Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Умри давомида бир марта ҳаж қилиш | Фиқҳ дарслари (350-дарс)

19:00 / 23 октябрь 616 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَيُّهَا النَّاسُ، قَدْ فَرَضَ اللهُ عَلَيْكُمْ الْحَجَّ، فَحُجُّوا»، فَقَالَ رَجُلٌ: أَكُلَّ عَامٍ يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَسَكَتَ حَتَّى قَالَهَا ثَلَاثًا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَوْ قُلْتُ نَعَمْ، لَوَجَبَتْ، وَلَمَا اسْتَطَعْتُمْ» ثُمَّ قَالَ: «ذَرُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ، فَإِنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ بِكَثْرَةِ سُؤَالِهِمْ، وَاخْتِلَافِهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ، فَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بِشَيْءٍ، فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، وَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عَنْ شَيْءٍ، فَدَعُوهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб:

«Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинг!» дедилар.

Шунда бир киши:

«Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули?» дея уч маротаба сўрагунича жим турдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, десам, вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз. Мен сизни тарк қилган нарсада сиз мени тек қўйинг. Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёларига ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар. Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан қайтарсам, уни тарк қилинг», дедилар».

Муслим, Насоий ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда ҳаж ибодати иложини топган, шартларни ўзида мужассам қилган мўмин-мусулмонга умрида бир марта фарз бўлиши ҳақида сўз бормоқда.

Шу билан бирга, Ислом осонлик дини экани яна бир бор таъкидланмоқда. Агар Аллоҳ таоло истаса, ҳажни ҳар йили ёки умр бўйи бир неча бор фарз қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо бандаларига меҳрибон Зот бу ибодатни кишининг умрида фақатгина бир марта фарз қилди.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ الْأَقْرَعَ بْنَ حَابِسٍ سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، الْحَجُّ فِي كُلِّ سَنَةٍ أَوْ مَرَّةً وَاحِدَةً؟ قَالَ: «بَلْ مَرَّةً وَاحِدَةً، فَمَنْ زَادَ، فَهُوَ تَطَوُّعٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Ал-Ақраъ ибн Ҳобис розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаж ҳар йилими ёки бир мартами?» деб сўради.

«Йўқ. Фақат бир марта. Ким зиёда қилса, нафл бўлади», дедилар».

Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

Демак, ҳажнинг фарзлиги ҳар йили бир марта эмас, балки умрда бир марта. Ким ундан ортиқча ҳаж қилса, биттадан зиёдаси ихтиёрий – нафл ҳаж бўлади.

Фарз бўлиши билан дарҳол адо қилинади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ مَاتَ وَلَمْ يَحُجَّ، فَلْيَمُتْ إِنْ شَاءَ يَهُودِيًّا أَوْ نَصْرَانِيًّا». رَوَاهُ ابْنُ عَدِيٍّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким (ҳажга қодир бўлса-ю,) ҳаж қилмаса, хоҳласа, яҳудий бўлиб ўлсин, хоҳласа, насроний бўлиб ўлсин», дедилар».

Ибн Адий ривоят қилган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَرَادَ الْحَجَّ، فَلْيَتَعَجَّلْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَزَادَ: «فَإِنَّهُ قَدْ يَمْرَضُ الْمَرِيضُ، وَتَضِلُّ الضَّالَّةُ، وَتَعْرِضُ الْحَاجَةُ».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ҳажни ирода қилса, шошилсин», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Имом Аҳмад «Чунки киши бемор бўлиши, улови йўқолиб қолиши ва узри чиқиб қолиши мумкин»ни зиёда қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, кўпчилик уламолар: «Кишида имкон пайдо бўлиши билан, ўша йили ҳаж қилиш фарз бўлади. Уни кечга суриш мумкин эмас», дейдилар.

Аммо имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад ва бошқалар: «...Бир муддат кечга сурса ҳам жоиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳаж ҳижрий бешинчи ёки олтинчи санада фарз бўлган бўлса ҳам, ҳижрий ўнинчи санага келиб ҳаж қилганлар», дейдилар.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ مَلَكَ زَادًا وَرَاحِلَةً تُبَلِّغُهُ إِلَى بَيْتِ اللهِ، وَلَمْ يَحُجَّ، فَلَا عَلَيْهِ أَنْ يَمُوتَ يَهُودِيًّا أَوْ نَصْرَانِيًّا، وَذَلِكَ أَنَّ اللهَ يَقُولُ فِي كِتَابِهِ: ﮋﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﮊ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ..

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким зод ва уни Байтуллоҳга элтадиган роҳилага эга бўлса-ю, ҳаж қилмаса, унинг яҳудий ёки насроний ҳолида ўлишининг фарқи йўқ. Бу Аллоҳнинг Ўз Китобида «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурч­дир», дегани учундир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бундан имкони бўлатуриб, ҳаж қилмаслик катта гуноҳ экани келиб чиқади. Бас, ўзида ҳаж шартларини мужассам қилган одам бошқа ҳамма ишини йиғиштириб қўйиб, энг аввало тезда ҳаж ибодатини қилишга шошилиши лозим. Кейин турли баҳоналар чиқиб, ҳаж қила олмай ўлиб кетса, катта хайр ва баракадан маҳрум бўлган ҳолида кетади. Ҳадиси шарифнинг таъбирига эътибор берадиган бўлсак, ҳаж қилиш имконига эга бўлатуриб, узрсиз ҳаж қилмаган одам нафақат хайр ва баракадан маҳрум бўлади, балки ўта ноқулай ҳолда қолади. Чунки у Аллоҳ таолонинг таъкидланган амрини бажармаган бандадир.

Агар ёш бола эҳром боғлаганидан кейин балоғатга етиб қолса ёки қул озод қилинса, фарзини адо қилмаган бўлади.

Чунки у эҳром боғлаганда нафл учун боғлаган. Нафл нияти билан фарзни адо этиб бўлмайди.

Агар ёш бола эҳромини янгилаб, фарзни ният қилса, ҳажи тўғри бўлади. Лекин қул шундай қилса, ҳажи тўғри бўлмайди. Яъни эҳром боғлаганидан кейин балоғатга етиб қолган ёш бола аввалги эҳромини бузиб, фарз ҳажни адо этиш ниятида эҳром боғласа, тўғри бўлади. Чунки у аввал ўзи аҳл бўлмаган нарсани қилган эди. У балоғатга етгунича эҳром қоидаларини бузса ҳам, унга жазо лозим бўлмас эди.Аммо эҳром боғлаганидан кейин озод қилинган қул эҳромини янгилаб, фарзни ният қилса, ҳажи тўғри бўлмайди. Чунки қулнинг эҳроми лозим бўлиб, ундан чиқишга рухсат йўқ.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мукотабга бўйнини озод қилиши учун ёрдам берилади. Мукотаб ndash хожаси билан шартнома тузиб, маълум миқдор пулни топиб берса, озод бўлишига келишиб олган қул. Ўша давоми...

2119 19:00 / 06 март
Бошқа илмлардаги каби, фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида давоми...

4520 16:05 / 12.12.2019
Бу китобнинг муаллифи Жиддадаги Малик Абдулазиз дорилфунуни Ислом иқтисоди илмий изланишлар маркази илмий ходими доктор Рафиқ Юнус Мисрийдир. Муқаддимада давоми...

4628 14:00 / 19.08.2019
Қирқта қўй ёки эчкида битта. Бир юз йигирма биттада иккита. Икки юз биттада учта, тўрт юзтада тўртта. Сўнг ҳар юзтада битта. Қўйнинг сони қирқтага етганда нисобга давоми...

1859 19:00 / 15.08.2024