1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Усмоннинг хислатлари

13:37 / 03 ноябрь 1343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бадрдаги мағлубият ўчини олиш учун Макка кофирлари катта куч тўплаб, мусулмонлар устига бостириб келдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигидаги мусулмонлар душман йўлини тўсиб чиқдилар. Уҳудда икки тараф тўқнашди.

Пайғамбар алайҳиссалом жанг бошланишидан олдин мусулмонларга: «Агар сабр қилсангиз, нусрат сизлар билан», деб айтдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари тилидан берган ваъдаси эди. Уҳуд жанги бошлангач, аввалига мушриклар ичида қатл этилганлар кўпайиб кетиб, улар саросимага тушиб, орқа-олдиларига қарамай, тумтарақай қоча бошладилар. Ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолган эди. Ҳатто байроқлари ҳам қўлдан тушди. Бир аёл шахд билан келиб, байроқни кўтармагунча, ҳеч ким унга қарамади.

Камончилар мушриклардан қолган ўлжаларни кўриб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Жойингизни асло тарк этманг!» деган амрларини ҳам унутдилар. Баъзилар:

«Мушриклар енгилиб бўлди. Бу ерда нима қилиб турибмиз?! Келинглар, биз ҳам жанг майдонига кириб, бошқалар қатори ўлжадан олайлик», дедилар.

Камончиларнинг амири Абдуллоҳ ибн Жубайр бошлиқ ўн нафари эса:

«Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг амрига хилоф қилманглар!» деб қайтардилар. Аммо ўлжа жилва қиларди уларга.

Ниҳоят Аллоҳ уларга ўзлари суйган нарсани, яъни ғалаба ва нусратни кўрсатганидан сўнг исён қилдилар. Жойларини тарк этиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар. Шу пайт Холид ибн Валид бошлиқ отлиқ мушриклар улар ташлаб кетган жойдан бостириб кирдилар ва мусулмонлар қуршовда қолдилар.

Сўнг улар ҳеч кимга, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам қарамай, қоча бошладилар. Бу пайтда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳнинг бандалари мен томонга, Аллоҳнинг бандалари, мен томонга!!! Мен Аллоҳнинг Расулиман!!! Ким қайта ҳужум қилса, унга жаннат бор!!!» деб бақирар эдилар.

Ана шу қочганлар ичида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ҳа, ўша куни мусулмонлар бошига тўсатдан келган мағлубият билан бирга «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинибдилар» деган миш-миш ҳам тарқалган эди. Улар даҳшат ва ҳайрат ичида қочишни бошлаган эдилар. Қочганда ҳам, ёппасига қочишга тушган эдилар. Фақат саноқли кишиларгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тирик эканликларини кўриб, собит турар эдилар. Ана ўша собит турганларнинг ишини Аллоҳ таолонинг Ўзи ўнглади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт эканликлари ҳақидаги хабар қочаётган мусулмонлар орасида яшин тезлигида тарқалди-ю, ҳамма ўзини ўнглаб олди. Аллоҳ таолонинг инояти ила мусулмонлар муҳаққақ мағлубиятдан қутулиб қолдилар. Аллоҳ таоло урушда қочган мусулмонларни шу ернинг ўзидаёқ афв этди. Уларни бирорта одам айбламади ҳам. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Оли Имрон» сурасидаги қуйидаги оятларни нозил этди:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сиз Унинг изни билан уларни ‎қира бошлаганингизда Ўз ваъдаси устидан чиқди. ‎Заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва ‎сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг, осийлик ‎қилгунингизга қадар. Орангизда дунёни истайдиган ‎кишилар ҳам бор ва орангизда охиратни истайдиган ‎кишилар ҳам бор. Сўнгра имтиҳон қилиш учун ‎сизни улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. ‎Аллоҳ мўминларга фазлу марҳаматлидир. ‎

Ўшанда Росул ортингиздан чақириб турса ҳам ‎ҳеч кимга қарамай тирқираб қочдингиз. Қўлдан ‎кетган нарсага ҳам, етган мусийбатга ҳам маҳзун ‎бўлмаслигингиз учун сизни ғам устига ғам билан ‎жазолади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ‎хабардордир. ‎

Сўнгра ғамдан кейин сиздан бир тоифани ‎қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. ‎Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ‎ҳақида ҳаққдан ўзга, жоҳилият гумонини қилиб: ‎‎«Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишарди. ‎Сен: «Албатта, ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! ‎Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида ‎махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш ‎бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар. ‎Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл ‎қилиниши битилганлар ўз ўлим жойларига чиқар ‎эдилар. (Бу) Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ‎ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. ‎Аллоҳ кўнгиллардаги нарсаларни ҳам ‎билгувчидир», – деб айт. ‎

Албатта, икки жамоат тўқнашган куни сизлардан юз ‎ўгириб қочганларни баъзи касб қилган нарсалари ‎туфайли шайтон йўлдан урди, холос. Батаҳқиқ, ‎Аллоҳ уларни афв қилди. Албатта, Аллоҳ Ғафур ва ‎Ҳалиймдир» (152-155-оятлар).

Шундай қилиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам Уҳуд урушида ҳамма билан қочиб, ҳамма билан бирга афв этилдилар.

У киши бошқа барча урушларда фаол қатнашдилар.

Кези келганда, бир ҳақиқатни айтиб ўтиш лозим. Аллоҳ таоло ҳар бандага ҳар хил қобилият, ҳар хил хусусият, ҳар хил имконият беради. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бандадан имкониятидан ташқари нарсани талаб ҳам қилмайди. Исломнинг энг улкан фазилатларидан бири у ҳар бир кишига ўз қобилиятини жойида ишлатишга имкон яратиб беришидадир. Ислом жамияти ўз аъзоларининг ҳар бирига ўзининг энг яхши хислатларини ўзи учун ҳам, жамият фойдаси учун ҳам намоён қилишнинг ажойиб услубларини йўлга қўяди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг сийратларига ва шахсий хислатларига синчиклаб назар солсак, у кишида чапдастлик, душман устига от солдириб бориб, қиличбозлик қилиб, катта тўпнинг орасини ёриб чиқиб кетиш қобилиятидан кўра бошқа қобилиятлар ривож топганлигини кўрамиз ва ана шу қобилият ва имкониятлар Ислом уммати учун бошқалар келтира олмаган фойдаларни келтирганининг ҳам гувоҳи бўламиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Ибн Жарийр Тобарий Язийд ибн Мансурдан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга унинг Баҳрайндаги омили Ибн Жоруднинг ёки Ибн Абу Жоруднинг олдига давоми...

1325 13:25 / 16.10.2024
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларидан доим ажабланаман.Мен ёлғончихиёнаткор эмасман. Ёлғончи хиёнаткорлар мени алдай олишмайди,.Саййидимиз Умар давоми...

3093 13:00 / 22.11.2021
Жоғир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Саъд келаётган эди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз тоғасини давоми...

32218 20:17 / 21.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларЁЛҒОНЧИ ПАЙҒАМБАРЛАРГА ҚАРШИ 19қисмРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

5244 16:54 / 20.04.2017
Аудиолар

210800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130065 14:35 / 11.08.2021