1447 йил 21 жумадис сони | 2025 йил 12 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Мазҳабларга эргашишнинг аҳамияти

16:37 / 11 декабрь 149 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихга қарайдиган бўлсак, мутлақ мужтаҳидлар замони бўлган, кейинроқ бу имконият камайган, кейинчалик эса ижтиҳод қилиш умуман имконсиз бўлиб қолган.

Энди мавзуимизнинг асосий қисмларидан бири – мазҳабларнинг аҳамияти борасида сўз юритамиз. Бу мазҳабларсиз юриладиган йўлнинг мазмуни қандай бўлади?

Ҳар қандай соҳада, турли илмларда, ширкат ёки муассасалар ҳақида гап борса, «Бизга бир ҳавкама, яъни дастур, низом керак», деган гапни эшитамиз, яъни шундай бир низом керакки, бирор киши унга хилоф қилса ёки бирор ширкат ёки муассаса унга қарши иш қиладиган бўлса, ўша низом бўйича уни ҳисоб-китоб қилсак, дейишади.

Шариат илмларида ҳам мана шу «ҳавкама»га энг муҳтож одамлар бизмиз.

Масалан, дуч келган одамга «Сен мана шу масжидга имом бўласан» деб, одамларни аҳмоқ қилишига йўл қўйиб бермаймиз-ку? Ҳеч қандай қонун-қоида бўлмаса, ҳамма билганини қилса, қурол ишлатиш ёки хотинини талоқ қилиш каби муҳим масалалар нима бўлади? Булар ҳазиллашадиган масала эмас. Буларга енгил қараб бўлмайди.

Дуч келган одам келиб, Қуръону Суннатдан ўзича ҳукм олиб, ҳали талоқ бўйича, ҳали бошқа масала бўйича ҳар хил фатво бераверса нима бўлади? Одамларга «Намозни бундай ўқигин», «Қўлингни мана бундай қўйгин» деб, ҳамма ҳар хил гап айтаверса, фитна бўлиб кетмайдими?!

Шариат илмлари борасида ҳам ҳолат худди шундай. Бир киши фалон китобдан, бошқаси фалон китобдан, яна бошқаси яна бошқа китобдан дарс берса, талабанинг аҳволи нима бўлади? Ақлдан озиб қолмайдими? Унда ҳеч қандай илмий малака ҳосил бўлмайди, чунки ҳар хил устозлардан ҳар хил маълумот олади, уларнинг баъзилари асоссиз бўлиши мумкин.

Айтинг-чи, шариат илмларига мана шундай енгил қараш мумкинми? Ёки уларни тўғри англаш учун бирор асосга таяниш керакми?

Бир киши интернет тармоғида чиқиш қилса ёки бир кишига давлат миқёсида фатво бериш вазифаси топширилса, бу масалада бизга қийинчилик етишини хоҳламасак, ўша одам айтаётган гапнинг тўғри ёки нотўғри эканини қандай билиб оламиз?

Масалан, агар у ҳанафий мазҳабига амал қиладиган бўлса, телевидениеда ёки фатво ҳайъатида қилган чиқишида айтган фатвосини уламолар томонидан ёзилган минглаб китоблардан излаб, топиб, текшириб кўра оламиз. Агар ўша одам бунга хилоф гап айтадиган бўлса, унинг қўлидан ушлаб, «Муфтий бўлишингдан олдин яхшилаб ўқиб-ўргансанг бўлмайдими?» десак бўлади. Мана шу шаклда уни ҳисоб-китоб қилишимиз мумкин, талабга жавоб бермаса, ишдан бўшатишимиз мумкин.

Мана шундай тартиб-қоида бор бўлса, давлат миқёсида фатво берадиган одамнинг лаёқатига ишонч ҳосил қиламиз, одамларнинг салоҳияти борасида хотиржам бўламиз. Шунинг учун ҳам мазҳабларнинг аҳамияти жуда катта. Толиби илмлар, уламолар ва жамият ўртасида «ҳавкама», яъни дастурий низом бўлса, жамият тўғри йўлда бардавом бўлади.

Демак, қандай қилиб бу дастурни тўғри ёки нотўғри деб ҳукм қиламиз экан? Уламолар томонидан тадвин ва таҳқиқ қилинган қоидалар асосида.

Шунингдек, мазҳабларга эргашсак, дин билан давлат ўртасида тушунмовчилик ёки зиддиятга сабаб бўлган ишларга ҳам барҳам берган бўламиз. Давлат вакиллари ҳам ўзимизнинг мусулмонлар, уларнинг орасида ҳам намоз ўқийдиганлар кўп. Лекин баъзан динга қарши ташвиқот олиб бориши мумкин. Нима учун? Чунки улар диннинг аслига қарши эмас, балки диннинг нотўғри талқин қилинган кўринишига қарши чиқади, чунки улар дин нотўғри талқин қилинса, жамиятга ва давлатга хатар борлигини кўришади. Шунинг учун ҳам биз динни тўғри ва чиройли талқин қилишимиз, уни таҳқиқ қилинган илмларга асосланган ҳолда тақдим қилишимиз керак. Ана шунда давлат ҳам, ҳар бир оила ҳам бу масалада хотиржам бўлади, иқтисодиётда ҳам барқарорлик бўлади.

Шунинг учун мазҳабларга эргашиш бизни динни ўйинчоқ қилишдан ҳам, давлат билан хусуматлашишдан ҳам сақлайди.

Демак, биринчи кўриниш – давлат билан дин ўртасида хусуматнинг бартараф этилиши. Мазҳабларга эргашиладиган жамиятда ҳеч қандай адоват бўлмайди, чунки ҳамма бирдек эргашадиган, амал қиладиган дастур бўлади.

Иккинчи кўриниш шуки, диндан озгина хабардор бўлиб олиб, соқол қўйган, салла ўраган ҳар қандай одамни ўзича фатво айтишдан қайтарамиз. Авом халқни ҳам ўзининг қарашига биноан, ўзининг нафсига ёқадиган фатволар чиқариб олишдан қайтарамиз.

Демак, мазҳабларга эргашиш бизни ўзаро хусуматдан, динга енгил қарашдан халос қилади, чунки барча бирдек амал қиладиган, ҳамма эргашадиган дастурга, низомга эга бўламиз. Ким бу низомга хилоф қиладиган бўлса, унга жазо тайин қилинади. Тарихда бунга кўп гувоҳ бўлганмиз.

Илгари ким бўлишидан қатъи назар, динга ва фиқҳий ҳукмлардан иборат давлат низомига хилоф қилган одам ҳамманинг олдида жиноятига яраша жазосини олган, дарра урилган ёки ҳатто унга энг кескин чоралар ҳам кўрилган. Бугунги кунда биз дуч келаётган муаммоларни бартараф этишда ечим бўладиган йўл мана шудир.

Фиқҳнинг қанчалик муҳимлигига яна бир мисол келтирайлик.

Агар олдимизда бирорта янги масала пайдо бўлса, унинг ҳукмини билиш учун тўрт мазҳабда келган муайян қоидалар бор, ўша қоидалар билан унинг ҳукмини чиқариб олишимиз мумкин бўлади. Натижада янги пайдо бўлган масалалар, мисол учун, янги чиққан егуликлар, ичимликлар, иқтисодиёт, оила ва сиёсат борасида ижтиҳод қилиш, масаланинг ҳукмини баён қилиш осон бўлади, чунки ҳар бир бобга тегишли муайян қоидалар бор. Қайси бир ҳукм борасида гапирмоқчи бўлсам, ўша қоидаларга мурожаат қилиб, ундаги масалаларга қарайман. Бунга бир неча йиллик изланишлар орқали, маълум муддат таълим олиш орқали эришиш мумкин, чунки тайёр қоидалар бор, масалаларни ўша қоидалар асосида ечаверамиз. Шу йўл билан жамиятимизнинг эҳтиёжи тушган ҳар қандай янги масалага ечим топа оламиз. Бунга уламолар томонидан таҳқиқ қилинган илм билан эришамиз.

Лекин бу нарсага ташаддудчилар, таҳаллулчилар даъво қилаётгандек, мутлақ ижтиҳод кўринишида қарайдиган бўлсак нима бўлади?

Мана шу ҳақда озгина тафаккур қилиб кўрайлик. Бир киши янги пайдо бўлган масаланинг ҳукмини баён қилмоқчи бўлса, бу борадаги барча оятларни, барча ҳадисларни, барча асарларни жамлаши, ўзининг мустақил «усулул-фиқҳ»ига эга бўлиши керак.

Масалан, бирорта ҳадисни олайлик. Бу ҳадиснинг санадидаги барча ровийларни ўрганиб чиқиш керак. «Фалончи Фалончидан, у Фалончидан, у Фалончидан… ривоят қилган». Санаддаги барча ровийлар ҳақида жарҳ ва таъдил китобларида жуда кўп маълумотлар келган. Лекин ижтиҳод қилмоқчи бўлган одам кимнингдир бировни саҳиҳ ёки заиф дегани билан кифояланмайди, унинг ўзи изланиши керак. Санаддаги ҳар бир одам ҳақида бу ровий ишончлими ёки заифми, деб изланади. Ўша ровий ҳақида бир-икки кун изланганидан кейин, у ҳақда бир тўхтамга келади. Кейин иккинчи ровийга ўтади, кейин учинчисига ва шу тарзда санаддаги ҳар бир ровий ҳақида бир тўхтамга келади.

Хўш, санаддаги одамларни бирма-бир ўрганиб чиққандан кейин нима қилиш керак? Бу киши бу одамдан, бу одам бошқа кишидан ҳадис эшитгани ҳақида қаноат ҳосил қилиши керак.

«Бизга ҳадис айтиб берди» ёки «Биз ҳадис эшитдик» лафзи билан келадиган ҳадислар жуда кам. Ҳадислар асосан «ъанъана» кўринишида, яъни «Фалончи Фалончидан, у Фалончидан» кўринишида ривоят қилинган. Демак, ижтиҳод қиламан деган одам бир ровий мана шу ҳадисни иккинчи ровийдан эшитган-эшитмаганига ишонч ҳосил қилиш керак. Уларнинг бир-бири билан ўзаро алоқалари қандай бўлганини ўрганиб чиқиши керак. Мана шуни ҳам охиригача ўрганганидан кейингина санадга саҳиҳ ёки заиф, деб ҳукм беради.

Санад ҳал бўлган бўлса, энди матн бўйича изланиш қилади, чунки санад саҳиҳ бўлса ҳам, матнда «идрож» бўлиши, яъни ровийнинг сўзи матн билан қўшилиб кетиши, «зиёдатус-сиқо» – ишончли ровий матнга бирор қўшимча қилиши ва шу каби бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Матн борасида изланиш қилишда бу ҳадиснинг шоҳидлари ва эргашувчилари ҳақида ҳам изланиш қилиш керак бўлади. Бу ишни қилмоқчи бўлсангиз, оилали бўлсангиз, аёлингиз билан ажрашишга тўғри келади, чунки сизнинг бунга вақтингиз етмайди. Фарзандларингиз бўлса, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйишингизга тўғри келади, чунки сизга жуда кўп бўш вақт керак бўлади, чунки сиз эртаю кеч, ҳеч нарсага чалғимай, илм билан, изланиш билан машғул бўлишингиз керак бўлади.

Хуллас, бир ишдан иккинчисига ўтиш учун сизда етарли вақт қолмайди.

Юқорида айтилган ҳамма ишларни қилганингиздан кейин навбатдаги ҳадисга ўтасиз, кейин кейингисига, яна кейингисига ва ҳоказо. Барча ҳадисларнинг ровийлари, санадлари, матнлари, шоҳидларию эргашувчиларини ўрганиб чиққанингиздан кейин усул қоидаларига кўра Қуръон ва Суннатга мувофиқ келадиган бир маънони чиқариб беришингиз керак бўлади. Мана шундай қийинчилик ва машаққатлардан кейин, аёлингизу фарзандларингиздан айрилганингиздан кейин, – чунки илм билан машғул бўлганингиз учун атрофингизда ҳеч ким қолмаган бўлади, – бир қаторгина қоидани чиқариб беришингиз керак бўлади. Шундан кейин ўша қоидага кўра шаръий бир ҳукм чиқаришингиз мумкин.

Энди ўйлаб кўринг, шунча ишни хотин, бола-чақадан айрилмасдан ҳам қилиш мумкин эмасми? Бунинг учун ҳанафий ёки шофеъий мазҳабига мурожаат қилсангиз, ҳам яхши, ҳам осон, ҳам фойдали бўлмайдими?! Бу мазҳабларда ўша сиз излаган ҳукмга жавоб бўладиган қоидалар бор-ку.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўз даврида шу ишларни қилган, лекин аёлидан, фарзандларидан айрилиши шарт бўлмаган, чунки санад борасида бизга ўхшаб изланишига ҳожат бўлмаган. У зотнинг олдида турган санад қандай бўлган? Устози ва устозининг устози бир санад ҳисобланган. Ундан кейин саҳоба келган, сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келганлар. Абу Ҳанифа билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган замон ўртасида 60-70 йил бор, холос. Бир неча йил олдин бўлган воқеалар ҳақида гапириш осон-ку, тўғрими? Шунинг учун Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга биз юқорида айтиб ўтган изланишларни олиб бориш шарт бўлмаган. Бу фикрни барча уламолар бирдек қабул қилишган. Бир мулоҳаза қилиб кўринг, биз эҳтиёж сезадиган машаққат ва қийинчиликлар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга келганда тугайди.

Шунингдек, тил илми, луғат илми ҳам у зотнинг замонида энг ривожланган пайт бўлган. Бу даврда наҳв илми ниҳоятда ривож топган. У даврдаги одамлар Исломнинг асл моҳиятини кўриб, билиб амал қилишган. У даврда Ислом давлати дунёдаги энг кучли давлат бўлган. Ўз султонига эга бўлган. Уламоларга, толиби илмларга жуда кенг имкониятлар яратилган.

Бизга ўхшаб университетга контракт тўлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш деган ишлар бўлмаган. Бугунги кун билан у даврнинг ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Шунинг учун бугунги ҳолатда улар эришган натижага эришиш жуда-жуда қийин, чунки бунинг учун эртаю кеч, бошқа ҳеч нарсага вақт ажратмасдан илм ўрганиш керак. Мужтаҳидлар нимаики натижаларга эришган бўлса, ўз замонида етарли сабаблар бор бўлгани учун эришишган. Афсуски, уларда бор имконият бугун бизда йўқ.

Тарихга қарайдиган бўлсак, ўша давр мутлақ мужтаҳидлар замони бўлган, кейинроқ бу имконият камайган, кейинчалик эса ижтиҳод қилиш умуман имконсиз бўлиб қолган, чунки ижтиҳод қилишга қодир одам учун сабаблар етарли бўлмаган. Бу менинг гапим эмас, бу Ислом умматининг улуғ тарихидан бир намуна, холос. Бугун мутлақ ижтиҳод билан шаръий ҳукмлар чиқариш амри маҳол. Бунга тарих гувоҳлик беради.

Шу пайтгача ўзича ижтиҳод қилмоқчи бўлганлар бизга катта муаммолар келтириб чиқаришди. Такфир, одам ўлдириш, юпқа пайпоққа масҳ тортиш каби ноодатий фатволарни олиб чиқишди. Лекин банк борасидаги масалалар ҳақида изланиб кўришмади. «Банкка тегишли ҳамма нарса ҳаром», деб биргина фатво беришди, холос. Иқтисодиётда ҳам шу аҳвол. Ҳар қандай раҳбарни, ҳокимни кофир дейишди. Мана шунақанги ғариб фатволарни чиқаришди.

Нега? Чунки уларнинг ижтиҳод қилишга лаёқати йўқ!

Бугунги кунда Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш илмий жиҳатдан имконсиз ишга айланган. Буни тарих ҳам тасдиқлаб турибди. Демак, олдимизда турган тўғри йўл – мутавотир кўринишда нақл қилинган мазҳаб қоидаларига таяниб, шу қоидалар асосида ҳукм чиқариш экан.

Энди мазҳабларнинг аҳамиятига тегишли яна битта мавзуга тўхталиб ўтайлик.

Бу мавзумиз шундай: Биз учун янгитдан ижтиҳод қилиш муҳимми?

Нима учун бу мавзуни «Мазҳабларга эргашишнинг аҳамияти» мавзуси ичида айтиб ўтяпмиз? Чунки умматнинг барча уламолари бир овоздан «Янгитдан ижтиҳод ва истинбот қилишдан ҳеч қандай манфаат йўқ», деб ишонч ҳосил қилишган. Ҳақиқатда, бундан умматга бирорта фойда йўқ.

Фаразан олиб қарайлик, мабодо бугунги кунда ҳам шу куннинг Шофеъийси, Абу Ҳанифаси ёки имом Молики чиқса, бизга нима қилиб бериши мумкин? Уларга ҳеч бир иш қолмаган. Мабодо ижтиҳод қилишса ҳам, келтирган энг катта фойдаси зонний ҳукм чиқариш бўлади, холос. Қатъий ҳукмни келтира олишмайди.

Бугунги кунда имом Абу Ҳанифадан, имом Шофеъийдан, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаддан етиб келган зонний ҳукмлар жуда кўп. Энди янгитдан ижтиҳод қиладиганлар чиқарадиган зонний ҳукмларнинг ўзимизда бор бўлиб турган зонний ҳукмлардан бирор ортиқча жойи бўладими? Ҳозирда бор бўлган зонний ҳукмларнинг барчаси шаръан мўътабар эди, уларга амал қилиш жоиз эди. Демак, янгитдан ижтиҳод қиладиганлар чиқарадиган зонний ҳукмдан фойда борми? Йўқ, ҳеч қандай фойда йўқ. Янги ижтиҳоднинг аҳволи шундай экан, уламоларнинг фикрига қулоқ солайлик: «Ҳозирда бор бўлиб турган ижтиҳодлар етарлидир, кифоядир».

Аввал ҳам айтиб ўтганимдек, бу зонний ижтиҳодлар тарихда ўз ҳолича қолиб кетмаган, балки асрлар оша уламолар бунга хизмат қилиб келишган. Натижада бу ижтиҳодлар фатво кўринишидан илм кўринишига айланган, унинг ўзига яраша қоидалари, шартлари шаклланган. Бу илм шундай кўринишга келганки, уни ўрганиб, бошқаларга ўргатиш, унинг асосида давлатлар тузиш, оилаларни, жамиятларни обод қилиш имконияти бор.

Ташаддудчилару таҳаллулчилар эса яна ўша фатволар чиқариш даврига қайтмоқчи бўлишади. Ваҳоланки, фатволар асрлар давомида илм кўринишига келиб, шаклланиб бўлган! Хулоса шуки, янгитдан ижтиҳод қилишдан умматга ҳеч қандай манфаат йўқ.

Бироз олдин айтиб ўтганимиздек, янги пайдо бўлаётган масалалар борасида мазҳаб ичидаги қоидаларга асосланамиз. Ким Қуръон ва Суннатдан тўғридан-тўғри ҳукм чиқармоқчи бўлса, боя айтиб ўтганимиздек, ўзи учун янгитдан қоидалар ишлаб чиқиши керак. Ҳозир эса бунинг имкони йўқ.

Хўш, янгитдан ижтиҳод қилишда бирор фойда борми, йўқми? Йўқ.

Демак, бу уммат мазҳабларга амал қиладиган бўлса, ақлли иш қилган бўлади, тўғри йўлни тутган бўлади. Бугунги кунда орамизда пайдо бўлган, мазҳабларни тарк қилишга чақираётган баъзи кимсалар ақлини йўқотиб қўйган. Уларда илмий камчилик бор бўлгани учун мана шундай ғалати фикрларга келиб қолишган. Шайтон ҳам уларнинг фикрига ўрнашиб олиб, мазҳаб имомлари ҳақида ёмон эътиқодда бўлишни васваса қиляпти.

Мазҳаб имомларини ёмонотлиқ қилаётганларнинг ё илми йўқ, ё дини йўқ! Қалбида бузуқ эътиқоди бор одамдагина мазҳабларни тарк қилиш деган тушунча бўлади.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг илмига, тақвосига ишонадиган бўлсангиз, нега янгидан ижтиҳод қилмоқчисиз?

У кишини ҳадисни билмайди деяпсиз, мен эса ҳадисни биламан, деяпсиз. Бунга ишонадиган бўлсангиз, у зотни билимсиз деб ҳисоблаган бўласиз. У киши динга амал қилмаган, мен эса динга амал қиляпман, деб ҳисоблайсиз.

Абу Ҳанифа, Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг илмига, тақвосига ишонадиган бўлсангиз, ҳеч ким сизни мазҳабларга амал қилмагин, демайди.

Ҳамма бирдек билиши керак бўлган ҳақиқат мана шу!

Тўғри, бундай йўналишдагилар баъзан Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳақида тилида яхши гаплар ҳам айтиб қўйишади. Бундайларни кўрсангиз, уларга айтинг: «Фақат тилда айтавермай, амалда ҳам кўрсатинг. Тилингиз билан дилингиз, амалингиз бир хил бўлсин, ахир», денг.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонган одам у зотнинг суннатларига нега амал қилмасин? Худди шунга ўхшаб, Абу Ҳанифага ишонган одам нега у зотнинг мазҳабига амал қилмасин?

Бир аёл фаҳш ишлар қилиб юрса-да, «Мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман» деса, тўғри бўладими? «Иймон келтириб, солиҳ амал қилганлар» оятида «иймон келтирганлар» деб, нуқта қўйилганми? «Солиҳ амал қилганлар» дегани бошқа маъноми? Йўқ, бошқа маъно эмас.

Биз барча мусулмонлар сунний мазҳабларга эргашишининг, чиройли амал қилишининг тарафдоримиз. Мазҳабларга амал қилишнинг, уларни тарк этмасликнинг тарафдоримиз. Аксинча бўладиган бўлса, мусулмон одамнинг айтган гапи қилаётган амалига тескари келиб қолади. Одамнинг қалбидаги нарсани баён қилишда тилидаги гапидан кўра қиладиган амали кучлироқ бўлади. Билмадим, ҳар ҳолда мен шундай деб ҳисоблайман…

Энди сўзимизни якунлайдиган нуқтага киришамиз.

Мазҳабларнинг қанчалик муҳим эканига яна бир далил шуки, бу уммат тарих давомида бир тану бир жон бўлиб яшаб келди. Ҳиндистон диёрида юз миллионлаб мусулмонлар бир тану бир жон, Хитойдаги мусулмонлар бир тану бир жон бўлиб яшайди… Бугунги кунда Хитойда мусулмонлар орасида юзага келган муаммоларга қарайлик. У ерда ҳам ташаддудчилар пайдо бўлгач, бир-бирини кофирга чиқариш бошланди. Буни кўрган Хитойнинг буддист ҳукумати «Биз Исломни хоҳламаймиз», деб чиқди. Инсоф билан қарайдиган бўлсак, ташаддудчилар мусулмонлар учун қайси эшикни очиб берди? Мутлақо ғалати, ғаройиб фикрларни тарқатишди. Натижада мусулмонлар бир-бири билан овора бўлиб қолишди, шундан бошқа натижа чиқмади. Бир мусулмон бошқа мусулмон учун хатарга айланди. Шунинг учун ҳукумат бунга қаттиқ туряпти.

Бунақанги ҳолатлар бошқа давлатларда ҳам бор. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, уммат ўн асрдан зиёд бир тану бир жон бўлиб яшаб келди. Мағриб диёрлари моликий мазҳабига, Индонезия шофеъий мазҳабига, Шом диёри тўрт мазҳабга амал қилиб келди. Шом диёри қадимдан илм ўчоқларидан бири бўлган, шунинг учун у ерда тўртала мазҳабнинг илми ҳам ўргатилди, кенг тарқалди. Масжидул-Ақсода ҳам, Масжидул-Ҳаромда ҳам мусулмонлар бир тану бир жон бўлиб яшаб келишди. Бир ҳудудда яшайдиган одамлар иккита, учта, ҳатто тўртта мазҳабга амал қилиб ҳам, ҳеч қандай муаммосиз, бир тану бир жон бўлиб яшаб келишяпти.

Лекин ташаддудчиларга қарайдиган бўлсак, бугун масжидларда улардан ҳар ким ўзича намоз ўқиётганини, ҳар ким ўзи учун ўзи шайх бўлиб олганини кўрамиз. Уларнинг масжидлари ҳам, ҳатто муфтийлари ҳам бир-биридан фарқ қилади, чунки улар маълум бир мазҳабни ушлашмайди, бир нарсага эргашмайди.

Бизда, Урдунда «Ҳар бир ташаддудчи шайхнинг алоҳида ўз дини бор», десак, адашмаган бўламиз. Уларнинг катта шайхларидан бири: «Биз бу диёрда етти фирқага бўлинганмиз», деб айтган. Аслида еттита эмас, етти юз ёки етти минг бўлса ҳам керак. Ҳар бирининг алоҳида «дини» бор. Еттита фирқа эмиш! Яна бу одамлар бизга «Тўртта мазҳабга бўлиниб, умматни парчалаяпсанлар», деб даъво қилади. Ўзларинг битта Урдунда, бир кичик давлатнинг ўзида еттита фирқага бўлиниб кетгансизлар-ку?!

Бу – дунё миқёсида хамир учидан патир. Уларнинг ёзган китобларига қарасангиз, ўзлари ҳам бир-бирини ҳақоратлаб, айблаб ётишибди. Уларнинг қилаётган иши ботил, динни ўйин қилиш, холос!

Бу уммат мазҳабларга амал қилиш билан бир тану бир жон бўлди, мустаҳкам ҳаёт кечирди ва дунёга ҳукмронлик қилди, чунки мазҳаблар диний томонлама жамиятга мос, мувофиқ келган эди. Мазҳаблар давлатларнинг иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий юксалишида диний асос бўлиб хизмат қилди. Бугунги кунда эса мусулмонлар юксалишдан тўхтаб қолди, чунки биз ўз ташвишларимиз билан овора бўлиб қолдик. Бу менинг шахсий фикрим.

Юксалишдан тўсилишнинг асосий сабаби динни нотўғри тушунишдир. Динни нотўғри тушуниш динни сиёсат ва иқтисод билан қарама-қарши қилиб қўяди. Бу ҳақда олдин ҳам айтганмиз. Динни нотўғри англаш умматнинг зое бўлишидаги энг катта сабаблардан бири экани инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир! Ахир бу диндир! Дин – фикр, тасаввур, амал ва тарбиядан иборат. Агар уммат тарбиядан мосуво қоладиган бўлса, тўғри фикрлашдан мосуво қоладиган бўлса, тўғри амал қилишдан мосуво қоладиган бўлса, нима бўлади деб ўйлайсиз? Одамлар зое бўлади! Сизга етказмоқчи бўлган асосий фикрим мана шу.

Жамиятимиздаги мана шу муаммоларни бартараф қилишни хоҳласак, динни тўғри ва очиқ-ойдин тушунишни хоҳласак, одамлар динга тўғри амал қилишини хоҳласак, мазҳабларга амал қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Ана шунда биз умматга янгидан ҳаёт берган бўламиз, бу умматни дунёга мударрис бўлган асл ҳаётига қайтарган бўламиз…

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таржиҳ равшанлаштиришдан мурод эса мазҳаб имомларининг турли қавллари ва ҳар хил ривоятларидан афзалини аниқлаб, равшанлаштириб беришдир. Бу таржиҳ давоми...

3609 16:10 / 28.03.2017
Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб ndash ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш давоми...

6548 16:16 / 28.03.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида умматлари 73 фирқага бўлинишини ва улардан фақат биттасигина нажот топишини айтганлар. Ушбу давоми...

1026 13:34 / 25 сентябрь
....Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга .Фатовои Қозихон, китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розийиддин Сарахсий ўзининг .алМуҳийт, китобида қилганига давоми...

3457 15:31 / 28.03.2017
Видеолар

611 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131942 14:35 / 11.08.2021