
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуйида тартиб билан келтирилган фарзлар нималардан иборат эканини ҳар бир эркагу аёл, оқил ва болиғ мусулмон билишга ва уларга амал қилишга бурчлидир. Авваллари уларни билмаган йигитларга қиз бермас эканлар. Ўқийлик, ўрганайлик ва амал қилайлик ҳамда Аллоҳнинг розилигига эришишга интилайлик.
1-фарз. Аллоҳ таолони ягона деб билиш, Уни жуфтдан, шерикдан, ўхшаши бўлишдан поклаш, доим уни зикр қилиш, қалбда зикрини ёд тутиш, Ундан ғофил бўлмаслик.
2-фарз. Ҳалол молдан либос кийиш. Яъни ҳалол йўл билан топилган пулга олинган ва динимиз талабларига мос кийимлар кийиш. Эркакларга ипак либослар кийиш ҳаром. Аёллар ҳам, эркаклар ҳам таналарига ёпишиб турган тор ва аврат жойларини билдириб турадиган, шунингдек, шаффоф кийимлар киймасликлари керак. Сажда қилганда аврат жойларини билдириб турадиган тор кийимларни кийиш ҳам дуруст эмас.
3-фарз. Таҳорат олиш. Намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа нафл ибодатлар учун покланиш. Шунингдек, доим таҳоратли ҳолда юриш мусулмон киши учун марғуб амалдир.
4-фарз. Намоз ўқиш. Намоз диннинг устунидир. Ким намоз ўқимаса дини комил бўлмайди. Фақатгина жума ёки йилда икки марта ҳайит намозларини адо этиш билан намоз фарзи бажарилган ҳисобланмайди. Фарз намозларни вақтида рукнларига риоя қилган ҳолда ўқиш лозим. Бундан ташқари қазо намозларини ҳам ўқиб бориш керак бўлади.
5-фарз. Жунуб бўлганда ғусл қилиш. Зеро жунуб кишига нопок ҳолида намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, масжидга кириш каби бир қатор амалларни бажариш дуруст бўлмайди. Буларни фиқҳ китобларидан ўқиб, билиб олмоқ зарур.
6-фарз. Ризқ борасида хотиржам бўлиб, Аллоҳ таолонинг ваъдасига суяниш. Ризқни Аллоҳдан деб билиш. Албатта ризқ талабида меҳнат қилишдан воз кечилмайди, бироқ сабаблар дунёсида ҳаракат қилгандан кейин ризқнинг осон ва баракали бўлишида Аллоҳга суянилади.
7-фарз. Ҳалол нарсаларни еб-ичиш. Чўчқа гўшти, чўчқа ёғи, чўчқа гўштидан тайёрланган маҳсулотлар, спиртли ичимликлар, иймонсиз кишилар томонидан сўйилган динимизга кўра ҳалол бўлган ҳайвон гўшти, қасдан “бисмиллаҳ” айтилмасдан сўйилган гўштлар (унутиб айтмай қолдириш бундан мустасно) ҳаромдир. Еб-ичиш мавзусида яна кўплаб масалалар борки, уларни яхшилаб билиб олиш ва танани ҳаром озиқалардан сақлаш лозим.
8-фарз. Қаноат қилиш. Аллоҳ тақсимлаганга рози бўлиш, очкўзлик қилмаслик.
9-фарз. Аллоҳга таваккул қилиш (суяниш). Бандалик вазифасини бажариш, дунёвий чора-тадбирини кўриш, шаръий сабабларини амалга ошириш, натижани эса фақатгина Аллоҳ таолодан кутиш, Уни ўзига вакил қилиб олиш.
10-фарз. Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиш, исёнкор бўлмаслик.
11-фарз. Неъматлари учун Аллоҳга доим шукр қилиш.
12-фарз. Бало-мусибатларга сабр қилиш. Жазавага тушиб тақдирга норизо бўлмаслик.
13-фарз. Гуноҳларга астойдил тавба қилиш. Гуноҳга етакловчи ҳар қандай сабаблардан сақланиш.
14-фарз. Ихлос билан ибодат қилиш. Риёдан, хўжакўрсиндан (шунингдек, одамлар мақташларидан - сумъадан) узоқ туриш. Махфий ширкка - риёга мубтало бўлиб қолмаслик. Фақат ва фақат Аллоҳ учун, Унинг розилиги учун ибодат қилиш.
15-фарз. Шайтонни “ашаддий душман” деб билиш ва унинг найрангларидан огоҳ бўлиш, залолат йўлига юрмаслик. Кўплаб инсонлар, шайтон фақат ёмонликка буюради, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, у баъзан яна ҳам каттароқ хатарга йўлиқтириш учун инсонларни яхши ишга ҳам тарғиб қилиши мумкин. Эзгу амал қилдирганидан сўнг эса уларни йўлдан оздиришга, нафсининг қулига айланишига, шунингдек, миннат қилдириш, риё ва сумъа (одамларга эшиттириб мақтов кутиш), ужб (ўз нафсидан хурсанд бўлиш, ички фахрланиш) ва ўзига бино қўйиш каби иллатлар билан яна ҳам танг аҳволда қолдиришга ҳаракат қилади.
16-фарз. Қуръони Каримни ҳар ишда ҳужжат, меъёр деб билиш, яъни далил, санад, бурҳон, ўлчов ва ҳукм сифатида қабул қилиш.
17-фарз. Ўлимга ҳар лаҳза шай туриш. Ҳар он қазоси етиши эҳтимолини ўйлаб, ўзини тайёрлаш. Аллоҳга ва бандаларига бўлган қарзларини адо этиш. Қабрга, ундаги савол-жавобга, охират ҳаётига озиқ йиғиш. Умр сармоясидан фойдаланган ҳолда яхши амаллар қилиб қолиш.
18-фарз. Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш (яхшиликка амр қилиб, ёмонликдан қайтариш). “Маъруф” Ислом дини яхши ва чиройли деб билган талаблар, “мункар” эса динда ёмон ва қабиҳ деб қайтарилган нарсалардир. Одамларни яхшиликка амр қилиш ва ёмонликдан қайтаришда мулойимлик билан иш тутилади. Барчага яхшилик қилишни дилига тугган ҳолда чиройли услубда ўз нафси ва жамият ислоҳи учун жонкуярлик қилинади.
19-фарз. Ғийбат қилмаслик. “Ғийбат” бир мусулмонни унинг йўқлигида у ёқтирмайдиган ҳолда эслаш, у ҳақда гапириш деганидир. Ғийбат жуда оғир гуноҳ. Қуръони Каримда ғийбат қилиш ўлган биродарининг гўштини ейиш билан тенг тутиб қораланган. Мусулмоннинг камчилиги, ёмонлиги бўлган тақдирда ҳам орқасидан гапириш жоиз эмас. Мисол учун бўйи паст одамни “пакана” дейиш ҳам ғийбат ҳисобланиб, оғир гуноҳдир. Чунки ўша одам буни эшитса хафа бўлади, ўзи ҳақида бундай дейишларини хушламайди. Афсуски, ҳозирги кунда кўпчилик ғийбат касалига мубтало бўлиб, кун давомида кўплаб маротаба бу гуноҳни такрорлайдилар.
Азиз мусулмон биродарим! Ғийбат масаласига жуда эътиборли бўлинг, тилингизни бу асранг, ўлган биродарингизнинг гўштини ейишдек жирканч гуноҳдан сақланинг.
20-фарз. Ота-онага яхшилик қилиш. Бу хизмат улар ҳаётда эканликлари билан чекланмайди. Балки вафот этиб кетганларидан кейин ҳам улар ҳаққига дуо қилиб, истиғфор айтиш, Қуръон тиловати каби амаллар савобини бағишлаш орқали уларга бўлган яхшиликлар давом эттирилаверади. Оят ва ҳадисларда ота-онага дунё ва охиратда қандай яхшиликлар қилиш мумкинлиги борасида жуда фойдали кўрсатма ва тавсиялар берилган.
21-фарз. Қариндошларни зиёрат қилиш, силаи раҳмда бўлиш. Қариндошчилик алоқаларини имкон қадар давом эттириш, улар бетоб бўлганларида бориб кўриш, тўй ва маъракаларида иштирок этиб, хурсандчилик ва ғам-қайғуларига шерик бўлиш динимиз талабларидандир. Зеро, қариндошчилик алоқалари заиф бўлган жамиятда тарқоқлик юзага келади. Бошқача қилиб айтганда, жамият, асосан, бир-бирига узоқ ёки яқин қариндош бўлган кишилардан ташкил топади. Улар ўртасидаги меҳр-оқибат, яқинлик, уюшқоқлик эса жамият жипслигини таъминлайди.
22-фарз. Омонатга хиёнат қилмаслик. Омонатдорлик жуда улуғ савобли иш бўлиб, шунга Яраша масъулияти ҳам оғирдир. Омонатдорлик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган. У зотга, ҳатто душманлари ҳам қимматли нарсаларини ишониб омонат қилиб топшира олганлар. Омонат эгаси ишониб топширган нарсани берухсат ишлатмаслигимиз, уни ўз мулкимиздан-да эҳтиёткорлик асрашимиз, хиёнат қилмаслигимиз, сўраганида пайсалга солмаган ҳолда олгандагидек қилиб қайтаришимиз лозим. Акс ҳолда гуноҳга қўл урган бўламиз.
23-фарз. Шаръий бўлмаган ҳазил-ҳузулли гап-сўзлар, латифалардан тилни тийиш. Зеро баъзи латифалар эътиқодий мавзуда, дин ёки диндорлар устидан кулиш, жамиятдаги қайсидир қатламни таҳқирлашга қаратилган мазмунда бўлиши мумкин. Шу орқали жуда хатарли натижалар келиб чиқади ва мусулмончиликка тўғри келмаган зид ҳолат юзага келади. Бундай латифаларни айтиб кўнгилхушлик қилиш иймонга путур етказади ва диннинг устидан кулиш моҳиятида бўлгани учун динга қарши ташвиқот кўринишига ҳам ўтиб қолади. асрасин!
24-фарз. Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш, яъни амрларни бажариш, таъқиқлардан узоқ туриш, осий бўлганларга итоат қилмаслик.
25-фарз. Гуноҳлардан узоқлашиб, ибодатга юзланиш, ибодат қарзини бажо келтириш.
26-фарз. Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳдан қўрқиш. Бу мусулмон банда учун ҳаётий мезон бўлмоғи лозим. Ҳар бир дунё ва охират ишимиз шунга кўра тартибланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
27-фарз. Оламга, теварак-атрофимизга ибрат назари билан қараш. Осмонлару ерда, минглаб яратиқларда, юз берган ва бераётган воқеа-ҳодисаларда қанчалар ибрат ва ҳикматлар бор. Уларни кузатиб, чуқур фикрлар эканмиз, иймонимиз янада зиёда бўлиб боради.
28-фарз. Тафаккур қилиш. Аллоҳни, унинг оят-мўжизаларини, ҳикматларини тафаккур қилиш. Инсон тафаккур орқали ўзи нима учун яратилгани, яшашдан мақсади, оқибати, зиммасига юклатилган мажбуриятлар каби бир қатор масалаларда ўзига саволлар бериб, тўғри жавоблар топмоғи лозим.
29-фарз. Тилини фаҳш сўзлардан тийиш. Ахлоқсиз сўзлар, сўкинишлар, ҳақоратларни оғизга олмаслик. Ғийбатдан, ёлғондан, туҳматдан, дил оғритишдан сақланиш.
30-фарз. Номақбул хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиш. Бефойда ишлар билан машғул бўлмаслик.
31-фарз. Истиҳзо қилмаслик, яъни ким бўлишидан қатъи назар, ҳеч кимни масхараламаслик, ўзгаларга таҳқирона муносабатда бўлмаслик.
32-фарз. Номаҳрам аёлларга қарамаслик. Назарни тийиш. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин шаҳвоний ҳисда номаҳрам жинсга қарашдан кўзни ҳам, қалбни ҳам тийиши лозим.
33-фарз. Ҳар қандай ҳолатда содиқ бўлиш. Хиёнат қилмаслик. Ахир душманлари ҳам “ишончли” деб тан берган Пайғамбарнинг умматидан хиёнат деб аталмиш ноинсоний қабоҳат содир бўлиши мумкинми?!
34-фарз. Хотиржамликдан воз кечиш, яъни беғамлик, бетаъсирлик, ғофилона бемалолликни тарк этиш. Буюрилганларига амал қилиб, қайтарилганларидан сақланган ҳолда яшаш. Қалбда Аллоҳдан қўрқув ва охиратга хавотир ҳиссини туйиш.
35-фарз. Сеҳр қилмаслик. Сеҳр орқали кимгадир зарар етказиш, ўз мақсадига осон эришиш, кимдандир ўч олиш кабилардан сақланиш. Бундай ишларнинг оқибати қўрқинчли бўлиб, ҳатто иймондан жудо қилиши ҳам ҳеч гап эмас.
36-фарз. Олди-сотдида, тижоратда, муомалада тарозу ва бошқа ўлчов асбобларини тўғри тутиш, ҳийла ишлатмаслик, барчага ўз ҳаққини бериш. Ўзгаларнинг ҳаққини ноҳақ ўзлаштиришдан ҳазар қилиш, буни касб қилиб олиш ҳаромлигини англаш, ҳалол касб-кор қилиш мақсадидан чалғимаслик, тарозудан уриб қолиш борасидаги оят ва ҳадисларнинг мазмунини англаб етиш, ҳалол ризқ талабида бўлиш.
37-фарз. Аллоҳнинг ғазабидан хотиржам бўлиб қолмаслик. Хавф ва ражо (қўрқув ва умид) орасида бўлиш. Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиш ва раҳматидан умидвор бўлиш, ҳаётда доим мана шу икки ҳолат узра сергак бўлиш. Аллоҳнинг раҳматидан умидини узган кофир бўлади. Аллоҳнинг ғазабини хеч хаёлига келтирмаган, “Ғазаб менга етмайди”, деб ўйлаган, Ундан қўрқмаган ҳам кофир бўлади.
38-фарз. Бир кунлик нафақаси бўлмаган кимсага садақа бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшниси оч бўла туриб ўзи тўқ бўлган киши мўмин эмас”, деганлар.
39-фарз. Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиш (37-фарзга қаранг).
40-фарз. Нафсу ҳаво (хоҳиши)га эргашмаслик. Зеро нафси аммора (кишини ёмонликларга буюрувчи нафс) доим ёмон нарсаларга, гуноҳ ишларга ундайди ва ҳалокатга олиб боради.
41-фарз. Аллоҳдан нима келса шукр қилиш, Унинг берганини неъмат, олганини ҳикмат деб билиш. Мисол учун, қиз фарзандли бўлса, уни давлат деб билиб, шукр қилиш. “Мен ўғил кутаётган эдим”, дея нонкўрлик қилмаслик. “Аллоҳнинг ҳар ишида яхшилик бор”, деб шукр қилувчилардан бўлиш.
42-фарз. Ҳалолидан кифоя қиладиган даражада ризқ талаб қилиш, яъни етарли даражадаги ризқни Аллоҳ таолонинг фазли-карамидан сўраш, бу йўлда ҳалол меҳнат қилиш.
43-фарз. Закот бериш. Зеро закот бериш Исломнинг беш устунларидан бири эканлигидан ташқари барака ва тириклик манбаи ҳамдир. Закот берилмаган тақдирда Аллоҳ бизларни “ёмғир” деб аталмиш улуғ неъматидан маҳрум қилиб қўйиши мумкин. Ҳадисда келишича, Аллоҳ ёмғирни биз билган ва билмаган кишилар, жонзотлар учун ёғдиради.
44-фарз. Аёли билан ҳайзли бўлган пайтда яқинлик қилмаслик. Зеро, бу озор бериш саналади. Қуръон ояти ила бундан қайтарилган.
45-фарз. Қалбини барча гуноҳлардан пок тутиш, гуноҳни ният қилишдан, гуноҳларни кўнгли хоҳлашдан, уларни хаёл қилишдан ўзини олиб қочиш. Гуноҳларни ёмон ва чиркин деб билиш, улардан нафратланиш.
46-фарз. Етимнинг молини емаслик. Бу борада уларнинг мол-мулкини омонат қилиб олган кишилар, улар вояга етгунларигача мерос қолган мол-мулкка кўз-қулоқ бўлишга жавобгар яқинлари хушёрликни йўқотмасликлари, омонатга хиёнат қилмасликлари лозим. Зеро етим молини ейиш жуда оғир гуноҳлардандир.
47-фарз. Кибрланмаслик. Инсон қора тупроқдан яратилганлигини унутмаслиги ва кибрланиш оқибатида Аллоҳнинг даргоҳидан қувғин қилинган шайтонга ўхшаб қолишдан эҳтиёт бўлиши лозим.
48-фарз. Ливота қилмаслик. Бу ҳайвонлар ҳам қилмайдиган ноинсоний жирканч иш эканини унутмаслик, илоҳий азобга гирифтор бўлишдан сақланиш лозим.
49-фарз. Кундалик фарз намозларни муҳофаза қилиш, яъни доимий ўқиб юриш, бесабаб ўтказиб юбормаслик, қазога қолдирмаслик. Канда қилиб, ора-сира ўқишни одат қилиб олишдан сақланиш.
50-фарз. Зулм билан халқнинг молини емаслик. Банда ҳақлари ҳисоби жуда чигал тус олиб, кишини танг аҳволда қолдиришида шубҳа йўқ. Негаки, бу Аллоҳнинг қайтариғи бўлиб, унга амал қилмагани учун жавоб бериш, ундан кейин ўша жабр кўрган кишиларни рози қилиш керак бўлади. Қиёматда жабр-зулм кўрганлар рози бўлмагунларича Аллоҳ кечирмаслиги, розилашиш эса савоб амалларни бериш ёки ўзгаларнинг гуноҳларини зиммага олиш кўринишда бўлишини ёдда тутган ҳолда, бу дунёдаёқ ана шу қабоҳатлар жавобгарлигидан қутулмоқ лозим.
51-фарз. Аллоҳга ширк келтирмаслик. Зеро Аллоҳ барча бандаларидан ўзининг борлиги ва бирлигига ишонишларини узил-кесил талаб қилган. Ширк келтириш Аллоҳнинг асосий талабига зид бўлгани учун барча турдаги гуноҳлар кечирилса-да, ширк асло кечирилмаслиги оятларда қайта-қайта баён қилинган.
52-фарз. Зинодан узоқ юриш. Зино шахс ва жамият ҳаётига путур етказади. Кишининг обрўси, саломатлиги, охирати ва шахсий ҳаёти мана шу қабоҳат сабабли барбод бўлади. Боз устига “зино – қарз” деган нақлга кўра, бу жиноятни зинокорнинг яқинларидан бири тўлашига тўғри келади.
53-фарз. Ёлғон қасам ичмаслик. Бу билан кимнингдир мақсади амалга ошса-да, бироқ бошқа бировларнинг ҳаловати йўқолади. Биргина ёлғон қасам ичиш билан “туҳмат” деб аталмиш иккинчи жиноятга қўл урилади. Бу, ўз навбатида, жамиятда зиддиятлар, ўзаро тўқнашувлар ва низоларнинг авж олишига сабаб бўлади. Шундай экан ҳар қандай ҳолатда билиб-билмай ёлғон қасам ичишдан, ўзгалар ҳаётини барбод қилишдан тийилмоқ лозим.
54-фарз. Берган садақасини миннат қилмаслик. Неъматни Ўзи бергани ҳолда бошқа томонидан миннат қилиниши Аллоҳга хуш ёқмайди. Аслида Аллоҳ берган неъмат орқали бошқаларнинг ҳожатлари раво бўлишини ғанимат деб билиш даркор. Уни миннат қилишлик эса осонгина савоб олиш мумкин бўлган амални йўққа чиқаради.
Иймонни саломат сақлашни таъминловчи шартлар
1) ғайбга ишониш;
2) барча ғайб ишларни ҳеч ким билмайди, фақатгина Аллоҳ таоло билади деб эътиқод қилиш;
3) ҳалолни ҳалол деб эътиқод қилиш;
4) ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилиш;
5) доим Аллоҳдан қўрқиш;
6) Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслик.
Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.