1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ҳар бир илм ўзининг қоидаларига асосланиши керак

13:13 / 18 октябрь 478 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усулни усул қоидалари билан, ақоидни ақоид қоидалари билан, сийратни сийрат қоидалари билан текширинг. Ўша фан аҳли ишлаб чиққан шартлар билан кўриб чиқинг. Ҳатто мутавотир қироатлар ҳақида ҳам муҳаддислар йўли билан баҳс қилсак, бу қироатлар ҳам йўқолиб кетади. Хуллас, ҳар бир илм ўзининг қоидаларига асосланиши керак.

Энди мутавотир ҳадисга тўхталайлик. Мутавотир тушунчаси ҳадис илмининг масаласи эмас. Мутавотир истилоҳи усул илмига тегишлидир, чунки мутавотир хабарнинг ровийлари текширилмайди. Бунда жуда кўп инсонлар бир хабарни ўзи каби кўпчиликдан ривоят қилган бўлади. Бундай хабар «оҳод», яъни саноқли одамлар орқали келган бўлмайди. Санадидаги ровийларнинг даражаси қандай экан, ҳаммаси ишончли кишилармикин, деган хавотир ҳам бўлмайди. Кўпчилик кўпчиликдан ривоят қилган бўлади. Уларнинг ёлғонга келишиб олишлари имконсиз бўлади.

Барчангизга маълумки, мутавотир икки қисмга бўлинади: лафзи мутавотир бўлган хабарлар ҳамда маъноси мутавотир бўлган хабарлар.

Лафзи мутавотир ҳадислар жуда камдан-кам учрайди, ҳатто баъзи уламолар: «Бундай ҳадис йўқ», дейишган. Нима бўлганда ҳам, бундайлари ниҳоятда кам.

Маъноси мутавотир ҳадислар эса, аксинча, жуда кўп учрайди. Кўплаб ҳадисларда бир маъно муштарак бўлса, шу муштарак қисми «маънавий мутавотир» дейилади. Мисол учун, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ворид бўлган ҳадислар алоҳида-алоҳида олганда оҳод йўл билан келган. Бармоқлари орасидан сув отилиб чиқиши, минбарнинг гапириши, дарахтларнинг салом бериши ва ҳоказо. Мана шу ҳадислар саноқли ровийлар томонидан ривоят қилинган, лекин ҳаммасини йиғсангиз, у зотнинг мўъжиза кўрсатганлари аниқ ишонч, яқийн даражасига чиқади. Бунга ўхшаган ҳолатлар фиқҳда кўп учрайди, бу жуда муҳим масала. Фуқаҳолар бундай йўл билан келган ҳадислардан кўплаб ҳукмлар чиқаришган.

Бу икки турдан ташқари, яна учинчи ва тўртинчи хил мутавотирлар ҳам бор: табақа мутавотири ва амалий мутавотир.

Табақа мутавотирига Қуръони Карим мисол бўла олади. Қуръони Каримни бир авлоддаги инсонлар мутавотир қироатлари билан бирга кейинги табақадаги инсонларга етказишган. Бу «Ҳар битта мусулмондан ривоят қилинган», дегани эмас, албатта. Балки «қорилар табақаси томонидан нақл қилинган», деган маънодадир. Шундай ишончли йўлдан келгани учун ҳам ким Қуръони Каримнинг битта ҳарфини ёки бирон қироатини инкор қилса, кофир деб ҳукм қилинади. Демак, шу ўриндаги мутавотир «табақа мутавотири» дейилади. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган фиқҳий-амалий мактаби ҳам табақа мутавотири ҳисобланади. Имом Моликнинг йўли ҳам шундай. Бу тавотурни ривоят қиладиган жамоалар, вакиллар бўлади, яъни фуқаҳолар жамоасининг ўз амалий мутавотири бўлиб, улар фиқҳий ҳукмларни чиқаришда асосан ана шундай мутавотирга суянишади. Бу жуда муҳим нақл мактабидир.

Тўртинчи тури – амалий мутавотир. Бу умматнинг амалда қўллаб келаётган ишларининг тавотури ҳисобланади. Масалан, беш маҳал намоз, рукуъ ва саждалар борасида ҳадислар ворид бўлган бўлса ҳам, мана шу намоз ва рукуъ-саждаларнинг биз кўриб турган кўриниши амалда авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келмоқда. Закот, рўза, ҳаж ҳам амалий мутавотирга киради. Мана шу асосий қисмдир.

Демак, маънавий мутавотир фақиҳлар учун зарур бўлса, табақа мутавотири ҳукмлар чиқаришда асос бўлади. Амалий мутавотир эса энг катта пойдевордир. Тўрт хил мутавотирнинг бу тақсимотини Кашмирий роҳимаҳуллоҳ айтган бўлиб, олдинги фақиҳларда ҳам бунга ишоралар бор.

Ҳозирги кунда динга енгил ёндашадиган баъзи одамлар «Мол-мулкка закот фарз бўлиши учун бир йил ўтиши керак», деган шартни инкор қилишяпти, «Киши бир ойнинг охирида маош олса, унга закот бериш фарз бўлади», дейишяпти. Уларга: «Нима учун бир йил ўтиши керак, деган шартни инкор қиляпсиз?» десангиз, «Бу шартни баён қилган ҳадислар мурсал... менинг наздимда бу ҳадислар саҳиҳ эмас», дейди. Бу одам бутун уммат бир овоздан қабул қилиб келаётган гапни ташлаб, ўзидан олдин ҳеч ким гапирмаган даъвони кўтариб чиқяпти. Ҳар ойнинг охирида закот бериш вожиб бўлар эмиш. Ўша одам «амалий мутавотир» ва «табақа мутавотири» деган тушунчаларни тушунса, бундай даъво қилмаган бўлар эди.

Динда бепарво бўлиб, фатво берадиган йўналиш вакиллари рухсат берган яна бир масала шуки, бегона аёллар билан қўл бериб кўришиш жоизлигини бутун уммат инкор қилади. Тарих давомида уммат бу ишнинг ҳаромлигига ижмоъ қилган. Бунга ҳадислардан далиллар ҳам бор. Бу асосларга эътибор қилмаслик катта залолатларга олиб бориб қўйяпти. Бу мавзуда кўп гапириш мумкин.

Хўш, машҳур ҳадис билан фарз ва вожиб амаллар собит бўладими?

Энг юқорида мутавотир ҳадис туради. Уни инкор қилиш куфр бўлади. Машҳур ҳадис эса ундан қуйироқ бўлиб, уни инкор қилган одам кофир бўлмайди, лекин адашган дейилади. Демак, машҳур билан мутавотирнинг фарқи бор. Шундай бўлса ҳам, машҳур ҳадис билан арконлар, қоидалар собит бўлади. Қуръон ва мутавотир билан нимани собит қилсак, машҳур ҳадис билан ҳам шуни собит қиламиз.

«Мурсал ҳадислар ҳадис захирасининг тенг ярмини ташкил қилади», дедик. Аммо мурсал қитоблар муттасил китобларга нисбатан жуда оз-ку? деган савол туғилиши мумкин.

«Мурсаллар барча ҳадисларнинг ярмини ташкил қилади» деб, шайх Кавсарий айтган. Тўғри, фақат мурсал ҳадислар тўпланган китоблар кам. Лекин Абдурраззоқнинг «Мусаннаф»ига, Ибн Абу Шайбанинг «Мусаннаф»ига, мурсалларга бағишлаб ёзилган китобларга, «Осор» китобларига, «Муватто» ва бошқа кўплаб манбаларга мурожаат қилсангиз, уларнинг қанчалик кўплигини кўрасиз, яъни умумий жамланган ҳадислар ичида зикр қилиб кетилган, гарчи алоҳида ёзилгани кам бўлса ҳам.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчиликка маълум ва машҳурки, фиқҳ илмининг бир неча хусусиятлари бор. Масалан, фиқҳ илмининг жазонинг дунёда ва охиратда бўлиши, шумул, яъни кенг қамровлилик, давоми...

1168 13:47 / 20 январь
Нима учун .Сунан, китобларида бир ҳадиснинг тахрижи ёки тахриж бўлмагани ҳақида ихтилоф бор Чунки ўша китобларни ёзган имомларнинг ўзлари қўйган шартлари давоми...

564 11:03 / 14 сентябрь
Абу Ҳанифа бу фиқҳнинг қоидаларини жамлашда ўз замонидаги тобеъинлар ва улардан кейингилардан ҳам кўп меҳнат қилди. Шунинг учун ҳанафий мазҳабидаги энг катта давоми...

1529 14:13 / 15.11.2024
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида давоми...

4623 20:27 / 24.04.2018
Аудиолар

210808 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130073 14:35 / 11.08.2021