Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 ражаб | 2025 йил 29 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (183-дарс) Илм талаб қилиш ва Қуръонни тиловат қилишнинг фазли

19:00 46 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ، وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلَّا نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلَائِكَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ. رَوَاهُمَا مُسْلمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро ўргансалар, албатта уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар».

Иккисини Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида бошқа яхши амаллар қатори, илм талаб қилишнинг ва Қуръони Каримни тиловат қилишнинг, уни ўрганишнинг фазлини ҳам баён қилганлар. Шу сабабли муаллиф Мансур Али Носиф роҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадисни «Ният, ихлос ва илм китоби»да ҳам келтирганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар.

Шу орқали умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Келинг, ўша амаллар ва уларнинг натижаларини бирма-бир кўриб чиқайлик:

«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради».

Илмга қизиқтириш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр.

Илм талаб қилиш эса жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади.

Кези келганда муҳим бир масалани эслаб қўйиш зарур. Кишилар орасида ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида тушунмовчиликлар мавжуд.

Баъзилар «Оят ва ҳадисларда зикр этилган илм­дан мурод диний илмлар», дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади.

Албатта, диний илмлар биринчи ўринда туради. Аммо бошқа илмлар кўзда тутилмаган, дейиш мутлақо нотўғридир.

Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса, бу нарса алоҳида қайд қилинади. Мисол учун, «Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди», дейилган ҳадис бор. Шунга ўхшаш, бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади.

Яна бир тоифа кишилар «Илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда, ким бўлса ҳам илмли бўлса, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли. Кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз кишилар томонидан илмга уриниш бўлса, мазкур ваъдаларда уларнинг ҳам ҳаққи бор», дейдилар.

Бундай кишилар Исломда ҳар бир амалнинг қабул бўлиши, савоби етиши учун иймон, ният, ихлос шартлигини унутиб қўйган одамлардир.

Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод, барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.

Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали бўлган илмга «Бу амр менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.

«Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро ўргансалар, албатта уларнинг устига сакина тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» дейилганда масжидлар кўзда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.

Бу ҳадиси шарифда уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда:

«…албатта уларнинг устига сакийна тушади».

«Сакийна» – «сокинлик» сўзидан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.

Демак, масжидда жам бўлиб, Қуръони Каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони Каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.

«…уларни раҳмат ўраб олади».

Яъни ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак!

«…фаришталар қуршаб оладилар».

Яъни ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!

«...Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

«Аллоҳнинг ҳузуридагилар» – «Малаул-Аъло» номли олиймақом зотлардир. Бу энг олий мақомдир. Тўпланиб, Қуръон тиловат қилган, уни ўрганиб турган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олиймақом зотлар билан бирга зикр қилар экан. Бу дунёда бирор мансабдор бир одамнинг номини тилга олиб қўйса, ўша одам умрбод «Фалончи акам мени фалон жойда, фалон вақтда зикр қилган», деб ғурурланиб юради.

Энди бир одамни Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги энг олиймақом зотлар қаторида зикр қилиши қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керак, холос.

Ушбу улуғ ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни яна бир бор қисқача зикр қилиб ўтамиз:

1. Мўмин киши илм талаб қилиш йўлига юриши лозимлиги.

2. Ким илм талаб қилиш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон этиши.

3. Масжидларда Қуръон тиловатини ташкил қилишга тарғиб.

4. Қуръон тиловатида иштирок этадиганларга сакийна тушиши, уларни раҳмат ва фаришталар ўраб олиши ва Аллоҳ уларни ўз ҳузуридаги аъло даражали зотлар билан бир қаторда зикр қилиши.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ушбу ҳадисдан келиб чиқадиган кўплаб фойдаларни ўрганиб олдик. Энди инсоф билан ушбу ҳадиси шариф ҳикматларини ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Сўнгра ўзимизни ким эканлигимизга баҳо берайлик.

Илм талаб қилиш масаласини олиб кўрайлик.

Илм талаби йўли – жаннат йўли эканини ҳаммамиз тушуниб етганмизми?

Илмга динимиз талаб қилгандек уринамизми?

Нима учун динимиз ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга илм талабини фарз қилган бўлишига қарамай, кўплаб мусулмон юртларида ялпи саводсизлик ҳукм сурмоқда?

Дунёдаги бошқа миллатлар илмнинг юқори чўққисига чиққан бир пайтда кўпгина мусулмон давлатлар аҳолисининг ярмидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайди. Кўпларида таълим ишлари йўлга қўйилмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг энг зарур соҳаларида ўз олимлари йўқлигидан ғайридинларнинг ёрдамига муҳтожлар.

Бошқалар болаларини илм олишга ундасалар, мусулмонлар болаларини пул топишга, мол боқишга мажбур қиладилар.

Бошқаларда илм ва олимлар юксак қадрланса, мусулмонларда илм ва олимлар ерга урилади. Исломнинг илм дини эканининг аломати шуми?!

Қуръони Каримдаги илмга тарғиб қилувчи оятларга амал қилиш шуми?!

Илм ҳақидаги ҳадиси шарифларга амал қилиш шуми?!

Бу ҳолатга барҳам бериш пайти аллақачон келган. Ҳар бир мусулмон илмга нисбатан муносабатини Ислом таълимотига мувофиқ қилиб олиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қилиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз фарзи кифоя. Бўлмаса, ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 30-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.Ушбу сураи каримага ҳам ўзининг биринчи сўзи ном бўлиб қолган. Зуҳоndashчошгоҳ пайти маъносини англатади. Аллоҳ таоло бу сурани давоми...

22996 05:00 / 23.01.2017
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

4687 05:00 / 23.01.2017
Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўрингаУни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизмиИнсонлар ва ҳайвонлар фойдаланадиган ўсимликни олиб кўрайлик. Унинг униб давоми...

5042 15:40 / 24.03.2018
Маккада нозил бўлган. 83 оятдан иборат. Аввалидаги .йа, ва .син, муқаттаот ҳарфларидан ташкил топган .йасин, калимаси сурага ном бўлиб қолган. Бу сураи шарифанинг давоми...

75215 05:00 / 23.01.2017
Видеолар

1331 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

217760 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

136877 14:35 / 11.08.2021