1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Ким ғамга мубтало бўлса...

06:10 / 09.12.2025 1237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: دَعْوَةُ «ذِي النُّونِ» إِذْ دَعَا وَهُوَ فِي بَطْنِ الْحُوتِ: لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ، فَإِنَّهُ لَمْ يَدْعُ بِهَا رَجُلٌ مُسْلِمٌ فِي شَيْءٍ قَطُّ إِلَّا اسْتَجَابَ اللهُ لَهُ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Саъд розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зуннуннинг балиқ ичида туриб қилган дуоси «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳанака, иннии кунту миназ-золимийн»дир. Қай бир мусулмон одам бирор нарса ҳақда ўша дуони қилса, албатта, Аллоҳ унга ижобат қилур», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Ушбу дуо Қуръони Каримнинг «Анбиё» сурасида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло мазкур сурада:

«Зуннунни (эсла). Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер ‎‎юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен ‎‎поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди», деган (87-оят).

Зуннундан мурод Юнус алайҳисалломдир. «Нун» балиқ, «Зуннун» эса балиқ эгаси дегани. Юнус алайҳиссаломни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташлаган. Шунинг учун у зот алайҳиссалом Зуннун, яъни Балиқ эгаси деган лақабни олганлар. У зотнинг қиссалари «Соффаат» сурасида келади. Аммо бу сурада сўзнинг боришига мос равишда бу қисса қисқача баён қилинмоқда.

«Зуннунни (эсла). Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди».

У киши қавмларига Аллоҳнинг амрини етказганларида, улар қабул қилмадилар. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар.

«Бас, у Бизни ўзига (ер ‎‎юзини) тор этмас, деб гумон қилди».

Бу гумон қавмларининг саркашлигидан келиб чиққан эди. Юнус алайҳиссалом уларга «Сизлар Аллоҳнинг амрига бўйсунмасангиз, бошқа жой қуриб кетгани йўқ, Аллоҳнинг ери кенг, бошқа жойга бориб, даъват этсам, улар қабул қиладилар. Аллоҳ мен учун ер юзини тор этиб қўймайди», дегандай иш қилган эдилар.

Уламоларимизнинг айтишларича, аслида у зот бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло у зотни балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда

«Зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз остидаги зулмат ва балиқ қорнидаги зулматда туриб, Аллоҳ таолога ёлвориб:

«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен ‎‎поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди».

Бу гап чин ихлос билан, Аллоҳнинг улуғ сифатларини эслаб, ўзининг айбдорлигини бўйнига олиб, нажот сўраб қилинган дуо эди.

«Бас, Биз унга ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот ‎берурмиз‎» (88-оят).

Яъни «Биз Юнуснинг дуосини қабул қилдик. Уни балиқ ичидан соғ-саломат чиқариб, ғамдан қутқардик. Мўминларни доимо шу тарзда қутқариб келганмиз».

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким ғамга мубтало бўлса, ушбу оятдаги «Лаа илааҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназ-золимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиУ зот холалари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйларида тунаб қолганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

4797 16:30 / 02.09.2019
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким саййидул истиғфор ndash .Аллоҳумма анта роббий лаа илаҳа давоми...

98402 14:05 / 09.07.2020
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу давоми...

1384 05:43 / 19.10.2025
. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Субҳаналлоҳил азийми ва биҳамдиҳи, деса, унинг учун жаннатда бир давоми...

953 05:29 / 21.10.2025