1447 йил 19 ражаб | 2026 йил 08 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ухлатган ҳам, уйғотган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир

19:00 / 06 январь 244 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ

«У кечаси сизни вафот эттирадиган ва кундузи нима касб қилганингизни биладиган Зотдир. Сўнгра белгиланган муддат тугал бўлиши учун унда (кундузи) сизни қайта тирилтирадир. Сўнгра қайтишингиз фақат Унгадир. Сўнгра нима амал қилиб юрганингизнинг хабарини берадир» (Анъом сураси, 60-оят).

Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз қудрати ила инсон ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини қамраб олган.

«У кечаси сизни вафот эттирадиган...»

Дунёдаги барча махлуқотни, жумладан, инсонларни ҳам ухлатадиган Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Инсон уйқуга кетганда ҳис этиш қобилиятини йўқотади. Унинг ақли ҳам ўз фаолиятидан тўхтаб, дам олади, англаш қобилияти кесилади. Уйқунинг «кичик ўлим» деб аталиши ҳам шундандир. Инсон уйқунинг белгиларини билади-ю, аммо ҳақиқатини билмайди. Ухлаётган кишидаги мазкур жараёнларни Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқариб туради.

«...ва кундузи нима касб қилганингизни биладиган Зотдир».

Уйқудалик чоғингизда ҳаракатсиз ҳолингизни бутунлай қамраб олганидек, уйғоқлик чоғингиздаги ҳолу ҳаракатингизни ҳам қамраб олгандир.

«Сўнгра белгиланган муддат тугал бўлиши учун унда (кундузи) сизни қайта тирилтирадир».

Яъни, уйғотади.

Демак, ухлатган ҳам, уйғотган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир.

«Сўнгра қайтишингиз фақат Унгадир».

Бу, албатта, қиёмат куни рўй беради. Яъни қиёмат кунигача инсон ҳаёти Аллоҳ таолонинг тасарруфида бўлади.

«Сўнгра нима амал қилиб юрганингизнинг хабарини берадир».

Бу дунёдаги ҳаётингизни шомил қамровга олиб, ҳар бир кичик нарсаларгача билиб турган Зот – Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳамма қилган ишларингизнинг хабарини беради. Амалларингиз иймон ва яхшиликдан иборат бўлса, мукофот; куфр ва гуноҳдан иборат бўлса, жазо берилади.

Кейинги оятда яна Аллоҳ таолони васф этиш давом этади:

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

«У бандалари устидан мутлақ ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур. Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирадир» (Анъом сураси, 61-оят).

Аллоҳ таоло доимо бандалари устидан ғолибдир, Ўз иродасини ўтказиб турувчидир.

«У бандалари устидан мутлақ ғолибдир».

Аллоҳ таоло ғолиблигидан бандаларининг ҳар бир ҳаракат ва саканотларини кузатиб, ҳисоб-китобини қилиб туради.

«У устингизга ҳафазаларини юборур».

«Ҳафаза» – ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталарнинг номи бўлиб, улар қиладиган ишнинг – муҳофаза қилишнинг маъносини англатади. Биринчи маъно – муҳофаза қилиш, сақлаш маъноси бўлиб, ўша фаришталар ўзлари бириктирилган одамни муҳофаза қилиб турадилар. Иккинчи маъно – ёд олиш маъноси бўлиб, мазкур фаришталар ўзлари бириктирилган инсоннинг ҳамма қилган иши ва айтган сўзларини ёдлаб боради. Хулоса қилиб айтганда, инсон бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг кузатувидан четда қолмайди. Буни англаган инсон фақат яхшилик қилиб, доимо ёмонликдан четланади. Шу билан бирга, мўмин-мусулмон инсон доимо ўлимга ҳозир бўлиб туради. Чунки:

«Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирадир» деган жумлани ҳеч бир лаҳза унутмайди. Вафот этганларидан сўнг эса:

ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

«Сўнгра ҳақиқий Хожалари – Аллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким, ҳукм қилиш Унинг Ўзигагина хосдир. Ва У ҳисоб-китоб қилувчиларнинг энг тезкоридир» (Анъом сураси, 62-оят).

Фаришталар бандаларнинг жонини олгандан сўнг, қайтиб борадиган жойлари уларнинг ҳақиқий хожалари Аллоҳнинг ҳузуридир. Ундан бошқа қайтадиган жой ёки кимса йўқ. Шу билан бирга, Ундан бошқа ҳукм қилувчи ҳам, ҳисоб-китоб этувчи ҳам йўқ.

ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ

«Сен: «Қуруқлигу денгизнинг зулматларида Унга тазарру билан, махфий ҳолда: «Агар мана шундан бизни қутқарса, албатта, шукр қилувчилардан бўлурмиз», дея дуо қилганингизда ким қутқаради?» – деб айт» (Анъом сураси, 63-оят).

«Зулматлар»дан мурод хавфу хатар, қийинчиликдир. Қуруқлик ва денгиздаги бундай зулматлар жуда ҳам кўпдир. Ҳар бир инсон ана ўшандай қийинчиликлардан бирига йўлиққан, ноилож қолган пайтда, албатта, ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳни эслайди. Унинг Ўзига тазарру қилади. Ичида аҳд ҳам қилади. «Агар мана шу хавфу хатардан Аллоҳ мени қутқарса, бундан кейин албатта Унга шукр (ибодат) қиламан», – деб ўзига ўзи сўз беради.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ана ўша ҳолатни кишиларнинг эсига солиб, «Қийин ҳолга тушиб қолганингизда, Ундан ёрдам сўрайдиганингиз

«Қуруқлигу денгизнинг зулматларида Унга тазарру билан, махфий ҳолда: «Агар мана шундан бизни қутқарса, албатта, шукр қилувчилардан бўлурмиз», дея дуо қилганингизда ким қутқаради?» – деб сўрашга амр қилмоқда.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ҳамд осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳгадир. Сўнгра куфр келтирганлар давоми...

1001 19:00 / 22.07.2025
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга давоми...

4128 17:00 / 04.01.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон давоми...

2937 16:18 / 04.10.2021
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Албатта, Роббинг ризқни хоҳлаган кишига кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан ўта хабардор ва кўриб турувчи давоми...

1736 19:00 / 05.03.2024