1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақлари

15:32 / 14 октябрь 921 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзанд ота-онага вақтинчалик берилган илоҳий омонат бўлиб, унинг қалби ота-онасидан кўрган барча яхши ва ёмон нарсаларни нусха кўчириб оладиган ва шунга кўра тақлид қиладиган жигарпорадир. Ота-она фарзандини доим яхши нарсаларга одатлантириб ўргатса, фарзанд ҳам ўша яхшиликка кўра улғайиб дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Шунингдек, фарзанднинг ота-онаси ва устози ҳам ана шу савобга шерик бўладилар.

Агар ота-она фарзандини ўзидаги ёмонликларга одатлантирган ҳолда ўз ҳолига ташлаб қўйсалар, у нокас бўлиб етишади, оқибатда гуноҳ ва жавобгарлиги уни улғайтирганларга етади. Аниқроқ қилиб айтганда, фарзанд тарбияси жуда нозик, ўта масъулиятли, шунга яраша улуғ ажр-савоб демакдир...

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” мазмунидаги ояти билан мусулмонларга аҳли оиласи, қарамоғидаги фарзандларини охиратнинг оловидан ҳимоя қилишларига амр ва тавсия қилмоқда. Ота-онанинг ўз фарзандини охират оловидан ҳимоя қилиши уни дунё оловидан, яъни дунёдаги ёмонликлардан ҳимоя қилишидан муҳимроқдир.

Фарзанд (дўзахдан) қандай ҳимоя қилинади?

Ота-она фарзандини тўғри тарбиялаб, ёмон ўртоқлардан узоқда тутиши, уни турли хил айшу ишратларга берилишига йўл қўймаслиги лозим. Зеро, бу ҳол унинг умрини ўзи (нафси) хоҳлаган нарсаларни қўлга киритиш учун елиб-югуриш билан ўтказиб, дунё ва охиратда ҳалокатига сабаб бўлади. Шунингдек, ҳаддан ортиқ эркалаб, талтайтириб юбормаслиги ҳам керакки, акс ҳолда, фарзанди ҳаёт синовларини енгишда заиф бўлиб қолиши мумкин.

Фарзандга илк гўдаклик чоғидаёқ жуда эътиборли бўлиб, ўз онаси, шунингдек, энага ва сут онасининг ниҳоятда покиза ва ҳалол бўлишини таъминлаш лозим. Зеро, ҳаромдан ҳосил бўлган сутда яхшилик ва барака бўлмайди. Фарзанднинг озиқасига ҳаром аралашган бўлса, унинг тийнати ва асли (феъли), яъни табиати бузилади. Шундай бўлгач, у ўз-ўзидан ҳаромга майл қилади.

Бола гапира бошлаганда унга дастлаб "Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини, фойда ва зарарли ҳолатларни имо-ишора тили билан бўлса-да, ўргатиш лозим.

Болада, аввало, еб-ичишга кучли рағбат бўлади. Шунда бу масалада унинг тарбиясига ниҳоятда эътибор ва диққат қилиш керак. Ҳаттоки, овқат ейишдан олдин “бисмиллаҳ"ни айтиб, ўнг қўл билан ўз олдидан ейиш, бошқалар, хусусан, ота-онаси, катта ёшли кишилар бошламай туриб шошқалоқлик қилмаслик, ёнидагиларнинг еганларига суқланиб қарамаслик, шошиб катта-катта олиб емаслик, оғизга солинган луқмани яхшилаб чайнаш, луқмаларни дам-бадам олиш, баъзан нонхурушсиз ва оддий нон ейишни одат қилдириш, боланинг олдида кўп ейишни қоралаш, оз еган болаларни мақташ, дабдабали ҳаётда бўлса ҳам танламай ейишни ўргатиш, қаноатли қилиб тарбиялаш, уни эрка ўсган ва шукр қилиш нималигини билмайдиган болалардан узоқ тутиш, илм олиш ёшига етганида дастлаб Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони карим ва Расули акрамнинг муборак ҳадисларини ўқишдан бошлаш, улуғ зотларнинг ҳаётларини намуна қилиб кўрсатиш лозимки, боланинг қалбида илм олишга ва яхши инсонларга нисбатан муҳаббат уйғонсин.

Болани пасткашлик туйғуси ва ёмон феъл- атворларни сингдирувчи роман, ҳикоя ва шеърлар каби ҳар қандай ташқи омиллардан ҳам ҳимоя қилиш лозим. Акс ҳолда боланинг қалбида фисқу фасод уруғи урчиб, ёмонликка одатий ҳолдек қарайдиган бўлиб қолиши мумкин.

Ҳар қачон фарзандингизда яхши хулқ ва муваффақиятларни кўрганда мукофотлаб, мақтаб қўйинг. Бу уни шижоатлантиради ва яхшилик қилишга рағбатини оширади.

Агар бола бирор хусусда қарши чиқса, айтилган ишни қилмаса, тарбиячи бунга парво қилмагандек бўлиб, бу масалада қаттиқ туриб олмаслиги керак. Агар бадхулқлиги яна такрорланаверса, уни пинҳона (бирор мисол орқали теккизиб) танбеҳлаш керак бўлади.

Болани ҳадеб тергайвериш ҳам тўғри эмас. Зеро, боланинг қалбида сўзнинг таъсири қолмайди. Доно халқимиз айтганидек “урса эти, гапирса бети қотади”. Кундузги уйқу танбалликка сабаб бўлгани учун болани кундузи бемақсад ухлашдан қайтариш, уни барвақт ётиб эрта туришга одатлантириш керак.

Болани еб-ичишда, кийинишда, дам олишда дабдабага, исрофга одатлантирмаслик, уни яширинча иш қилишдан қайтариш лозим. Зеро, у яширин қилган ишининг ёмонлигини ўзи ҳам билади. Шу сабабдан болани ўз ҳолига ташлаб қўйиб лоқайдлик қилинса, натижаси ёмон оқибатларга олиб келади.

Унутманг, болага келажакка доир катта ваъдалар бериш ярамайди. Тайёр бойлик, тайёр уй-жой, қимматбаҳо уловлар ва ҳоказоларни ваъда бериш ундаги энди етилиб келаётган қобилиятни сўндириши, бир умрлик боқимандага айлантириб қўйиши мумкин. Ундан кўра болага ишонч билдирган ҳолда, уни ўз оёқларида тик турадиган қатъиятли инсон бўлишига кўмаклашинг. Ҳатто ота-она сифатида ундаги масъулият ва жавобгарлик ҳиссини ошириш ва узоқни кўрадиган инсон қилиб тарбиялаш учун ёшига қараб баъзи ишларни бажаришни топширинг ва бажариши жараёнини кузатинг. Ўтган улуғларимиздан бу борада жуда кўплаб панд-насиҳатлар бор.

Муҳаммад ибн Каъб Аллоҳ йўлида кўплаб моллар эҳсон қилди. Шунда: “Эй Абу Ҳамза, қанийди ўзингиздан кейин болаларингизга ҳам ғамлаб қўйганингизда эди”, дейилди. У зот: “Йўқ, мен уларни Раббим ҳузурида ўзим учун ғамлаб қўйдим. Раббим ҳам болаларим учун ғамлаб қўйган”, деди. Қиссадан ҳисса шулки, фарзанд тарбиясида болани иқтидорини ўстириш учун уни талтайтирадиган барча нарсадан узоқ қилиш керак.

Шунингдек, тарбиядаги яна бир муҳим жиҳат боланинг ўртоқларидир. Фарзанд ён-атрофидагиларнинг хулқидан таъсирланиши инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Айниқса ўртоқлари унга гап-сўзлари, ёмон хулқлари, хатти-ҳаракатлари ва яшаш тарзлари билан салбий таъсир қилиши мумкин. Зеро ҳадиси шарифда: “Киши дўстининг “дини”да бўлади. Ҳар бир киши кимга дўст бўлаётганига қарасин”, дейилган. Демак, бир инсоннинг шахсиятидан тортиб барча “мен”лиги дўсти таъсирида шаклланар экан.

Болага егулик, кийим-кечак ва нимадирлар берилганида уни ўртоқларига кўрсатиб мақтанишига йўл қўймаслик керак. Унга атрофдагиларга нисбатан камтарин бўлишни, ҳурмат кўрсатишни ва улар билан яхши келишишни одат қилдириш лозим.

Агар бола бойнинг боласи бўлса, бошқа болалардан бирор нарса олмасликни тайинлаб, “Ҳақиқий фазилат беришдадир, олишда эмас”, дея насиҳат қилиш, унга буни ёшликдан ўргатиб бориш керак.

Агар бола камбағалнинг боласи бўлса, “Бошқалардан бирор нарса сўраш, ҳирсли ва очкўз бўлиш хорлик, пасткашликка олиб бориши” мумкинлигини тушунтириш лозим.

Болани тиллаю кумушга, яъни дунё бойликларига муҳаббат қўйишдан илон ва чаёндан ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиш керак. Болани, айниқса, кўп гапириш, ҳуда-беҳудага қасам ичавериш, берухсат сўз бошлаш кабилардан чеклаш даркор.

Шунингдек, саволга қисқа қилиб жавоб беришни, ўзидан катта гапирганида яхшилаб тинглашни, ўзидан каттага туриб жой беришни одат қилдириш керак. Дуч келганга тил узатиб сўкиниб ҳақоратлашдан ва оғзи шалоқликка ўрганганлар билан бирга юришдан қайтариш, устози танбеҳ берганида овозини кўтариб гап қайтармаслик, бундан тўғри хулоса чиқариш, ота-онасига устози устидан шикоят қилмасликка ўргатиш ҳам диққатга моликдир. Зеро ҳозирги кунда, кўпинча, бунинг акси бўлмоқда, фарзанди устидан устозидан шикоят эшитишга тоқати йўқ ота-оналар роса кўпайди. Бола тарбияси борасида куюниб гапирган устоз олдида боласининг ёнини олиб, фарзандларига қанчалик зарар бераётганликларини билсалар эди...

Шунингдек, болага ёшлигидан ота-онага, устозига, ўзидан катталарга, хуллас, атрофидагиларга чиройли муомала қилишни, қовоқ солиб эмас, ҳурмат-эҳтиром билан қарашни ўргатиш керак.

Бола оқ-қорани ажратадиган ёшга етганида таҳорат ва намозга ўргатиб борилади. Рамазоннинг баъзи кунларида рўза туттириш, исломий билим бериб, ўғрилик, ҳаром луқма ейиш, ёлғон гапириш, хиёнат ва бошқалар гуноҳ амаллардан эканини тушунтириб бормоқ лозим.

Агар боланинг тарбиясига эътибор ва аҳамият берилса, балоғат ёшига кирганида бу ҳол таъсирчан ва қалбида собит бўлади. Агар бунинг акси бўлса, унинг қалби ҳақни қабул қилишдан узоқлашади.

Болалар ўртасида совға тақсимлаганда уларни тенг кўриш ҳам динимиз талабларидандир. Бунинг акси бўлганда эса, улар ўртасида зулмга йўл қўйилган ва мурғак қалбларига ўчмас нафрат уруғлари экилган бўлади.

Фарзанд Аллоҳ таолонинг ота-онага Ислом фитратида, яъни соғлом табиатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динини қабул қиладиган хилқатда ва пок ҳолда бериб қўйган омонатидир. Бу омонатни Аллоҳ таолога берганидек қилиб пок ҳолда топшириш лозим.

Бола тарбиясига масъулият билан ёндашиб, ўз вазифаларини тўкис бажарган ота-оналар дунё ва охиратда бахтиёр, юзлари ёруғ бўлиши аниқ. Буни фарзанди орқасидан мақтов ва раҳмат эшитган ота-оналар мисолида кўриш мумкин. Охиратда эса Аллоҳнинг ҳузурида жавобгарликдан қутулиб қолиш ва заҳматли меҳнат эвазига ажр-савобга эришиш бор. Биргина мисолда айтадиган бўлсак, Имом Мужоҳид: “Киши фарзандининг художўйлиги билан қабрида хам хурсанд бўлади”, деганлар.

Мавзуимизга хулоса ясар эканмиз, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган бир сўзни келтирамиз. У зот ғазотда эканликларида ёнидагилардан: “Ҳозир биз қилиб турган амалдан ҳам устунроқ бирор амални биласизларми?” - деб сўрадилар. Улар: “Йўқ”, дейишди. У зот эса: "Мен биламан. Бола-чақали бир иффатли киши тунда туриб, ухлаётган болаларига қараб, усти очилиб қолганларини ўз кийими билан ёпиб қўйса, унинг шу иши биз қилиб турган (мана шу ғазот) амалдан ҳам устунроқдир”, дедилар. “Манбаъул-одоб” ва "Иҳёу улумиддин"да шундай келган.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан


Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Илмда ndash Буйруқлар ва қайтариқларни ворид бўлган хабарлар ва масдарларидан ўрганган ҳолда тушуниб фаҳмлаган киши фақиҳдир.2. Тазкияда ndash Ҳаракатлари мустаҳкам давоми...

3214 16:00 / 23.07.2021
Бир киши шайхнинг ҳузурига бориб .Эй шайх, нега мен доим яхшилик қилиб юрадиган кишилардан ўзимга нисбатан ёлғон ва хиёнатни кўраман,, деб сўради. Шайх саволга давоми...

2078 16:00 / 05.01.2023
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳадис дарсини бошлашдан аввал таҳорат қилар, гўзал либосларини кияр, соқолларини тарар, баданига хушбўйлик суртар, мисвок қилар ва виқор давоми...

839 11:28 / 17 сентябрь
Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай марҳамат қилади ٩٠ ٩١.Эй имон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. давоми...

2148 13:00 / 06.12.2021