Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 ражаб | 2026 йил 14 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръондан таъсирланиш Аллоҳнинг ҳидоятидир | Қуръони Карим дарслари (176-дарс)

19:00 / 10.11.2025 1084 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида шундай марҳамат қилади:

«Китобнинг нозил қилиниши Азийзу Ҳакийм Аллоҳ томонидандир. Албатта, Биз сенга ‎китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат ‎эт», деган (1-2-оятлар).

Ушбу Қуръон азиз – ҳаммадан ғолиб ва ҳаким – ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қиладиган Зот – Аллоҳ таоло томонидан туширилгандир.

Аллоҳ таоло азиз бўлгани учун Қуръондек абадий мўъжизани, инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига бошловчи Китобни нозил қилди.

Аллоҳ таоло ҳаким бўлгани учун ҳам бутун инсониятни икки дунё саодатига элтувчи барча ҳикматларни Қуръонга жойлаб, туширди.

«Албатта, Биз сенга ‎китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, ‎Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат ‎эт».

Бу оятдаги хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган. Мушриклар Қуръони Карим ҳақида турли шак-шубҳалар тарқатиб турган бир пайтда Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб, ҳеч кимга эътибор бермай, Қуръонни маҳкам тутиш ва Ўзига холис ибодат этишга чақирмоқда.

«Албатта, Биз сенга ‎китобни ҳақ ила нозил қилдик».

«Эй Муҳаммад! Албатта, биз сенга Қуръонни ҳақ билан туширдик.

Эй Муҳаммад! Албатта, биз сенга Қуръонни ҳақ қилиб туширдик.

Эй Муҳаммад! Албатта, Биз сенга Қуръоннинг тушишини ҳақ қилдик».

Ҳа, Қуръоннинг Аллоҳ томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тушганлиги ҳақдир.

Ҳа, Қуръон ҳақдан иборат экани ҳақдир.

Ҳа, бу Қуръоннинг ҳақ билан қувватланиб тушгани ҳақдир.

Қуръоннинг ҳақлигини инкор қилган ноҳақдир.

Қуръоннинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан тушганини инкор этган ноҳақдир.

Қуръоннинг ҳақ билан қувватланиб тушганини инкор қилган ноҳақдир.

Шундай бўлганидан кейин:

«Бас, ‎Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ‎ибодат ‎эт».

«Дин» «итоат», «ибодат», «жазо-мукофот» ва «шариат» маъноларини ўз ичига олади.

Демак, «Аллоҳгагина холис итоат этган ҳолингда ибодат эт.

Аллоҳгагина холис ибодат қилган ҳолингда ибодат эт.

Аллоҳдангина шариат қабул этган ҳолингда ибодат эт.

Аллоҳнинг тавҳидига шак келтирма.

Аллоҳнинг динига бошқанинг динини аралаштирма.

Аллоҳнинг ибодатига бошқанинг итоатини аралаштирма.

Аллоҳдан жазо ёки мукофот кутишингга бошқадан жазо ёки мукофот кутишни аралаштирма.

Аллоҳнинг шариатидан бошқани шариат деб қабул этма!».

Аллоҳ таоло яна:

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширди. Ундан ‎Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра терилари ва қалблари ‎Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Ўзи кимни хоҳласа ‎ҳидоят қилар. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят ‎қилгувчи йўқ», деган («Зумар» сураси, 23-оят).

Бу ояти каримада Қуръони Каримнинг васфи, унинг мўминларга таъсири ва у орқали ҳидоятга эришиш ҳақида сўз кетмоқда.

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб ‎этиб туширди».

Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса унинг ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-такрор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади.

«Ундан ‎Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари ‎титрар».

Аллоҳдан қўрқадиган бандалар Қуръонни ўқиганларида, унинг тиловатларини эшитганларида баданлари титрайди. Ундаги маънолардан таъсирланиб, уни туширган Аллоҳнинг ҳайбатидан, Уни улуғлашдан қалблари титрайди.

«Сўнгра терилари ва қалблари ‎Аллоҳнинг зикрига ‎юмшар».

Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.

«Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир».

Қуръондан гўзал таъсирланиш Аллоҳнинг ҳидоятидир.

«У ила Ўзи кимни хоҳласа ‎ҳидоят қилар».

Шунда одам Қуръондан таъсирланиб, кўнгли юмшаб, унга амал қилишга ўтади.

«Аллоҳ кимни залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳеч ‎бир ҳидоят ‎қилгувчи йўқ».

Ундай одамнинг иши чатоқ!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақола.Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди,.Чунки кўпчилик ўз ижтиҳоди билан ўзи учун мусҳафлар давоми...

5582 20:05 / 26.11.2019
.Улум, калимаси .илм, сўзининг кўплик шакли бўлиб, .Улуми Қуръон, бирикмасининг сўзмасўз таржимаси .Қуръон илмлари, деган маънони билдиради. Бундан .Улуми Қуръон, давоми...

32379 12:19 / 15.08.2018
Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади .Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар баён қилдик. Бас, одамларнинг кўплари куфрдан бошқа давоми...

1773 19:00 / 21.07.2025
Мадинада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги .Қадр, калимасидан олинган, тўғрироғи .Лайлатул Қадр,дан олинган. Бу давоми...

33699 05:00 / 23.01.2017