1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Дўст ва улфатчилик одоби

13:34 / 10 ноябрь 928 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарҳақиқат, суҳбат (ҳамроҳлик), дўстлик ва улфатчилик алоқалари никоҳ каби икки шахс орасида барпо бўладиган маънавий ришталардир. Оила ҳаётида жуфтларнинг ҳар иккиси ҳам амал қилишлари лозим бўлган қоидалар бўлганидек, дўстликнинг ҳам ўзига яраша риоя қилиш зарурий бўлган ҳақлари мавжуд. Дўстлик ришталари нафсоний туйғулар, дунёвий манфаатларга барпо қилинган бўлмаслиги, асосий мақсад охират манфаати ва Аллоҳ розилиги учун бўлиши керак. Бундай олий фазилатлар ҳаммада ҳам бўлавермагани учун ораларида суҳбат ва биродарлик ришталарини боғлайдиган кимсалар ўзларига дўст, биродар, ошна сифатида танлайдиган кишиларда бир катор комилликлар ва устун феъл-атворни ахтаришга мажбурдирлар. Шундай экан биз, аввало, суҳбат қиладиган (дўст тутадиган) кишини яхши таниб олмоғимиз лозим:

“Киши бошқасини биродар (дўст) тутса, (дастлаб) унинг ва отасининг исмини ҳамда у кимлардан эканини сўраб олсин. Зеро, бу дўстлик (риштаси) учун боғловчироқдир”.

Шунингдек дўст тутинган кишисига ўз муҳаббатини, уни яхши кўришини билдириб қўйиши керак:

“Агар сизлардан кимдир биродарини яхши кўрса, унга уни (яхши кўринишини) билдириб қўйсин”.

Аллоҳ учун бўлган ва ҳеч қандай дунёвий мақсад кўзланмаган чин биродарлик, ака-укачилик риштаси олий инсоний фазилат бўлгани боис бундай кишиларга ваъда қилинган илоҳий мукофотлар ҳам бемислдир. Бунга қуйидагича мисол келтирсак: солиҳларнинг тавсияларга кўра, бир кишига биродари: “(Дабдурустдан) қани тур, кетдик” деса, “Қаерга?” (ёки “Нима учун?” ёки “Нима сабабдан, тинчликми?”) демаслиги керак. Балки ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дарҳол ўрнидан туриши, унга сўзсиз эргашиши лозим. Олимлардан бири: “Ким сен чақирган пайтда “Қаерга борамиз?” деб сўраса, унга ҳамроҳлик қилмагин”, дейди. Агар ундан пул сўраса: “Қанча хохлайсан?” ёки “Пулни нима қиласан?” ҳам демаслиги керак. “Ким шундай деса, биродарлик ҳаққига риоя қилмабди”, деганлар.

Абу Сулаймон Дороний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ироқда бир биродарим бор эди. Танг ҳолатга тушганимда олдига бориб: “Менга бироз пул бер”, десам, олдимга пул халтасини ташлар, ундан ўзим хоҳлаганча олардим. Бир куни олдига бориб: “Бироз пулга эҳтиёжим бор”, дедим. У “Қанча хоҳлайсан?” - деб сўради. Шундан сўнг қалбимда унга нисбатан биродарлик муҳаббатининг мазасини йўқолганини ҳис этдим”.

Бир-бирини яхши кўрганлар, таъбир жоиз бўлса, бир тану бир жонга айланиб, биродари еяётган нарсадан ўз оғзида лаззат топа олиши керак. Абу Сулаймон Дороний раҳматуллоҳи алайҳ: “Биродарларимдан ҳар бири еган луқманинг мазасини томоғимда ҳис қиламан”, деганлар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг “Чанқаган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичдилар, мен қондим” деган сўзлари бу борада энг ёрқин мисол бўлади деб ўйлаймиз.

Аллоҳ азза ва жалла деди: “Жалолим туфайли бир-бирларини яхши кўрганлар учун нурдан бўлган, пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳавас қиладиган минбарлар бордир”.
Шу ўринда уч хусусда тўхталсак:
Суҳбат (ҳамроҳлик, дўстлик)дан кутиладиган фойдалар.
Ана шу фойдаларнинг юзага келиши учун зарур бўлган шартлар.

Дўстлашишнинг фойдалари

Дўстликдан кутилган фойдалар еттитадир:

Биринчи фойда: ўзига керак бўлган илм ва амални дўстидан ўрганиш. Зеро муҳтож бўлган илм ва амални билиш учун ўша илмнинг эгалари билан учрашмасдан, фақатгина ибодат билан машғул бўлган кимса бетоб бўлиб шифокорга бормаган, ўзи ҳам тиббиётдан бехабар кишининг ҳолатига ўхшайди. Бундай кас ўз касаллигига ташхис қўя олмайди. Касаллигига қарши бўлган дорини, унинг миқдорини, таркибини, ножўя таъсирларини ва истеъмол қилиш вақтини билмагани ҳолда, пала-партиш даволаниш билан вақт йўқотиб, ўз ҳаётига зомин бўлади.

Иккинчи фойда: ибодат ва тоат қилишдан тўсиб, қалбини машғул қилаётган кимсанинг озорларидан ўзини ҳимоя қилиш учун дўстининг мақом ва лавозимидан фойдаланиш.

Учинчи фойда: ибодат билан машғул бўлиш бўлиб, тирикчиликка етадиган даражада пул топишда вақтини беҳуда сарфламаслик учун лозим бўлганича (дўстидан) молиявий жиҳатдан фойдаланиш.

Тўртинчи фойда: синов ва мусибат пайтида ёрдамчи ва ҳар ҳолида қувват бўлсин деб муҳим бўлган ишларида ёрдам сўраш.

Бешинчи фойда: дўстининг дуоси туфайли барака ҳосил қилиш.

Олтинчи фойда: охират учун шафоат кутиш. Зеро қиёмат куни бир банданинг гуноҳи кечирилганида ўша банданинг дўстлари ҳақида (Аллоҳнинг изни билан қиладиган) шафоати қабул бўлади. Шу боисдан тобеъинлар, улуғ олимлар ва солиҳ зотларнинг кўпи суҳбат (дўст орттириш) ва улфатга рағбат қилиб ёлғиз яшашни маъқул кўрмаганлар.

Еттинчи фойда: дўсти муҳтож бўлган диний одоблар ва бошқа исломий тарбияни унга ўргатиш. Аллоҳ таоло: “Эсланг, (эй Муҳаммад!) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Таврот ва Инжилни) одамларга, албатта, баён қиласиз, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз, деб аҳд олган эди. Лекин, улар (берган ваъдаларини) ортларига улоқтириб, уни озгина баҳога сотиб юбордилар...” дейди.

Аллоҳнинг хитоби гарчи оятда аҳли китобларга қаратилган бўлса-да, диний китоблардаги барча маълумотни диндорларга тўла ҳолда етказишнинг зарурлиги барча мусулмон уламоларга ҳам тааллуқлидир.

Ушбу оятга кўра Аллоҳ таоло фойдали илм ва масалаларни билмайдиганларга ўргатишни вожиб, яширишни эса ҳаром қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар:

(Эй Алий!) Сен сабабли (Аллоҳ томонидан) бир кишининг ҳидоят қилиниши сен учун (қимматбаҳо) қизил туялардан ҳам яхшироқдир”.

Баён қилинган хусус - суҳбатдан ўзга инсон билан дўстлик риштасини ўрнатишдан мақсад қилинган фойдалардир. Ўша фойдаларнинг ҳосил бўлиши учун суҳбат ва биродарликни танлаган кишида ушбу бешта хислат бўлиши шарт:

Биринчиси: ақлли бўлиш. Зеро ақл Аллоҳ бандаларига бахш этган улуғ неъматлардан бўлиб, сармоянинг бошидир. Аҳмоққа ҳамроҳлик қилишда асло яхшилик йўқ. У билан дўст бўлиш, албатта, нафратга етаклайди. Аҳмоқ яхшилик қиламан деб ўзи билмаган ҳолда ёмонлик қилиб қўяди. Шоир ҳам шу маънода “Ақлли душмандан эмас, аҳмоқ дўстдан қўрқаман”, деган. Аҳмоқдан қочиш Аллоҳга яқинлашиш демакдир. Имом Саврий “Аҳмоқнинг юзига қараш хатодир”, деганлар.

Иккинчиси: хулқи чиройли бўлиш. Зеро қанчадан-қанча ақлли кишилар борки, ҳамма нарсани идрок қилганлари ҳолда, уларда ғазаб ва шаҳватдек ножўя хулқлар ғолиб келгани учун нафсу ҳавога берилиб қарши чиқадилар. Ундайларнинг дўстлигидан асло яхшилик чиқмайди.

Учинчиси: фосиқ бўлмаслик. Зеро Аллоҳнинг азобидан қўрқмайдиган кимсанинг зараридан хотиржам бўлинмайди ва унинг дўстлигига ишонилмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, (эй Муҳаммад!) Бизнинг эслатмамиздан юз ўгириб кетган ва фақат дунё ҳаётинигина истаган кимсалардан воз кечинг”, “...Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашинг!..” мазмунидаги оятлар билан бизларни заруратсиз фосиқлар билан бирга юришдан ман қилган.

Тўртинчиси: бидъат аҳлидан бўлмаслик. Зеро бидъатчининг дўстлигида унга дўст бўлган кишига ҳам бидъатчилик иллатининг юқиши хавфи бор. Адашганларни тарк этиш эса зарурийдир.

Бешинчиси: дунёга банди, дунёпараст бўлмаслик. Зеро дунёга сиғинган киши билан учрашиш заҳри қотилдекдир (бундай кимсалар дўстларини жуда арзонга сотиб юборадилар).

 “Динорга, дирҳамга ва (башанг) кийимга қул бўлган ҳалок бўлсин! (Ундайлар) агар берилса, рози бўлади, берилмаса, ғазабланади...”.

Дарҳақиқат, инсон табиати тақлидга мойил қилиб яратилган. Шунга кўра ўзи сезмаган ҳолда бошқасининг табиатини ўзлаштириб олиши мумкин. Бу ушбу ҳадисда ёрқин ифодаланган: “Киши дўстининг “дини”да бўлади. Ҳар бир киши кимга дўст бўлаётганига қарасин”.
Мазкур ҳадисда инсон ҳаётида дўстнинг ўрни қанчалик муҳим эканлиги маълум қилинган бўлса, қуйидаги ҳадисда ёмон дўстнинг касофатидан огоҳлантирилган: “Яхши суҳбатдош (дўст)нинг мисоли гўё мушк эгасига ўхшайди. Ундан сенга ҳеч қандай нарса (наф) етмаганда ҳам, (ёқимли) ҳидидан баҳра оласан. Ёмон суҳбатдошнинг мисоли эса гўёки темирчининг босқонига ўхшайди. Ундан сенга қуруми етмаса ҳам, тутунидан “баҳра” оласан”.

Шундай экан ақлли инсон ўзига ҳар икки дунёда нафи тегадиган дўст танламоғи лозим. Тавсия сифатида қуйидаги ҳадиси шарифни келтириб ўтамиз: “Фақат мўминга ҳамроҳ бўл, таомингни фақат тақводор есин”. Очкўз билан учрашиш ҳирс ва тамаъни авж олдириши тайин. Кўзи тўқ инсон билан бирга юриш эса зуҳд ва тақвони кучайтиради. Шундай экан мол-дунёга жон-дилидан боғланган, дунё муҳаббати қон-қонига сингиб кетганлар билан дўстлик қилиш шариатимизда жоиз эмас. Бунинг зиддига кўра иш тутиш эса мустаҳабдир. Негаки дунёпараст кимсадан сиз кутган яқинлик, чин ҳамсуҳбат бўлиш маҳолдир.

Дўстлик борасида риоя қилинадиган ҳуқуқ ва одоблар

Биринчи ҳақ: мол-давлат. Икки дўстнинг бири иккинчисини ювадиган қўлдек тушунсак, дўстлик қилувчиларни бир қўл ва бир оёқ эмас, айнан икки қўлга ўхшатсак, бунда ўзига хос ишора бор. Зеро икки қўл бир хил мақсадга хизмат қилади. Шундай экан, дўстлик қурганлар муштарак ҳаётни танлаган кишилардир, десак тўғрироқ бўлади. Улар ўзлари танлаган ҳаётда жуда кўплаб хусусларда ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечирадилар. Қалблар Аллоҳ учун муҳаббат деб аталмиш олий мақсад сари боғланса, улар мол-давлатда шерикликда бўладилар.

Молда шериклик

Молда шериклик учта даражадир: 1. Қуйи даража. 2. Ўрта даража. 3. Юқори даража.

Қуйи даража: дўстининг муҳтожлигини пайқаб, у сўрамай туриб ҳам молнинг ортиғидан унинг ҳожатини чиқариш.
Ўрта даража: ўз мавқеъини тушириб, молда уни ўзига шерик қилиб олиш.

Юқори даража: дўстини нафсидан олдинга ўтказиб (ўзидан афзал билиб) устун кўрган ҳолда, ўз эҳтиёжидан уникини зарур ва афзал деб билиш. Агар нафс мана шу даражалардан бирига тушмаса, билингки орангизда дўстлик ришталари боғланмаган. Зоҳирда бўлиб кўринаётган дўстлик эса сохтадир.

Иккинчи ҳақ: жисмоний ёрдам. Ўз аҳволидан ғафлатда қолмаганидек дўстининг аҳволидан ҳам ғафлатда қолмай, жисмоний ёрдамга муҳтож бўлганини сезиб, у ёрдам сўрамай туриб ёрдамига ошиқиш, лекин буни миннат қилмаслик.

Учинчи ҳақ: баъзан сукут сақлаш, баъзан сўзлаш орқали тил билан ёрдам кўрсатиш. Сукут сақлаш одоби дўстининг ҳам ҳузурида, ҳам йўқлигида хато-камчилик ва нуқсонларини овоза қилмай, билмаганга олишдан иборатдир.

Ҳар қандай масала ҳақида гаплашаётганда сукут сақлаб бирдан эътироз ва мунозарага киришмаслик, шахсий аҳволини сўраб, яширин хато-камчиликларини айтмаслик. Уни бирор йўлда ёки ишда кўриб қолганингда “Қаердан келаяпсан?”, “Қаерга кетаяпсан?”, “Ниятинг нима?” каби саволлар сўрамаслик керак. Акс ҳолда яшириш керак бир нарса бўлади-ю, бундай саволларинг туфайли дўстинг ёлғон сўзлашга мажбур бўлиб қолади.

Сир омонат қилинганида уни бошқасига айтмаслик керак. Гарчи ўзини сизга дўст деб билганлар душманга айлансалар ҳам.

Хулоса: ўзи хуш кўрмаган барча нарсаларда сукут сақлаш. Буни ҳар қанча зоҳирда ёмон кўрса ҳам, ҳақиқатда бу унинг ўзига яхшиликдир.

Тўртинчи ҳақ: тил. Дўсти ёқтирмаган нарсани айтмай, у хуш кўрган нарсани айтиш, йўғида ҳам, борида ҳам дўстини у яхши кўрган исм билан чақириш. Зеро бундай қилиш муҳаббат ва ҳурматни оширишда катта таъсирга эга.

Дўстининг ўзини мақтаганидек, унинг болалари, аҳлини, қиладиган касб-корини, машғулотини, ҳатто Аллоҳ ато этган ақлини, феълини, шунингдек, ёзувини, шеърини ва шу каби у яхши кўрган нарсаларни ёлғон ва ошириб юборишдан сақланган ҳолда мақташ. Яна, шунингдек, уни мақтаган кимсанинг мақтовини қувонган ҳолда унга етказиш лозим.

Дўстига ҳам очиқчасига, ҳам пинҳона ҳужум қилинганида қарши бўлиш ҳам чин дўстлик тақозосидир.

Дўстга тавсия: ундан содир бўлган ёмон ишларнинг хунук оқибатини ва уларни тарк этиш яхшилигини эслатиб, дунё ва охиратда ёқтирмаган нарсалари билан қўрқитиш ва хато-камчиликларини танбеҳлаб хунук бўлган нарсани ёмонлаган ҳолда, яхши бўлганларини эса чиройли деб ҳисоблаб мақташ орқали ҳеч кимга билдирмасдан яширинча айтиш. Зеро ҳамманинг олдида шундай қилинса, у хижолат тортиши мумкин.

Имом Шофеъий: “Ҳар ким мусулмон биродарига (бошқаларга) билдирмай насиҳат қилса, тўкис насиҳат қилган бўлади. Кимки ошкора насиҳат қилса, уни хижолат қилиб қўйган бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таоло қиёмат кунида мўминлардан бир гуруҳни ҳеч кимга билдирмай уларни қилган гуноҳ ишларидан пинҳона воқиф қилган ҳолда амал дафтарларини муҳрлаб фаришталарга беради. Фаришталар амал дафтарини жаннат эшигига боргунгача сир тутиб, жаннат эшигига яқинлашиб эгаларига берганларида, улар ўша дафтарларни ўқийдилар.

Англашиладики, камчилик ва нуқсонларни яшириш ҳақиқий дўстлик ва йўлдошликнинг шиоридир. Аллоҳ таоло дуода: “Эй чиройли бўлганларни юзага чиқариб, қабиҳликларни беркитган улуғ Аллоҳ...” деб илтижо ва васф қилинганига кўра, бу иш нақадар улуғ экани танбеҳ жиҳатидан кейин кифоядир.

Шунга кўра амал қилиб иш тутган киши Аллоҳ наздида рози бўлинган ахлоқ билан ахлоқланган кишилардан бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло айбу нуқсонларни беркитувчи ва гуноҳларни кечирувчидир.

Бешинчи ҳақ: дўстидан содир бўлган гуноҳни кечириш. Дўстини айби (Аллоҳга қарши) гуноҳ қилиш билан ўз динида ёхуд дўстининг ҳуқуқ ва одоби борасида камчиликка йўл қўйиш билан бўлади.

Агар ўз динига доир камчиликка йўл қўйган бўлса, насиҳатда мулойимлик билан муомала қилиб, ҳолини ислоҳ ва яхшиликка ўзгартиришга ҳаракат қилиш лозимдир.

Дўстни гуноҳи сабабли тарк этиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашират ва қабилалари ҳақида: “Бас, агар улар (қавмингиз сизга эргашмай) итоатсизлик қилсалар, у ҳолда айтинг: “Албатта, мен сизлар қилаётган ишлардан покдирман” деган, “сиздан йироқман” демаган. Бу ҳам қариндошлик ҳаққи қанчалик олий эканига далолат қилади. Бундан ҳам англашиладики, дўстлик ва биродарлик ҳаққини муҳофаза қилиб, уни давом эттириш суҳбатни (ҳамроҳликни) тўхтатишдан яхшироқдир. Мана шу зикр қилинган ўз динига доир содир бўлган исён ҳақидадир. Сен ҳақингда воқеъ бўлган ёмонлик ва қусурни афв қилиш ва содир бўлган хатони чиройли қилиб айтиш ва унинг томонидан ҳам сендан узр сўраш энг афзали эканида ихтилоф йўқ.

Олтинчи ҳақ: дўсти тирик экан ва вафот этиб кетганидан кейин нафси, аҳли ва шу каби унга тегишли нарсалар учун у севган нарса билан дуо қилиш.

Хулоса: мусулмон одам дўстини ажратмай дуо қилиши лозим. Зеро, унга дуо қилиш аслида ўзи учун ҳамдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бир мусулмон биродарининг ҳаққига ғоибона дуо қилар экан, (бир) фаришта: “Сенга ҳам шунча бўлсин”, дейди”, деганлар.

Еттинчи ҳақ: вафо ва ихлос. “Вафо”нинг маъноси дўстининг фарзандлари, дўстлари билан вафот этгунга қадар ва вафотидан кейин ҳам дўстлигини, муҳаббатини давом эттиришдир. Шунингдек, дўстининг шон ва даражаси кўтарилгач ўзига нисбатан муҳаббат ва ҳурматда ўзгармаслик ҳам вафо саналади. Яна дўсти ҳақидаги “деди-деди”ларга қулоқ солмаслик ҳам вафо саналади. Айни пайтда дўстининг душманига ҳам ён босмаслик керак.

Саккизинчи ҳақ: таклиф (оғирлик солиш) ва такаллуфни тарк этиш. Мисол учун киши дўстига оғирлик қиладиган ҳар қандай нарсани юкламай, аксинча, ҳожат (унга иши тушмаслик, ёрдам сўрамаслик) борасида унинг қалбини доим хотиржам қилиши, ундан мансаб, лавозим ва мол-мулк кабиларни сўрамаслиги лозим. Яна унга ёқмайдиган нарсаларни юкламаслиги, балки дуоси билан баракаланиши, учрашиши билан унсият ва динига ёрдам, ҳақларини адо этиш ва ундан келадиган ҳар қандай машаққатга сабр-бардошлилиги билан Аллоҳга холис банда бўлишга уриниши керак. Кимнинг кулфати (бошқаларга юки) оз бўлса унинг улфати ва суҳбати (ошна ва дўстлари) кўп бўлади. Кимнинг машаққати енгил бўлса, муҳаббат ва ҳурмати доимий бўлади. Ушбу зикр қилинганлар дўстлик ва биродарликнинг ҳақларидир.

Сиз мана шу ҳақларни тўлиқ амалга оширишга кучингиз етса, юқорида келтирилган диний ва дунёвий фойдаларни қўлга киритиш учун лозим бўлган чиройли хулқларни ўзингизда мужассам этган бўласиз. Дўстлик ва самимият кўп фазилатли бўлиб, чиройли ахлоқ мевасидир. Бу динда талаб қилинган хулқу одоблардандир.

Улфат ва суҳбат (яқинлик ва дўстлик)нинг мадҳи ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Шу жумладан Аллоҳ таоло улфат неъмати билан инсонлар устига миннатини баён қилиб: “...ва уларнинг дилларини (ўзаро) яқинлаштирган Зотдир. Агар (Сиз) ердаги (ҳамма) нарсани сарфлаганингизда ҳам (уларнинг) дилларини (бир-бирига) боғлай олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларнинг ўртасини боғлади...”, деган оятни туширган.

Айни пайтда тафриқа ва ёлғизланишни қоралаб, улардан биз бандаларни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...” ояти билан огоҳлантирган.

Тобеъинлар ва олимларнинг кўплари Ислом динида ёрдамлашув мақсадига барпо бўлган улфат ва суҳбатнинг улуғлигини таъкидлаб, тафриқа ва ёлғизланишни хунук санаганлар. Зеро диний мақсадлар, унга восита ва ёрдамчи бўлган дунёвий тилак ҳамда эҳтиёжлар фақатгина одамлардан ёрдам сўраш билан ҳосил қилинади.

Агар мана шу ҳақларни тўлиқ бажаришга қодир бўлмаган ёки юқорида келтирилган шартларни ўзида мужассам этган дўстга дуч келинмаса, (ҳамнафасликка яроқсиз) одамлардан узоқ юриш улар билан бирга бўлишдан яхшироқдир.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири закотдир..Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, деган маъноларни билдиради.Закот берган кишининг давоми...

2323 15:30 / 30.12.2019
1. У Кунда, у ерда махфийлиги бўлмаган делолар, ошкор этиш тақиқланган ҳужжатлар бўлмайди .ўта махфий,, .конфеденциал,, деган муҳрларсиз ....ва қиёмат куни унга китоб давоми...

3345 14:30 / 04.11.2021
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида ҳаж қилдилар. У зот ҳаж мавсумида зодроҳиласиз ҳажга келган бир қанча кишиларни кўриб қолдилар. Улар давоми...

3208 17:00 / 02.01.2021
.Эй Одам фарзанди Мени кимга шикоят қиляпсан Ҳолбуки, шикоят қилишинг учун Менга баробар зот йўқ Қачонгача Мени унутасан, ҳолбуки буни сендан талаб қилмадим давоми...

1719 14:00 / 13.11.2022