандай ёмонлик қилган одамни ҳам кечириб, у билан яхши муомала қилавер, деганидир. Лекин силаи раҳм бундан ҳам кенгроқ маънони англатади.
Силаи раҳм фарз амалдир. Сенга нисбатан зулм қилган ёки ҳаттоки Аллоҳ таолога очиқдан-очиқ осийлик қилган қариндошингнинг ҳам сенда қариндошлик ҳаққи бор. Бу ҳақни унга Аллоҳ таолонинг Ўзи берган ва сендан бу ҳақни адо этишингни талаб қилган. Шунинг учун унинг гуноҳига рози бўлмасанг ҳам, зулмини кечирмасанг ҳам, унга нисбатан силаи раҳм қилишга, яъни қариндошлик ҳаққини адо этишга мажбурсан. Агар шундай қилмасанг, сен ундан ҳам кўпроқ гуноҳкор ҳисобланасан ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасиб қоласан.
Демак, «Қариндошим аразлади-ю, мен аразламайманми», демаслик керак. «Улар бизга ёмонлик қилишса, нега энди биз яхшилик қилишимиз керак экан», демаслик керак.
«Улар ёмонлик қилишса – ўзларига, лекин мен динимизнинг буйруғи бўйича яхшилик қилишга буюрилганман, улар ёмонлик қилишса ҳам, мен яхшилик қилавераман, улар алоқани узишса ҳам, мен узмайман», деган маънода ҳаракатда бўлиш лозим.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Оддий одам ҳаётида муаммо пайдо бўлганда олим кишидан сўраб иш тутиши кераклиги.
2. Қариндошига аччиқ қилиб, икки тараф гаплашмай қўйса ёки алоқаларини узса, Аллоҳ таоло барчаларидан юз ўгириши.
3. Ёмонлик қилган қариндошларга яхшилик қилган кишига уларга қарши Аллоҳ таолонинг ёрдами бўлиши.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ، وَلَيْسَ الْوَاصِلُ باِلْمُكَافِئِ، وَلَكِنَّ الْوَاصِلَ مَنْ إِذَا انْقَطَعَتْ رِحِمُهُ وَصَلَهَا».
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Аршга осилиб туради. Қилганига яраша қайтарган киши силаи раҳм қилувчи эмас. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқалари кесилганда ҳам силаи раҳм қилувчи кишидир», дедилар».
Шарҳ: Раҳм Аршга осилиб туради. Унинг мақоми шундай улуғ. Қариндошлик алоқасини қилувчи одам «Сен қилсанг, мен ҳам қиламан, силаи раҳм «бор товоғим, кел товоғим» тарзида бўлади», демайди. Ҳақиқий қариндошлик алоқасини қиладиган одам қариндошлари алоқани кесса ҳам, ўзи уларга силаи раҳм қилаверадиган одамдир. Қариндошлар унга ёмонлик қилиб, қариндошлик алоқасини узса ҳам, уларни қариндош сифатида ҳурмат қилаверган киши ҳақиқий қариндошлик алоқасини тутиб турган одам ҳисобланади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Қариндошлик алоқасининг Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадри улуғлиги.
2. Қариндошлик алоқаси қилганига яраша қайтариш маъносида эмаслиги.
3. Алоқани кесган қариндошларга яхшилик қилиш ҳақиқий силаи раҳм экани.
عَنْ مُجَاهِدٍ يُخْبِرُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «لَيْسَ الْوَاصِلَ بِالْمُكَافِئِ، وَلَكِنَّ الْوَاصِلَ مَنْ إِذَا انْقَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا».
Мужоҳиддан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қилганига яраша қайтарган киши силаи раҳм қилувчи эмас. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқалари кесилганда силаи раҳм қилувчи кишидир», дедилар».
Шарҳ: Бу маъно аввалги ривоятда ҳам келди. Силаи раҳм қилиш қилганига яраша қайтариш эмас, балки алоқасини узиб қўйган қариндошларга ҳам бориб, улар билан алоқани боғлаб, яхшилигини қилаверган одам ҳақиқий силаи раҳм қилувчи бўлади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп тайёрланди.