1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Усмоннинг уйланишлари ва сафарлари

13:18 / 20 октябрь 1410 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўша пайтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизлари, яъни Руқайя ва Умму Кулсумларни ўзининг икки ўғли, яъни Утба ва Утайбаларга олиб берган Абу Лаҳаб Исломга зарар етказиш мақсадида ўғилларига амр қилиб, келинларини талоқ қилдирган эди. У кофирлар, Муҳаммадни қизлари билан овора қилиб қўйсак, динига футур етади, деб ўйлаган эдилар. Утба ибн Абу Лаҳаб Руқайя розияллоҳу анҳони бирга яшамай туриб, талоқ қилган эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Руқайя розияллоҳу анҳони жуфти ҳалолликка сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлдилар. Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кейинчалик ўзларига асосий сифат бўлиб қоладиган икки нурдан бирига ноил бўлдилар.

«Ал-Истийъоб», «Мухтасари тарихи Димашқ» ва бошқа китобларда зикр қилинишича, Усмон ва Руқайяларнинг оила қуришлари ҳамманинг хурсандчилигига ва таҳсинига сазовор бўлган. Ўша пайтнинг шоирлари бу ҳақда қуйидаги байтни айтган эканлар:

Энг яхши жуфтки, кўрмиш инсон.

Руқайя билан унинг хожаси Усмон.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг холалари Саъдаа бинти Курайз бу ҳақида қуйидаги шеърни ўқир эдилар:

Аллоҳ гапим ила Усмонни ҳидоятга бошлади.

Аллоҳнинг Ўзи уни ҳақ, тўғри йўлга бошлади.

Тўғри фикр-ла Муҳаммадга эргашди.

Фикри ила содиқликдан тўсилмасди.

Мабъусу билҳақ унга ўз қизларини никоҳладилар.

Уфқдаги тўлин ой ва қуёш бирлашгандай бўлдилар.

Тўйдан кейин икковлари ҳамманинг ҳавасини келтирадиган даражада иноқлик билан яшай бошладилар. Кейинроқ Аллоҳ таоло уларга қўчқордек ўғил берди. Унга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Ана шундан кейин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Абу Абдуллоҳ деган куняга эга бўлдилар. Бола олти ёшга етганида кўзини хўроз чўқиб олди. Яра шишиб, маддалаб кетди. Шундан сўнг бола вафот этди.

Ўша пайтда оз сонли, заифҳол мусулмонларга нисбатан кофирларнинг тазйиқлари ва озорлари соат сайин шиддатлашиб борар эди. Мусулмонлар бунга қарши бирор чора кўришдан ожиз эдилар. Уларнинг қиладиган бирдан-бир ишлари бу ҳақда ўз йўлбошчилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиш эди. Мусулмонлар бирин-кетин келиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирларнинг озорлари ҳаддан ошиб, ер юзи ўзлари учун тор кўриниб кетаётганлиги ҳақида арз қила бошладилар.

Мазкур арзчиларга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва у кишининг жуфти ҳалоллари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам қўшилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Ҳабашистон ери томон ҳижрат қилишни маслаҳат бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг оиласи ҳам дину диёнат учун она юртни тарк этиб, ҳижратга чиқди.

Ҳамма муҳожирлар Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолларида йўлга тушдилар. Худди азиз Маккадан узоқлашгиси келмагандек, карвондаги туялар ҳам эриниб одимлар эди. Карвон равон юра бошлагач сарбоннинг паст овоздаги хиргойиси бошланди:

Ёру дўсту ватан фироғи душвордир.

Лек иймонга қалбларимиз фидодир.

Жонимизу боримиз ҳам анга фидодир.

Умидимиз Ўзидан, бу қабули Худодир.

Ўн ададли мусулмон муҳожирларнинг биринчи гуруҳини Ҳабашистон очиқ юз билан кутиб олди ва улар бу ерда тинчлик-омонликда истиқомат қила бошладилар. Сўнг аста-секин бошқа муҳожир гуруҳлар ҳам етиб келишди. Эски муҳожирлар уларни ўраб олиб сўроққа тутишга, суҳбатлар қуришга тушдилар. Ана шундай суҳбатлардан бирида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга фахрланса арзийдиган хабар келди. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Усмон ўз аҳли билан ҳижрат қилган аввалги шахсдир», деб марҳамат қилибдилар.

Бунга қуйидаги ривоятда келтирилган ҳодиса сабаб бўлган экан.

Байҳақий Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Албатта, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога ўз аҳли билан ҳижрат қилган аввалги шахсдир. Назр ибн Анасдан эшитдим. У Абу Ҳамзадан, яъни Анасдан қуйидагиларни эшитган экан:

«Усмон ибн Аффон Ҳабашистон ерига чиқди. У билан унинг аёли Руқайя розияллоҳу анҳо, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари ҳам бирга эди. Уларнинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келмай қолди. Қурайшдан бир аёл келди. У:

«Эй Муҳаммад, куёвингни кўрдим. У билан аёли ҳам бор экан», деди.

«Уларни қай ҳолда кўрдинг?» дедилар у зот.

«Аёлини анави кичкина жониворлардан бир эшакка миндириб олиб, ўзи ҳайдаб кетаётганини кўрдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ ёрлари бўлсин. Усмон Лут алайҳиссаломдан кейин ўз аҳли билан ҳижрат қилган аввалги шахсдир», дедилар».

Маккадан келган муҳожирларнинг бир гуруҳи Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ва Умар ибн Хаттобнинг Исломга кирганлари, Аллоҳ таоло улар билан Исломни азиз қилгани ҳақида хабар келтирдилар. Буни баъзи бир муҳожирлар ҳолат яхши бўлиб қолибди, энди қайтиб борсак бўлаверар экан, деб тушундилар. Ана шулар жумласида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши ҳам ўз аҳллари билан она юртларига қайтдилар.

Аммо Маккага яқинлашганларида ўзларига дуч келган йўловчилардан мусулмонларга бўлган адоват яна ҳам шиддатлашганлигини эшитдилар. Муҳожирлар тўхтаб, маслаҳатлашдилар. Ҳабашистонга қайтсалармикан, Маккага кирсинлармикан? Ниҳоят, ўзлари яқинлашиб қолган она шаҳарга киришга қарор қилдилар. Улар яшириниб, ҳеч кимга билдирмай, аста-аста ўз яқинлариникига кирдилар. Аммо кофирлар бундан хабар топгач, мусулмонларни аввалгидан ҳам қаттиқроқ азоб-уқубатга дучор қила бошладилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу учун ўз қариндошларидан етган озорлар ҳаммасидан ошиб тушди. Ана шунда мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, яна ҳижратга изн сўрадилар. У зот уларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишга изн бердилар. Шунда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу у зотга қараб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳабашистонга аввал ҳам ҳижрат қилгандик. Мана, яна ҳижрат қилмоқдамиз. Сиз бўлсангиз биз билан эмассиз?» деди.

«Сизлар Аллоҳга ва менга ҳижрат қилувчиларсиз ва сизларга икки ҳижратнинг ҳаммаси (савоби) бўлур», дедилар.

«Ана шу бизга етади, эй Аллоҳнинг Расули», деди Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.

Бу сафарги ҳижратда ҳам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан бирга у кишининг сабрли ва вафоли жуфти ҳалоллари Руқайя розияллоҳу анҳо бор эдилар.

Улар бошқа муҳожирлар билан бирга Ҳабашистонда муҳожирлик ҳаётининг аччиқ-чучугини татиб, бир муддат яшаганларидан сўнг Макка томондан кўнгилни тинчлантирувчи хабарлар кела бошлади. Жумладан, «Макка аҳлидан кўпчилиги Исломни қабул қилибди», деган гаплар ҳам бор эди. Бу хабарлар она юрт соғинчи ила нафас олаётган муҳожирларнинг синиқ қалбларига катта қувонч солди. Баъзилар яна қайтишга отландилар. Уларнинг бошида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бор эдилар.

Улар Маккага қайтиб борганларида яна ўзлари истаган ҳолатни топа олмадилар. Маълум муддат ўтгандан кейин Мадинага ҳижрат қилишга изн бўлди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг оиласи яна биринчилар қатори ҳижратга отланди. Уларни ансорий мусулмонлар меҳр-муҳаббат билан кутиб олдилар ва барча яхши шароитларни муҳайё қилиб бердилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу улуғ саҳоба ҳақида кўп билсакда, яна такрортакрор ушбу шахснинг сиймосидан маълумот олгиси келаверади кишининг. Сарлавҳанинг ўзиданоқ ўқувчи қайси саҳоба давоми...

7465 11:21 / 13.02.2022
Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек, бошқа исломий ишларда ҳам биринчилардан бўлиш у кишига насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн давоми...

1845 16:59 / 21.11.2023
Саъд ибн Абу Ваққос Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида асосан шуро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарлик ишларида қатнашдилар. У киши давоми...

2029 13:34 / 22.05.2024
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императори Ҳирақл Ираклий Iга юборган мактублариУшбу мактуб Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида 10 йил давоми...

3403 09:01 / 27.12.2021
Аудиолар

210800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130065 14:35 / 11.08.2021