1447 йил 18 ражаб | 2026 йил 07 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Таассуб нима?

13:33 / 05 январь 359 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таассуб мутлақо ёмон нарсами? Йўқ, чунки «таассуб» – луғатда «жамланиш» дегани. Одам яхшиликка ҳам жам бўлиши мумкин, ёмонликка ҳам. Шунинг учун кўп уламолар «мутаассиб», деб мақталган ҳам. Масалан, «Фалончи суннатга мутаассиб эди», яъни суннатни жуда маҳкам тутар эди, дейилади. Келинг, имом Тафтазонийнинг таърифини келтирайлик. Эслатиб ўтамиз, бу зот тарихдаги энг катта алломалардан саналади, бунга кўп уламолар гувоҳлик беришган.

Имом Тафтазоний: «Мутаассиблик – ҳақни тан олмасликдир», деганлар.

Бир одам ҳақиқатдан тониб, «Мен ҳақни тан олмайман», дейдиган даражага етса, мутаассиб дейилади. Одам қачон ҳақни тан олади? Қачонки унга далил зоҳир бўлса. Далил зоҳир бўлса ҳам, ҳақни қабул қилмаслик учун инсон аввало катта олим бўлиши керак, чунки далил деган нарса олим одамга зоҳир бўлади. Мана шундай одам далилни қабул қилмайди.

Эътибор беринг, катта уламолар мутаассибликка «Абу Ҳанифанинг сўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан юқори қўйиш», деб таъриф беришмабди. Бу ёш бола ҳам бермайдиган, савиясиз таъриф-ку! Ҳеч қачон Абу Ҳанифанинг сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан устун бўлмайди.

Таърифда: «Мутаассиблик – ҳақ зоҳир бўлса ҳам, уни қабул қилмаслик», дейилди.

Бунинг учун одам далиллардан бохабар, уларни ажрата оладиган даражада бўлиши керак, кейин ижтиҳоди тақозо қилган ҳақни инкор қилиши керак.

Ким шундай қилади? Ақли расо одам шундай қилиши мумкинми?

Аллома Тафтазоний сўзининг давомида: «Бир томондан бошқа томонга оғиб кетгани учун», деб қўшимча қилади. Тўғри одам шундай қиладими? Йўқ, қилмайди. Бунинг учун у илм олган, лекин ақийдаси бузуқ бўлиши керак. Мана шу бузуқ ақийдаси уни ҳақни тан олишдан тўсиб туради.

Бу гапни буюк уламолардан бири Алоуддин Бухорийнинг таърифи ҳам қўллаб-қувватлайди. У зот: «Далил зоҳир бўлганида ақийдаси ҳақни тан олишдан тўсиб турадиган одам мутаассиб саналади», деган. Эътибор беринг, далилнинг зоҳир бўлиши таъкидланяпти. Демак, бу сифат ижтиҳодга лаёқатли, далилларни тушунадиган, лекин фикрида бузуқлик бор одамга тегишли экан.

Энди айтинг-чи, Аҳли суннанинг ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий уламолардан биронтаси мана шундай бузуқ фикрли одам бўлганми? Умматнинг уламоларини шундай сифатлар билан айблаб, ақийдаси нотўғри бўлгани учун улар ҳақни тан олишмаган, дея оламизми? Бу ишни қиладиганлар ким, биласизми? Ҳақиқий мутаассиблар биз «ташаддуд аҳли» деб сифатлаган одамлардир. Улар ҳақ баён қилиб берилса ҳам, тониб тураверади.

Демак, таассубнинг асл эгалари бизни таассубда айблайдиганларнинг айни ўзидир. Шунинг учун улар бизнинг, уламоларимизнинг гапларини рад қилишади.

Юқоридаги таърифлар менинг гапим эмас. Шайхулислом Тафтазоний, Алоуддин Бухорийларнинг таърифи бу.

Жумладан, Содруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «Билингки, бидъат икки ишдан биридан келиб чиқади: ё мутаассибликдан, ё аҳмоқликдан. Бир одам ақли жойида бўла туриб, ақийдаси бузуқлигини қалбида билиб туриб, шунда ҳам ҳақни тан олмай, катта кетса, ана шу мутаассиб бўлади».

«Шарҳул-Виқоя», «Танқиҳ шарҳу Тавзиҳ» китобларининг муаллифи бўлган бу зот айтган сўзнинг хулосаси шундай: ақли жойида бўлган, фикри фосидлигини билган, лекин шунда ҳам ҳақни тан олмайдиган одам мутаассиб бўлади. Хулқи айниган, кибрли, қайсар бўлгани учун шундай қилади.

Учта олим: Содруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд, Алоуддин Бухорий ва шайхулислом Тафтазоний умматнинг энг катта уламоларидан бўлиб, улар таассубни таърифлашда фикри бузуқликни, ҳақни билишга кучи ета туриб, уни инкор этишни алоҳида таъкидлашган. Бундай ёмон сифатлар имомларимизга, улуғ уламоларимизга тегишли бўлиши мутлақо мумкин эмас.

Энди Фахрулислом Баздавий роҳимаҳуллоҳ айтган таърифни ҳам келтириб ўтишимиз керак. Бу зот ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидаги энг катта усул олимларидан биридир. У зотнинг «Усулул-Баздавий» китоби ҳанафий усул китобларининг асоси, ўзаги бўлган устун китоб саналади. Имом Қудурий ва ундан кейинги фиқҳий матн эгалари шу китобга асосланишган. Имом Насафийнинг «Манор» китоби «Усулул Баздавий»нинг мухтасаридир. «Манор»га қанчадан-қанча шарҳлар битилгани ўзингизга маълум. Имом Баздавийдан кейин келган ҳанафий усулий олимларнинг барчаси бу зотга муҳтождирлар, унга суянадилар. Бу зот ҳижрий 482 йилда вафот этганлар.

Ана шу имом Баздавий: «Мазҳабда маҳкам туриш вожибдир», деганлар. Демак, бир мазҳабингиз бўлиб, уни маҳкам ушлаб, эргашишингиз суннат эмас, вожибдир. Баъзилар эса буни таассуб деяпти.

«Таассуб қилиш жоиз эмас. Маҳкам туриш – мазҳаб деб тутган, ҳақ деб билган йўлига итоат қилишдир».

Масалан, сиз ҳанафий мазҳабида бўлсангиз ва бу йўлни тўғри деб билсангиз, бошқа мазҳабларга ўтмаслигингиз вожибдир. У зот буни маҳкам туриш деб атамоқдалар, ҳозиргилар эса шу нарсани «мутаассиблик», дейишяпти.

Яна бир марта қайтараман: «Маҳкам туриш – мазҳабига амал қилиш, уни ҳақ деб эътиқод қилишдир. Таассуб эса аҳмоқликдир, бошқа мазҳаб имомига тош отишдир».

Демак, имом Шофеъий, имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Аҳмадларга ва бу мазҳабларга амал қилувчиларга таъна қилиш таассуб экан. Эсингизда қолсин: мутаассиблик – ақли пастлик экан, бошқа мазҳаб эгасини ҳақорат қилиш экан.

Фахрулислом Баздавийнинг таърифига кўра мутаассиб ким экан? Ташаддудчилар, таҳаллулчилар экан, чунки иккови ҳам Ислом умматининг имомларига тил теккизади. «Абу Ҳанифанинг далили йўқ, Шофеъийга ҳадис етиб бормаган», дейишади. Мужтаҳид зотларга кўчада ўйнаб юрган болачага қиладиган муомаласини қилишади. Ҳой барака топкур, сенга ўн тўрт асрдан кейин ҳадис етиб келяпти-ю, Расулуллоҳдан 70-80 йил кейин яшаганларга етиб келмайдими?

Кўнглингизни бироз кўтариш учун бир нарса айтиб бераман.

Яқинларимиздан бири докторлик ёқлаётганида битта профессор: «Бу масалада ҳанафийларда далил йўқ», дебди. Бу биродарим шофеъий эди, менга шундай деди: «Ўзимча хаёлимда ўйладим: «Бу одам тентакмикин, а? Ё соғмикан? Миллионлаб ҳанафий уламолар, катта-катта ҳанафий муҳаддислар, фақиҳлар далилни билмас экан-да, мана шу профессор билар экан. Бу киши кашфиёт қилибдими? Ўйлаб ҳам ўтирмай, бемалол: «Уларнинг далили йўқ», деб юборади-я!»

Гапи тўғри-да, ақлга сиғадими шу? Гапиришдан олдин сал ўйлаш керакмасми? Ҳанафийларнинг далили йўқ эмиш. Таҳаллул ва ташаддуд аҳлининг сўзларига, фатволарига эътибор берсангиз, доим мазҳаббоши имомларни, мазҳабларни ҳақорат қилишади. Демак, «мутаассиб» деган номга биздан кўра улар лойиқ экан. Бу менинг таърифим эмас, умматдаги энг катта усулий олим, фахрулислом Баздавийнинг таърифи.

Тафтазоний, Бухорий, Маҳбубийларнинг таърифларидан хулоса қиладиган бўлсак, бошқаларни мутаассиб деяётганларнинг ўзи мутаассиб бўлиб чиқяпти. Улар мужтаҳид имомларнинг бир масалада турли фикр билдиришини мутаассиблик деб ўйлашади. Ғалати фикр.

Бунга олдинроқ ҳам тўхталган эдик. Ташаддудчилару таҳаллулчилар учун илм ҳеч нарсани тақозо қилмайди, улар учун илм пассив бир нарса. Умуман олганда, улар илм майдонида телбадир. Ҳаётда телба деганда ғалати ишлар қилиб юрадиган, ҳаётнинг қонун-қоидаларига бўйсунмайдиган одам тушунилади-ку. Ҳаётдаги каби, илмнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Бу қонун-қоидаларга бўйсунмайдиган одам илмда ҳам телба бўлади. Ақл кўтармайдиган ишларни қилса, ҳаётдаги телба, илм кўтармайдиган ишларни қилса, илмда телба бўлади. Бундай одамлар билан қандай муомала қилиш керак?

Бундай одамларнинг гап-сўзини эшитсангиз, бир-бирига қовушмаган гапларни айтади. Булар таассубга таъриф беришда ҳам ғалати гаплардан уёғига ўтишмаган, ҳаммаси асоссиз гаплар. «Ҳанафийлар бундай деган, шофеъийлар ундай деган, буларнинг мутаассиблигини қаранглар!» дейишади. Барака топкурлар, Абу Бакр бир гапни айтган бўлса, Умар бошқасини айтган, Алий яна бир гап айтган, улар ҳам ихтилоф қилишган-ку? Нима бўпти ихтилоф қилинган бўлса? Ибн Абу Шайба ва Абдурраззоқнинг «Мусаннаф»ларини очиб кўрсангиз, битта масалада саҳобалардан тўртта, бешта, ҳатто еттитагача ихтилофлар келганини кўрасиз. Ундай бўлса, сизнингча, бутун уммат – саҳобасидан тортиб тобеъинигача мутаассиб экан-да?! Саҳобалар ҳам ихтилоф қилишган бўлса, фиқҳда ихтилоф қилиш таассубга кирадими?! Унда энг катта мутаассиблар саҳобалар бўлиб чиқмайдими? Қандай қилиб ихтилоф билан таассубни бир нарса дейиш мумкин?

Башарият бор эканки, ихтилоф бўлади, ҳатто фиқҳ илми баъзан ихтилоф илми деб ҳам аталади. Фиқҳда ихтилоф бўлмаганида, ҳаётимиз жуда қийин бўлиб, тангликда қолиб кетган бўлар эдик. Имом Абу Ҳанифанинг сўзини амалда қўллаш қийин бўлиб қолса, имом Абу Юсуфнинг сўзини оламиз. Унда ҳам қийинчилик туғилса, имом Муҳаммадникини оламиз. Бу ихтилофлар мусулмонлар учун енгиллик-ку! Бунда жуда катта кенгчилик бор-ку.

Фиқҳдаги ихтилоф таассуб ҳисобланар эмиш. Йўқ, аслида бу Аллоҳнинг раҳматидир. Набий алайҳиссалом: «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир», деганлар. Буни воқелик ҳам тасдиқлаб турибди. Аксинча, душманларнинг манҳажи айни таассубнинг ўзи, чунки улар умматни битта қавлни ушлашга мажбурламоқчи бўлишади. Шу ҳолат ҳам илм уларнинг наздида пассив нарса эканига далолат қилади. Булар ўзича бировнинг илмини илм деб қабул қилмайди.

Халифа Абу Жаъфар Мансур имом Молик роҳимаҳуллоҳга: «Барча одамларни «Муватто» китобига жамлайлик», деб маслаҳат қилганида имом Молик: «Йўқ», деган, чунки у зот ўз йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга борадиган йўлларнинг бири холослигини, илмини Мадина аҳлининг илми асосига қурганини билар эди. Ҳаммани битта «Муватто»га жамласак, муҳаддисларнинг, Шом, Ироқ уламоларининг илми, уларнинг йўли зое бўлиб кетар эди. Дин торайиб қолар эди.

Хуллас, уламоларнинг ихтилофи раҳматдир. Қолаверса, эҳтиёж ҳам шуни тақозо қилади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Мавзуга оид мақолалар
Сиз мазҳабга эргашишни айб десангиз, олдингизга катта бир савол қўйилади Унда тарих давомида бутун уммат залолатда бўлганми Ундай бўлса, Қуръони Каримдаги давоми...

579 12:55 / 27.12.2025
Тарихга қарайдиган бўлсак, мутлақ мужтаҳидлар замони бўлган, кейинроқ бу имконият камайган, кейинчалик эса ижтиҳод қилиш умуман имконсиз бўлиб қолган. Энди давоми...

419 16:37 / 11.12.2025
.АҚИЙДАТУТ ТАҲОВИЯ,НИНГ ШАРҲЧИСИ1ndash У кишининг исми ва юрти ndashУ кишиndashСадирдин Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз алҲанафий алАзроъий адДимашқий. 2ndashУ давоми...

4935 15:30 / 28.03.2017
Ҳанафий мазҳаби нимадан иборат У динда инсонларга муносиб бўлган ишларнинг афзалини баён қилишдан иборат. Ёдингизда бўлса, бугунги баҳсимизда Абу Ҳанифа давоми...

1018 14:34 / 07.05.2025
Аудиолар

220137 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

139184 14:35 / 11.08.2021