
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳофиз Ибн Ҳажар Мақдисий қозилар қозиси мансабига ўтирди. Бир куни у қозиликка ҳашаматли жамоа билан, гўзал кўринишда йўлга тушди. Шу пайт йўлда уларнинг олдини мой сотадиган бир фақир яҳудий тўсди. Уст-боши мойга беланган, жулдур кийимда эди.
Яҳудий Ибн Ҳажарнинг оти жиловидан тутиб деди:
- Эй шайхул ислом! Сен: «Набиййимиз: «Дунё - мўминнинг зиндони, кофирнинг эса жаннати», деганлар, дейсан. Сендаги ҳолат қанақасига зиндон-у мендаги ҳолат қанақасига жаннат бўлсин?!
Ибн Ҳажар деди:
- Аллоҳ менга охиратда тайёрлаб қўйган неъматлар олдида ҳозир мен зиндондаман. Аллоҳ сенга охиратда ҳозирлаб қўйган азоблар олдида ҳозир жаннатдасан!
Буни эшитган яҳудий дарров мусулмон бўлди! Бу ҳикояни Муновий «Файзул қодир»да келтирган.
Ибн Ҳажарнинг юқоридаги гапи Мазкур ҳадиснинг гўзал шарҳларидан биридир. Биз агар мусулмонларнинг ҳаётига боқсак, унда бошқача маънони кўрамиз. Уларни Аллоҳнинг чегаралари кишанлаб турибди. Ҳалол ва ҳаромлар мўминни қўл-оёғини боғлаган!
Мўминнинг кўз ўнгида ҳар куни унинг инсоний фитрати мойил бўлган шаҳватлар зийнатланиб туради. Мўмин уларга яқинлаша олмайди. Зеро, унинг руҳи тақво занжири билан кишанлангандир!
Мусулмонга ҳаром мол жамлаш осон эди. Аммо у ҳалолни қидиради. Ҳолбуки, ҳалол топиш кўпинча ҳаром топишдан кўра машаққатлироқ бўлади. Чунки унинг қўллари «Аллоҳдан қўрқиш» занжири ила кишанлангандир!
Ибодатлар ҳам «кишан». Ўзига яраша машаққати бор. Бомдод намозига туриш машаққат. Рўза тутиш машаққат. Ҳаж инсоннинг силласини қуритади. Ҳақ гапни гапириш ҳам хатарли. Мол ноёб нарса. Иффатли бўлиш ҳам анча куч талаб этади. Омонатга риоя қилиш хиёнатдан қийинроқ. Номаҳрамлардан кўзни юмиш ҳам ҳавойи нафсга қарши боришдир. Нафс ёмонликка буюриб туради. Жаннатнинг йўли тиканли ва ўнқир-чўнқир. Дўзахнинг йўли эса асфальт қилинган, текис!
Бошқа томондан кофирлар озод кўринади. Оятлар уларни рибодан ман қилмайди. «Мутоффифин» сураси уларнинг тарозусини тўғрилаб, тузатиб турмайди. «Ҳужурот» сурасидаги одобларни улар ҳисобга олмайди. Совуқ сувда таҳорат қилишмайди. Энг ширин уйқусидан бомдод намози учун уйғонишмайди. Рўза уларнинг ейиш ва ичишидан тўсмайди. Ота-онага яхшилик қилиш уларнинг ҳаёт режаларига кирмайди. Қўшнига яхшилик қилиш улар учун оддий ижтимоий бир одат. Истаса яхшилик қилади. Агар яхшилик қилмаса, қонун уни жазоламайди!
Иймон «кишан»и қандай ҳам гўзал!
Ғаризаларнинг озодлиги қанчалар бахтсизлик! «Зиндон»ида Раббиси розилиги ила яшаганларга саломлар бўлсин!
Яратувчисининг кишанидан ўзини озод қилиб, сўнгра уни шаҳват кишанларига боғлаганлар нақадар бахтсиздир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.