1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг мартабалари

13:34 / 25 октябрь 1254 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Мадинада Ислом жамияти қурилиб, мусулмонлар у зотнинг раҳбарликларида Аллоҳ таолонинг ҳукмларини адо этиб яшай бошладилар. Эр-хотин жуда ҳам аҳл-иноқ яшар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ҳар доим хабар олиб турар эдилар.

Ибн Асокир Усома ибн Зайддан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Усмоннинг уйига ичида гўшти бор лаган ила юбордилар. Кирсам, Руқайя розияллоҳу анҳо ўтирган эканлар. Мен бир Руқайянинг юзига, бир Усмоннинг юзига қарай бошладим. Қайтиб борганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан:

«Уларнинг олдиларига кирдингми?» деб сўрадилар.

«Ҳа», дедим.

«Улардан кўра гўзалроқ эр-хотинни кўрганмисан?» дедилар.

«Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дедим».

Иккинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойида Бадр урушига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан сафарбарлик эълон қилинди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу урушга чиқишга биринчилардан бўлиб тайёргарлик кўра бошладилар. Аммо у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан алоҳида истисно тариқасидаги амр келди. Бу фармонга биноан, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу урушга бормай, баданига тошма тошиб, хасталик тўшагига боғланиб қолган умр йўлдошлари Руқайя розияллоҳу анҳога қарашлари лозим эди. Итоаткор инсон ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бу амрни ҳам сидқидилдан бажаришга киришдилар.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Бадр уруши иштирокчилари рўйхатига қўшдилар ва ўлжаларни тақсимлаш пайтида у кишига ҳам улуш ажратдилар.

Руқайя розияллоҳу анҳо ўша хасталикларида ўринларидан турмай, бандаликни бажо келтирдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўзлари учун нур бўлган маҳбуба умр йўлдошларидан ажраб қолдилар. Бу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу учун ғоят оғир кечди. У кишининг маҳзунликларининг чеки йўқ эди. Ёру дўстлари эса Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ўз ҳамдардликларини изҳор қилиб, у кишининг кўнгилларини кўтаришга уринар эдилар.

Бир куни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг олдиларига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу келиб, бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Ўша пайтларда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари Ҳафсанинг эри вафот этиб, бева қолган эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг маҳзунликларини кўтариш мақсадида:

«Агар истасанг, Ҳафсани сенга никоҳлаб берай», дедилар.

Аммо Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳали дардлари аригани йўқ эди. У кишининг кўнгилларига қил ҳам сиғмас эди. Шундай бўлса ҳам, қадрдон дўстларининг кўнгиллари учун:

«Бир ўйлаб кўраман», деб қўйдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу анча кутдилар. Аммо Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан уйланиш ҳақида бир гап чиқмади. Бир куни учрашиб қолганларида эса «Ҳозирги кунларда уйланишга ҳеч рағбатим йўқ», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу бир гап демасалар ҳам, кўнгиллари бир оз ранжиди. Албатта, ўз қизларининг ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудек кишига жуфт бўлиши у киши учун ҳам шараф эди. Аммо начора, Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, ўз қизлари Ҳафсани у кишига ҳам арз қилдилар. Аммо Абу Бакрдан чурқ этган садо чиқмади. Умар розияллоҳу анҳунинг бўларлари бўлди. У киши ўзларини қўйгани жой топа олмай қолдилар. Нима қилиш керак? Қаёққа бош уриш керак? Албатта, одатдагидек бундай вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилинади-да! Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган ҳодисани айтиб, Усмон ва Абу Бакр розияллоҳу анҳулардан шикоят қилгандек бўлдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Ҳафсага Усмондан яхши шахс уйланажак, Усмон Ҳафсадан яхши шахсга уйланажак», дедилар.

«Усудул Ғоба», «Мухтасари тарихи Димашқ» ва бошқа китоб соҳиблари улкан саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Усмон ўз аёли – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя вафот этганида йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сени нима йиғлатмоқда, эй Усмон», дедилар.

«Сиздан қудачилик алоқам узилиб қолганига йиғламоқдаман», деди Усмон.

«Мана, Жаброил алайҳиссалом менга Аллоҳ азза ва жалланинг (Руқайянинг) синглисини никоҳлашим ҳақидаги амрини етказмоқда», дедилар у зот.

Бошқа бир ривоятда:

«Сенга унинг синглисини – Умму Кулсумни унинг маҳрига ўхшаш маҳр ва муомаласига ўхшаш муомала шарти ила никоҳлаб беришим ҳақидаги», дейилган экан.

Ибн Асокир Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қизлари Умму Кулсумни турмушга чиқарганларида Умму Айманга: «Қизим Умму Кулсумни тайёрла, уни Усмонникига тушириб олиб бор. Унинг олдида дуф чалиб бор», дедилар.

У айтилганларни бажо келтирди. Уч кундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб:

«Қизим, хожангни қандай кўрдинг?» дедилар.

«Яхши хожа», деди у.

«У бобонг Иброҳим ва отанг Муҳаммад алайҳиссаломга жуда ҳам ўхшашдир», дедилар у зот».

Ушбу ривоятларнинг барчаси ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мартабалари қанчалар юқори эканини кўрсатади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императори Ҳирақл Ираклий Iга юборган мактублариУшбу мактуб Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида 10 йил давоми...

3404 09:01 / 27.12.2021
Ибн Асокир Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Масжид томон юрдим. Сарпо кийиб олган бир қурайшлик одамни кўрдим ва .Буни сенга ким кийгизди, давоми...

2493 12:42 / 05 февраль
Бу даврга келиб, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланган эдилар. Ҳатто ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга давоми...

1572 18:01 / 25.10.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Мўминлар ичида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ қолган эранлар бор. Бас, уларнинг аҳдига вафо давоми...

4157 17:00 / 18.01.2021
Аудиолар

210874 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130140 14:35 / 11.08.2021